Элчихона инсофга чақиради
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида, Халқаро тиббиёт университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик 25 ёшли талаба Азиза Гулмуродовани шу йилнинг 2 апрелида Бишкекда машина уриб кетиб, шу кунгача жонлантириш бўлимида, кома ҳолатида ётибди.
Унинг онаси Дилафрўз Каримова журналистларга қизининг аҳволи оғирлигини айтиб, унга ҳеч ким – на Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси, на қизини уриб юборган ҳайдовчи ва на бошқалар ёрдам бермаётганидан шикоят қилади. Каримованинг айтишича, ҳаттоки ҳайдовчи йигит ундан тезда қизини олиб Қирғизистондан чиқиб кетмаса, иккаласиниям ўлдиртириб юборишини айтиб қўрқитган.
Бу ҳодиса ҳақда биринчи бўлиб қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилган. Ҳуқуқ ҳимоячиси Қирғизистондаги мутасадди органлардан воқеага холис эътибор бериб, жабрланувчига ёрдам беришни сўранган ва айбдорни жазога тортиш лозимлигини эслатган.
Мухбиримиз билан суҳбатда ҳам Дилафрўз Каримова Ўзбекистон элчихонасидан умуман ёрдам бўлмагани, аксинча, у ерга қилган мурожаатлари жавобсиз қолаётганидан шикоят қилди. Унинг айтишича, қизи Азиза тиббиёт университетининг охирги курсида ўқиб келаётган бўлиб, шу йили қўлига диплом олиши керак эди. Азиза стоматология бўлимида ўқийди. Диплом қўлига теккач, ота юртига бориб ишлашни, ҳафтада бир кун муҳтожларни бепул даволашни мақсад қилиб келган. Унинг онасининг айтишича, улар асли Қашқадарё вилоятидан бўлиб, Азизанинг бувиси ва холаси ўтиб кетишгач, улар ёлғиз қолишган. Қирқ уч ёшдаги Дилафрўз қизини ўқитиш ниятида Туркияда ишлаб келаётган эди. Қизининг ўқишига йилига 2500 АҚШ доллари миқдорига контракт пули тўлайди. Ундан ташқари талабанинг бошқа ҳаражатлари ҳам бор.
Каримова қизини даволатиш учун Қашқадарёдаги уйини сотиб келганb ва бу пулb тамом бўлганидан шикоят қилади. Бугунги кунда она-бола пулга муҳтож: дори-дармонга, онанинг Бишкекда яшаб туришига, беморни Тошкентга олиб кетиб даволатишга ва адвокат ёллаш учун маблағ керак. Каримованинг айтишича, ҳозир зарур дори-дармонларни дорихоналардан қарзга олиб турибди. Юкларини қизи яшаган ётоқхонада қолдириб, ўзи кўчада, касалхона атрофида ётиб-туриб кун кечиряпти. Хуллас, Азизанинг орзу-умидлари бу мусибатдан чириллаб турибди.
Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонасидан Дилфуза Каримованинг бугунгидай оғир аҳволга тушиб қолгани боис унга ҳайрихоҳлик билдириб, талаба қизнинг тезроқ ўзига келиб, оёққа туриб кетишига умид билдиришди. Элчихона номига айтилган таъна ва айбловлар бўйича элчихонанинг исмини айтишни истамаган ходими қатор раддиялар берди. Ходимнинг айтишича, элчихона бу ишлардан хабардор ва Азизанинг тезроқ соғайиб кетиши учун барча ҳаракатларни қилмоқда.
“Дилафрўз Каримова бизнинг консулликка 15 апрель куни мурожаат қилган. Туркия ва Хитойда тижорат қилишини айтиб, биздан Қирғизистон визасини олишда ёрдам беришни сўради. Аёлнинг жуда ҳафа эканини кўриб, нима гаплигини сўраганимиздагина у қизи билан бўлган бахтсиз ҳодисани айтиб берди”, – дейди элчихона ходими. – “Шундан сўнг элчи шахсан Қирғизистон Соғликни сақлаш вазири ва бошқа расмий шахслар билан гаплашиб, комада ётган қизга барча зарур ёрдамни кўрсатиш масаласини муҳокама қилди. Шундан буён бу иш бизнинг доимий назоратимиз остида”.
Элчихона вакилининг айтишича, бугунги кунда Азизанинг аҳволи анча яхши. Жумладан, унинг юрак уриши нормаллашиб, пасайиб кетган қон босими ҳам меъёрга келган. Бир ойча томоғига ўрнатилган найча орқали сунъий нафас олаётган бўлса, энди табиий йўл билан, мустақил нафас ола бошлаган. Лекин барибир аҳволи жиддийлигича қолмоқда. Кома ҳолатида яна қанча ётишини ҳеч ким айтиб бера олмайди.
Беморни Тошкентга олиб кетиш масаласида ҳам элчихона Ўзбекистон ҳукумати ва масъул идоралар билан иш олиб бораётганини маълум қилди. Каримова қизини самолётда олиб кетишни талаб қилмоқда, лекин тиббиёт ходимлари бу бемор учун хавфли эканини айтишган. Транспорт масаласи ҳал бўлган ҳолатда қирғизистонлик тиббиётчилар гуруҳи Азизани Тошкентгача кузатиб боришга тайёр.
“Шу ерда ҳам Ўзбекистон билан Қирғизистоннинг чинакам дўстлиги, қирғиз ва ўзбек халқларининг дўстона муносабати ёрқин кўринди”, – деди элчихона вакили, – элчи мурожаат қилган биринчи кунданоқ беморга эътибор кучайтирилди, унинг онасига қизини кўриб туриш учун жонлантириш бўлимига кириб туришга рухсат берилди. Қирғизистонлик тиббиётчилар, оддий одамлар ва фаолларнинг беморга ўз қизидек ғамхўрлик қилаётганини кўриб қувондик. Чинданам, ўзбек ва қирғиз халқлари қондош-жондош, бир элмиз…”
Бу ҳақда Дилафрўз Каримованинг ўзи ҳам айтади. У Қирғизистондаги фаолларга доимий ёрдамлари учун миннатдорчилик билдирди. Дорихонада ишлаётган Қундуз исмли қиз ўзининг Мбанк рақами орқали ёрдам пули тўплаб, дори-дармонларнинг пулини тўлашга бел боғлаган.
Комада ётган Азиза Гулмуродовага ёрдам беришни истаганлар МБанк тизимида ушбу рақам орқали пул ўтказишлари мумкин: 0555 205 252. Рақам эгаси Кундуз С. деб чиқади. Пул ўтказишда “Азизага ёрдам”, деб кўрсатишни унутманг.
Бу воқеа оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиб, мақолаларда Дилафрўз Каримованинг Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси номига айбловлар янграшда давом этгач, элчихона махсус хабар тарқатди. Ушбу маълумотда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги Элчихонаси ва Ўш шаҳридаги Бош консулхонаси бу ўлкадаги “Ўзбекистон фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини доимий равишда таъминлаб келаётгани” айтилади.
“Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган баъзи бир хабарларда Элчихонага нисбатан ноўрин ва асосланмаган танқидлар учрамоқда. Бу каби ҳолатларда барча фуқароларимизни Элчихонамизнинг +996 997 992002 телефон/ватсап ва Бош консулхонамизнинг +996 552 047777 телефон/ватсап рақамларига тўғридан-тўғри мурожаат қилишларини сўраб қоламиз. Бу рақамларга бўлган мурожаатлар жавобсиз қолдирилмаслигини билдирамиз”, – дейилади тарқатилган хабарда.
Шунингдек элчихона охирги пайтларда автоҳалокатга учраган “талабага ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаётганлиги ҳамда унинг онасига бўлган тажовузлар ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини” билдирган. “…Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг соғлиги тўлиқ маҳаллий шифокорлар назоратида қолмоқда. Унинг ва яқинларининг ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай таҳдидлар бўлмаётганлигини маълум қиламиз”, – дейилади хабарда.
Воқеа атрофида шов-шув кучайгач, 16 май куни бўлиб ўтган судда 25 ёшли Айдар исмли ҳайдовчи 10 кунга ҳибсга олинган. Бунгача ҳайдовчи айбини бўйнига олиб, Азизанинг онасига ёрдам беришга тайёрлигини, лекин у аёл жуда катта миқдорда пул талаб қилаётганини, унда бунақа пул йўқлигини айтган эди. Айдар қизнинг онасига таҳдид қилганини рад этди.
Йигитнинг нега шу кунгача қамоққа олинмагани, жабрланувчиларга қанча ва қандай ёрдам қилгани ҳақидаги саволлар ҳозирча жавобсиз қолмоқда. Унга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг «Авто-мототранспорт воситаларини бошқариш ва ишлатиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Унга кўра киши соғлиғига оғир зарар етказилган ҳолатда айбдор 200 минг сўмгача (2280 доллар атрофида) жаримага тортилиши ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Ўзбекистоннинг “Кун.уз” нашрининг ёзишича, Қашқадарё вилояти ҳокими 2-3 та масъул шахслар ва Бишкекдаги элчихона ходимлари билан гаплашган. Ҳокимликнинг матбуот котиби Аҳрор Содиқов бу ишни вилоят ҳокими алоҳида назоратга олгани ва Дилафруз Каримовага пул ўтказиш орқали бир неча марта моддий ёрдам берилганини айтган. Лекин Каримова ҳозирча Ўзбекистон расмийларидан ҳеч ким у билан алоқага чиқиб, моддий ёрдам бермаганини айтади.
Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси Қирғизистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини “ушбу мамлакатнинг ички қонун-қоидаларига тўлиқ риоя қилишларини, ўрнатилган тартибларни бузмасликларини, йўл ҳаракат қоидаларига риоя қилишларини, пиёдалар учун белгиланган махсус жойлардан ўтишларини ва бошқа қоидаларга риоя қилишларини” сўраб қолади.
“Ҳар-хил мавзудаги ноўрин ва асосланмаган, ёлғон ҳамда ҳақиқатга тўғри келмайдиган нотўғри маълумотларни тарқатаётган ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини ҳар бир воқеа ва мурожаат бўйича Элчихона ёки Бош консулхона билан алоқага чиқиб, мулоқот қилиб, ҳақиқатни ва аниқ фактларга асосланган воқеаларни ёритишга чақириб қоламиз”, дейилади элчихона тарқатган маълумотда.
Бўлажак стоматолог Азиза Гулмуродованинг тезроқ соғайиб кетишини ва барча орзу-мақсадларига етишини Яратгандан тилаб, унинг онасига сабр тилаймиз.
Абдумўмин Мамараимов. Бишкек
Расм интернетдан олинди