БИР ГУЛДАСТА ЯСАЙЛИК

     Шу йил Ўзбекистон-Тожикистон дўстлик жамияти ҳамда Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти ўзбек маънавият ва маърифат маркази жамоатчилик ташкилоти ташаббуси билан “Тожикистон ўзбек адабиёти антологияси (назм ва наср)” китоби Тошкентда нашр қилинди. Мазкур мажмуага элликдан ортиқ тожикистонлик ўзбек шоир ва ёзувчиларнинг ижод намуналари киритилган, суратлари қўйилиб, улар ҳақида қисқача биографик маълумотлар берилган. Китоб жуда чиройли дизайн ва юқори сифатда босиб чиқарилган.

Тугаб бораётган йил май ойининг охирги ҳафтасида бир гуруҳ қирғизистонлик зиёлилар Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик жамияти таклифи билан Тошкентда учрашувларда бўлишганида қирғизистонлик ўзбек адиблари ижодидан намуналарни ҳам худди шундай антология қилиб чиқариш таклифи айтилди. Қирғизистонлик шоир ва ёзувчиларнинг ижод намуналарини тўплаш ва саралаш, китоб шаклига келтириш ҳамда чоп эттириш учун ўзбекистонлик ҳомийларга юбориш Қирғизистондаги ўзбек мактаблари учун дарсликлар яратиш маркази бош муҳаррири, филология фанлари номзоди, адабиётшунос Саидакбар Махсумхоновга юклатилди.

Биз С. Махсумхонов билан ижодкорларга антологиядан ўрин берилиши шартлари, унинг жанр хусусиятлари ҳақида суҳбатлашдик.

 

– Ижтимоий тармоқларда “Қирғизистон ўзбек адабиёти антологияси: назм ва наср” мажмуасига кириш тартиблари, мезонлари ҳақида сўрашмоқда.

– Биринчидан, ижодкор, яъни шоир ёки ёзувчи Қирғизистонда туғилган, ўзбек тилида ижод қилган бўлиши керак. Унинг қаерда ўқиб, ишлаб, камолга етгани аҳамиятсиз. Шу маънода биз ҳазрат Ҳувайдодан бошлаб, унинг авлодлари, ХХ асрда яшаб ижод этган Мирзакалон Исмоилий, Иззат Султон, Ёқубжон Шукуров, Илёс Муслим, Турсунбой Адашбоев, Шавкат Раҳмон ва бошқа шу каби ижодкорларни ҳам тўпламга киритиш ниятидамиз.

Иккинчидан, бошқа мамлакатда туғилган бўлса-да, шароит тақозоси билан Қирғизистонда яшаб қолган ва шу ерда ижод қилган адибларни ҳам киритмоқчимиз. Жумладан, Маҳжурий домла Андижонда туғилган, бироқ умрининг асосий даврини Ўшда ўтказган. Ёки Авлиёхон Эшон Қирғизистонда туғилган, Тожикистонда ўқиб, ишлаб камолга етиб, яна Қирғизистонга қайтган. Китобнинг жанр талабларига келадиган бўлсак, унга шеърлар, ҳикоялар, шунингдек, достонлар, роман ва қиссалардан парчалар киритилади. Таржима асарлар киритилмайди.

– Антологияга киритиш мезонларига батафсилроқ тўхталиб ўтсангиз.

Ижод намуналарининг антологияга киритилиши талаблари масаласига келсак, буни албатта, таҳрир ҳайъати ҳал қилади. Таҳририят бадиият мезонлари, қонуниятларига амал қилган ҳолда бу мураккаб ва баҳсли юмушни бажаради. Албатта, китобхонга эстетик завқ, маънавий озиқ бера оладиган, образлилиги, самимийлиги билан уларда ҳис-туйғу, кайфият уйғота оладиган, фикр, баҳс-мунозарага чорлайдиган асарларни антологияга киритишга ҳаракат қилинади. Шунга кўра, ижод намуналари, китоблари таҳририятга юборилган ҳамма ижодкорларнинг антологияга кира олишига кафолат берилмайди. Бироқ таҳририятнинг ғалвири жуда ҳам майда эмас. Албатта, катта ўзбек адабий жараёнидан узоқлик, маҳаллий шароит, кейинги ўттиз йил ичидаги адабий-бадиий матбуот танқислиги, алоқаларнинг узилиб қолганлиги каби ҳолатлар ҳисобга олинади. Насрда ҳамма Мирзакалон Исмоилий, драматургияда Иззат Султон, шеъриятда Шавкат Раҳмон, болалар адабиётида эса Турсунбой Адашбоев бўла олмайди. Шоир Эркин Воҳидов айтганидек, “Ҳар кўнгул арзини айтур неки бор имконида”.

– Ижодий уюшмаларга аъзолик, берилган унвонлар, адабий мукофотлар ҳисобга олинадими, деб сўрашмоқда.

– Йўқ. Чунки ижодий уюшмаларга аъзо бўлиш учун ҳужжатлар тайёрлаш, кимлардандир тавсияномалар олиш, нашр эттирган китоблари намуналарини тақдим этиш талаб қилинади. Мана шу расмиятчиликлар сабаб, уюшмаларга аъзо бўлмаган ижодкорлар кўп юртимизда. Ёки ёзганларини бозор иқтисодиёти туфайли қўли қисқалик қилиб, китоб шаклида нашр қилдира олмаган ижодкорлар анча. Аксинча, ўртамиёна ёзиб турган бой-бадавлат “ижодкорлар” китоб кетидан китоб нашр эттириш билан ҳалак. Антологияга киритилаётганда қўлёзма шаклидаги асарларнинг кўлами ҳам ҳисобга олинади. Демак, ижодкорнинг сермаҳсуллиги ҳам аҳамиятга эга.

– Антологиянинг қанча тез чиқиши унга киритиладиган материалларнинг келиб тушишига боғлиқ. Бу жараён қандай боряпти?

Ҳозирда мен шу материалларни тўплаяпман. Ўндан ортиқ ижодкорларнинг асарларидан намуналар электрон почтамга келиб тушди. Маълумот ва ижод намуналарини тўплашни Ҳувайдо эшондан бошлаганмиз. Ҳозир ҳаёт бўлган шоир ва ёзувчилар ўз ижод намуналарини шахсан юборишлари мумкин. Фоний дунёни тарк этган адибларимизнинг эса оила аъзолари, фарзандлари ёки дўстлари уларнинг руҳлари шод ва ёзганларидан ўқувчилар баҳраманд бўлишлари учун шу хизматни бажарсалар яхши бўларди. Бироқ хабарномамиз кўпчилик шоир ва ёзувчиларга ёки уларнинг оила аъзоларига етиб бормаган ўхшайди. Шунданми, материаллар оқимининг келиши сустроқ. Энди ҳамма ҳам ижтимоий тармоқларга киравермайди-да. Бу масалада сиз журналистлар самарали кўмак бера оласизлар, деб ўйлайман.

– Бир замонлар шоир ва ёзувчи Қўлдош Мирзо маҳаллий ижодкорларимиз ҳақида маълумот берувчи “Ўш адабий муҳити”, кейинроқ адабиётшунос олим, педагогика фанлари номзоди Равшанбек Турсунов ва у кишининг шогирди Давронбек Муйдинов ҳамкорликда “Адабиёт гулшани” номи билан мажмуалар нашр қилишган эди. Шу китоблардан ҳам фойдаланилса бўлмайдими?

Албатта, мазкур тўпламлардан асос сифатида фойдаланамиз, ижод намуналари тақдим қилинмаган адибларнинг асарларини улардан олишимиз мумкин. Бироқ, у китобларнинг ҳажми кичик – ҳар бир ижодкор учун 2-3 саҳифа ажратилган, холос. Қолаверса, бир китобга кирган асарни яна такрорлагандан кўра, ижодкорнинг бошқа асарларини ўқувчиларга тортиқ қилганимиз фойдалироқ. Мен орамизда йўқ шоир ва ёзувчиларимизнинг яқинларига яна бир бор мурожаат қиламанки, уларнинг китоблари бизнинг қўлимизда мавжуд эмас. Кутубхоналардан қидириб топиш ҳам осон эмас. Чунки тузувчилар бу юмуш билан хизматдан ташқари вақтларида шуғулланадилар.  Шунинг учун оила аъзолари ўзлари танлаб юбора олмасалар ҳам, лоақал, уларнинг китобларини вақтинча бўлса-да, қайтариб бериш шарти билан бизга тақдим қилсалар миннатдор бўлардик. Албатта, номлари ва асарлари юртимиздаги ўзбек мактаблардада ўқитилаётган “Ўзбек адабиёти” дарслик-мажмуаларига кирган ижодкорларимиз бундан мустасно.

– Китоб баёз ёки тазкира деб номланса бўлмайдими?

Баёз деб шеърлар тўпламига айтилади. Бундай тўпламлар одатда бир неча шоирларнинг шеърларидан тузилади. Ўзбек адабиётида, хусусан, XIX асрда ва XX аср бошларида кўпгина баёзлар тузилган. Агар биз чиқармоқчи бўлаётган китоб фақат шеърлардан иборат бўлганида уни баёз деб номласак тўғри бўларди. Тазкира сўзи ҳам қисман тўғри келади. Ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берилиб, асарларидан намуналар келтирилган китоб тазкира деб аталади. Ўтмишда араб, форс-тожик, ўзбек тилларида ўнлаб тазкиралар яратилган. Антология атамасига келсак, бу ном юнон тилидаги гул ва тераман сўзларидан ясалган. Қадим замонда антик адабиёт намуналарини ўз ичига олган тўпламлар гулдаста маъносида шундай номланган. Бизга шу атама кўпроқ монанддир.

– Антологияга киришни истаганлар ўз ижод намуналаридан ташқари яна нималарни юборишлари керак?

Ўқувчи ҳар бир ижодкор ҳақида тўлароқ маълумотга эга бўлишни истайди. Шунинг учун муаллифлар ўз асарларига қўшиб бир дона сурат (албатта, бош қисми) ва ўта қисқа, саҳифанинг тўртдан бири ҳажмида таржимаи ҳолини жўнатишлари зарур. Асарлар ҳажмига келсак, шеърлар 8-10 дона бўлиши, 7-8 бетдан ошмаслиги, насрий асардан парча 8-9 бет ҳажмида бўлиши лозим.

Битиклар Таймс нью роман алифбосида 14 шрифтда ёзилиб, ё электрон нусхаси, ёки А4 қоғозига босиб чиқариб юборилиши лозим. Электрон почта: [email protected]. Учрашмоқчи бўлганлар Ўш шаҳар Г. Айтиев кўчасидаги Қирғиз-Ўзбек халқаро университети бош биноси ёнидаги, пештоқига “Ош билим ордо” деб ёзилган 4 қаватли бинонинг 2-қаватидаги 228-хонада жойлашган Дарсликлар яратиш марказига кўтарилишлари керак. Қўл телефоним: 0552 20 60 60.

– Яна нимани қўшимча қиласиз?

Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, келиб тушган материалларнинг, яъни ҳамма ижодкорларнинг антологияга киришига кафолат берилмайди. Келиб тушган ижод намуналари таҳрир ҳайъати томонидан бадиият талаблари асосида сараланиб, сўнг китобга киритилади. Хафа бўлиш йўқ. Битикларининг савияси таҳририятни қониқтирган ижодкорларгина мажмуага киритилади. Имкон борича китобнинг бадиий савиясини туширмасликка ҳаракат қиламиз. Чунки бу китоб қўшни мамлакатларда ҳам тарқатилиши, йирик кутубхоналар фондига тақдим қилиниши мумкин.

– Антологияни нашр этиш учун унга асарлари киритилганлардан пул йиғиладими?

Китоб ҳомийлар томонидан бепул нашр қилинади. Бироқ нашргача бўлган чиқимлар – компьютерга киритиш, таҳрир, дизайн, саҳифалаш, ворд форматида қоғозга босиб чиқариш, текшириш каби ишлар учун лозим бўладиган чиқимлар жуда оз миқдорда – саҳифасига 40-50 сўмдан китобга кирган муаллиф ёки унинг яқинлари томонидан қопланади. Адабиёт жонкуярларидан, мактаблардаги ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларидан илтимосимиз шуки, ижодкорларни аниқлаш, топишда, уларнинг ёзганларини таҳририятга юборишда бизга кўмак кўрсатсалар. Сабаби, бир талай ижодкорларнинг исмини эшитганмиз, аммо уларнинг асарлари қўлимизда мавжуд эмас. Шу маънода, биз жамоатчиликнинг ёрдамига муҳтожмиз.

Ҳурматли қирғизистонлик шоир-ёзувчилар ҳамда уларнинг яқинлари – оила аъзолари, фарзандлари, дўстлари! Ўзингиз ва яқинларингизнинг ижод намуналарини кутиб қоламиз ва шу хабарни бошқа ижтимоий гуруҳларга, дўстларга ҳам етказишингизни сўраймиз. Биргаликда бир гулдаста ясайлик, унинг ифори теваракни тутиб, ҳаммани ўзига қарата олсин.

 

Суҳбатдош: Ботиржон ҒОЗИБОЕВ

 

 

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг