Қирғизистон-Тожикистон чегараси: Қимматга тушаётган 275 метрлик ҳудуд

Икки давлат чегарасидаги навбатдаги тўқнашувга сабаб бўлган ҳудуд талашлигича қолмоқда.

Бу сафар Тожикистон-Қирғизистон чегарасида Тожикистон томондан икки кишининг ўлими ва ҳар иккала томондан 20дан ортиқроқ фуқаронинг жароҳатланишига сабаб бўлган қуролли можародан сўнг томонлар ўртасида йўлнинг 275 метрлик қисми бўйича келишмовчилик давом этмоқда.

Маҳаллий аҳоли «275 метрли участка» деб атайдиган бу ҳудуд Қирғизистоннинг Ўш-Боткен-Исфана автомобиль йўлида жойлашган бўлиб, Тожикистон бу ерни ўзининг ҳудуди деб ҳисобласа, Қирғизистон баҳсли ҳудуд эканини айтиб келади. Йўлнинг ушбу қисмида Тожикистоннинг Хўжаи Аъло ва Сомониён аҳоли пунктлари ва Қирғизистоннинг Кўк-Тош ва Ўртабўз қишлоқлари жойлашган.

Шу йилнинг 27-28 январь кунлари  содир бўлган қуролли жанжалдан сўнг Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбари Ражаббой Аҳмадзода 31 январь куни берган баёнотида аталган йўлнинг бу қисми асли Тожикистон ҳудуди эканлигини ва Қирғизистоннинг бу ҳудудни баҳсли деб ҳисоблашига қонуний асоси йўқлигини таъкидлади.

Бундан бир кун аввал Қирғизистоннинг Боткен вилояти раҳбари Абдикарим Алимбаев “Спутник-Қирғизистон” ахборот агентлигига берган интервьюсида йўлнинг бу қисми ҳали тасвирланмаганини маълум қилган эди.

Сўғд вилояти раҳбари ўзининг ҳақлигини исботлаш учун аталган ер участкаси 1924-1929 йиллардаги ҳужжатлар ва 1989 йилдаги паритет комиссияси материалларига мувофиқ Тожикистоннинг ҳудуди ҳисобланишини ва автомобиль йўлининг ушбу қисми Қирғизистоннинг илтимосига кўра Қирғизистонга 49 йилга ижарага берилганини айтади.

Лекин бундан аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Вечерний Бишкек» газетасига берган интервьюсида Қирғизистон ушбу ерларни 49 йилга ижарага олган протоколни тан олмаслигини айтган эди. Жапаровнинг сўзларига кўра, агар Қирғизистон ушбу протоколга рози бўлса, Боткен вилоятининг Лайлак тумани бутунлай Тожикистон ҳудудидаги анклавга айланиб қолади».

Эслатиб ўтамиз, бундан ўн йил аввал икки давлат вакиллари ўртасида имзоланган айнан мана шу протокол бўйича жиноий иш қўзғалиб, Қирғизистон парламентига яқинда депутат бўлиб сайланган Адахан Мадумаровга айбловлар қўйилган. Тергов берган дастлабки маълумотларга кўра, протоколга ўша пайтда Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб турган, бундай ҳужжатни имзолашга ваколати бўлмаган Адахан Мадумаров қўл қўйган.

Куни кеча бу иш бўйича тергов тугагани ҳақида маълум қилинди. Адахан Мадумаров бу ишни ўзига ўтказилаётган сиёсий босим деб баҳолайди. Унинг айтишича, аталган протокол қонуний кучга эга эмас ва шу боис у ўзини бу масалада айбсиз деб ҳисоблайди.

Энди Боткен вилояти раҳбари Алимбаев чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия бу масалани ҳал қилиш устида ишлаётганини айтса, Сўғд вилояти раҳбари Ражаббой Аҳмадзода бу ҳудуд мақоми чегарани аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссия ўртасидаги музокараларда муҳокама қилиниши мумкин эмаслиги айтиб чиқди.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 970 километр бўлиб, бугунгача унинг атиги 519 километри аниқланган. Номаълум ва баҳсларга сабаб бўлаётган ҳудудларда ҳамон можаролар келиб чиқмоқда. Уларнинг кўпида тобора ўқотар қуроллар қўлланиб, ҳар икки томондан одамларнинг қурбон бўлишига, чегара ҳудудида яшаган аҳолининг миллионлаб сўмлик зарарлар кўришига олиб келмоқда.

Масалан, тилга олинган охирги жанжалда Қирғизистон томондан ҳарбийлардан 13 киши жиддий жароҳат олган бўлса, Тожикистон томондан икки киши ҳалок бўлган, яна 10 киши жароҳатлангани айтилади, улардан 6 нафари ҳарбийлар.

Можаро натижасида Қирғизистон томонга етказилган моддий зарар 3 миллион сўмга ($35 минг доллардан ортиқ) баҳоланмоқда. Жумладан, икки бостирма ёниб кетган, бир нечта уй ва иккита машина зарар кўриб, чорва моллари ҳам нобуд бўлган. Тожикистон томон 11 уйнинг ва маҳаллий тиббиёт муассасасининг жиддий зарар кўрганини айтмоқда. Ҳар икки томон можаро пайтида минглаб аҳолисини хавфсиз жойларга кўчиришга мажбур бўлган.

Оқбура, Бишкек.

Суратлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг