Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаев яна Бишкекка келди

Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Ақаев 14 декабрь куни эрталаб Бишкекка етиб келди. Бу маълумотни унинг яқинлари Озодликка тасдиқлади.

Қайд этилишича, Ақаевнинг сўнгги олти ой ичида Қирғизистон пойтахтига иккинчи ташрифи ҳам «Қумтўр иши» тергови билан боғлиқ. «Озодлик» манбасининг маълум қилишича, собиқ президент мамлакатда бир неча кун қолади ва бу вақт давомида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) саволларига яна жавоб беради.

Асқар Ақаев Қирғизистонга илк бор шу йилнинг август ойида келган. Бунгача Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси унинг «Қумтўр» лойиҳасини амалга оширишдаги коррупция иши бўйича қўзғатилган жиноий иш тергови доирасида қидирувга берилгани ҳақида хабар берган эди.

Кейин Ақаевнинг ўзи ҳам унинг қайтишига Қумтўр олтин кони атрофидаги жараёнлар сабаб бўлганини тасдиқлади. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида бир ҳафталик сўроқдан сўнг у мамлакатни тарк этиб, сўнгги 16 йилдан бери яшаб келаётган Москвага қайтган.

Парламент сайловидаги қонунсизликлар туфайли 2005 йилнинг 24 мартида Қирғизистонда оммавий тартибсизликлар бошланди, натижада 15 йил президентлик қилган Асқар Ақаев мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Ақаев ва унинг оиласи Россияга қочиб кетган, у ерда сиёсий бошпана олган ва шу йилнинг августигача ҳибсга олинишидан қўрқиб, ватанига қайтолмай юрган эди.

Қирғизистондаги «Қумтўр иши» бўйича бир қанча юқори мартабали амалдорлар коррупцияда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилмоқда. Қумтўр Қирғизистондаги энг йирик олтин кони ҳисобланади. Қумтўр мамлакат иқтисодиётининг қарийб тўққиз фоизини ташкил қилади. Қирғизистон раҳбариятининг иддао қилишича, аввалги ҳукумат даврида объект атрофида мамлакат манфаатларига зид битимлар тузилган. Собиқ амалдорлар ва ушбу конни ишлатиб келган Канаданинг Centerra Gold корпорацияси буни рад этмоқда.

Манба: www.centralasian.org

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг