ҚАДРИЯТ 

ҲАҚИҚАТНИНГ ТИКЛАНИШИ

    Бундан чорак аср муқаддам, 2000 йилнинг ёзи. Хонада ишлаб ўтирган эдим, дўпписини энсасига кийган бўйчан бир йигит кириб келди-да, қучоқлаб кўриша кетди. Бирон эски таниш шекилли, танимадим-а, деб хижолат билан сўрашаётувдим, у менга раҳмат айтиб, елкамга қоқди ва “ака, бир ярим тонна олдим, агар яна бир тонна қилиб берсангиз, ишим битар эди”, – деб илтимос қилди. Ниманинг бир ярим тонналигини сўрагандим, макулатура деб жавоб берди. Эҳ, деб ўтириб қолдим, демак кимдир менинг номимни сотиб, кутубхонамиздан шунча қоғозни бу савдогарга макулатура баҳосида пуллаган экан.

Кейин аниқлаб, тагига етдим. Ҳа, шундай иш бўлган экан. Айбдор одам жазоланди, сўнг ишдан кетди. Аммо бу билан йўқолган шунча нарса қайтиб ўрнига келармиди? Энг ёмони, уч ойлар аввал Москвадан хат олгандим, СССР давлат кутубхонаси раҳбари жой йўқлигидан баъзи ўзбек тилидаги газета ва журналларни Тошкентга, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат кутубхонасига бермоқчи бўлган экан. Улар орасида мен отини эшитган, аммо ўзини кўрмаган нодир манба – 1958-1960 йилларда Қирғизистон пойтахти Фрунзе шаҳрида чиқиб турган ўзбек тилидаги “Қирғизистон ҳақиқати” газетасининг уч йиллик тахлами ҳам бор эди.

Дарров Масковдаги элчихонамиз билан боғландим, уларнинг кўмаги билан айтилган бир неча юз кило юк Тошкентга етиб келди, қабул қилиб олдик. Бу орада кутубхонани бошқа бинога кўчириш бошланди, ҳар куни беш-олти юз одам китоб ташиш билан овора. Шу тўс-тўпалондан фойдаланиб, бояги одам зимдан анча-мунча манбани чиқитга чиқариш билан шуғулланибди. Афсус, “Қирғизистон ҳақиқати”нинг бояги қўл урилмаган тахламлари ҳам макулатура кушхонасида сўйилиб кетибди…

Нима ҳам қилар эдик? Бўлар иш бўлди, деб қолавердик, аммо ҳар замонда ўша можаро эсимга тушса, афсусланиб қўяр эдим.

Аммо тасодифни қарангки, орадан йигирма беш йил ўтгач, таниқли журналист укамиз Дилмурод Қирғизбоев, яқинда чой устида гаплашиб ўтириб, курсдош дўсти Аброр Ғуломовнинг қўлида “Қирғизистон ҳақиқати”нинг ўша сонлари тахлам ҳолида мавжуд эканини айтиб қолди. Аброржон уни ё Қирғизистонга обориб бериш, ё бўлмаса Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасига топширишни ўйлаб юрган экан. Аброржоннинг бобоси Нўъмон Ғуломов ўша газетанинг муҳаррири бўлган, ишлаган даврлардан хотира деб ўзи учун подшивка қилдириб қўйган, аввайлаб сақлаган экан. “Қирғизистон ҳақиқати” газетаси пойтахтдан Ўшга кўчирилиб, “Ленин йўли” номида вилоят газетаси мақомида чоп этила бошлагач, Нўъмонжон Ғуломов она шаҳри Тошкентга қайтиб келиб, Ўзбекистон пойтахтида ишлайди.

Бу гапни эшитгач, мен Аброржон билан боғландим, розилигини олгач, Миллий кутубхонамиз директори, асли Ўшлик синглимиз Умидахон Тешабоевага сим қоқиб, хушхабарни етказдим. Куни белгиланди, газета тахламлари тантанали равишда қабул қилиб олинди.

 

Ҳар бир ахборот манбаи беқиёс қадрли нарса. Баъзиларининг қиймати бугун билинмаса, орадан бир замон ўтиб тансиқ нарса экани аён бўлади. Энди, яхши биласиз, Ўзбекистон – ўзбекларнинг дунёда ягона давлати. Унинг Миллий кутубхонасида, нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг қаерида бўлмасин, ўзбек тилида чоп этилган, ёки ўзбеклар ҳақида босилиб чиққан нарсалар биринчи навбатда тўпланиши, тартибга солиниши керак. Зеро бу даргоҳ – бизнинг бош маърифий хазинамиз. Бир қиёсдан бунинг аҳамиятини ўзингиз билиб олаверинг: унинг Қўлёзмалар ва нодир нашрлар бўлимида дунёда бир дона бўлган 594 жилдлик “Туркистон тўплами” бор, ундаги география, ботаника, зоология, тарих, архитектура, ўлкашунослик, этнография, XIX асрдаги Туркистон ўлкаси ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва ҳоказолар шунча жилд китоб қилиб тайёрланган. Уни ўрганишга ой сайин дунёнинг турли мамлакатларидан олимлар, тадқиқотчилар келишади…

Шунинг учун “Қирғизистон ҳақиқати”нинг бу уч йиллик тўплами ҳам ўтган аср ўрталаридаги Қирғизистонлик ўзбекларнинг ҳаёти ҳақида маълумот берувчи нодир манба. Умида Тешабаева ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб чиққанидек, “Қирғизистонда ўзбек тилида нашр қилинган газетанинг Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида бўлиши муҳим. Дунёнинг қайси бурчагида бўлишидан қатъи назар, ўзбек тилида ва Ўзбекистон ҳақида чоп этилган манбаларнинг бўлиши, “Давлат библиографияси” юритилишининг тўлиқлигини таъминлайди. Демак, бугунги тақдим этилган газеталар ўша йиллари тайёрланган кўрсаткичнинг тўлдирилишига хизмат қилади. Қолаверса, тарихий, миллий, маданий, маърифий жиҳатларини кўзда тутган ҳолда, илмий изланувчилар учун, илмий тадқиқотлар учун муҳим манба бўлиб ҳисобланади”.

Албатта, “Қирғизистон ҳақиқати”нинг Миллий кутубхона фондига топширилиши ҳақидаги бу хабар изсиз кетмади, кўплаб китобхонлар унга муносабат билдиришди. Улар бу жуда савоб иш эканлигини айтиб, уйларида шу каби ноёб газета ва журналлар, китобларни сақлаётганлар учун ўрнак эканини, архив материаллари тарихни тўлиқлашда бебаҳо манба бўлишини таъкидлашди. Жумладан, филология фанлари доктори Мухтор Худойқулов 1958 йилда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида IV курсни битиргач, талабалар ёзда республиканинг турли газеталарига амалиётга йўлланма олганини ҳикоя қилади: “Курсдошларимиздан Ҳайитбой Ҳакимов ва Болтабой Юсупов ўша пайтда Қирғизистонда янги иш бошлаган ўзбек тилидаги “Қирғизистон ҳақиқати” газетасига боришади. Сентябрда биз ўқишга қайтдик, аммо улар келишмади – газета редакциясида ишда қолишди (кейин университетни сиртдан ўқиб битиришди). Бунга ўша янги газета таҳририятида журналистлар учун яхши шароитлар яратилганлиги, газета муҳаррири Нўъмонжон Ғуломовнинг ёш журналистларга оталарча меҳрибонлиги сабаб бўлган эди. Мен Нўъмонжон акани танирдим, атоқли журналист эди. Отахон журналистнинг набираси – бизнинг факультетимиз битирувчиси Аброржон ҳозир бу оилавий анъанани шараф билан давом эттиряпти, элга танилган яхши журналист”.

Шунингдек, кутубхонада ўтган тадбир юзасидан муносабат билдирганлар орасида таниқли журналист Раҳимжон Султонов ҳам бор. “Ўрнак оладиган, ибратли иш бўлибди, қани энди, қолганлар ҳам шундай ишлар қилишса!” – деб ёзади у киши. “1992 йили “Фрунзевец” – ҳозирги “Ватанпарвар” газетаси таҳририятида сақланаётган, Москвада чоп этилиб, Ўзбекистонда тарқатилган “Красная звезда” газетаси тўпламлари катта юк машиналарга ортилиб, макулатурага топширилганини ачиниш билан эслайман. Худди шу пайтда Американинг Колумбия университети кутубхонаси бу каби ҳарбий газеталар тахламларини исталган пулга сотиб оламан, деб қидириб юрган пайтлар эди…”

Ҳа, бугун биз, “булар ўтмишда қолиб кетган, энди ҳечкимга қизиғи қолмаган”, деб биладиган нарсалар, чунончи, 1972 йилнинг 14 октябрь куни чиққан бирон газетада бирон туман ё колхознинг пахта плани қанчага бажарилгани, ёки бир чўпоннинг 230 бош қўйдан қанча насл олгани каби хабарлар ҳам… бир кун келиб ким учундир жуда муҳим материалга айланиши мумкин. Уларда чоп этилган адабий-бадиий асарлар, очерклар, фельетон ва ҳоказолар эса инчунин.

Мен, масалан, “Қирғизистон ҳақиқати”нинг 1958 йилги бир неча сонида «Манас» эпосининг шу таҳририятда хизмат қилувчи шоирлар томонидан тайёрланган биринчи таржимасини кўрганман. Ким билади, қайноқ ижод билан ўтган ўша уч йилда яна қанча қизиқарли нарсалар чиққан экан бу газетада?

Ҳа, бу – тарих. У асралиши керак. 

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ходимлари шу кунларда “Қирғизистон ҳақиқати” тахламларини реставрация қилиш ва сканерлаб, электрон шаклини тайёрлаш билан шуғулланишяпти. Ана ундан кейин бу манба ўқувчиларга тақдим этилади ва унга ҳечким шикаст етказолмайди, саҳифаларидаги материални қайчи билан қирқиб кетолмайди.

Биз ўша куни Ўзбекистон миллий кутубхонаси раҳбариятидан, ушбу “Қирғизистон ҳақиқати” газетасининг бевосита давоми бўлган Ўш вилоят “Ленин йўли”, шунингдек мустақиллик йилларида – то 2025 йилгача чиқиб турган, иқтисодий қийинчилик сабабли бугунги кунда тўхтаб қолган “Ўш садоси” газеталарининг ҳам электрон нусхаларини тайёрлаш бўйича кўмак сўрадик ва бу илтимосимиз қабул қилинди.

Бироқ бунда бир масала бор: шунча газета подшивкаларини чегарадан олиб ўтиш, сканерлаб, яна Ўшга қайтариб олиб бориш маҳол иш. Шунинг учун ҳам, «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти бу масалада аввало Қирғизистон ўзбек миллий-маданий маркази раҳбариятидан, қолаверса савоб ишга бош қўшиш деганда пешонаси тиришмайдиган ҳашаҳарларимиздан ана шу масалага эътибор қилишларини сўраб қолади. Бир замонавий сканерлаш аппарати ижарага олинса ва унинг “тилига тушунадиган” бир малакали йигит икки-уч ой шуғулланса, тоғдай иш бажарилиши – барча нарсалар PDF электрон форматига ўтказилиши мумкин. У эса, йўқоладиган нарса эмас, иншооллоҳ.

Йўқса, 1960 йилдан бери – олтмиш беш йил давомида тўплаб келинган шунча бебаҳо манба, ҳечким сўраб-суриштирмаганидан кейин, “ажойиб кунларнинг бирида” қўққисдан йўқолиб қолиши, ёки кимдир кутубхонадаги ака каби уларни “макулатурага топшириб юбориши ҳам мумкин, худо кўрсатмасин, агар иш шунга қараб кетса, аттанг айтиб қолаверамиз, кейин тиклаб бўлмайди.

Ҳа, ҳозир бозор иқтисодиёти даври. Ҳеч кимнинг бўш вақти, ортиқча ҳафсаласи йўқ. Ҳаммамиз тирикчилик дея югуриб юрибмиз, тўғриси. Аммо  кўнглимиздаги қадрият туйғуси ўлгани йўқ-ку? Шундай экан, ХХ асрдаги Ўш ўзбеклари миллий ҳаётининг қомуси бўлган бу газеталарни сақлаб қолишга, келгуси авлодларга етказишга ҳар биримиз масъулмиз, бу бизнинг маънавий бурчимиз.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар