Ўшдаги ўзбек театри биносини капитал таъмирлаш ишлари бошланди

Таъмирлаш ишлари аввал имзоланган мамлакатлараро битим асосида Ўзбекистон Республикасининг молиявий кўмагида амалга оширилади.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида жойлашган Бобур номидаги Ўзбек Академик мусиқали драма театри биносини капитал таъмирлаш ишлари бошланди.

Ўш шаҳар мэриясининг матбуот хизмати берган маълумотга кўра таъмирлаш ишлари кейинги йилнинг бошида якунланиши режалаштирилмоқда. Ишнинг режалаштирилган умумий қиймати эса 5 миллион долларни ташкил қилади.

“Таъмирлаш иши Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари ўртасидаги икки томонлама ижтимоий-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича эришилган битимлар асосида бошланади”, деб айтилади шаҳар мэрияси тарқатган маълумотда.

Таклиф қилинаётган лойиҳалардан биридаги бинонининг кўриниши. Лойиҳа расман тасдиқланмаган

Ўрта Осиёда энг кекса театрлардан бири бўлган Бобур театри 1914 йилда тўгарак қатори, 1918 йилда эса Туркистон Реввоенсовети (Инқилобий-ҳарбий кенгаши) қошидаги театр труппаси сифатида иш бошлаган.

Театр директори Аъзамжон Абдураззоқовнинг айтишича, Бобур театрининг ҳозирги биноси 1979 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган. Ўтган 42 йил давомида бино капитал таъмирдан ўтказилмай келган.

Бугунги кунда ўзбек театрида 60 нафардан ортиқ санъаткор хизмат қилади. Уларнинг 14 нафари давлат томнидан юқори даражадаги унвонлар билан тақдирланган.

Мазкур театрда ишлаган Абдулла Тароқ ва Розияхон Мўминова эса Қирғизистон ССРда биринчи бўлиб халқ артисти ва хизмат кўрсатган артист унвонларига сазовор бўлишган.

Даврон Ҳотам, оқбура, Ўш

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг