ҚАДРИЯТ 

МУСТАЖОБ  БЎЛГАН  ДУО

( Муборак рамазон ойи давом этаётган шу кунларда  бозорқўрғонлик Улуғ Ватан уруши фахрийси Абдурашид Сотволдиевнинг бундан кўп йиллар муқаддам  дуолар мустажоб бўлгани ҳақида айтиб берган хотираси)

Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Эй умматим! Эй саҳобаларим! Сизларнинг ҳар бирингиз барча эҳтиёжларингизни фақатгина Оллоҳдан сўранг. Ҳатто оёқ кийимингизнинг ипи узилса ёки уйингизда туз йўқ бўлса ҳам, Оллоҳдан сўранг”, – деган.

Бундан кўриниб турибдики, биз астойдил ихлос, ишонч ва қатъият билан истакларимизни баён қилиб, Оллоҳ ва унинг Пайғамбари номини тилга олиб сўрасак, дуоларимиз мустажоб бўлмай қолмас экан. Мабодо сиз бирон номақбул иш қилиб қўйсангиз, Оллоҳга ёлвориб, дунё ташвишини вақтинча ўйламай, чин ихлос билан тавба қилиб кечирим сўрасангиз, дуоингиз ижобат бўлмай қолмайди. Агар Сиз “Оллоҳим истасанг мени афв эт, истамасанг афв этма” деб ишончсизлик билан дуо қилсангиз, унинг мустажоб бўлиши қийин. Чунки Оллоҳ истаганини қилади, истамаганини асло қилмайди. Уни мажбурловчи ҳеч қандай куч йўқдир.

Иккинчидан, дуо қилувчи одам Оллоҳни қалбига жо этган, ёмон одатлардан фориғ бўлган, ҳалол еб, ҳалол кийган, ғафлатда қолмаган, такаббурлик қилмаган, дуо қилган вақтни кўнглини дунё машғуллигидан сақлаган бўлиши керак. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳи васаллам, “Ғофил қалбнинг дуосини Оллоҳ субҳоноҳу таоло қабул этмайди”, – деган.

Демак, Пайғамбаримиз таъкидлагандай, дуо ибодатнинг мағзи, дуо мўминнинг маънавий қуроли. Буни яхши англаган, мунтазам ибодат билан машғул бўлган ота-боболаримиз, ҳозирда барча қусурлардан ҳоли бўлиб Оллоҳни унутмаган кексалар, ёшларимиз борки, уларнинг Оллоҳни, унинг пайғамбарини ёд айлаб юракдан айтган дуолари албатта мустажоб бўлгай.

1941 йили 18 ёшли йигит эдим. Ҳали урушга кетмаган пайтим, колхозда табелчилик қилардим. Кеч куз кунларининг бирида далага кетаётсам, лой йўлда эшакаравага 20 боғ ғўзапоя юклаган қария келаётибди. Қарасам, араваси лойга ботган, эшаги торта олмаяпти. Шунда мен эшакни бўшатиб, хўл ғўзапояни аравадан тушириб, уни текисроқ жойга чиқардим. Ғўзапояни юклаб, эшакни қўшиб бердим. 80 ёшли чол кўзларидан ёш оқиб шундай дуо қилдики, унинг сўзларидан менинг ҳам бутун вужудим жимирлаб кетди. У чолнинг исми Абдукарим эди. Фарзандлари ёшлиги сабабли, ўзи ўтинга борган экан. Ҳозир унинг Ғанижон ҳожи деган ўғли бор.

Иккинчи марта яна бир оқсоқолнинг дуосини олдим. Ўша 1941 йил кузида тракторда ер ҳайдалаётган эди. Кун ёмғирли, ер лой эди. У пайтда плугда бир одам ўтириб, ернинг паст-баландига қараб унинг тишларини гоҳ кўтариб, гоҳ тушириб турарди. Мен табелчи эдим. Далада кўп кексалар ишларди. Плугда ёши саксонга бориб қолган Мендибой ака деган одам ўтирибди.  Ер ҳайдаётган трактор даланинг у бошига бир бориб келгач, қарасам, омочда ўтирган Мендибой бобо совуқда қунишиб, қўллари рулда қотиб қолибди, бутун вужуди қалтираяпти. Қарияга жуда раҳмим келди. “Сиз уйга бориб дам олинг, омочга мен ўтирайин”, деб чолнинг ўрнига ўзим чиқдим. У пайт тартиб қаттиқ эди. Мендибой қария суюнганидан қиблага қараб, “Э бор Худоё, шу йигитни ҳар қандай балою-офатлардан, туҳмату фалокатлардан сақлагин, умрини узоқ, ризқини улуғ, тани-жонини соғ-саломат қил, ҳеч қачон хўрлик ва ёмонлик кўрмасин”, дея кўзларида ёш оқиб дуо қилди.

Келаси йили мен ҳам урушга кетдим. Дуонинг мустажоб бўлганини ўша ерда кўрдим. Минск шаҳрининг чеккароғидаги ўрмонда навбатдаги жангни кутиб, 15 чоғли аскарлар ўзаро чақчақлашиб ўтирган эдик. Қаердандир душман снаряди келиб ёнимизга тушса бўладими, биз қочишга улгурмай қолдик. Менинг ярим танам тупроқ остида қолибди. Шерикларимдан биронтаси қолмай ҳалок бўлишибди. Мен тирик қолибман.

Иккинчи марта Севастополь шаҳрида юк машиналарида олдинги позицияга кетаётган эдик. Устимизда душман самолётлари пайдо бўлди. Уларни кўриб, дарҳол машинадан тушиб ўрмонга яширинишга ҳаракат қилдик, барибир бомба устимизга тушди. Атрофимдаги шерикларим ҳалок бўлди, мен ҳеч қаерим лат емай, тирик қолдим. Қолаверса, мен ва ака-укаларим (биз 8 ўғил эдик) отамиз дуосини ҳам олганмиз. Мана, ҳозир 83 ёшга кирибманки, ҳамон тўрт мучам соғ, эл-юрт орасида тетик юрибман. Шу кунларга етказганига Оллоҳимга минг мароталаб шукроналар айтаман.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) дуолар ичида отанинг дуоси тез вақт ичида қабул бўлади, деган сўзлари бугун ҳаётимизда ўз исботини топмоқда. Бозорқўрғонда Жумабой деган 70 ёшли чол бўлиб, унинг 40 ёшлардаги ўғли насиҳатини олмаган, мунтазам ичкиликка берилган, отаси билан тенг айтишган, сўккан, хатто жаҳл устида отасини дўппослаган, ота бечоранинг оғзидан қон оққан. Ўзига келган чол қон тупурар экан, қиблага қараб ўғлини: “Илоё, остона ҳатлаб шу уйга келмагин, ўлигингни кўрайин”, дея қон қақшаб дуо қилган. Қарангки, бир неча соатдан сўнг ўғли ўзига келиб уйига қайтган ва остонада йиқилиб жон берган. Бу ҳақиқатни чойхонадаги кексалар ўз кўзлари билан кўрганини айтишди.

Ҳаётда кўраётганларимиз дуолар ижобатининг яққол исботидир. Бир оилани яхши биламан. Ота ювош-мўмин. Умр бўйи юкчи бўлиб ишлаб пенсияга чиқди. Аммо уни аёли ҳам, фарзандлари ҳам ҳурмат қилмади. Доим отасини камситишди, обрўсини тўкишди. Ота аёлидан, фарзандларидан кўп маротаба масжидда оқсоқолларга шикоят қилиб юрди. Барибир аҳвол ўнгланмади. Ота вафот этди. Шу ондан бу оила таназзулга юз тутди. Ишёқмас ўғилларнинг топиш-тутиши йўқ, биттаси жиноят кўчасига кириб қамалиб кетди. Рўзғорда етишмовчиликдан уй-жойни сотиб юборишга мажбур бўлишди. Ота аёлини, фарзандларини оқ қилдим, демаса ҳам унинг кўнгли ранжигани уларнинг оқпадар бўлишига кифоя бўлар экан.

Шу боис ота-онамизнинг, қариндошларнинг, кексайган отахонларимиз ва онахонларимизнинг, улуғ зотларнинг, тақводорларнинг, барча эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган инсонларнинг дуоларини олиб юрсак, асло хорлик, зорлик, ёмонлик кўрмас эканмиз.

 

Мўйдинжон  Абдумажидов,

Бозорқўрғон

 

боғлиқ хабарлар