ҚАДРИЯТ Юртимиз алломалари 

ЯҲЁХОН ҚОРИ

(Ёзувчи Аҳмад Муҳаммаднинг маълумотлари асосида)

       Ўшдаги Шаҳидтепа масжидига 1971-1992 йилларда имом-хатиблик қилган Исмоилжон қорининг тўнғич ўғли, Ўзбекистонда таниқли дин арбоби, Тошкент шаҳридаги «Тахтапул» (Имом Термизий) жомеъ масжиди имом-хатиби Яҳёхон қори Исмоилов 1939 йили Ўшнинг Шаҳидтепа маҳалласида туғилган. Ўшдаги » 25-Октябрь » номли ўрта мактабида таълим олган.

Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кириб, 1968 йили уни муваффақиятли битирди. Уч йил Жалолобод вилоятида имом-хатиб бўлиб хизмат қилди. 1970-1974 йилларда Тошкент Ислом институтида таҳсилни давом эттирди. Яҳёхоннинг отаси Исмоил қори уста Усмон ўғли Қуръон ҳофизи бўлган. Кўп йиллар Ўшдаги Шаҳидтепа масжидида имом-хатиблик қилган. Исмоилжон қори фарзандини ёшлигидан Қуръони каримни ҳифз қилишга рағбатлантирди ва ўғлига дин билимидан илк сабоқларни берди.

Яҳёхон қорининг отаси Исмоилжон қори

Яҳё қори ана шундай муҳитда улғайгани учун диний билимларни ўрганишга астойдил киришди. Бу интилиш уни Бухородаги Мир Араб мадрасасига етаклаб келди. Бу ерда қунт билан ўқиди, кечалари кўп мутолаа қилди, Қуръонни қўлдан қўймади. Тез орада ёш олим йигит гўзал ҳилми, чуқур илми билан устозлар назарига тушди. Натижада Яҳёхон қорини ўша пайтдаги Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Зиёуддинхон қори ибн Эшон Бобохоннинг ўзи Тахтапулдаги Имом Термизий жомеъ масжидига имом-хатибликка тавсия этди ва ёш қори умрининг чорак асрини ана шу муборак вазифага бахшида қилди. Айниқса, худосизлик авж олган, дин ходимлари ҳамма томондан тазйиқ ва таъқибларга учраб турган бир даврда масжидда имомлик қилиш кишидан катта сабр, юксак матонат, улуғ ихлом талаб қиларди. Яҳёхон қорида ана шу сифатлар мужассам бўлгани учун мажид қавмининг ҳам, шаҳардаги катта-кичик уламоларнинг ҳам ҳурмат-этиборини қозона олди. Умри охирида у киши тўрт йил Тошкентдаги Искандархўжа жомеъ масжидида имомлик қилди.

Тошкент шаҳридаги » Тахтапул» жомеъ масжидининг эски ҳолати

Яҳёхон қори умр бўйи одамларни яхшиликка чақирди, ёмонликдан қайтарди. У киши суҳбатларнинг бирида шундай деган эди: “Гапнинг рости, мени орамиздаги баъзи кишиларнинг нафс қулига айланиб, ота-онасидан кам хабар олиши ёки умуман йўқламаслиги қаттиқ ранжитади. Ахир, ўзларини вояга етказган энг яқин инсонларнинг ҳолидан воқиф бўлиб турмасликдан ҳам ортиқ одобсизлик бўлиши мумкинми? Яна мени одамларнинг улкан гуноҳлардан саналган ахлоқсизлик, бузуқликка мубтало бўлганлари ҳам ўйлантиради. Ҳозир алдов, адолатсизлик билан бойийдиганлар кўп. Бундай ишлар банданинг ҳаққига тажовуз эмасми? Қаерда бўлмасин, Оллоҳ розилигини истар экансиз, ота-онангизни рози қилиб, дуоларини олинг. Пок бўлинг, зинога яқинлашманг. Бошга қилич келса ҳам рост сўзланг, ёлғондан қочинг. Айниқса тожирлар савдоларининг ҳалол бўлиши учун ҳаракат қилишсин, чунки барака фақат ҳалолдадир. Қоплаб пул топишлари мумкин, аммо улар юқмайди, сувга оққандай тез қўлдан кетади…”.

Уламоларимиз имомда уч хислат – зебои жома, нутқи томма, мақбули омма бўлиши керак, деб айтишади. Яҳёхон қорида ана шу сифатлар уйғунлашган эди. Қавм билан имом ўртасида муҳаббат ришталари маҳкам боғланмас экан, икки томоннинг ўзаро тил топишиши жуда қийин кечади. Қори ака йигирма беш йил бир масжидда узлуксиз имомлик қилган экан, демак, қавм у кишидан ранжимаган. Савол ва муаммо билан мурожаат қилган ҳар бир намозхонни вазминлик билан тинглаб, яхши муомала қилиб, кўнглини олар, қийнаётган муаммосини биргаликда ҳал этишга уринарди.

Яҳёхон қори ака билан бирга ишлаган, у кишидан кейин Имом Термизий масжидида имомлик қилган шогирди Иброҳимжон Узоқов устози ҳақида шундай хотирлайди: “Устозим Яҳё қорининг жуда кўп синов ва мусибатларни бошдан кечирганларига гувоҳман. Барча мусибатларга сабот билан сабр қилдилар. 1990 йили ҳаж сафари пайтида ҳақиқий итоаткор солиҳа аёли, 2003 йили қизи, орадан бир йил ўтиб ўғли оламдан ўтишди. Яна бир йил кечиб-кечмай ўн тўққиз ёшли набира қизидан жудо бўлди. Лекин домламиз бу йўқотишларни чиройли сабр билан енгиб ўтди”.

Яҳёхон қори чинакамига Қуръон муҳиби, омили ва ошиғи эди. У киши фарзандлари ва шогирдларини Қуръони каримни астойдил ўрганишга чорларди, улар орасидан Қуръон ҳофизлари, мураттаб қорилар етишиб чиқиши энг олий орзуси эди. Ана шу орзулар рўёбга чиқди, фарзандлардан ҳам, ҳисобсиз шогирдлардан ҳам кўплаб қорилар етишиб чиқди.

Қори аканинг ҳаёти ҳам ибодат ва Қуръон тиловати билан якун топди. Шомдан сўнг фарзандлари сабоқларини текшириб, янги дарсни берди. Кейин хуфтон намозини адо этди. Тунги соат иккиларгача Қуръон тиловати билан машғул бўлиб, кўп ўтмай омонатларини топширдилар. Оллоҳнинг каломи қироати билан жон бериш унча-мунча одамга насиб этмайдиган улкан саодат эди. Оллоҳ таоло бундай даражани солиҳ бандаларигагина ато этади.

Ёзувчи Вафо Файзуллоҳ шундай ҳикоя қилади: “2005 йил қишининг охирлари эди. Долзарб бир мавзуда журнал учун суҳбат қилиш учун Яҳё қори аканинг масжидларига ўтдим. “Бандалик ҳақларини адо этиш ҳақида гаплашсак, яхши бўларди”, деди. Мен у кишини уринтирмаслик учун “Қачон ёзиб олишга келай?” десам, “Саволларни етказсангиз бўлди, жавобларни ўзим ёзиб бераман”, деди камтарлик билан. Кўп ўтмай кутганимдан муфассалроқ жавоблар олинди. Бу жавобларда турмушимизда илдиз отган баъзи иллатлар далиллик билан очилган, улардан халос бўлиш йўллари донишмандларча очиб берилган эди. У киши билан бир учрашувдаёқ кўнглимда ёруғ из солган фитратий виқор, камтарона ва самимий лутф, нуроний чеҳра, мурувватли қалб хотиримда бир умрга нақшланиб қолди”.

Устоз Яҳёхон қори ака илоҳий Каломга мувофиқ ҳаёт кечирди ва солиҳ амаллар билан яшаб ўтди ва бошқаларни ҳам шунга чақирди.

Яҳёхон қори Исмоилов 2006 йил Тошкентда вафот этган. Жанозасини шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф домла ўқиган. Тошкентнинг “Тешикқопқа” қабристонига дафн этилган.

                                                 

Одилжон Дадажонов

 

боғлиқ хабарлар