Ўзимизнинг Айтматов

Дунёга таниқли ёзувчи Чингиз Айтматов ҳақида ўйлар эканман, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ишлаб юрган пайтларим хотирамда жонланди. Қандай ажойиб дамлар эди. Айниқса, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Иброҳим Ғафуровдек устозлар, Аҳмаджон Мелибоевдек туғма муҳаррир билан бир сафда туриб ишлаш мен каби ҳали ўз йўлини тополмаган журналист учун катта мактаб бўлганди. У пайтларни эсласам юрагим ҳаприқади… Кўз ўнгимдан ярим кечалари “Цензўр”нинг талаби билан саҳифа-саҳифа мақолаларни алмаштириб, тонг отар қилганларимиз ёдимга тушади. Чарчоқ нималигини билмасдик. Энди ўйласам, бундай меҳнатсеварликнинг сабаби бор экан: газетанинг янги сони эртасига киоскаларда битта қолмай тарқаб кетганини кўриш биз учун катта фахр эди.

Чапдан ўнгга: Чингиз Айтматов, Одил Ёқубов ва Мухтор Шохонов

Тўрт йил аввал буюк аллома Алихонтўра Соғуний босган йўллардан юриб, замонамизнинг яна бир улуғ инсони Чингиз Айтматов туғилиб-ўсган Таласга бориб қолдим. Соғуний домланинг шогирдларидан бири – Баёт ўғли Сотилған ҳожи шу қадим ва юксак тоғлар бағрида истиқомат қилар экан. Ҳожи ота бизга ўн олти йил мобайнида ўзи таълим олган устози ҳақида сўнмас хотираларини сўзлаб берди.

Бу табаррук зотнинг ёшлари тўқсонга бориб қолган эди. Шу боис, у кишига саволлар бериб, толиқтириб қўйишни истамадим. Ўртанча ўғиллари Зоҳиджондан Чингиз оға туғилган Шакар овули бу ердан қанчалик масофада эканини сўрамоқчи эдим, аммо шу пайт ҳамроҳларимиздан бирининг қўл телефони жиринглаб, мени чалғитди… Биз ортга қайтиб кетдик. Шакар овулини кўриш армон бўлиб қолди. Йўлда эканмиз, ҳамроҳларимдан бири менинг тумшайиб қолганимни кўриб, Шакар овули Сотилған оғанинг уйидан жуда ҳам олисда, тоғлар орасидалигини айтди ва бугун номи дунёда машҳур бу кичик гўша ҳақида билганларини гапириб берди. Хаёлимда Сотилған отанинг қирликдаги қийғос гулга кирган олмазорлари жонланди. Баҳорнинг саррин шабадаси эсаётган эди ўшанда. Бу эпкин Чингиз Айтматовдай буюк ёзувчини берган Шакарнинг тотли ҳидини димоғимга ургандай бўлди…

1995 йили Тошкентда Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеяси таъсис этилди. Шу муносабат билан пойтахтимизга қардош респуб­ликалардан кўпгина таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар келишди. Чингиз Айтматов Ассамблея президенти, устоз Одил Ёқубов вице-президенти этиб сайланишди. Ота Туркистоннинг бир-бирларидан анчайин узоқлашиб қолган адабиёт ва санъат намояндалари уч кун мобайнида бир-бирлари билан қўл олишди, дилларида тўпланиб қолган гапларини бир-бирларига айтиш имконига эга бўлишди. Эзгу режалар тузилди, адабий-маданий борди-келдилар бошланди. Аммо…

Орадан вақт ўтиб, бир-бирлари томон чўзилган бу қўлларнинг тафти, бир-бирларига ҳамроз бўлган бу дилларнинг қувонч­лари сўнди. Чингиз Айтматов, Одил Ёқубовдек буюклар ҳам ассамблеянинг “умри”ни узайтира олмадилар. Сабаби, айрим олғирлар бошлиқларнинг оқ кўнгиллилигидан фойдаланиб, ўз манфаатлари йўлида зўр бериб “ишлаб” қолишган экан. Нима бўлганда ҳам, ассамблеянинг қисқа фаолияти  Марказий Осиё халқларининг бундан буён ўз қобиқларига ўралиб яшашлари мумкин эмаслиги, нажот фақат ҳамжиҳатликда эканини кўрсатди. Шунинг ўзи катта гап эди. Аммо буни ким сезди, ким сезмади…

Таниқли қозоқ шоири Мухтор Шохонов билан ўша Ассамблея иш бошлаган кунлари танишиб, дўстлашиб қолдик. Чингиз Айтматов “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” китобининг муқаддимасида Мухтор Шохонов ҳақида шундай дейди: “Ҳаётимда иккита Мухторга дуч келганман. Биринчиси – менга оталарча ғамхўрлик қилган устозим, буюк ёзувчи Мухтор Авезов бўлса, иккинчиси – шоир, эски дўстим ва сирдошим Мухтор Шохонов. Менимча, Мухтор Шохонов Ўрта Осиёдаги улуғ шоирлардан бири ҳисобланади. Мени мафтун этган нарса шуки, у қизиқувчан мутафаккир, изланувчан инсон. Шарқ донишманд­лиги билан Ғарб дунёқарашини ўзида мужассамлаштирган нозик қалб соҳиби. Агар ўз ватанидан ташқарида шоирни кимдир яхши билмаса, бу унинг айби эмас. Ушбу китоб-суҳбат ёрдамида ўқувчилар оммаси унинг серқирра шеърияти билан яқинроқ танишиш имкониятига эга бўлади”…

Хуллас, мен  Ассамблеянинг ташкил этилиши кунлари Чингиз Айтматовдай улуғ адибнинг назарига тушиб улгурган, ҳатто у билан тенгма-тенг даражада суҳбатлаша оладиган шоир билан танишганимдан мамнун эдим. Орадан бир мунча вақт ўтиб, Бишкек шаҳрида “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” китобининг тақдимоти муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига таклифнома келди. Тақдимотга Тошкентдан Ўзбекистон халқ ёзувчилари Одил Ёқубов, Тўлепберган Қайипбергенов ва ўзбек-қирғиз адабий алоқаларини йўлга қў­йишда катта меҳнатлари сингган шоир ва таржимон Турсунбой Адашбоев ва мухбир сифатида камина Бишкек шаҳрига бордик. Одил ака билан Тўлепберген оға кундузи самолётда кетишди.

Ўша йиллари мен “Ватан” газетасининг бош муҳаррири эдим. Газетанинг кундалик юмушларини сўнгига етказиб, Турсунбой Адашбоев иккимиз Бишкекка борадиган тунги автобусда йўлга чиқдик. Турсунбой ака билан сафарда ҳеч қачон зерикмайсиз. Бу беназир инсон ўзбек адабиётини, ўз халқининг ҳаётини қанчалик чуқур билса, қирғиз адабиёти ва санъатини, ушбу халқнинг афсонаю асотирларини ҳам шу даражада яхши билар эди. Ҳатто айрим ҳамкасбларимиз Турсунбой Адашбоев асли қирғиз бўлса керак, деб айтганларига-да, гувоҳман. Бундай пайтларда кўпчилигимиз ўзбек ҳам, қирғиз ҳам бир туркий қавм эканини унутиб қўямиз. Бу энди бошқа масала…

Меҳмонларни Чингиз Айтматовнинг “Ала арча” қароргоҳи ҳудудидаги дала ҳовлисига жойлаштириш­лари бизга олдиндан маълум эди. Эрта тонгда автобусдан тушибоқ, тўғри ўша манзилга йўл тортдик иккимиз. Меҳмонхонага кириб борсак, Одил оға ва Тўлепберган оға бир-бирларига қараб, мўлтираб ўтиришибди. Улар кечадан буён анча зерикиб қолишган эди… Шу орада ташқарида оёқ овозлари эшитилиб, хонага Чингиз Айтматов кириб келди…

Мен бу буюк ёзувчини биринчи марта яқиндан кўришим эди. Ҳаммамиз ўрнимиздан туриб саломлашдик. У оқсоқоллар билан қучоқ очиб кўришди. Одил Ёқубовга “сен”лаб мурожаат қилди: “Адил, сени ва Тўле акани ўз ватанимда кўрганимдан ўта хурсандман, узр, сизларни ўзим кутиб ололмадим. Люксембургдан ҳозиргина учиб келдим, деди-да, ўрнидан туриб, у ҳам тўғри бориб, музлатгични очди.

– Вой-бўёв, керакли нарса кўринмаяпти-ку”, деб кулди. Шунда Одил ака ўтирган жойидан гап қотди:

– Чингиз, кўп уринма, дас­турхонда ҳамма нарса бор. Манави Турсунбай билан Яқибжан уканг сенинг йўқлигингни билдиришмаяпти. Ўзбекниям, қирғизниям қимизидан симириб ўтирибмиз.

– Ўзаги битта одамлар шундай бўлади-да, Адил, бирининг ёртисини иккинчиси бут қилади, – деди Чингиз оға даврага қайтар экан.

– Дастурхон ҳар ерда топилади. Аммо туркий халқларимиз бугунгидай сочилиб кетса, бирининг қаватига иккинчиси кирмаса, унда аҳвол чатоқ бўлади. Ҳали ўқиб баҳосини берасизлар, бугун тақдимоти ўтказилаётган китобда  бу масалаларга алоҳида тўхталганмиз. Сен  яхши биласан, 1919 йилда эндигина ташкил топган Туркистон республикасининг мусулмон бюросига қозоқ халқининг оташин фарзанди, атоқли жамоат арбоби, таниқли инқилобчи Турор Рисқулов раис этиб тайинланган. Бюро аъзолари таркибида бошқа туркий халқларнинг вакиллари қатори ўзбек халқининг ўтюрак ватанпарвари Низомиддин Хўжаев ҳам бўлган.

Ўша пайтда бюро аъзолари Туркистон респуб­ликасида яшайдиган аҳолининг тўқсон беш фоизи номидан ёки барча мусулмонлар номидан ягона марказ раҳбарлик қилади, яъни барча мусулмонларнинг иқтисодий, маданий, ҳарбий сиёсати битта марказга бўйсундирилади, деган тўхтамга келадилар… Бироқ, Туркис­тон республикаси раҳбарларининг ташаббусидан қўрқиб кетган Москва ҳукумати дарҳол бюрони тарқатиб юборади ҳамда Ўрта Осиё ва Қозоғистонда бир-биридан айрилган иттифоқдош респуб­ликалар тузишга киришади. Уларни албатта марказдан бир киши бошқариб ўтирарди. Рисқулов ҳамда Низомиддин Хўжаев каби давлат арбобларининг тақдирлари нақадар аянчли кечганини сизлар яхши биласиз. Бир сўз билан айтганда, Адил, биз ўтмишимизни ўз қўлларимиз билан ерга топтаб юбордик. Ўзимизнинг жоҳиллигимиз туфайли буюк ғоя сўниб кетди. Агар халқ ўша ғояни уйғотмаса, ўша ғояни кўтармаса, энди уни ҳаётга қайтариш ниҳоятда машаққатли бўлади…

Чингиз оғанинг бу гапларига ҳам, мана, йигирма йилдан кўп вақт бўлди. Бу орада Марказий Осиё республикалари халқларининг бирдамлиги ҳақида кўп гапирилди-ю, аммо оз иш қилинди. Худога шукур, Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг дастлабки қадамларини қўшни респуб­ликалар билан самимий мулоқотга киришишдан, қардошлик алоқаларини тиклашдан бошлади. Президентимиз ўзининг мамлакат Олий Мажлисига қилган мурожаатида шундай деди: “Ўзбекис­тоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё – бош устивор йўналиш” тамойилини амалда татбиқ этишга киришдик. Натижада минтақамизда мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик асосидаги алоқалар мус­таҳкамланмоқда”.

Дарҳақиқат, шундай. Бўлаётган ижобий ўзгаришларни ҳар қандай кўзи очиқ ва қалби сезгир одам кўриб-билиб турибди. Чингиз Айтматов айтган халқнинг уйғониши айни шудир.

Хуллас, Чингиз оға даврага қайтиб, ана шу сўзларни айтар экан, узоқ сукутга чўмди. Бу оғир фикрларга қўшимча қилишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмади, чунки туркийларнинг бутун фожиалари ана шу икки оғиз гапда ўз тажассумини топган эди…

“Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” китобининг, қирғизча айтганда, “тушов кесди”сини  ўтказиб, Тошкентга қайтганимиздан сўнг, хамир учидан патир сифатида ундан бир парчани таржима қилиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп эттирдим. Ўша кунлари  Бишкекдан Чингиз оға билан Мухтор Шохонов келиб қолишди. Қизим Мунисхонни турмушга узатаётган эдим. Меҳмонларни бир гуруҳ дўстлар билан уйга таклиф қилдим, боришди.

“Қизимиз Мунисга! Бахтли бўлишингни тилаб, Чингиз Айт­матов, Мухтор Шохонов” деб имзо қўйилган сувенир-қўбиз ҳалигача уйининг тўрини безаб турибди.

Тўйолди суҳбати қизигандан қизиди. Ёзувчи Набижон Боқийнинг оғаларга мурожаат қилиб айтган айрим сўзларини уларга ўзим “таржима” қилиб турдим. Гап орасида “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори”ни ҳам биргаликда таржима қилиш ниятимиз борлигини айтиб ўтдим. Бу фикр Чингиз Айтматовга маъқул бўлди. Чунки, эшитган эдимки, дунё тан олган мазкур ёзувчи ўз асарларининг таржимонлари кимлар ва улар ўзлари мансуб адабий муҳитда қандай мавқега эга, деган масалага ҳар доим эътибор билан қараган. Чингиз оғанинг оқ фотиҳаси билан кейинчалик асарнинг наср қисмини Набижон, назм қисмини эса камина таржима қилиб, чоп эттирдик.

Давранинг яна бир иштирокчиси ёзувчи ва журналист, моҳир муҳаррир Аҳмаджон Мелибоев эди. Аҳмаджон ака талабалик йилларидаёқ Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрига бориб, Чингиз Айтматов билан учрашиб, унинг ижоди ҳақида диплом иши ёзган, матбуотда мақолалар эълон қилган киши. Бир сўз билан айтганда, Чингиз оғанинг эски таниши. Шу боис ҳам у меҳмонларга ижодкор ёшлар, шунингдек, меҳмонлар билан шахсан таниш бўлган ўзбек ёзувчиларининг янги асарлари хусусида қирғиз тилида сўзлаб берди.

Чингиз Айтматовнинг ўша суҳбатда ҳаммамизга қарата: “Ўтмишни ўрганишни, ўтмишга муносабатни юксак даражага кўтариш лозим…” деган сўзлари ҳамон ёдимда. Гоҳо ўйланиб қоламан: улуғ устознинг бу маслаҳатига қанчалар амал қилдик? Одил Ёқубов ва бошқа ўнлаб устозларнинг ижодларини қанчалик ва қай йўсинда ўргандик? Нима сабабдан бугун адабиётимизда дадил қалам тебратаётган ўн-ўн бешта ёзувчининг номидан нарига ўтолмаяпмиз? Ҳолбуки, қаёққа қараманг китоб, китоб… Биз эса фарзандларимизнинг нима қилиб бўлса ҳам китоб ўқишларини жуда-жуда хоҳлаймиз. Аммо улар қандай китобларни ўқимоқдалар? Бунга кўпда эътибор бермаймиз.

Албатта, Чингиз Айтматов, Одил Ёқубов бу ёруғ дунёга бир келиб,  ўз сўзини айтиб кетган даҳо ёзувчилардир. Улар энди қайтишмайди. Бироқ биз – оддий китобхонлар, адабиётимиздан жаҳоншумул истеъдодларни кутишга ҳаққимиз борми? Бор, албатта.

Ўзбек адабиёти ва Чингиз Айтматов! Булар аслида битта, ялакат ҳодисадир. Уларнинг дарду армонлари, қувончу ташвишлари ҳамоҳанг. Зеро, Чингиз оға қачон ва қаерда бўлмасин, ҳар доим бир кўзи билан, юрагининг бир зарби билан Ўзбекистонга назар солиб, бу ерда кечаётган ижтимоий-сиёсий, адабий-маданий жараёнлардан воқиф бўлиб турар эди. Бундай меҳр-оқибатни унинг матбуотдаги чиқиш­лари, давралардаги мулоқотлари, дўстларига йўллаган мактублари ва, ниҳоят, яратган асарларидан сезиш мумкин. Шу маънода, Айтматовнинг ўз дўсти, донғи ҳам, чанги ҳам чиққан ўзбек ёзувчиси Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романи ҳақидаги мактуб-мақоласини четлаб ўтиш қийин.

“Литературная газета”да “Яшаб бўлинган асрлар учун оқлов” (“Оправдание за прожитые века”) сарлавҳаси остида эълон қилинган мактуб кейинчалик ёзувчининг собиқ Фрунзе шаҳрида чоп этилган “В соавторстве с землею и водою…” китобига бироз қисқартиш­лар билан (қаранг, қандай замонларда яшаган эканмиз, ҳатто дунё таниган ёзувчилар ҳам “цензўр”нинг қайчисидан қутулолмаган)  киритилган. Ўша мақолада қуйидагиларни ўқиймиз: “Улуғбек”ни (Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романи – Ё.Х.) анча кечикиб, аммо завқ билан ўқиб чиқдим. Яхши асар ҳақида сўз юритиш қувонарлидир. Бу – юксак ва бениҳоя қимматли асар, ўзининг бадиий қиймати билан ҳам эътиборга молик тарихий роман мени қаттиқ ҳаяжонга солди. Ҳаяжонимнинг асосий сабабчиси – ровийликнинг сеҳрли усули, бироқ бунинг барчасидан ташқари сенинг асарингни ўқийтуриб, мен улуғ туркий ғурурни ҳис этдим. Улуғбек ҳамиша бизни оқловчи куч, у бизнинг дардимиз ва дунё ҳақида фикр юритишга, унга тўла ҳакамлик қилишга ҳуқуқ берадиган юксак тарбиявий изтиробимиздир. Бу юксак тажриба Улуғбек, гарчи унинг кашфиётлари оламшумул аҳамият касб этса-да, буюк олим бўлганида эмас, балки зиёли ва ҳақгўй инсоннинг фожиаси Улуғбек шахси ва тақдирида кечганидадир. Улуғбек менга фақат ўрта асрнинг атоқли олими бўлгани учунгина қадрли эмас, аксинча, тақдир уни энг машаққатли ва улуғвор фожиани бошидан кечиришга, шундай мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтишга маҳкум этганки, у ўз даврининг ҳамма қабул қилган тартиб-қоидаларига қарши бориб, шунга қарши исён кўтарган шахс сифатида ҳам буюкдир.

Ҳар қандай даврнинг, ҳатто маърифатли замонларнинг ҳам ўз улуғбеклари бор. Бунинг устига “Улуғбек”ларнинг шундай янги қисмати бўлмаганида уларнинг олим эканлик­ларини муайян қатламдаги мутахассислардан бўлак ҳеч ким билмас эди. Ва шунинг баробарида жаҳон санъатида Шекспир, Гёте, Томас Манн ва ҳатто Толстой сингари сўз санъаткорларининг пайдо бўлиши ҳам гумон эди. “Улуғбек”ни ўқиб туриб, мен шуни ҳис этдим ва ўйлайманки, энг муҳими ҳам шу”.

Икки улуғ адибнинг ўзаро суҳбатларида, юқорида айтганимдек, бир неча бор иштирок этганман. Учоқларда бирга учганман, улар нон-туз еган дастурхонлар атрофида ўтирганман. Бундан бир умр фахрланаман. Чингиз оға суҳбатдоши ким бўлишидан қатъий назар, унга очиқ юз билан, самимий муносабатда бўлар эди. Неча бор кўрган бўлсам, унинг ҳаракатларида бирон-бир кибр-ҳавога уйқаш ҳолатни сезмадим. Чингиз оға туркий халқлар тарихини яхши билар эди. Бир суҳбатда шундай дегани ёдимда: “Қанча-қанча қадимий қўлёзма асарларимиз ўзининг чоп этилишини, тадқиқотларни кутиб ётибди. Биз эса Аҳмад Яссавий – қозоқ, Маҳмуд Кошғарий – уйғур, Болосоғуний – қирғиз, Муҳаммад ал-Хоразмий – ўзбек деб тортишиб ётибмиз. Агар бизнинг боболаримиз шу ягона Туркистонда яшаб ўтган бўлсалар, нега биз “сеники-меники” қилишимиз керак? Ўша буюклар ҳаммамизники эмасми?! Янаям хорижлик ғирт бегоналарга раҳмат! Ўшандай асарлар устида ҳамон тадқиқотлар олиб боришмоқда…”.

Эҳ, бундай ўгитлардан кимнинг кўзи очилди, кимларники ёпиқлигича  кетди…

Гапнинг рости, ўзлигини таниган ҳар бир ижодкор қўлига қалам олар экан, юқоридаги орзуларни мақсад қилади. Аммо ҳамма гап шундаки, бу орзуларнинг ушалиши барчага ҳам насиб этавермайди. Асрларнинг емирувчи бўронларини саноқли ижодкорларгина енгиб ўтади. Ёдимда, икки асрнинг буюк ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган пайтимда кўнглимдан шу фикрлар кечган эди. Ичимда нимадир узилганди, ўшанда. Каловланиб қолгандим: туркий халқ, турк будуни ўзининг энг азиз кишисини йўқотган эди.

Айтматовнинг даҳоси нималарда намоён бўлади? Адиб ўз мақолаларининг бирида шундай ёзади: “Санъат яхшиликка, ҳаётни севишга, некбинликка даъват этиши лозим. Айни маҳалда, санъат инсонни чуқур ўйларга чўмдириши, унинг қалбини алғов-далғов қилиши, ундаги қудратли изтироблар, ёмонликка қарши исён туйғуларини пайдо қилиши, унинг “қарс” этиб синишига, қайғуга ботишига ва топталган, ҳаётдаги паймол этилган мўътабар жиҳатларни тиклаш учун собит туришга даъват этиши ҳам ҳақиқат”.

Айтайлик, “Оқ кема”даги бола образи одамни ўйга толдирмайдими? Мўмин чол-чи? “Асрга татигулик кун”даги Бўронли Эдигей-чи? Манқурт қилинган боласи Жўломон қўлидан ўқ еган Найман она ҳақидаги ривоятда асримиз фожиалари намоён бўлмайдими? Чингиз оғанинг ҳар бир асари, ҳар бир образи китобхонни бефарқ қолдирмайди, чуқур ўйга толдиради. Қалбини алғов-далғов қилиб юборади, тўфонли изтиробга солади. Инсоният эришган энг яхши одатларни, юксак туйғуларни тиклаш ва сақлаш учун собит туришга даъват этади. Унинг даҳоси мана шунда, деб ўйлайман. Шундан бўлса керак, улуғ инсонга, ўлмас асарлар, барҳаёт образлар яратган ёзувчига замондош бўлганимиздан фахрланамиз ва “Айтматов бизлардан, бизники эди”, дея жаҳонга ёруғ юз билан боқамиз.

Ёқубжон Хўжамбердиев.

                                                          Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг