Мағрур бир тоғ қулади
Ўлим ҳақ. Лекин йўқотишнинг нақадар аччиқ, аламли тажриба эканини яқинларингдан ажралганингда аниқ туяр экансан.
Академик илмларга эга бўлган тилшунос, журналист, ёзувчи ва моҳир таржимон, муҳаррир ва ношир, улуғ бир инсон Улуғбек ҳожи Абдусаломовнинг вафотини эшитиб, миллатимиз ўзининг энг яхши вакилларидан бирини йўқотганини ич-ичимдан туйдим. Бу нафақат қирғизистонлик ўзбеклар, балки бутун минтақа ўзбеклари учун ҳам катта йўқотиш бўлди десак, муболаға эмас. Кўпинча таниқли инсонлар вафотини тоғнинг қулашига ўхшатишади. Яна битта тоғ қулади. Мағрур бир тоғ қулади. Ижодий режалари тўлиб-тошган, солиҳ ва савоб ишлари унга кўз тикиб, тизилишиб турган бир пайтда ажиб бу инсон орамиздан кетди.
Улуғбек ака басавлат, теран фикрли, овози пўлатдай мустаҳкам, сўзлари залворли, ўткир нотиқ ҳам эди. Чинакам миллий ғурур, шижоат, орият ва самимий виқор ҳамда қатъият мужассам эди бу одамда. Китобга меҳри жуда баланд эди. Арслонбобдаги уйида ташкил қилган кутубхонасида ўн мингга яқин китоб тўплаган. Улар орасида жуда қиммат, ноёб нашрлар мўл бўлиб, кутубхона ҳамқишлоқлари учун доимо очиқ.
Улуғбек ака билан 2008 йилда Жалолободда ташкил қилинган, тез орада минглаб мухлисларнинг меҳрини қозона олган “Дийдор” газетасида озроқ бирга ишлашиб қолдик. Эрта-кеч ишлашдан толмас, газетанинг узлуксиз чиқиб туриши учун шахсий маблағини аямасди. “Ёшликда ишлаб топган бойлигим энди асқотяпти”, дегани эсимда. Бир куни газетанинг Бишкекдан таксида келган тўла тиражи адашиб сиёсий рақибларнинг қўлига тушиб қолади. Ўша пайтда осмон қўлидаю, истаса ерга ташлаб юборадигандек ўзидан кетган ўша одам, Улуғбек газетани ўзи келиб олиб кетсин, дейди. Ялинтиргиси келгани аниқ. Бунга ғурури йўл қўймаган муҳаррир Бишкекдаги босмахонага телефон қилиб, 5000 дона газетани қайтадан бостирган ва харажатини ўз ҳисобидан тўлаб берган эди.
Улуғбек Абдусаломов ўзбек халқининг, жумладан қирғизистонлик ўзбекларнинг муаммоларини чуқур таҳлил қилган қатор мақолалар ёзди. Уларнинг сараларини китоб ҳолида чоп этди, китобларни бепул тарқатди.
Жалолобод вилояти Ўзбек миллий-маданий маркази раиси ўринбосари сифатида турли муаммолар хусусида маҳаллий ва республика органлари олдига саволларни қўйиб, натижасини талаб қила билди. Фақат бу мурожаатлар дўстона, дипломатик руҳда бўларди. Узоқ йиллар партия органларида ишлагани, сиёсатни яхши тушуниб, сиёсатчи ва амалдорлар орасида кўплаган дўстлар орттиргани боис кўп масалаларни бевосита депутатлар ёки вазир ва губернаторлар олдига қўйиб, уларни дўстона муҳокама қилар ва маълум натижаларга эришарди.
Қора кунлар, юлдузли тунлар
Афсуски, 2010 йилги апрель воқеаларидан сўнг аҳвол кескин ўзгарди. Сиёсий фитналар, ошкора сотқинлик ва айрим “дўстлар”нинг гинаси оқибатида Улуғбек акага ҳам босим кучайди. “Дийдор” газетасини йўқ қилишга уриниш бошланди. Ноъмалум шахслар редакцияга портловчи модда ташлашди. Бахтли тасодиф туфайли бино ва ходимлар жиддий зарар кўришмади. Июнь воқеаларидан кейин эса Улуғбек акани “миллий низо қўзғаш”да айблаб, “иш” очилди. Бунга “Дийдор” газетасида эълон қилинган икки мақола сабаб бўлган. Тергов “низо қўзғовчи” деб баҳолаган бу мақолаларда мутахассислар жиноят белгиларини топмадилар. Муҳаррир халқлар дўстлиги, юрт тинчлиги деб жон куйдириб юрса, қаёқдан ҳам бўлсин «миллий низо қўзғашга» уриниш? Қолаверса, рақиблар тирноқ ортидан кир қидириб, сал адашиб кетишингни зориқиб кутиб туришган бир давр бўлса… Жиддий асос йўқлиги боис иш охирига етказилмади. Лекин айблов ҳам олиб ташланмади, иш ёпилмади.
Муҳаррир қамалиб, қийноқларга солинди. Юрак хасталигидан азият чекиб юрган Улуғбек аканинг ҳаёти қамоқдаги азоблар туфайли қил устида қолди. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар минг азоб билан уни касалхонага ётқизишга муваффақ бўлишди. Ўшанда яқинлари ва ҳамкасблари Улуғбек акани йўқотиб қўйишдан жуда қўрққан эдик. Оллоҳ умрини зиёда қилган экан, Қирғизистондан чиқиб кетишга муваффақ бўлди. Андижонда фарзандлари даврасида яшаб, ижод қилиб келаётган эди.
Соғлигини тиклаб олгач, жамоат ишлари билан бўлиб, бир четга сурилиб келаётган ижодий ишларини амалга оширишга киришди. Маҳмуд Қашғарийнинг “Девону-луғотит-турк” асарини чуқур таҳлил қилиб, унга айрим аниқлик ва тўлиқловларни киритди, муҳим изоҳлар ёзди. Бу ишга таниқли тилшунос олимлар юқори баҳо бердилар. Маблағ танқислиги туфайли китоб нашрдан чиқиши кечикди.
Тез орада Улуғбек ака компьютерда китоб саҳифалашни ўрганди, шахсий нашриёт ташкил қилиб, ноширлик билан шуғуллана бошлади. Турли соҳалардаги илмий, адабий асарларни таҳрир қилди. Таржимонлик бобида ҳам жуда жиддий ишларни амалга оширди. Бу фаолиятидан тушган озми-кўпми маблағни яна китоб чиқаришга, хайрия ишларига, ёш адибларни қўллаб-қувватлашга сарфлади. Улардан бири – андижонлик шоир Ражабали Камолзода. Улуғбек ака бу йигитни қўлладигина эмас, том маънода кашф қилди. Соғлиги чекланган бу ижодкорнинг ҳаётдаги ўрни учун толмай курашаётгани, ҳалол меҳнат билан нон топиб, тинимсиз ижод қилаётганидан хабар топган ношир ёш шоирнинг уйига бориб, ёзган шеърларини олиб келди, таҳрир қилди. Бу шеърлар 400 бетли катта бир китоб ҳолида ёруғ кўрди. Камолзода эса Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси аъзоси бўлди.
«Кимга қанақа билмадиму, мен учун Улуғбек устоз Ҳизр янглиғ инсон эди. Буни шунчаки айтаётганим йўқ. Чин маънода айтаяпман», – дейди Ражабали Камолзода.
Улуғбек аканинг савобли ишларини айтаверса, адо бўлмайди. Жумладан, менинг биринчи романимнинг ёзилишида ва унинг китоб ҳолида чоп этилишида Улуғбек аканинг ёрдами беқиёс. Савоб ишлари, Пиримқул Қодиров таъбири билан айтганда, қоронғи тунда порлаган юлдузлардай кўпчиликка йўл кўрсатди, ижоднинг машаққатли йўлида умид, ишонч бахш этди. Улуғбек аканинг хуфтон бўлган дилини оз бўлса-да ёритиб турди. Бу савоб ишлари у дунёда қалби дарё акамизнинг бошларига соябон бўлсин.
Олтин зангламас…
Юқорида “қоронғи тунда” деб ёзганимизнинг боиси, Улуғбек ака Абдусаломов 15 йил ватанини соғиниб, ҳижрон азобида ўтди. Ота юртига, ўз уйига бир лаҳзага бўлса-да бориб келишни орзу қилиб, бунинг иложсизлигидан дили вайрон бўлиб яшади. Унинг ишини қайта кўриш масаласи бир неча марта кўтарилди. Лекин ишга сиёсий тус бериб улгуришгани сабаб, бунинг иложи бўлмади. Уйдирма ҳужжатларда “миллатчи” деб тилга олинган бўлса-да, ҳожи ака бундай айбловлардан пок эди.
Улуғбек ака қирғиз тилини, қирғиз халқининг урф-одатларини жуда яхши билар, қирғиз уруғлари, қирғиз халқининг тарихини пухта ўрганган эди. Дўстларининг асосий қисми ҳам қирғизлардан экани бежиз эмас. Ўша дўстларига ҳам раҳмат, кейинроқ бўлса-да, уни зиёрат қилиб Андижонга бориб туришди. Айримлари телефон орқали мулоқот қилиб туришди. Роса яхшилигини кўрганлари эса… сотишди.
Ўзи бошқарган “Дийдор” газетасида “Қирғиз тилини ўрганамиз” деган махсус рукн очиб, давлат тилини тарғиб қилишга катта хисса қўшди. Ўзбек ва қирғиз халқларининг дўстлигини тураннум қилган ўнлаб мақолалар ёзди. Унинг икки халқ адиблари асарларини ўзаро таржима қилиб, китобхонларга тақдим этиш бобидаги ишлари ҳақида қисқа баён қилдик. Дарвоқе, юқорида тилга олинган ижодкор укамиз Ражабали Камолзода ҳам қирғиз миллатига мансуб. Улуғбек ака қирғиз миллатига янада яқинроқ бўлишни ният қилиб, кенжа ўғлига Чингиз деб исм қўйган, қирғиз қизлардан келин олишни ният қилган эди. Лекин шафқатсиз ҳаёт бу самимий режаларни пучга чиқарди.
Яхши одам олтин каби. Олтин на занглайди ва на унга лой чаплашса ўз қадрини йўқотади. Улуғбек ака ана шундай бебаҳо инсонлардан эди. Унинг ягона армони, энг олий орзуси – ҳужжатларини тиклаб, номини оқлаб, ватанига қайтиш эди. Бу ишнинг амалга ошишига ҳамиша умид қилиб яшади. Афсус…
Ёши 74га чиқиб қолса ҳам ҳали руҳан тетик, қалбан ёш эди. Соғлиги гоҳида панд бериб турса ҳам, ўзи бақувват, олам-олам режалар оғушида яшар эди. Жумладан, марҳум дўсти ва курсдоши Аҳмаджон Муҳаммаджоновнинг шеърларини тўплаб, унинг юбилейига китоб қилиб чиқармоқчи эди. Улуғбек ака ора-чорада, баъзан кунига бир неча бор телефон қилиб қолар, у ёки бу сўзнинг таржимасига ёрдам беришни сўраб қоларди. Шундай олим одам билмаган сўзни мен қаёқдан биламан! Кейинроқ яна қўнғироқ қилиб, ўша сўзни топганини айтиб қувончи билан бўлишар, бу билан менинг ҳам билимимни бир қадар ошириб қўярди. Улуғбек ака ҳар бир сўзнинг қадрини билар, айтилган сўзига маҳкам, садоқатли, жўмард инсон эди.
Оллоҳ Улуғбек ҳожи акамизнинг жойларини жаннатдан қилсин! Ортидан қолган келинойимизга, ўғил-қизларига, дўсту-биродарларига гўзал сабр берсин.
Абдумўмин Мамараимов, Бишкек.