Раҳим Карим: Биринчи галда ўзбек шоириман…

Донғи дунёга кетиб, ўз юртида дуоибад қилинган ўшлик шоир ва ёзувчи билан очиқча суҳбат.

Бугунги кунда асарлари чет элларда энг кўп чоп этиладиган қирғизистонлик шоир ва ёзувчи, таржимон ва журналист Раҳим Каримни суҳбатга тортиш осон бўлмади. Ниҳоят, бунга розилик олгач, шоирнинг қалбини таталаётган муаммолар, уни изтиробга солиб келаётган нарсалар ҳақида очиқча гаплашдик. Самимий ва ишонч билан узоқ суҳбатлашдик…

Гарчи суҳбатимиз давомида одамларнинг исмлари ошкора айтилган бўлса-да, мақсадимиз, ноёб истеъдод эгаси бўлган ҳолда самимийлигини, соддалиги ва камтарлигини сақлаб қолган ҳамюртимизни ўз юртида рўёбга чиқариш, ўтган ишларни унутиб, адабий муҳитимизда шаклланиб қолган салбий ҳолатларни бартараф қилиш бўлгани боис бу номларни очиқ айтмасликка қарор қилдик.

Ўша шахслар ҳам эл-юрт таниган, оздир-кўпдир жамиятимизга меҳнати сингган одамлар, уларнинг қадр-қиммати, обрўси ҳам биз учун муҳим. Беайб – парвардигор. Шоядки, кечроқ бўлса ҳам ўша одамлар хатоларини тан олиб, бири-биримизни кечириб, қолган умримиз давомида хасад билан эмас, хавас билан, ўзаро ҳурмат-иззат билан, охиратдаги олий ажр-мукофотларга умид қилиб яшаб ўтсак ва бунга эришсак. Қолаверса, уларнинг айримлари орамизни тарк этишган. Уларни Аллоҳ раҳматига олсин!

Бизнинг маълумот: Раҳим Карим (Каримов) — ўзбек-қирғиз-рус совет шоири ва ёзувчиси, публицист, таржимон. 1960 йили Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган. Москвадаги М.Горкий номли Адабиёт институтини битирган. Қирғизистон Миллий Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмалари ҳамда Европа, Осиё, Америка ва Осий қитъалариддаги ўнлаб  давлатларнинг халқаро ижодий уюшмалари аъзоси.

Ўнлаб халқаро ва республика мукофотлари, диплом ва сертификатлари соҳиби. Адибнинг унвон ва мукофотларининг номи 4 бетни эгаллади.  

Фахрий фалсафа доктори (Марокаш), “Турон” академияси академиги (Ўзбекистон, 2021 йили берилган ва ўша йили қайтариб олинган). «Дунёнинг таниқли жамоат арбоби» (Марокаш), “Йил муаллифи – 2019” (Нидерландия, Черногория, АҚШ), Халқаро Дарданика мукофоти (Шимолий Македония), Жаҳон адабиёти иконаси (Мексика-Ҳиндистон), Жаҳон адабиёти элчиси, (Уммон), Жаҳон адабиёти академияси элчиси (Руминия), Халқаро “Эътироф” олтин сертификати (Марокаш, Ливан, АҚШ), Жаҳон шоирларининг “Исла Негра” фахрий дипломи (Чили) ва бошқа ўнлаб фахрий ном ва мукофотлар билан тақдирланган.

Асарлари ва китоблари 70 дан ортиқ давлатда, 40дан ортиқ тилларда чоп этилган.  

Ўттиз олти давлат муаллифларининг асарларини  ўзбек, рус, қирғиз ва инглиз тилларига таржима қилган. Жумладан, Бобораҳим Машрабнинг 1 жилдлик ғазаллар тўпламини, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг икки жилдли “Мен нечун севаман Ўзбекистонни”, “Жаннатга йўл” китобларини, “Ўзбек карвони” ўзбек шеърияти антологиясига киритилган 30га яқин ўзбекистонлик шоирларнинг шеърларини рус ва инглиз тилларига таржима қилган.  

Қирғизистон, Россия, Украина, Ўзбекистон ва Германия бастакорлари билан ҳамкорликда яратилган ўзбек, қирғиз ва рус тилларидаги 20 дан ортиқ машҳур ватанпарварлик қўшиқлари муаллифи. “Дўстлик қўшиғи” таронаси Ўзбекистонда ўтказилган “Зилола” республика эстрада қўшиқлари танлови ғолиби.

“Мен нечун севаман Қирғизистонни?” қўшиғи Қирғизистонда ўтказилган ватанпарварлик қўшиқлари II республика фестивалида иккинчи ўринни, “Менинг Қирғизистоним” қўшиғи 2010 йилда Ўшда ўтказилган республика эстрада хонандалари танловида иккинчи ўринни эгаллаган.

Турли йилларда бир қатор газета ва журналларда, сайтларда етакчи лавозимларда ишлаган.

Оилали, уч фарзанднинг отаси.

– Раҳимжон ака, сўзни асосий саволдан бошласак. Сиз ижодкор сифатида дунёга донғингиз кетса-да, Ўшда сиз ҳақингизда кам гапирилади. Бунинг сабаби нимада?

– Аввало, эътиборингиз учун катта раҳмат. …Балким, бу менинг бироз бошқачароқ тарбия олганим билан боғлиқдир. Яна ким билсин дейсиз? Мен одатда нимани ўйласам, шуни айтаман. Ёлғондан қўрқаман. Иккиюзламачилик қилишдан ҳам. Ахир, ҳаммасини тепамизда Аллоҳ кўриб турибди-ку! Ҳақиқий ижодкор нима бўлганда ҳам ҳақ гапни баралла айта оладиган бўлиши керак. Афсуски, айрим қавмдошларимизда турли ҳолатларда ўзини оқлаб, сувдан қуруқ чиқиб кетишга интилиш мавжуд. Бу ҳатто ака-укалар орасида ҳам юз бериши мумкин бўлган ҳолат. Лекин мен бунинг мутлақо акси бўлиб яралиб қолган эканман. Шу боис баъзан яқинларимга ҳам қўшилолмай қолдим.

Адибнинг ҳали «сиёҳи қуримаган» янги ишларидан бири

Не бахтки, бугун мени дунё танияпти, мухлисларим орасида япониям бор, европалигу хабашиям бор. Улар мени тўғри тушунишяпти. Демак, гап миллатда эмас, балким инсон юрагининг тозалигида, унинг самимийлигида экан, деб ўйлаб қолдим. Бугунги кунда мен ҳамкорлик қилаётган дунё ижодкорлари мени ўзига хос “карвонбоши” қилиб ҳам олишган. Ҳатто айримлари менга “бизни, одамзотни, тўғри йўлга етакланг, бизга йўлбошчилик қилинг, урушларга барҳам беринг, айтинг, бир-бири билан урушаётганлар зудлик билан жадалларни тўхтатишсин”, дейишяпти. Мен эса оддий бир шоир бўлсам… Нима дейишим ҳам мумкин жангариларга? Тўғри, урушларда тўкилаётган қон – янглиш қон, буни инкор этиб бўлмайди. Лекин мен бир нарсани аниқ биламан, одам одамни ўлдирмаслиги лозим. Ундан уёғига ақлим етмайди… Зеро, ундан нарёғи йўқ бу масаланинг. Уёғи – ғирт беъманилик, телбаликдир…

– Нега инглиз, япон, хабашлар билан гаплашасиз-у, ўзбеклар билан тил топиша олмайсиз?

– Тўғри, мен бу дунёда суҳбатлашмаган миллатнинг ўзи қолмади. Айтайми, улар билан нима учун тезроқ тил топишишимни? Сабаби улар оламшумул миқёсда фикр юритадилар. Уларни ўз миллий қайғуларидан ҳам кўпроқ Ер юзидаги тинчлик, одамийлик, Одамзотнинг бугунги ва эртанги куни қизиқтиради. Улар оламда тинчлик, дўстликни сақлаб қолиш масалалари устида кечаю-кундуз бош қотирадилар. Уларнинг ҳар бири ўзини олам фуқароси дея ҳис этади. “Кемага тушганнинг жони бир” қабилида фикрлайди.   Мен ҳамюртларимизни жуда яхши кўраман ва ҳурмат қиламан. Улар кун-тун турмуш, тирикчилик юмушлари билан банд. Бироқ Аллоҳ томонидан менга юкланган вазифа бироз бошқачароқ. Мен шахсий муаммоларимга иккинчи даражада эътибор қаратаман. Мен асосан Дунёнинг ишлари билан ҳалакман. Бу менга Яратган томонидан берилган залворли миссия, топшириқ.

Раҳим Карим – ўзбек адабиётини бутун дунёга танитаётган жонкуяр шоир ва ёзувчи, таржимон

Бу – фазода учиб, ердан оёғи узилиб қолган деган гап эмас. Айнан шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ва Қирғизистондаги ижодкорларга ҳам имкон қадар кўмаклашиб турибман, уларнинг асарларини рус, инглиз ва бошқа тилларга таржима қилиб, эълон қилиб боряпман. Дунёнинг менман деган, Нобель мукофотига кўрсатилган шоир ва ёзувчилари ҳам баъзан “гарчи бу мукофотга сазовор бўлсак, уни албатта сизнинг иштирокингиз билан оламиз”, деб ўз китобларига тақриз ёзиб беришимни илтимос қилиб ҳам туришади. Бу, албатта, Аллоҳдан менга инъом этилган буюк неъмат бўлса керак. Бу бор гап, асло мақтаниш эмас…

Шунинг учун атрофимдаги баъзи бир ҳамшаҳарларим, ҳамюртларим билан олишиб, иш, амал, мансаб талашиб нима қиламан, уларнинг ҳам ўз ҳаёти бор, мен ҳам ўзимча яшаяпман, деб ўйлаб, хулоса чиқараман, холос. Бироқ, бу уларни менсимаслигимдан эмас, балким уларнинг ўз муҳити борлигидан. Балким маҳаллий ижодкорлар билан яқин бўла олмаётганлигимнинг боиси ҳам мана шундандир.

– Маҳаллий ижодкорлардан ҳафа эканингизни биламиз. Кимдан, нимадан ҳафасиз, шу ҳақда очиқ гаплашсак…

– Мен нафақат маҳаллий ижодкорлардан, балким бутун бошли Ўшдан ҳафаман. Сабаби мен она шаҳримда нуқул адолатсизликни кўрдим. Лекин бунда ўшликларнинг айби йўқ, деб ўйлайман. Бу ҳам бўлса Парвардигорнинг мана шу мўътабар заминда менга юборган улкан синови деб қабул қиламан. Ва бунинг учун Яратганга шукроналар айтаман. Аллоҳ мени мана шу Заминга шоир қилиб юборибди. Лекин мен ундай шоир бўлолмадим. Аниқроғи бунга йўл қўйишмади. Гарчи бунга салкам ярим аср уринган бўлсам ҳам. Лекин мен бундан нима йўқотдим? Ҳеч нима. Аксинча, бундан кўпроқ ҳамюртларим нимадир йўқотган бўлсалар керак.

Ачинарлиси, бунинг оқибатда мен ўз инсоний бурчим, Оллоҳ менга юклаган вазифамни адо этолмай қолдим. Аллоҳ мени шу юртга шоир қилиб юборган экан, демак, мен она халқимга ижобий таъсир кўрсатишим керак эди. Лекин мен Ўшда бунга имкон тополмадим. Бу ерда умринг узоқ бўлгур қадрли акахонларимиз бошимдан тепиб турган бўлсалар, Худо ҳайрингни бергур укахонларимиз, оёғимдан мунтазам чалиб турдилар. Хуллас, уларнинг ёши улуғларидан тортиб, энг ёш шогирдларигача бир гуруҳга бирлашиб, мени яккалаб қўйишди. Бугун уларни исмларини номма-ном аташим мумкин. Лекин бунинг менга қизиғи йўқ… Бунинг ҳожати ҳам йўқ. Мен ўз муроду мақсадимга етдим. Она шаҳримдан ташқарида, Оламда, Яратганнинг инояти билан. Айнан У мени ўша шонли йўлга етаклади.

– Улар кимлар?

– Уларнинг орасида ижодкорлари ҳам бор, шунчаки қариндош-уруғларим ҳам, дўсту ёронларим ҳам, қўни-қўшниларим, ҳамкасбларим ҳам бор. Миллатимиз тепасида турган баъзи бир етакчилар, фаоллар ҳам бундан мустасно эмас. Хуллас, уларнинг барчаси менинг ҳаётимдаги ўз ролларини маҳоратли ўйнаб беришди. Улардан баъзиларининг номини эсласам, ҳалигача терим оқиб тушиб кетай дейди. Шундай экан, қандай қилиб улар билан бир сафда бўлишим мумкин эди?  Қандай қилиб улар тутган йўлга киришим, улар билан ёнма-ён туришим мумкин эди? Шунинг учун уларга елкадош, маслакдош бўлолмадим. Шу боис ўзимни четга олишимга тўғри келди…

– Сиз улардан нима ёмонлик кўрдингиз?

– Улар менинг бирон жойда ишлашимга, ижод қилишимга, ўзимни рўёбга чиқаришимга имкон беришмади. Ўқишни битириб келган йилларим жуда қийналдим. Адабиёт институтидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига йўлланма билан келган эдим. Бахтга қарши, ўша йили онам вафот этиб, бузилиб кетган ҳовлимизда отам ёлғиз қолди. Натижада мен отамнинг ёнида қолишга мажбур бўлдим. Москвага мурожаат қилиб, йўлланмамни Ўшга, ўзим аввал меҳнат қилган тўқимачилик ишлаб чиқариш бирлашмасининг “Голос текстильщика” кўптиражли газетасига ўтказиб беришларини илтимос қилдим. Ва Ўшда ишлай бошладим. Албатта, ижодимни бир дақиқага ҳам тўхтатмадим. У ишлаб чиқариш газетаси эди. Шеърият, адабиётдан мутлақо йироқ… Шунга қарамай, ишлайвердим…

Ўшлик катталаримизга мутахассислигимга яқинроқ иш топиб беришни сўраб борсам, ёнига ҳам яқин йўлатишмади. Аксинча, йиллар мобайнида мени “футбол” қилишди, “отангга бор, онангга бор” қилишиб. Ўшнинг ўзбек миллатига мансуб амалдорлари ҳар доим бир жипс гуруҳ бўлиб олишади. Ва улар бу муҳитни қўлдан бой бериб қўймаслик учун ниҳоятда хушёрлик билан иш тутишади. Бу муҳитга четдан ҳеч кимни киритишмайди, фақатгина ўзларига қарашли одамларнигина қабул қилишади.

Адибнинг бундай диплом ва мукофотларининг сони юзга яқинлаб қолди

Менга ўхшаб ўзига ишонган, анча-мунча одам ўқий олмайдиган олийгоҳни тамомлаган, юқори билимли ва саводли мутахассислардан ҳайиқишади. Эртага ўрнимизни эгаллаб олиши мумкин, дегандай. Юқорига кўтарилиб, катта шоир ёки раҳбар, ё депутат бўлиб кетади деб йўл бермайдилар. Ҳаттоки бир-бирлари билан учрашишганида, сенга эшиттириб, “сизга очлик ҳисси танишми”, деб ҳиринглаб ҳам қўйишади. Мен буларнинг барчасини ўз кўзим билан кўрганман. Қолаверса, бизнинг ўшлик амалдорлар феълида такаббурлик авжга мингган. Қўлларидан ҳеч нима келмаса ҳам, керилавериб, аёллари уёқда турсин, эркакларининг ҳам қошлари пешонасига чиқиб кетган…

Шу ўринда бир нарса ёдимга тушиб кетди. Ҳаттоки, китобим Тошкентда босишга тайёр турганда бир таниқли акахонимиз уни имкон қадар пайсалга солган. Яъни у киши Тошкентга ўз ишлари билан борганида менинг “Чўлпон” нашриётида ҳамюртимиз Турсунбой Адашбоев томонидан нашрга тайёрланган “Бешинчи фарз” китобимни бир неча ой сейфида сақлаган.

Маданиятим шу қадар эканки, истиҳола қилганимдан, ботиниб, илтимос, китобимни бериб қўйинг, деб сўролмаганман. Гарчанд ҳузурига ҳол-аҳвол сўраб бир неча бор борган бўлсам ҳам. Охири очиқ айтишга мажбур бўлганман, ака, мен бировдан қарз бўлишни ёмон кўраман, сиз сейфингизда сақлаб турган китобнинг муҳарририга ҳам, рассомига ҳам ҳақини тўлаб бўлганман. Улар сиздан қўлёзмани Ўшга олиб бориб, муаллифига бериб қўйсангиз деб илтимос қилишган, холос. Сиз эса уни бекордан-бекорга бир неча ойдан буён ушлаб турибсиз, деб.

Москвадан ўқишни битириб келиб, бу ерда биринчи китобимни тайёрлаганда ҳам ўша акахонга борган эдим. “Шу ернинг каттаси экансиз, китобимни ўқиб, мумкин бўлса бирон нарса ёзиб берсангиз” деб сўрасам, “бўпти” деб рози бўлди. “Сизнинг китобингизга тақриз ёзиш – биз учун фахр”, деди у. Кейин ишхонасига 5-6 ой қатнадим. Кейин билсам, у қулоғимга роса лағмон илган экан. Мақсади имкон қадар босиб ўтириш экан. Охири хонасига кириб ўтириб олдим. “Бўлмаса қайтариб беринг”, деб. Шунда уялганидан уч-тўрт оғизлик сўзбоши ёзиб берди. Кейин билсам, қисув ўшанда бошланган экан. Мен ёшлик қилиб, кўп нарсани тушунмаган эканман.

– У пайтларда чегаралар йўқ эди, нега Ўзбекистонда чиқармадингиз асарларингизни?

– Сабаби Тошкентгача боғланган эди бу алоқалар. Ўшлик ижодкорларнинг бир пайтлар Тошкентга кўчиб бориб қолган қирғизистонлик ижодкорлар билан тили бир эди. Уларнинг қўлловисиз уёқдаги нашрларга биронта шеърни ўтказиб юбориш амри маҳол эди. Шунга қарамай, менинг бир нечта шеърларим талабалик йилларим таниқли адабиётшунос олим, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррирининг ўринбосари Иброҳим Ғофуров томонидан эълон қилинган. Шундан сўнг айнан ўша шеърлар Ўш вилоят “Ленин йўли” газетасида эълон қилинган, яъни кўчириб босишган. Айнан ўша шеърларни Москвадан “Ленин йўли” газетасига ҳам бир пайтнинг ўзида йўллаган эдим. Бу Қирғизистонда ўша пайтда ўзбек тилида чоп этиладиган ягона газета эди. Унинг муҳаррири эса маҳалладошимиз, ота-онамни таниган инсон эди. У кишининг таъриф беришича, “Раҳимжон ўзига тўқ оиладан чиққан йигит бўлса, унинг бу шеърларни ўзи ёзаётганига ишонмайман, менимча, у бу шеърларни қаёқдандир кўчираётган бўлса керак” деб айтган. Ва йиллар давомида ҳеч нарсамни чиқартирмай қўйган.

Умуман, бу шўринг қургур газетада эллик йиллик ижод фаолиятим даврида нари борса 20 дона шеърим босилиб чиққан бўлса керак. Уларнинг ҳам аксарияти аввал Ўзбекистон нашрларида чиққанидан сўнг қайтиб босилган. Эсимда бор, онам вафот этган куни, бу газетада илк бор суратим билан беш дона шеъримни эълон қилишган. Ўша кунни онам йиллар давомида интизорлик билан кутган эди. Шу ишни онам тириклигида қилишса бўлмасмиди, деб ниҳоятда алам қилган…

Талабалик пайтимда Москвада улуғ шоирлар Абдулла Орипов, Омон Матчон ва бошқалар билан талабалар ётоқхонасидаги хонамда учрашиш бахтига муяссар бўлганман. Тошкентдан Москвага тез-тез ҳар хил делегациялар бориб турарди. Москвага ташриф буюрган ўзбек шоиру ёзувчилар бизнинг ётоқхонага келмай туриб, қайтиб кетмас эдилар. Улар орасида Лазиз Қаюмов, Озод Шарофиддинов ва бошқалар ҳам бор эди. Кунлардан бир кун Лазиз Пўлатович (у киши Адабиёт институтида бизга Навоийдан олти ой махсус курс ўтган) “Озод менинг шогирдларимдан бири бўлади, мен унга сиз ҳақингизда айтдим. Шавкатни Шавкат Раҳмон қилган ўша одам бўлади, у сизни ундан ҳам баланд қилади”, деган эди. Ва улар қўним топган меҳмонхонага 20 та шеъримни олиб бориб беришимни тайинлаган. Бироқ табиатим шунақа экан, “Раҳмат, ака. Мен адабиётга таниш-билишчилик билан кирмоқчи эмасман”, деб унамаганман. Мен бу чўққига ўз кучим билан чиқаман, қолаверса мени бу юксакликка ўқувчиларим олиб чиқади, деб жавоб қайтарганман…

– Бошқа бунақа имконият бўлмадими?

– Нега энди? Бундай имкониятлар жуда кўп бўлди. Лекин менинг улардан фойдалангим келмади. Мақсадим, кимнингдир ёрдами билан шон-шуҳратга эга бўлиш эмас эди. Балким чинакамига, ҳаққоний йўл билан шеърхонлар, китобхонлар қалбини забт этиш эди. Ўқишни тамомлаган йилим, юқорида таъкидлаб ўтганимдек, мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига йўлланма олдим. Ҳамда раҳматлик устозларимиздан бири Турсунбой ака Адашбоевнинг маслаҳатига кўра Тошкентга бориб, у ерда (янглишмасам) Марказий Қўмитада фаолият олиб борувчи ҳамюртимиз Аҳмаджон ака Мелибоевга мурожаат қилдим. У киши мени жуда илиқ кутиб олдилар. Ижодим билан таниш эканлигини, келажакда мендан яхшигина шоир чиқишини эътироф этдилар. Ҳамда Марказий Қўмитадан бўлак ҳар қандай жойга ишга жойлаштириб қўйишга қурби етишини аён этди. Лекин мен ўша йиллари, юқорида қайт этганимдек, отам ёлғиз қолганлиги сабабли Тошкентга бора олмадим…

Орадан бироз вақт ўтиб, отам ҳам бандаликни бажо келтирди. Йили ўтгач, уйландим ҳам. Ўшда иш топишимга кўзим етмагач, яна Тошкентга интилдим. Ва бу сафар ҳам Аҳмаджон ака менга ёрдам беришга тайёр эканлигини айтди. Бу даврда у киши “Ўзбекистон адабиёти ва санъати“ газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлаб келарди. “Ҳозирча бизда ўрин йўқ, лекин шундай имконият туғилиши билан сизни чақираман”, деб ваъда берди. Ва гапида туриб, Ўшга келганида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетасида назм бўлими бошлиғи ўрни бўшади, Раҳимжонни топиб беринглар”, деса, маҳаллий дарғалар мени “топа олишмабди”. Наҳотки Ўшнинг марказида яшаётган одамни топиб бўлмаса? Мана сиз топдингиз-ку, Бишкекда туриб? Биз бу ерда ҳамма таниган оила бўлсак. Шундан маълумки, ўшлик акахонларимиз мени уёққа бориб ишлашимни исташмаган экан. Бу ерда улардан иш сўрасам, иш беришмас эди… Лекин менга ҳали ҳам бир нарса жумбоқ бўлиб турибди. Ахир телефон рақамим Аҳмаджон акада ҳам, ўша пайтда Тошкентда яшаган Шавкат Раҳмонда ҳам, ҳаттоки Иброҳим ака Ғафуровда ҳам бор эди… Хуллас, уёқда ишлаш менга насиб қилмаган экан…

Ўшанда Аҳмаджон ака мени топиб, зудлик билан Тошкентга жўнатиб юборишларини тайинлаб кетган экан. Бу иш таниқли шоирларимиздан бирига топширилган. Жойи жаннатда бўлсин.

Хуллас, бир куни у киши мени бекатда кўриб қолиб, “сиз Раҳим Каримсиз-а?” – деб сўради. Ҳа, десам, “Аҳмаджон ака менга роса тайинлаб айтган эди, у киши сизни анчадан буён Тошкентда кутяпти. Лекин бир ойдан ортиқ кута олмайман деган эди”, деди у. “Қачон тайинлаган эди?” – деб сўрасам ,“икки ойча бўлди”, деб жавоб қайтарган! Бу одам мени“Илҳом” клубида камида 20-30 марта кўрган. Раҳим Карим эканимни ҳам яхши биларди. Кўча-кўйда ҳам саломлашиб турардик. Лекин у негадир, мени танимаган бўлиб чиқди. Бу фақат битта мисол.

– Кейин нима бўлди?

– Нима бўларди. Мен кеч қолдим. Ва яна Ўшда қолишга мажбур бўлдим. Қолаверса уйланиб, болалик ҳам бўлгандим. Оилам билан Тошкентга кўчиб бориш осон эмас эди.

– Энди-чи, ҳозир аҳвол қандай?

– Энди ўз йўлимни топиб, дунёга чиқсам, яна Ўзбекистонга йўлим тўсиқ бўлиб чиқди. Бир умр ўзбек тилида ижод қилиб, асарларимни бемалол чоп эта олмаганимдан сўнг, ноилож рус тилида ижод қилишга ўтдим. Лекин россиялик рус ижодкорларининг ҳам ичи бизникларга ўхшаб анчагина тор бўларкан. Йўл беришмади, бемалол ижод қилишимга. Шунда Россия ижтимоий тармоқларини ҳам тарк этишга мажбур бўлдим. Ёзганларимни фақат Фейсбукда эълон қила бошладим. Айнан шу ерда менинг чет эллик мухлисларим сони тобора ортиб борди.

– Абдулла Ориповнинг икки жилдлик китоби рус ва инглиз тилларида ёруғ кўриб, ўзбек адабиёти муҳитида анча шов-шув бўлди. Лекин бу иш сизнинг меҳнатингиз эвазига бўлгани ҳақида деярли айтилмади…

– Бунинг тарихи узун… Интернетда эълон қилинган шеърларим туфайли мен дунёнинг ҳар қандай бурчидан бирин-кетин мукофотлар ола бошладим. Буни кўрган ўзбекистонлик ижодкорлар менга,

“Нега одамлар сизнинг рус тилидаги асарларингизни яхши қабул қилишяпти-ю, бизнинг даҳо шоиримиз Абдулла Ориповнинг асарларини у қадар қабул қилишмаяпти”, деб савол билан мурожаат қилишди. Шунда мен уларга: “Билмасам… Балким Абдулла аканинг буюк асарлари ҳалигача етук тарзда таржима қилинмагандир? Балким ўзбек руҳиятини рус тилида тўлалигича изҳор этиш қийин кечаётгандир”, деб жавоб қайтардим. Шунда улар менга илк бор “У ҳолда Абдулла аканинг шеърларини рус тилига сиз таржима қилиб кўрмайсизми?”, деб таклиф қилишди. Мен бу таклифдан чўчиб тушдим. Наҳотки менинг шунга қурбим етса? Абдулла Ориповни рус шеъриятининг буюк даҳолари таржима қилган бўлса, менга, ўзбек шоирига, бу йўл бўлсин, деб жавоб қайтардим.

Бу орада суҳбатимизга Абдулла аканинг қизи Юлдуз Орипова аралашди. “Нима бўлибди, ака, бир уриниб кўрсангиз? Мен сизнинг ижодингизни юксак баҳолайман ва сизни давримизнинг даҳо шоирларидан бири деб биламан”, деб қолди… Шундай бўлса ҳам менинг бунга ҳаддим сиғмади. Мен кимман-у, Абдулла Орипов ким, деб ўйладим. Ва орадан яна уч йилча вақт ўтди. Мен эса ҳар куни ҳар хил давлатдан мукофотлар олар эдим. Гўё ўзбекнинг энг биринчи шоиридек. Бу менга тинчлик бермасди. Нега энди, бу мукофотларни Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов эмас, мен олаяпман, деб ҳижолат чекардим. Марказий Осиёлик таниқли олимлардан бири бир тақризида Марказий Осиёда Алишер Навоийдан кейин ўшлик Раҳим Каримчалик шоир туғилгани йўқ”, деб ёзиб ташлади. Бу эса мени янада ер-бирин қилди. Ва мен ўзимга ўзим сўз бердим. Бу ноҳақликни имкон қадар бартараф қилишим керак. Бунга чидаб бўлмайди. Дунё мени ўзбекнинг энг машҳур шоири деб тан оляпти. Бу мутлақо нотўғри. Мен ҳали уларга кўрсатаман, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Ҳудойбердиева, Омон Матчонларнинг кимлигини, дедим. Ва астойдил Абдулла аканинг шеърларини рус ва инглиз тилларига таржима қилиб, бутун дунё шоирларига кўз-кўз қила бошладим.

Раҳим Каримнинг икки йиллик меҳнати туфайли буюк ўзбек шоирининг овози ниҳоят Европа ва Америкага етди

Бунга шоирнинг катта қизи ва Абдулла аканинг умр йўлдоши дастлаб қарши чиқдилар. Улар менинг бу мураккаб ишни эплай олишимга ишонмас эдилар. Ўзим ҳам.

Шоирнинг аёли менинг саҳифамда шундай шарҳ қолдирди: “Ҳа, нима, дунё бедарвозами? Сўраб-сўрамай, ўзингизнинг хани-хуни таржималарингиз билан” деган маънода. Шунда мен таржима ишларини тўхтатишга аҳд қилдим. “Менга нима зарурати бор” деб ўйладим. “Ўзингни билиб, ўзгани қўймайсанми?”, дедим. Аммо бунга Юлдуз Орипова йўл қўймади. Таржима ишларини давом эттиришимни сўраб туриб олди. Ва мен бунга рози бўлдим. Сабаби мен эл олдида… нимага қодир эканлигимни исботлашим керак”, деган ўйга келгандим. Ва таржима ишларини ҳеч иккиланмай давом эттира бошладим. Аста секин менинг таржималаримни Абдулла Ориповнинг бошқа оила аъзолари ҳам тан олишди ва миннатдорчилик билдира бошлашди. “Олдингизда таъзимдамиз”, деб ёзарди улар. “Катта раҳмат сизга, Раҳимжон ака. Сиз ҳеч ким эплолмаган ишни уддаладингиз”, деб ёзди сўнгра Шоирнинг умр йўлдоши.

Хуллас, Абдулла Ориповнинг 2 жилдлик таржималари тайёр бўлди. Энди уларни чоп этиш масаласи турарди олдимизда. Бу вазифани Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўз зиммасига олишга олди-ю, лекин уларни нашр қилишни имкон қадар пайсалга солди. Ўша йили шоирнинг 80 йиллиги нишонланаётган бўлса ҳам, нашр ишлари ортга сурилди. Мен буни балким менинг таржималарим уларни қониқтирмаганидандир, деб тушундим. Лекин мен бу ишни ҳаялламай, китобни Канада ва АҚШда чиқаришга аҳд қилдим. Оила аъзоларим билан китобларнинг макетини тайёрладик, уларни таҳрир қилдик, хатосини текширдик, муқовасини ишлаб чиқдик ва Канада ва АҚШда чоп эттирдик. Шундан сўнггина Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси китобларнинг биринчи жилдини Тошкентда нашрдан чиқарди. Кейинчалик бўлак бир ташкилотда унинг иккинчи жилди – “Жаннатга йўл“ чоп этилди.

– Бу меҳнатингиз муносиб тақдирландими?

– Абдулла Ориповнинг оиласи мени икки йилдан буён Тошкентга чақирар эди, китоб чиқиши билан тақдимотини ўтказамиз, деб. Яқинда, “отамизнинг юбилейига келасиз, сизни шахсан кутиб оламиз, университетларда тақдимотлар қиламиз, Самарқанд, Бухороларни айлантириб, уйингизга кузатиб қўямиз”, дейишди. Мен, “бандман, ишим жуда кўп”, дедим. Чиндан ҳам ҳам ишим жуда кўп эди. Шунинг учун ўша пайтда боролмадим. Сабаби мен ҳар куни дунё билан алоқадаман. Мана, бугун Испаниядан хат келди, шошилинч янги китоб чиқаётган экан, музейга қўйиладиган. Уларнинг Антонио Мачадо деган классик шоири бор, шунинг китобига битта шеърингизни берасиз, дейишди. Эртага Кубадан, индинга Чилидан чиқишади…

Мен Худонинг йўлига умримдан икки йилини ажратиб, Абдулла аканинг ижодига нисор қилдим. Руҳи шод бўлсин деб. Савоб ишлай деб. Менга бунинг эвазига мукофот беришсин, пул беришсин, ҳурмат-эътибор кўрсатишсин, деб эмас. Хуллас, вақтим жуда чекланган эди. Ўшда бекорчи ҳисобланганим билан мен Интернет орқали ишлайман-да!

Бундан ҳижолат чеккан Шоирнинг қизи биз сизнинг меҳнатингизни, афсуски, рағбатлантира олмаймиз, деб хат ёзди. Мен уларга, “мен бу таржималарни бирон бир ҳақ эвазига амалга оширганим йўқ, ҳеч ҳижолат бўлманглар, буни шунчаки ўзимнинг фарзим деб билдим”, дея жавоб қайтардим. Улар эса, келинг, ҳеч бўлмаса сизга “Турон” академияси академиги унвонини берайлик, дейишди. Бунга ҳам кўнмадим, “йўқ, керакмас, овора бўлманглар”, дедим. Лекин улар ҳоли-жонимга қўймай, “ҳижолат бўлманг, бунинг учун сиз ҳеч қандай ҳақ тўламайсиз. Уставимизда “Агар номзоднинг фаолияти оламшумул аҳамиятга эга бўлса, уни ҳар хил бадалларсиз академикликка қабул қилиш мумкин”, деб ёзилган, ва сиз шунга лойиқсиз деб туриб олди. Мен рози бўлдим, улар унвонни беришди. Бироқ мен бу ҳақда матбуотда хабар беришга шошмадим. Орадан бир неча ой вақт ўтгандан сўнггина Қирғизистон ОАВларига бу ҳақда маълумот бердим. Ахборот Россия, Қозоғистон, Украина ва бошқа давлатлар сайтларида ҳам чиқиб кетди. Афсуски, “академик”лигим узоққа бормади.

Тошкентга Абдулла Ориповнинг юбилейига расман таклиф қилишди. Тошкентга жўнаб кетишим олдидан менга “Турон” академияси президенти Фейсбукдаги саҳифам орқали мурожаат қилиб, эртага Тошкентга келаётганингизни эшитдим, илтимос, энг кам иш ҳақининг 27 миқдоридаги бадал пулини (500 АҚШ доллари атрофида. – А.М.) ўзингиз билан ола келинг”, деб қолди. Хуллас, мени зўрлаб “академик” қилиб, мендан яна пул талаб қилишди. Бормадим.

– Таклиф қилинган жойга бориш учун вақт топсангиз бўлармиди, балки?

– Ҳа, албатта борсам бўлар эди. Лекин айрим одамларнинг менга бўлган муносабати самимийлигига шубҳаланар эдим. Улар бу орада Ўшга бир неча бор келиб ҳам кетди. Кейин билсам, уларнинг айнан Ўшнинг менга қарши одамлари билан муомаласи илиқ экан, борди-келдиси бор экан. Хуллас, улар кўпроқ ўша томонга ён босдилар. Бирга бўлдилар. Шуни англаб етганимдан сўнг, ўзимни ортга қайтардим. Уларнинг алоқасига ҳалақит бермасликка аҳд қилдим…

Хуллас, мен мени Ўш миллий маданий маркази, Бобур театри билан боғлашларини истамас эдим. Ва бу ҳақда уларга бир неча бор очиқ айтганман ҳам. Айнан ўша дамда қандайдир фитналар бошланган эди. Менинг уйимга қариндошларимдан баъзи бир “айғоқчи” лар кела бошлашди. Раҳим Карим бу таржималарни ўзи қиляптими ёки биров ёрдам беряптими? – деб. Раҳим Карим Ориповлар оиласи билан алоқа қиляпти, энди улар буни қўллаб кетишади, деб ҳавотирга боришган, чамаси. Орадан ҳар хил кўнгилсиз гаплар ўтди. “Сизга нима кераги бор бу ишларнинг, сизга биров раҳмат айтяптими бунинг учун”, деганлар ҳам бўлди. Лекин мен барибир ишни охирига етказдим, 2 жилдлик китобни Ўзбекистонга совға қилдим. Фейсбукда инглиз тилида алоҳида саҳифа очиб, икки йил давомида Абдулла Орипов ижодини тарғиб қилдим. Айрим таржималаримни Россия, Руминия, Германия, Америкадаги сайт ва журналларда эълон қилдирдим. Бироқ раҳмат ўрнига, юзимга тарсаки солишди.

– Қандай қилиб?

– Мени Тошкентга таклиф қилишганда, Ўшдан ҳеч ким бўлмаса бораман, деган эдим. Улар, юбилейга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси номидан Қирғизистондан расман уч киши, жумладан, “Турсксой” вакили Қўжўгелди Қултегин, Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Нурлан Қалибеков чақирилган, холос, дейишди. Тошкентга боришга оёғим тортмаган эди. Лекин бир неча кунлаб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан чиқишиб, келмасангиз бўлмайди, сиз дастурда борсиз, сизга балким сўз беришлари ҳам мумкин, деганларидан сўнг иложим қолмай боргандим. Ўша куни эртаси Опера театрида катта тантана бўлди.

Кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг коференция залида у ерда мен кўришни истамайдиган одамларнинг борлигини кўриб, у ердан аста чиқиб кетдим. Лекин уюштирувчилар ортимдан чиқиб, қўярда-қўймай эгнимга тўн, бошимга дўппи кийдириб, белимга чорси боғлаб суратга олишди. Сўнгра устимдаги сарполарни ечиб, қутисига солиб қайтариб бердим. Ўша куниёқ Ўшга қайтиб кетмоқчи бўлдим. Лекин вақт жуда кеч бўлиб қолган эди. Абдулла Ориповнинг рафиқаси яхши аёл экан, ортимдан чиқди, кўришиб қўймасам бўлмайди, деб.

“Сиз ҳеч ким қилмаган ишнинг уддасидан чиқдингиз, бизни кечиринг. Бунақа иғволарни [Абдулла] акангиз билан кўп кўрганмиз. Сизда ҳам Абдулла акангизнинг феъли бор экан”, деб уйига меҳмонга таклиф қилди. Мен эртаси куни улуғ шоирнинг қабрини зиёрат қилиб, уйга қайтмоқчи бўлиб тургандим. Лекин шароитга мувофиқ бундай қилолмадим. Афсуски…

– Ўшдаям тақдимот қилиб қўйилса жуда яхши бўларди экан…

– Тақдимотни айтасиз! Бу ишимни ўшликлар Раҳим Карим шу баҳона ўзбек жамоатчилигига қўшилиб олмоқчи, деб баҳолашибди. Гўё мен Абдулла Орипов ижодига, унинг оиласига яқинлашиб, Ўзбекистонга яхши кўринай, деган эмишман. Бу қандай гап? Гўёки мен айни дамда рус ва инглиз тилида ижод қилаётган бўлсам, демак, энди ўзбек миллати вакили эмасман. Энди мен гўёки ўзимни ўзбек деб ҳис қилишим учун, улардан рухсат олиб, Ўзбекистонга қўшилиб олмоқчиман. Нима мен, бошқа тилларда ёза бошласам, бўлак миллат шоири бўлиб кетаманми? Ваҳоланки, қаерга борсам, мени биринчи навбатда қирғизистонлик ўзбек деб қабул қилишади. Биринчи галда ўзбек, кейин қирғиз шоири ва ундан кейингина рус шоири деб эътироф этишади. Буни мен ҳеч кимга исбатламоқчи эмасман. Ўзбекистонга ҳам, Қирғизистонга ҳам.

– Қайси тилда кўпроқ ижод қиласиз?

– Мен аввало ўзбек шоириман, мени бошқалар шундай қабул қилишади, лекин ўшликларимиз буни қабул қилиб, тан ола олишмаяпти. Асарларимни интернетга биринчи галда ўзбек тилида қўяман, кейин русча ва инглизча жойлаштираман.

– Сиз журналистика соҳасидаям анча иш қилдингиз, менимча?

– Ҳа, афсуски, буни ҳам инкор этолмайман. Агар билсангиз, “Ўш оқшоми” газетасини мен очганман, югуриб-елиб. Унгача Ўш тўқимачилик комбинатининг рус тилида чиқадиган газетасида муҳаррир эдим. Ўшанда юқорида қайд этилган акахонларимиздан бири, сиз билан вақтинча ишлаб турсин деб, Тошкентда ўқиб келган бир журналист йигитни юборди. Бу акахонимиз менга бир пайтлар таҳририяти эшигини очмаган, рўзномасидан шеърларимга ўрин бермаган бўлса ҳам, ёшини ҳурмат қилиб, рад этолмадим. У бизда ҳозирча бўш ўрин йўқ, кейинроқ ўзимизга олиб оламиз, деди. Гапини ерда қолдирмадим. У йигит рус тилини билмас экан, уни деб газетанинг ўзбек тили бўлимини очдим, кейин қирғизча саҳифаси ҳам чиқа бошлади. Кўп ўтмай, бу йигит менинг тагимга сув қуя бошлади… Мен ниҳоят тушундимки, бу ҳалиги акахонларнинг олдиндан ўйлаб қўйган навбатдаги режаси экан…

Шунда ишдан кетаман десам, раҳбарлар ялиниб, кетмайсиз дейишди. Охири, “мен бу одамни ишга олиб адашдим, энди у билан ишлаша олмайман”, деб газетани ўша журналистга ташлаб чиқиб кетдим.

– Мавқеингиз учун курашиш ўрнига нега осонгина таслим бўлавергансиз?

– Сабаби бу каби иш ўринлари, лавозимлар мен учун ҳаёт-мамот масаласи эмас. Мен учун қаерда, ким бўлиб ишламай, одамгарчиликни йўқотмаслик муҳимроқ. Чунки эртами-кеч, мен у ёки бу лавозимни ташлаб кетаман. Айнан шу вақт оралиғида мен билан ёнма-ён ишлаган одамлардан энг аввало, бу жой қанчалик ширин бўлмасин, у ер барибир сиз билан менинг ким эканлигимизни синовчи бир бекат деб қабул қиламан. У ерда қолаётган худбин, иккиюзламачи одамлардан ўзимни узоқроққа олиб қочсам, уларга тенг бўлмасам, олийжаноблигимни сақлаб қолсам, дейман, холос. Қолаверса, сен унинг билими, саводи, истеъдоди, одамийлиги, маданияти жиҳатидан ҳам анчагина пастлигини билиб турсанг-у, жой талашсанг, бу кунингдан ўлганинг яхши эмасми, деб ўйлайман.

– Ёш ижодкорлар орасидан ҳамфикр изламадингизми?

– Изладим. Уларга ёрдам бермоқчи ҳам бўлдим. Лекин…

“Ўш оқшоми” газетаси бош муҳаррирининг ўринбосари бўлиб ишлаб турганимда у ерга мен ярим ставкадан икки ёш ижодкор йигитни мухбирликка ишга қабул қилдим. Уларни имкон қадар қўллаб, қийналмай рўёбга чиқишига ёрдам берай дедим. Улардан бири сиртдан олийгоҳда ўқирди. Иккинчиси олий маълумотга ҳам эга эмасди. Шунга қарамай, уларга хабар, мақола ёзишни ўргатдим. Шеърларини таҳрир қилиб, рўзномада чоп этиб бордим. Газетанинг макетини чизишдан тортиб, уни корректура, таҳрир қилишгача ўргатдим. “Полапон” ларим оёққа туриб улгурмасданоқ, ўша газетанинг ўзбекча бўлимини ўзлаштириб олишга киришиб кетдилар. Бунга уларнинг ҳалиги юқорида номлари аталмаган устозлари кўмаклашишди, шекилли. Бундай номардлик, сотқинликни кўриб, индамай ишни ташлаб кетавердим. Одам боласининг шу қадар пасткашликка қодир эканлигини ўйласам, ҳали ҳам одам зотидан нафратланиб кетаман. Яна булар келажакда журналист, шоир бўлишни орзу қилган кимсалар бўлса…

Аслида бу газетанинг асосчиси ҳам мен бўламан. Лекин уни сал аввалроқ мендан акахонларимиздан бири тортиб олган эди. Мен бу газетани нолдан бошлаган эдим. Уставини ёзиб, штатини тузиб, банкдаги ҳисобларигача, ҳаммасини тайёр қилганимда, маҳаллий дарғалардан бири келди, муҳаррир бўлиб олди. Мени оддий мухбир этиб тайинлаб, бир дўстини муҳаррир ўринбосари қилиб тайинлади. Буни қарангки, бир пайтлар мен улардан иш сўраб борганимда иккаласи ҳам беришмаган эди. Бироқ тақдир тақозоси билан ўша пайтда ишлаётган иш ўринларидан қисқариб, ишсиз қолишган экан. Тайёр жойга келишди-да, ўрнашиб олишди. Уят нима эканлигини билмайдиган кимсалар экан. Шунда уларга бу жойни ҳам бўшатиб бердим.

Кейинчалик Ўзбекистонда чиқадиган “Халқ сўзи” газетасига Қирғизистон бўйича мухбир бўлиб тайинландим. Менга бунда маҳаллий қирғиз журналистлари ёрдам беришди.

Ойлигимни ҳар ой Тошкентга учиб бориб олиб келардим. Бош муҳаррирнинг қабулига кирганимда, “ҳамюртларингиз сизни бунча яхши кўришади.., ҳаммаёқни сизнинг устингиздан думалоқ хат босиб кетди” дерди. Маошимни олиб, уйга қайтар эканман, кўзларимда ёш қалқир эди.

Бунга қадар Ўш вилоят партия қўмитасининг агитация бўлимига бошлиқ қилиб ишга олишмоқчи бўлганда ҳам улар мени “жинни”га чиқаришган, ишга олишларига йўл қўйишмаган. Тошкентга борсам оёғимдан, Ўшга келсам қулоғимдан тортишган. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, қандай тил топишиш мумкин бу каби одамлар билан. Юқорида сиз ҳабаш сўзини тилга олдингиз. Баъзан одамнинг юзи оппоқ бўлгани билан, унинг юраги ниҳоятда қора бўларкан. Мен бугун муомала қилаётган ўша сиз айтган ҳабашларнинг юзи қора бўлгани билан, юраги оқ экан…

– Оддий одамлар нега тескари бўлиб қолишди сизга?

– Оддий одамлар менга ҳеч қачон тескари бўлмаган. Яқинларимдан ташқари. Қариндошларим мендан ота-бобомиздан қолиб кетган, бузилиб кетган ҳовлини талашишди, холос. Лекин шеърхонлар, китобхонлар мен билан ҳалигача мулоқот қилишга ошиқишади. Мендан ҳеч ким воз кечгани ҳам йўқ. Мени одамлар қисгани йўқ, мен ўзим аралашмай қўйдим, баъзи бир юқоридагидек одамларга. Уларга ҳали ҳам аралашмоқчи эмасман. Бироқ улар негадир охирги пайтда яна мен билан қизиқиб қолишди. Ҳоли-жонимга қўймай, мен ҳақимда ёзмоқчи, ТВга олиб чиқишмоқчи, интервьюлар олишмоқчи бўлишяпти. Билмадим, бунинг уларга нима кераги бор. Балким юқоридан кимларгадир қизиқ туюлаётгандир менинг ҳаётим?

– Сизни ҳатто дуоибад қилишган дейишади. Бу қандай бўлган?

– “Оқбура” газетасини чиқариб юрганимда идорамизга ҳажга кетиб, ўша ёқда вафот этган бир кишининг қизлари келишди. Суриштирсам, ҳожибошилар у ёққа асал, супурги олиб бориб сотишар экан. Оқсоқол одам автобусда супургининг устида ётиб кетган экан, юзлари шилиниб, қонаб кетибди. Қанд касали бор экан, қон тўхтамай, йўлда жон берган эканлар. Жойи жаннатда бўлсин. Улар ҳар куни ёнимга келиб, сиз, журналистлар, ҳақ гапни ёзишга қодир бўлмасанглар, нима қилиб ўтирибсизлар бу ерда деб таъналар қилишди.

Шунда мен “Жаннатга йўл” деган мақола ёзиб, уни эълон қилишдан аввал ўша пайтдаги Ислом маркази бошлиғи Неъматжон ҳожи акага юбордим. У киши мақола билан танишиб чиқиб, бу фикрларга юз фоиз қўшиламан, эълон қилаверинг, деб тилхат ёзиб берди. Мақола чиққач, айрим ҳожибошиларга ёқмади. Улар, Раҳим Карим кофир, унга қулоқ солманглар, деб чиқишди. Кейин билсам, ўша аёллар ҳам менга қарши иш олиб борувчи кимсалардан бирининг қариндошлари экан. Мақсад – мени шу баҳона ёмонотлиқ қилиш бўлган экан.

Талабаликда бир шеър ёзгандим:

“Мулланинг салласин кофир кийса гар,

Мударрислик қилса ўғри, каззоб, ғар,

Филнинг орзусига мўр етса агар,

Бўлак фожиа йўқ, бўлак даҳшат йўқ”, деб.

Дин уламолари шуни ушлаб олишган экан, биз ҳақимизда ёзилган деб. Мен бу тўртликни Москвада ёзганимда, улар менинг етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган эди.

– Мақолангизда яна нималар деб ёзгандингиз?

-Ўша пайтда аёлларимиз эронча қора рўмолга бурканиб юриши одат бўлиб кетувди. Мен, “онахонлар, опалар, сингиллар, илтимос, бу рўмолларни ташланглар, яхшиси ўзимизнинг ўзбекона рўмолларни ўранглар деб, деб ёзгандим.

Эронми, Ироқми, Афғонистонми, уларнинг маданияти жуда чиройли, лекин улар ўзига хос, илтимос, уларнинг маданиятини бизга олиб кирманглар, ўз маданиятимизни йўқотманглар, деб жон куйдиргандим. Ҳажга борсанглар самолёт ёки қулай ўринли автобусларда боринглар. Асал ташиб, супурги ташиб, ҳажни бизнесга айлантириб юбормайлик, дегандим. Ҳажга Аллоҳнинг йўлида тўғри бориб, тўғри келиб, мусулмончилигимизни, бандачилигимизни қилайлик, деган гапларнигина айтганман.

Улар буни бошқа томонга буришиб, менга қарши ҳатто штаб тузишган. Ўша пайтда исломий газета чиқаришарди, идорасиям рўпарамда эди. Менга қарши мақола ёзишиб, мени кофирга чиқаришди.

Ўшанда менга ўзимнинг амакимларимдан бири чиқиб суюнчилаган, сенга дуо қилиб келдик, деб. Нима деб дуо қилдинглар десам, машинани тагида қолиб кетсин, дедик, дейди. Шу ҳам гапми энди, қаранг! Лекин, болалари билан машина остида қолсин, деб дуо қилишаётганда исми шарифимни аташга тиллари бормаган. Ахир Раҳим ва Карим – Аллоҳнинг улуғ исмларидан-да! Буни менга кейин айтишди.

Буни ичимга олиб, ноҳақликдан олти ой касал бўлиб уйда ётганман.

Ўшанда айтишган экан, бу дуодан кейин 6 ойга етмай ўлиб қолади, деб. Олти ой эмас, мана олтмиш ёшдан ўтдим. Худога шукр. Яна Оллоҳ билади қанча умрим борлигини…

– Ҳаётдан, шунча қилаётган ишлардан мақсадингиз нима?

– Менинг мақсадим – Ўшда ёки Қирғизистонда, Тошкентда ёки Ўзбекистонда, Москвада ёки Россиядагина рўёбга чиқиш эмас. Ҳаттоки дунёда рўёбга чиқиш ҳам эмас. Инсон бу оламда мансаб, пул ёки мартаба учун яшамаслиги керак. Одам ўзига, Аллоҳ мени ким қилиб яратди, мен нима қилиб Ер юзини босиб юрибман деб, яна нима иш қилишим керак, деб савол бериб яшаши керак, менимча. Мен шундай яшайман. Биз чет эллик ҳамфикрларим билан нафақат Қирғизистон ёки Ўзбекистон, балки бутун олам аҳолисини тўғри яшашга даъват қилишимиз керак, деган мақсад билан яшаяпмиз.

– Миллий-маданий марказ ҳақида гапирдингиз. Бу ташкилот ишини яхшилаш учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?

– Аввало миллий марказларда маданият ва санъат вакиллари, идеология ходимлари ишлаши керак, деб ўйлайман. Миллий-маданий марказ ўз номи билан миллий-маданий марказ бўлиб қолиши керак деган фикрдаман. Уни сиёсатга аралаштирмаслик лозим. Сиёсий етакчи, депутат бўламан, деганлар у ерга келмасликлари керак. Менинча, театрларимизда марказ йиғилишларини ўтказиб, сиёсат қилиб, гап кўпайтиримаслигимиз керак. Театр – маданият ўчоғи бўлиб қолиши даркор. Одамлар у ерда Шекспирни, Дантени, Орипов ва Чеховларни таниши керак. Бошқа миллат ва элат маданияти ва санъати билан яқиндан танишишлари лозим…

Қўпол қилиб айтганда, биз миллий-маданий марказ фуқаролари эмасмиз, биз Қирғизистон давлати фуқароларимиз, шуни тушунишимиз керак. Афсуски, бизнинг давлат раҳбарларимиз ҳам, агар сен ўзбек бўлсанг, демак сенинг тақдирингни ўзбек миллий-маданий маркази ҳал қилиши керак деб ўйлайди. Бу эса нотўғри. Кимнидир бирон бир лавозимга тайинлашда ёки уни унвон ёки давлат мукофоти билан тақдирлашда, ўша шахснинг касби-коридан келиб чиққан ҳолда, Маданият вазирлигими, Ёзувчилар, Бастакорлар, Журналистлар, Рассомлар уюшмаларими, ёки халқ маорифи ходими бўлса, фақат таълим вазирлиги орқали бундай масалаларни ҳал қилишлари керак. Акс ҳолда атиги бир нечтагина штати бўлган, бўлганда ҳам собиқ омборчи, ҳисобчи, ёки ишлаб чиқаришда хизмат ўтаган шахслар қандай қилиб маданият ва санъат соҳаси ходимлари, шоиру ёзувчиларнинг ижодий фаолиятига баҳо бера оладилар? Оқибатда ким ўша марказга яқинроқ бўлса, ким ўша ерда ишлайдиганларга қарашли бўлса, ким ўша ерни эгаллаб турганларга ёқса, ўшаларгагина эътибор қаратилади.

Менга кўп савол беришади: “нега сиз четда қолиб кетгансиз?” деб. Сабаби мен ўша миллий-маданий марказдан четдаман. Шунинг учун четда қолиб кетганман. Мен Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар уюшмаси аъзосиман. Нари борса менинг тақдиримни ҳал қилишга Маданият вазирлигининг ҳуқуқи бор деб ўйлайман.

Бу гапларни нима учун айтяпман? Мени 2000 йили Қирғизистон халқ шоири номига кўрсатиб, президент аппаратида Ўшдан борган делегацияга ҳужжатларимни жўнатишни айтишган. Ҳужжат жўнатиш қаёқда дейсиз? Делегация раҳбари, “агарда шу ерда бўлган гап Раҳим Каримнинг қулоғига етиб қолса, ҳамманг ишдан кетасан”, деганга ўхшаш гап қилган. Кўриб турибсизки, шу ердаям йўлимни тўсишган. Буни нима деса бўлади? Қирғиз биродарлар менга ҳурмат кўрсатиб, қўллаб-қувватлаб туришса-ю, ўзимнинг миллатдошларим бундан хурсанд бўлиш ўрнига, қарши чиқишса?

Бизда, ўзини лидер деб билганлар ўзбек номи учун курашаяпмиз, дейишади. Йўқ. Улар ўз номлари учун, ўз нафслари учун курашяпти. Бирор мансаб ёки мукофотни олиб қолсам, деб яшашади.

– Шунча ишлардан кейин ҳасадгўйларга қарши бирор чора кўришни истамайсизми?

– Йўқ, асло. Бу менинг хаёлимга ҳам келмаган. Мени ота-онам ҳақиқий мусулмон қилиб тарбиялашган. Бировлардан ўч олиш менинг феълимга ёт. Лекин мен нимаики адолатсизлик бўлса, барчасини Яратганга солиб қўяман. Мен адолатсизликларга қарши фақатгина шундай курашаман.

– Бирор лавозимда ишлашга иштиёқингиз борми ҳозир?

– Албатта. Нега энди бўлмасин? Айни куч-қувватга тўлган вақтим. Қолаверса, дунё миқёсида катта таржибага эга бўлдим. Бугун қўлим дунёнинг истаган жойига етади. Ўйлайманки, Марказий Осиё халқларига бемалол кўмак кўрсатиш имконига эгаман. Лекин туман, шаҳар, вилоят, республика доирасида юмушлар мени ўзига жалб қилолмайди. Мендан миллатлараро, халқаро муомалаларда фойдалансалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Акс ҳолда, мен бутун дунё билан олиб бораётган дастурларим, ғояларимни амалга оширавераман. Худо буюрса. Жаҳон адабиёти, маданияти ва санъатига, халқ дипломатиясига ҳисса қўшиб яшайвераман. Ер юзида тинчликни сақлаб қолишда, Одамзотнинг омон қолишида озми-кўпми ҳиссам борлигидан бахтиёрман.

– Бугун ижтимоий тармоқлар орқали ҳам сиз билан боғланиш осон эмас…

– Ҳа. Кўпчиликни блоклаб қўйганман. Сабаби ёзган нарсаларимни бошқалар билан бўлишишларини хоҳламайман. Олган унвонларим, мукофотларим, эришган ютуқларимни кўрмасалар ҳам ҳафа бўлмайман. Сабаби Дунё дегани фақат, ўшликлар ёки қирғизистонликлар дегани эмас. Дунё дегани бу икки юздан зиёд мамлакат, минглаб миллат ва элатлар, маданиятлар, адабиётлар дегани. Худога шукр, барчамизнинг Аллоҳимиз битта. Еримиз ҳам битта. Осмонимиз ҳам битта. Биз ҳаммамиз инсонмиз. Балким бу одамлар орасида менга қаршилари бордир. Бироқ мен ҳамманинг, ҳаттоки менга қарши бўлганларни ҳам тўғри ва соғлом яшашини истайман. Ҳеч кимга ёмонлик хоҳламайман, бўлгани уларнинг баъзи бирларидан ўзимни чеклаб қўйганман, холос.

– Ота-оналарингиз ҳақида ҳам қисқа айта кетсангиз.

– Отам Зокиржон Каримов Ўшда таниқли инсонлардан бири бўлган, мен ҳали Ер юзида бу инсон эришган обрўга эга бўлганимча йўқ. Раҳматли оламдан ўтганида дунёнинг ҳар бурчидан фотиҳа ўқигани одамлар келишган. Мен бунақа бўлолмадим. Отам кўп йиллар савдо соҳасида ишлаган. Шаҳардаги 3-4 нафар бадавлат инсонларнинг бири бўлган, шу сабабли Ўшнинг катталари кўп келарди уйимизга.

Таъна эмас, ҳар ҳафта уйда қўй сўйдириб, муҳтожларга улашарди. Дадамга, “нега бошқаларга қилганни бизга қилмайсиз” десам, “сенинг каминг йўқ, буларнинг кўнгли ўксик”, деб бизга кийим олса, уларгаям қўшиб оларди. Мен 17 ёшимгача одамларнинг уйига гўшт, нон, пул ташиганман. Афсуски, кейин ўша одамларнинг баъзилари арзимаган ичимлик суви учун мени кетмон билан чопмоқчи бўлиб келишди. Дунёнинг ишлари шундай экан. Ҳафа бўлмаймиз.

Онамнинг исми Зарифахон эди. Университет маълумоти бўлмаса ҳам, жуда доно, ақл-заковати теран аёл бўлгани учун бутун уруғ-аймоғимизни бошқарарди. Бировни душман санамаган. Бошига муштлаган одамнинг ҳам бориб, оёғини уқалаган аёл эди. Аллоҳ бор экан, одамлар ўнг ва чап томоним, орқа-олдимни тўсишгани билан осмонни тўса олишмади. Мана, осмондан ёрдам келиб, дунёга танилдим. Мен уларнинг барчасига: “ёшимиз бир жойга етиб қолди, эсдан чиқарманглар – бу дунё Аллоҳнинг мулки, биз уни ўзгартира олмаймиз”, деб эслатган бўлардим. Мен айтган гаплар менинг ота-онам айтиб улгуролмаган гаплардир. Мен ҳаётимда ўшаларнинг гапларини айтиб яшадим…

– Ижодий ютуқларингиз қандайдир даромад ҳам келтиряптими?

– Тирикликка яраша бўлиб турибди, лекин асосан қирғиз, рус ва инглиз тилида ёзган китобларимни сотиб олишади. Чунки ўзбек тилида китоб ўқимай қўйганмиз. Ўзбекларимиз китобларимни олишмайди, мактабларда эса китобларимни олдирмай қўйишган. Бироқ ёшларимиз китоб ўқиб, уларга тўғри йўналиш берилса, улар келажакда тартиб-интизомли, у дунёга борганда ҳам тўғри жавоб бера оладиган одамлар бўлиб етишишига шубҳам йўқ.

– Ҳаётда армонингиз борми?

– Армоним йўқ. Мен яшаган вақтимни, умримни санаб ўрганмаганман. Яратган жонимни қачонки оламан деса, бунга тайёрман. Тилагим шуки, одамлар бир-бирлари билан ўрнини билиб муомала қилишса. “Кўрпасига қараб оёқ узатишса”.

Менинг ниятим, шу ердагилар билан яхши-ёмон айтишмасдан, ширинчилик билан яшаш. Бу гапларни сиз сўрадингиз, мен айтдим. Бўлган гап шу, лекин мен уларни унутдим.

Мақсадим – халқимга хизмат қилиш, мактаб, университетларга бориб, ёшларимизга тўғри йўналиш, тарбия бериш, имкон қадар фарзандларимизнинг яхши инсонлар бўлиб етишишига хизмат қилиш. Агар керак бўлсам. Йўқ, ўтиравер дейишса, ўтиравераман.

Роса босим кучайиб турганда мени Швецияга чақиришган. Келинг, уй-жой берайлик, деб. Мен, ватанимни ташлаб кетмайман, деганман. Чунки буларнинг ҳаммаси – ўткинчи нарсалар. Менинг номимни абадий сақлаб қоладиган шеъриятим бор.

Абдумўмин Мамараимов суҳбатлашди.

Расмлар Раҳим Каримнинг шахсий архивидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг