ҚАДРИЯТ 

Яхшининг  шарофати

( Бошидан ўтган бу воқеани айтиб берган инсон – Собиржон Эргашев яқинда оламдан ўтди. Уни эслаб ҳикоясини шундоққина ўқувчилар ҳукмига ҳавола этмоқдаман).

Мустақиллик йиллари бошланган, республикалар ўз ҳолича яшаётган йиллар. Рўзғорда ҳали у, ҳали бу нарса йўқлиги, қора қозонни қайнатиш оғирлашиб бораётгани кунора тилга олинади. Эр-хотин икковимизнинг ўртамизда аччиқ-чучук гаплар ҳам ўтди. Рўзғорга нима кераклигини яхши биламан, қўлимда пул бўлса оиладан аяган эмасман.

Бомдод намозини ўқиб, аёлим дамлаб берган бир пиёла чойни бир тўғрам нон билан еб кўчага отландим. Бугун бирон егулик топиб келмасам бўлмайди. Ишхона эса мулк сифатида сотилиб кетди. Унинг эгаси бошқа, истаган одамини ишлатади. Далага чиқайин десам колхозлар ҳам мадорсизланиб қолган. Ёшим қирқ бешдан ошди. Мардикор бўлсамми. Ака- укалар ҳам ўз кўмачларига кул тортишмоқда. Тижорат қилайин десам, қўлимда бир мири йўқ. Бугунги оғир шароитда ким ҳам “Мана, Собиржон, ўзингизни ўнглаб олинг”, деб пул бериб туради. Эй Худо, яратганингга минг қатла шукур, ўзинг ризқимни беришингга ишонаман.

Турли ҳаёллар гирдобига ғарқ бўлиб бозорга келиб қолибман. Чошгоҳ пайти бўлиб, бозор анча гавжумлашиб қолган эди. Дарвозадан кириб нон бозори ёнида дўкон очиб савдо қилаётган Исмоилхўжа бувага рўпара келдим.

-Ассалому алайкум, Хўжа бува, соғ-саломатмисиз? Илоҳа касби-корингизга барака берсин.

-Эй, Собиржон, бормисан? Айтганинг келсин. Анчадан буён кўринмайсан. Бир пайтлар бирга ишлаган эдик. Мундоқ бўш пайтингда келиб ҳамсуҳбат бўлиб турсанг. Хўш, ишларинг қалай, қозон қайнаяптими, болаларинг ҳам ишга яраб қолгандир.- деди Исмоилхўжа бува.

-Раҳмат, Аллоҳ насибамизни бериб турибди, шунисига ҳам шукур.

-Ишламаяпсанми?

-Ишхоналар сотилиб кетган, мана бир йилки, бекорчиман, рўзғорни учма-уч эплаб турибмиз.

Исмоилхўжа бува билан анча дардлашдим. Оиладаги аҳвол, тирикчиликдаги муаммоларни айтиб ўзимни анча бўшатиб олдим.

Исмоилхўжа бува Бозорқўрғоннинг энг ҳурматли оқсоқолларидан бири. Урушдан қайтган бу одам ўша даврда нуфузли хизматларда ишлади. Бозорқўрғон қишлоқ кенгашига раислик қилган. Кейинчалик савдо ишларига аралашиб юрди. Пенсияга чиққандан кейин ҳам  бекор юришни эп кўрмай бозорда дўкон очиб мева-чева сота бошлади. Ўғиллари бообрў ишларда ишласа-да, Хўжа бува севган касбини ташламади. “Бозорда ўтирсам, асло зерикмайман, сенга ўхшаган танишлар келиб бир пиёла чой ичамиз, одамларга хизмат қилиб кун ўтганини сезмай қоламан”, – дер эди у.

-Энди, Собиржон, гап мундоқ, сенинг аҳволингни тушундим. Рўзғор – ғор, дейдилар, бугун ойлик олиб ишласанг ҳам катта рўзғорни беками- кўст тебратиш қийин. Сен олди-сотди билан шуғуллан. Худо хоҳласа асло кам бўлмайсан. Ахир Пайғамбаримиз ҳам савдогарлик қилган. Мана, бу пулни ол, фоиз-моизи йўқ, топганингда берасан. Тижоратга йўл очилди. Шаҳарларга бориб, у-бу келтириб сотишни ўрган. Зора оёққа туриб олсанг.

Исмоилхўжа бува белбоғини ечиб, бир даста пуллар ичидан бир минг сўмни санаб қўлимга берди. У пайтда рублни қуввати бор эди. Унинг мендек бир оддий одамга кўрсатаётган саховатидан, мурувватидан кўзларимга ёш келди. Ахир бундай яхшиликни бир туққан оға-иним  ҳам кўрсатмайди.

Бувага соғлик, омонлик, ишлари доим бароридан келишини тилаб дуо қилдим. Пулини, албат, қайтаришимни айтдим. Уйга келибоқ акаларим билан маслаҳат қилдим. У пайтлар қўшни республикаларга йўл очиқ эди. Самарқанд, Тошкент, Андижон, фарғона, Қўқон каби шаҳарларга, ўзимизнинг Қорсув бозорига қатнаб озик-овқатлар келтириб сота бошладим.  Кунлар ўтиб, бирим икки бўлди. Шаҳар кезиб кўпни кўрдим, кўпни танидим. Яхши одамлардан танишлар орттирдим. Нон бўлса қўшиқ бўлади деганларидек, рўзғорга барака кирди. оилада тўпланиб қолган муаммолар ечимини топа бошлади. Бир йил ўтиб бозорда дўкон очишга эришдим. Шаҳарларга қатнаб одамларга керакли буюмларни келтириб савдо қила бошладим.Хўжа бувага минг мароталаб раҳматлар айтиб, миннатдорчилик билдириб, берган пулини қайтардим. Бува айтгандай, ишларим бароридан келиб, кўп қатори оёққа туриб олдим.

Кейин Исмоилхўжа Камолов Ҳаж зиёратига бориб келди. Яхшилигини асло унутмай биринчилардан бўлиб у кишини зиёрат қилдим. Ишларимни кўриб қувондилар.

Афсуски, Исмоилхўжа ҳожи Камолов йигирма биринчи аср бошларида оламдан ўтди. Бу инсоннинг яхшилигини асло унутмаган ҳолда ҳар намозимда ҳақларига дуолар қиламан. У киши бу дунёда мен кабиларга кўп яхшиликлар қилди. Илоҳим, у дунёси ҳам обод бўлсин, юрган жойлари жаннат бўлсин, – деган эди бозорқўрғонлик Собиржон Эргашев.

 

Мўйдинжон  АБДУМАЖИДОВ,

Бозорқўрғон.

боғлиқ хабарлар