ЎШЛИК ШОИР ИСТЕЪДОДИНИНГ ҲУВАЙДОСИ

     Ота-боболари Ўшлик, исми Хожамназар Ғойибназар ўғли бўлган шоир Ҳувайдо 1704 йил Фарғонанинг Чимён қишлоғида туғилган ва 1780/81 йил ўша ерда вафот этган. Тасаввуф шеъриятининг йирик вакили. Чимён қишлоғида мактаб очиб, узоқ вақт мактабдорлик қилган, косиблик билан ҳам шуғулланган. Отаси Ғойибназар сўфи Офоқхўжа эшоннинг муридларидан бўлган, кейинчалик Ўшдан Чимёнга кўчиб келиб, бу ерда масжид ва хонақолар қурдириб, эшонлик қилган. Шунинг учун Чимёнда ҳам, Ўшда ҳам Ҳувайдолар авлоди бор. Бунинг яна бир сабаби, Ўғлининг отини Офоқхўжа шарафига Хўжам назар қилди, деган маънода Хўжамназар қўйган.

Айтишларича, кунлардан бир кун Офоқхўжа муридига “Сен фарзанд кўрсанг, отини Хожамназар қўй, менинг назарим андадур”, деб хушхабар берди. …Орадан 5-6 йил ўтиб, Ғойибназар ўғил кўриб, исмини Хожамназар қўяди. У пайтда Ғойибназар Ўшда яшар эди. Кейинчалик Чимён қишлоғига кўчиб келиб, мадраса ва хонақоҳ очиб, мударрислик билан машғул бўлган.

Аммо Ҳувайдо насл-насаби, туғилган жойи ҳақида аниқ ёзган:

Каминанинг оти Хожамназардур,

Отасининг оти Ғойибназардур.

Насабда Ўшийу мавлуди Чимён

Ғарибу хоксору дилпаришон.

Яъни аждодлари Ўшлик бўлган, шоирнинг ўзи Чимёнда туғилган.

“Ҳувайдо” – намоён бўлиш, кўриниш деган маънони англатади. Бутун борлиқ Оллоҳ таолонинг иродаси билан барпо бўлганига ишора сифатида шоир ўзи ҳам ана шу улкан ҳувайдолиқнинг бир зарраси сифатида шундай тахаллус танлаган. Чунки унинг ижоди сўфиёна руҳда бўлиб, мажозий ва ҳақиқий ишқ ҳақидаги орифона, дунёвий шеърлари бор. Шоир дунёқарашининг шаклланишида Хожа Яссавий, Алишер Навоий, Сўфи Оллоёр, Машрабларнинг тасаввуфий асарларининг таъсири катта бўлган.

Ҳувайдо уларнинг анъаналарини давом эттирган. Шоирнинг барча асарлари, табиийки, аруз тизимида, аммо новатор ижодкор сифатида ихчам, ўйноқи мисралар устаси сифатида танилган.

Арзимни айдим боди сабоға,
Еткурса ҳолим ул дилрабоға”

“Раҳм айласанг-чи девоналарға,
Ишқингда бўлған афсоналарға” матлаъли ғазаллари

бунга далилдир.

Кейинчалик унинг бу тарздаги ўйноқи шеърий тажрибалари Ҳамза ва бошқа шоирлар томонидан давом эттирилган. Хуллас, Хожамназар Ҳувайдо ўзбек адабиётида, тасаввуф шеъриятида муносиб ўринга эга бўлган атоқли шоирларимиздан биридир.

Биз ушбу мақолада Ҳувайдо эшоннинг асарлари, дунёқараши, фарзандлари ва ҳоказоларига тўхталмай, халқимиз орасида ғоят машҳур бўлган, кўп хонандалар, жумладан Расулқори Мамадалиев каби ҳофизлар томонидан завқу шавқ билан ижро этилган бир ғазалини келтириб, ундаги байтларда олға сурилган сўфиёна маъноларни имконимиз даражасида талқин этишга уриниб кўрамиз.

На қилдим санга ман, ёрим, жамолингдин жудо қилдинг,
Бошимда гарди ғамни чун чароғи осиё қилдинг.


Ҳамиша куйдуруб шамъи фироқинг бирла жонимни,

Мани парвонани хокистарини зери по қилдинг.

 

Жудо айлар экансан, аё Лайливаши Ширин,
Не деб аввал ўзунгға ман ғарибни ошно қилдинг?


Нигоро, бори ғам бирла фақиру нотавон айлаб,
Алифдек қоматимни лом алиф янглиғ дуто қилдинг.

 

Фироқинг осмонидин солиб бир барқи оламсўз,
Вужудим хирманин ўртаб, адо қилдинг, адо қилдинг.


Ўшал рўзе: Билурмусан мани деб айтдинг, эй ёрим,
Бале дедим, сани суйдим, балоға мубтало қилдинг.


Ўшал рўзе: Билурмусан мани деб айтдинг, эй ёрим,
Бале дедим, сани суйдим, балоға мубтало қилдинг.


Аё дилбар, Ҳувайдодек балокашни эшикларда,
Солиб кўздин асиру бенаво, зору гадо қилдинг.

Маълумки, ғазалнинг матлаъи – илк байти нафақат унинг вазни ва ритмини, балки аввало руҳи-мотивини ҳам белгилаб беради.

На қилдим санга ман, ёрим, жамолингдин жудо қилдинг,
Бошимда гарди ғамни чун чароғи осиё қилдинг.

(Эй ёрим, сенга қандай гуноҳ қилдимки, жамолингни кўришдан мени маҳрум этдинг ва бошимга ёққан ғам гўё тегирмон чироғи устини боскан гард каби)

Ошиқ ёрдан ўпкалаяпти, унинг васлига етиш умидидаги ғамбодалик оқибатида не кўйларга тушганини айтяпти. Осиё – форсийда тегирмон дегани. Тегирмонда ун гарди ҳамаёқни қоплаб, хатто чироқ нурини ҳам хира қилиб қўяди. Ёр жамолидан айрилган ошиқнинг кўзига эса ёруғ дунё қоронғилашгандай туйилади.


Ҳамиша куйдуруб шамъи фироқинг бирла жонимни,

Мани парвонани хокистарини зери по қилдинг.

(Ҳамиша фироқинг ўти билан, шам парвонани куйдиргани каби, менинг кулимни ерга сочиб, оёқости қилдинг)

Парвона ҳамиша оловга ўзини уради, куяди, азоб чекади, ҳалок бўлади, бироқ барибир оловга интилаверади. Ошиқнинг иши ҳам шу: ёрдан бир лаҳза ҳам кўнгил уза олмайди, гарчи ёр уни хору зор қилса ҳам.


Жудо айлар экансан, аё Лайливаши Ширин,
Не деб аввал ўзунгға ман ғарибни ошно қилдинг?

(Эй Лайлимисол, Ширинталъат ёрим, жудо қилар экансан,

унда нега мендай ғарибни авалбошида ўзингга ошно қилган эдинг?)

Мумтоз адабиётда ёр Лайли деб, Ширин деб, Узро деб мақталади. Улар шу даражада гўзал, мафтункорки, кўнгил узиб бўлмайди. Ана шу ёрга хитобан шўрлик ошиқ ўзининг ғариб эканини айтиб, ғарибингни хор қилма, аввало ниятинг шу бўлса, ошно қилмагин эди, мубтало қилмагин эди, деб эътироз-илтижо қилаётир.


Нигоро, бори ғам бирла фақиру нотавон айлаб,
Алифдек қоматимни ломалиф янглиғ дуто қилдинг.

 

(Эй нигоро, ғам юки остида мени бечора ва нотавон этдинг,

Тик қоматимни эгиб, икки букладинг-қўйдинг)

Бор – форсийда юк дегани. Қийинчилик юки одамнинг қадини хам қилади, беғам ва тик юра олмайди. Ўтмиш сўз санъатида тиклик сарвга ва алиф ҳарфига ўхшатилса, эгик қомат ломалиф ҳарфи ва дол ҳарфига қиёсланади. Ёр ошиқни фақирликка солиб синаши мумкин, унга бардош берган ошиқнинг ишқи ҳақиқий бўлади, диний маънода эса Оллоҳ ато этган тақдир-қисматни ҳадя деб, марҳамат деб кутиб олиш: қазога розилик, балога собир бўлиш – мўминликнинг белгисидир.

Бунда ошиқ ёрга арзиҳол қиляпти, аммо ишқинг юкини енгиллат деяётгани йўқ: ёрдан нима келса, кутиб олиш – унинг матлаби.

Фироқинг осмонидин солиб бир барқи оламсўз,
Вужудим хирманин ўртаб, адо қилдинг, адо қилдинг.
 

(Фироқинг осмонидан оламни ёндиргудай чақмоқ тушириб,

бу тан-жонимни ёндириб, адо қилдинг, тамом қилдинг)

Бу ҳолат қадимда яшаган одамларга кўп таниш бўлган, хирмонларга ўт кетган. Гоҳо бунга чақмоқ тушиши ҳам сабаб бўлиб, одамлар уни тақдирдан деб билишган. Йил бўйи меҳнат қилиб, йиққан ҳосилига ўт тушган кишининг ҳоли жуда ачинарли, албатта. Шоир шунга муқояса қилиб, эришай деб турган висолингдан мени маҳрум этдинг, вужудим хирмонини куйдириб кул қилдинг, деяётир.

Ўшал рўзе: Билурмусан мани деб айтдинг, эй ёрим,
Бале дедим, сани суйдим, балоға мубтало қилдинг.


(Эй ёрим, сен ўша куни менга хитоб қилиб, мени билурмисан, деб айтдинг, биламан, дедим, сени севдим, аммо (ўшандан бери) балога мубтало қилдинг)

Бу байтда ирсоли масал бадиий санъати қўлланган. Ирсоли масалда бирон машҳур воқеага, ривоятга ишора қилинади. Бу ерда эса алмисоқ куни ёдга солинаётир. Носируддин Рабғўзийда шундай нақл бор (маъноси):

“Оллоҳ таоло Одамота фарзандларини одам суратида унинг умуртқасидан чиқарди, қалдирғоч сингари майдагина қилиб. Барчалари оқил ҳам эмас, мўъмин ҳам эмас, кофир ҳам эмас. Оллоҳдан нидо келди: “Аласта бираббикум? (Мен сизнинг раббингиз эмасманми?)” Барчалари “Қолу бало” (Раббимиз эрурсан) деб жавоб бердилар”.

“Бало” лафзи, араб тилининг равишига кўра, “эмасмассан” (айнан ўшасан), деган маънони англатади.

Шоир Ҳувайдо сўз ўйини қилиб, “бале” (ҳа) ва бало (офат) сўзларидан лафздошлик ясайди. Бу ҳам, сени севганим эвазига менга бало юбординг, деган маънони билдиради.


Аё дилбар, Ҳувайдодек балокашни эшикларда,
Солиб кўздин асиру бенаво, зору гадо қилдинг.

(Эй дилбар, даргоҳингда Ҳувайдо каби балоларга гирифтор бўлиб юрувчини кўзингдан нари қилиб, уни асиру бенаво, муҳтож ва гадо этдинг) 

Ёрдан кимга шикоят қилинади? Албатта, бошқа бировга эмас, ёрнинг ўзига. Бу шикоятдан мақсад уни қоралаш эмас, балки раҳмини келтириш, шу орқали илтифотига сазовор бўлишдир.

Ҳувайдонинг ушбу ғазалида мажозий ва ҳақиқий ишқ мотивлари омухта бўлиб кетган. Бу жиҳати билан у бизга Сўфи Оллоёр, Машраб ғазаллари руҳини эслатади. Бинобарин, Ҳувайдо мумтоз адабиётимиз анъаналарини муносиб давом эттирган, ривожлантирган ва ўз ижоди билан уни кейинги босқичларга олиб ўта олган шоир эди, деб айтишимиз мумкин.

 

Зуҳриддин Исомиддинов 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг