Касални яширманг… Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги портлашлар ҳақида

Ўтиб бораётган йилда Ўзбекистонда турли портлашлар оқибатида 125 киши ҳалок бўлган.

Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 14 декабрида бўлиб ўтган йиғилишда Денов шаҳридаги портлаш тафсилотларини телевидение орқали кўрсатишга буйруқ берган.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг билдиришича, Шавкат Мирзиёев йиғилишда: “Телевизор орқали ҳаммасини тушунтиринглар, Деновда шундай ҳолат бўлди, деб айтинглар. Яширадиган Ўзбекистон эмас ҳозир. Шу икки одам ўлими бизга синов бўлди. Энди ҳар бир вилоят ҳокими шахсан ўзи бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича масъулиятни зиммасига олади. Энди бундай ҳодиса қайтарилмаслиги лозим, олдинда қиш, эҳтиёткорлик зарур”, – деб айтган.

Эслатиб ўтамиз, 7 декабрга ўтар кечаси Сурҳондарё вилоятидаги Денов шаҳрида жойлашган “Инденим” савдо мажмуасида кучли портлаш содир бўлган. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса чоғида икки киши ҳалок бўлган, тўққиз киши жароҳатланган.

Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, портлаш бинодаги газ қурилмаларининг узоқ муддат ишлатилиб, ўта қизиб кетгани оқибатида содир бўлган. Аввал бу ҳақда расмий оммавий ахборот воситаларида батафсил маълумотлар берилмаган эди. 

Шу вақтнинг ўзида Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, мамлакатда 2021 йилнинг январидан 15 декабрига қадар газ исидан ва газ портлашларидан 125 киши ҳалок бўлган ва 115 киши жароҳатланган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан анча кўп. Бир йил аввал ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев йил давомида газ исидан 56 нафар фуқаро заҳарлангани, турли портлашлар натижасида 106 фуқаро вафот этганини айтган эди.

Мутахассислар бундай фожиаларга фуқароларнинг газ ва бошқа ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмасликлари, қўлда ясалган турли печлардан фойдаланишлари сабаб бўлаётганини айтишмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг