Қалнур Ўрмушев: Миллий озчилик вакиллари ҳам ватанимиз учун бирдай куяди

Депутатликка номзодларнинг сифат даражаси, миллий кўпчиликнинг масъулияти, маъмурий ресурс ва бошқалар ҳақида.

Келаётган якшанба, 28 ноябрда Қирғизистон парламентига сайлов бўлиб ўтади. Атиги 90 депутатлик ўрнига 1600 нафар даъвогар бор. Сайловолди ташвиқоти қизғин паллага кирган пайтда биз бу ҳақда таниқли жамоат арбоби, сиёсатшунос Қалнур Ўрмушев билан суҳбатлашдик.

 – Қалнур Келдибекович, бугунги кунда сайлов амалиёти ва умуман демократия институтининг ўз даврини ўтаб бўлгани, давлат тизими ва бошқарувининг янги усулини топиш лозимлиги ҳақида гапирила бошлади. Сизнинг фикрингиз қандай?

– Демократик жамиятнинг муҳим кўринишларидан бўлган сайлов амалиёти бўйича танқид ва норозиликларнинг кўп экани тўғри. Лекин ўша танқидчилар ўз таклифларини бермайдиларми? Ҳа, айрим норозиликлар ўринли, лекин ҳозирча одамзот давлат ҳокимиятини шакллантиришнинг сайловдан ҳам мукаммал бўлган тизим ёки амалиётини ўйлаб топгани йўқ.

–  Қирғизистонда парламенти сайловининг янги қоидалар асосида ўтиши катта жанжалларга сабаб бўлади, деган хавфсираш бор…

– Ҳар бир янги нарсанинг ўзига яраша таваккалчилиги бўлади. Бу ерда ҳам шундай. Айниқса, бир мандатли сайлов округларида ташвиш туғдирадиган омиллар кўп ва улар қайсидир маънода ўринли. Хусусан, аҳолининг бўлиниб кетиши ва шу аснода низолар чиқиши мумкин.

Иккинчи томондан олиб қарасангиз, бундай хавф доим бўлиб келган. Масалан, 2005 йилдаги парламент сайлови янги тартибда ўтмаган, лекин ҳокимият уни эплолмади. Оқибатда, ўша пайтдаги президент Асқар Ақаев бугунгача ватанига келолмай, Москвада яшашга мажбур. Гап бу ерда биринчи галда қонунларда эмас, халқни виждон билан, ақл билан, билағонлик билан бошқаришда. Бу гап сайловни ҳалол ўтказа билишга ҳам тегишли.

–  Сайловда норозиликларга асосан маъмурий ресурснинг қўлланиши сабаб бўлиб келган. Ҳокимият, ҳамиша бўлганидай, бунга йўл қўйилмаслигини ваъда қиляпти. Бунга ишонса бўладими?

– Токи давлат ва ҳокимият бор экан, токи одам омили мавжуд экан, маъмурий ресурс ҳам бўлади. Ҳокимиятнинг ва ҳокимият учун курашнинг табиати асли шунақа. Афсуски, ундан фойдаланишни истаганлар ҳам оз эмас. Маъмурий ресурсдан тўла қутулиш истаги – ўзига хос романтика, хомхаёл. Бу гўёки жамиятда умуман жиноят бўлмаслигини орзу қилишдек гап. Жиноят тўла тугатилишини ҳамма хоҳлайди, лекин у ҳеч қачон тугамайди. Ҳокимият ва “ватанпарварман” деган ҳар бир фаол фуқаронинг, умуман жамоатчиликнинг вазифаси – ана шу ресурснинг қўлланишини имкон қадар камайтиришдан иборат.

–  Янги конституцияда парламент депутатларининг ваколатлари жуда қисқартирилган бўлса-да, депутат бўлишни истовчилар сони камаймаяпти. Бунинг сабаби нимада?

– Депутатлик мандати – сиёсатчи учун катта имконият. Аммо сиёсатдаги муваффақият ваколатга эмас, кўпроқ одамнинг шахси, унинг иқтидорига боғлиқ. Масалан, Иосиф Сталин на депутат, на президент ва на вазир, ҳеч ким бўлмаган, лекин у вақти келиб, қўлида мисли кўрилмаган улкан ҳокимиятни ўз қўлига тўплай олди. Бунга мисоллар жуда кўп. Мана, ўз президентимиз Садир Жапаровни олинг. Ҳатто қамоқда ўтирганда ҳам у Атамбаев ва бошқа сиёсий рақиблари учун хавфли шахс сифатида қолди. Инсонлар онгига, қалбига таъсир эта олди ва охир-оқибат ҳокимиятга келди. Гап одамларни, давлатни бошқара билишда. Муаммо шундаки, бизда Криловнинг масалидаги машшоқларга ўхшаб, нўноқ одамлар давлатни бошқаришяпти. Билим ва иқтидор бўлмагандан кейин, минг ўрин алмашгани билан яхши мусиқачи бўлолмайдилар.

–  Аҳволни ўнглаш учун жамоатчиликнинг ўрни қандай бўлиши керак?

– Бизнинг жамиятимиз кенг қатламли, турли сиёсий қарашларга эга бўлган одамлардан иборат. Афсуски, кўп дегани доим ҳам кучли, қудратли деган гап эмас. Масалан, Мустафо Камол Отатуркни бор-йўғи 5 фоиз фуқаролар қўллаган, лекин у Туркия жамиятини тубдан ўзгартириб юборди. Совет Иттифоқидай қудратли давлатни эса, мутлоқ кўпчиликнинг иродасига қарамай, бир ҳовуч одам парчалаб ташлади-ку…

–  Озчилик деганда миллий озчиликлар ҳақида айтмай бўлмайди. Ҳозирда уларнинг сайловдаги иштироки ҳақида нима дейсиз?

– Яхши савол. Ўзим миллий кўпчиликка алоқадор бўлганим учун бу савол мени ҳам кўп ўйлантиради. Бу масалада биз жуда оғриқли тажрибага эгамиз. Бу яхшимас, албатта. Бу соҳада тўғри сиёсат юритилмагани оқибатида фожиали ҳолатларни бошдан кечирдик. Жумладан, Компартия даврида ҳам. Буни унутмаслигимиз керак. Масалага эҳтиёткорлик билан ёндошиш керак. Ҳозир муҳими, сайлов туфайли масалани мураккаблаштириб олмаслик. Шуни тушунишимиз керакки, миллий озчилик вакиллари орасида ҳам билимли, тажрибали, сиёсий томондан пишиб етилган ҳамюртларимиз кўп. Миллий кўпчилик бу сўзларимни таъна сифатида қабул қилиши мумкин. Лекин миллий озчиликлар муаммоларини ҳал қилиш – айнан кўпчиликнинг ижтимоий масъулиятидир.

Бошқа миллат вакиллари Қирғизистонни миллий кўпчилик вакилларидан кам яхши кўрмайди, ватанпарварлик, ижтимоий масъулият, умуман ватан келажаги учун қайғуриш ҳисси уларда ҳам етарли. Давлат ҳокимият органларида миллий мувозанат бўлишини таъминлаши керак. Шу вақтнинг ўзида миллий озчилик вакиллари ҳам бу муаммони ҳал қилишда фаол бўлишлари лозим. Ҳеч нарсага қарамай.

Айнан яқинда бўладиган сайловда одамларимизнинг сиёсий-ижтимоий онги, эркин ҳаётга бўлган муносабати, фуқаролик масъулияти даражаси имтиҳон қилинади. Бугунги кунда бизга етишмаётган нарсалардан бири – фуқаролик масъулияти ҳиссидир. Одамлар яхши ҳокимиятга эга бўлиш учун шунга муносиб бўлишимиз кераклигини чуқур тушуниб етишлари шарт.

– Кўпчилик сайловларни овоз сотиш орқали пул ишлаш имконияти сифатида қабул қилмоқда…

– Фуқаролик масъулияти деганда шуни ҳам назарда тутяпман. Ҳар бир халқ ўзига яраша ҳокимиятга эга бўлади. Муносиб яшашни истасангиз, мана имконият – сайловда фаол иштирок этиб, ўзингизга маъқул келган номзодни сайлаб олинг. Овозингизни сотманг.

–  Сайлов жараёнида номзодларнинг бир қисми диний омилни қўлламоқда. Диний асосда партия тузишга интилишлар ҳам бор. Бу ҳақда фикрингиз қандай?

– Эҳтимол диндорларга гапим ёқмас, лекин бунинг салбий томони кўпроқ. Инсон аввало, айниқса бизнинг давримизда, Худодан ёки прокурордан қўрққани учун эмас, аслан ҳалол, виждонли ва ақлли бўлиши керак. Инсон худодан ёки прокурордан қўрққани учун эмас, бу – Ҳақ таолонинг талаби эканини идрок қилиб, виждонан, қонун доирасида яшаши керак.

Бизда рағбат воситаси сифатида кўпроқ жазо ҳақида айтилади. Охиратда дўзаҳни айтиб қўрқитишади, жумладан, ичкиликка қарши курашда ҳам. Албатта, буям яхши – одамлар ҳеч бўлмаса, Худодан қўрқишсин.

– Сиз яқинда Ўзбекистонда ўтган президентлик сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этдингиз. Бизда ва уларда ўтган сайлов жараёнида қандай фарқлар бор экан?

– Мени биринчи галда ҳайратга солган нарса – сайловчиларнинг фаоллиги, улардаги ташаббускорлик ва масъулият хисси бўлди. У ерда одамлар сайловга бировнинг қистовисиз, кўнгилли равишда келишаркан. Юзлаб одамларнинг сайлов участкаларида узун навбатда турганларни кўрдим. Мен эътибор берган яна бир нарса – сайловчилар орасида бошқа миллат вакиллари, масалан, ташқи кўринишидан славян халқларига мансуб кишиларнинг кўплиги бўлди. Ҳамма тартиб билан туриб овоз берганини кўрдим.

Биз Қирғизистонда демократия ҳақида ғурурланиб гапирамиз, лекин амалда нимани кўряпмиз? Бизда “навбат кутиб нима қиламан, сайлов натижаси шундоғам аниқ-ку”, деган гаплар кўп. Хўш, биз кимларни ҳокимиятга сайлаб келяпмиз? Ўзбекистонда одамларнинг яхши ҳокимият сайлаб олиш мумкинлигига ишончлари кучли экан. Бу, менимча, мамлакат эришган катта ва жиддий ютуқ, деб ўйлайман.

–  Ўрнак сифатида қўшниларимиздан нимани олиш мумкин?

– Бизда давлат бошқарувида билим, усталик етишмаяпти. Мен шуни яққол кўрдимки, қўшниларимизда давлат ҳокимиятида юқори малакали, кучли профессионал, билимдон кадрлар ишлашаркан. Давлат бошқаруви жуда юқори даражада йўлга қўйилган. Буни давлат бошқарувидаги асрий анъаналар билан тушунтириш мумкин. Давлат бошқаруви Каримов даврида ҳам ёмон эмасди, янги президент Шавкат Мирзиёев даврида бу нарса янада юксакларга кўтарилибди.

Сайловда иштирок этган номзодларни олинг. Уларнинг ижитимоий ҳолати, муносиблик даражаси ҳам ҳурматга сазовор. Умуман, Ўзбекистонда сайловлар аъло даражада ташкил қилинган.

Афсуски, бизда аҳвол яхши эмас. Буни менгина эмас, экспертлар ва оддий халқ ҳам айтмоқда, ОАВларда ёзишмоқда. Ҳали қилинадиган ишлар кўп. Масалан, бизда президент сайловига 70 номзод қатнашган, кимлар йўқ эди дейсиз, улар орасида?!

Рости, 28 ноябрь куни бўладиган сайловга отланган номзодларимизни кўриб, давлатимиз ҳокимият вакиллари ва депутатларнинг билими ва савиясини кўтариш устида кенг ва давомли иш олиб бориши кераклигини тушунасан…

– Қирғизистон парламентидаги 90 ўринга 1600 номзод даъвогарлик қилмоқда. Бу ахир барчага тенг имкониятлар берилганининг кўрсаткичи эмасми?

– Тўғри, шундай деса ҳам бўлади. Лекин мен буни кўпроқ масъулиятсизликнинг кўрсаткичи деган бўлардим. Буни автомобиль ҳайдовчиси мисолида тушунтира кетай. Агар сиз, масалан, “Д” тоифасидаги ҳайдовчи бўлмасангиз, автобус минишга ҳаққингиз йўқ. Минсангиз, жарима тўлайсиз, тўғрими? Бу ерда ахир давлат машинасини бошқариш ҳақида гап кетяпти-ку?

Хуллас, ҳайдовчи зўр одам бўлсин, бир неча тил билсин, лекин машина ҳайдашни билмаса нима бўлади? Давлат бошқарувида ҳам шундай. Иш билмасанг, билиминг етарли бўлмаса, сиёсатга келиб нима қиласан?

Ёки аввал судланган одамларни олайлик. Аввал қамалган бўлсаям, жазоимни ўтаганман, ёки айбим исботланган эмас, каби баҳоналарни айтиб, яна сайловга қатнашаверади. Бу энди ахлоқ масаласи. Кўриниб турибдики, у депутатликка муносиб эмас… Хуллас, бизда депутатликка ўз номзодини қўйишни, умуман ҳокимият органларида ишлашни истаганларга қўйиладиган талаблар жуда паст даражада. Шу сабабли ҳам ҳокимиятнинг одамлар олдида қадри, ҳурмати йўқ. Истаган одам унга интилаверади.

– Бу сайловларнинг натижалари борасида оптимистмисиз ёки…?

– Оптимистман (кулади). Шундай бўлишга мажбурман. Ватан келажаги, болаларимиз, набираларимизнинг келажаги ҳаққи, некбин бўлишга, яхшиликка умид қилиб яшашга мажбурмиз. Ахир, “Худо хоҳласа, ишлар ўнгидан келади”, деймиз-ку! Худога ишонган одам сифатида айтаманки, У бизни ёлғиз ташлаб қўймайди. Лекин биз ўзимиз тақдиримизга масъулиятсиз бўлсак, Яратган ҳам ўз ҳолимизга ташлаб қўйиши мумкин.

– Халқимизнинг тарихий тажрибаси, донолигига ишонсак бўладими?

– Боя ҳокимиятдагиларнинг ишбилармонлиги, аҳолининг ижтимоий, сиёсий етилганлиги ҳақида айтдик-ку. Афсуски, ўтган сайловларда халқимизнинг асосий қисми бу сифатларни кўрсата олмади. Масъулиятсизлик ҳозир ҳам бўляпти.

Менимча, сайловда, умуман давлат бошқарувида доноликнинг ўзи камлик қилади. Бунда “ўзимизники экан”, “яхши одам экан, сайлаб қўяверайлик”, деган гаплар бўлмаслиги керак. Сайловда аҳолининг сиёсий томондан пишгани муҳим, донолиги эмас. Афсуски, ҳозир мен сайловчиларимизни ана шу жиҳатдан “пишган”, деб айтолмайман. Бироқ аввал айтганимдек, яхшиликка умид қиламиз…

Қалнур Ўрмушев қизи Жамиля билан табиат қўйнида

– Суҳбатингиз учун раҳмат, саломат бўлинг!

 

Абдумўмин Мамараимов суҳбатлашди.

Расмлар Ўрмушевларнинг оилавий архивидан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг