ҚАДРИЯТ 

ҒОФИР МАХСУМ

Асли марғилонлик, кейин ўшлик мўйловли Ғофир Махсум деса кекса авлод яхши танийди. У чиндан хам элпарвар жамоат арбоби эди.

Биз Ғофир Махсум ундоқ одам эди, мундоқ одам эди, дея анъанавий таъриф-тавсифга киришмадик. Унинг эл орасидаги саҳоватли ўнлаб ишларидан бир неча мисол келтирдик холос. Хулоса ўзингизга ҳавола. Барчамизнинг аждодларимизни Оллоҳ раҳмат қилсин, омин!

“АБДУҚАҲҲОРНИ УЙЛАНТИРАМИЗ”

Хуфтондан кейин дарвоза тарақлади. Очдим. Ранглари оқарган, паришон Абдуқаҳҳор экан.

– Дадангизни, Махсум акамни чақириб қўйинг,

Чақирдим. Абдуқаҳҳорнинг ношукур хотини яна “онамникига кетаман, бу уйни елкамнинг чуқури кўрсин»га ўтиб олибди. Кўч-кўронини йиғиштириб, ҳозироқ оилани тарк этмокчи.

Махсум aкa ён қўшниси элликбоши Жўрахон дадани (давлат ва жамоат арбоби Жўрахон Зайнобиддинов) чақирди, биргаликда низоли хонага кириб боришди. У тарафнинг ҳам, бу тарафнинг ҳам гапини обдон сабр билан тинглашди. Соатига саксон гапирадиган келин баланд келаверди. Ажралиш хавфи маромига етди. Гап тамом.

– Жўрахон, – деди чуқур хўрсиниб Махсум ака. – Ғишт қолипдан кўчибди. Нимаям қилардик.

Энди бу келинга насиҳатнинг фойдаси йўқ, Кетаверсин. Абдуқаҳҳор, сиз ҳозир қўшни Ўлмасбойни чақиринг, машинасини юрғизсин, келиннинг юкларини жўнатинг. Яна бир гап, Жўрахон. Абдуқаҳҳор укамиз бўйдоқ яшамасин, Жўрахон, сизнинг жиянингиз – эридан ажрашган Замирахон бор-ку. Ўшани шу ҳафтаёқ Абдуқаҳҳорга никоҳлаб кўяйлик. Иккаласининг юлдузи юлдузига тўғри келади, иншооллоҳ…

Махсум ака шу гапнинг ўртасида бир Жўра дадага, бир Абдуҳаҳҳорга зимдан кўз қисиб қўйди. Сирни фаҳмлаган Жўра дада ҳам бу таклифни маъқуллади.

– Жуда соз. Менга қолса эртагаёқ Замирани Абдуқаҳҳор билан учраштираман, – деди Жўра дада.

– Бўлди, гап тамом, омин. Тур, Абдуқаҳҳор, машинани чақир, келинни жўнат.

– Тўхтанглар, мен яна бир ўйлаб курай, – деб келиннинг минғиллаган товуши эшитилди.

– Ўйлаб нима қиласиз, – Жўра даданинг жаҳли чикди, – Кетаверинг, эрингиз хотинсиз қолмайди.

– Бугунча кетмай турай, – деб келин ёлворишга ўтди.

Хуллас, рашк ўти келиннинг ҳовурини пастлатди, Махсум ака қўллаган тадбир оилани сақлаб қолди. Келин-куёв ҳозиргача апоқ-чапоқ.

ДАРДИНГНИ ОЛАЙ, ХАЛҚИМ

Оқшом, Марғилоннинг Найманбўстон қишлоғидан келган зиёратчи меҳмонлар билан суҳбат авжида. Тўсатдан дарвоза очилиб, Жўрахон ака (Жўрахон Зайнобиддинов) билан шу маҳаллада яшовчи дўппидўз бева аёл Рисолатхон кириб келишди. Салом-аликдан сўнг, Махсум ака уларни четга, айвондаги сўрига чорлади.

– Ўзинг тушунтир, – деди Жўрахон ака аёлга.

– Кечаги бозор бешта ўзим тиккан дўппини сотувга олиб тушувдим, – хомуш сўзлай бошлади аёл. – Бирдан “обхес» босди деб ҳамкасбларим тирқираб қочишди. Мен улгурмадим. Новча мелиса йигит мени тутиб, ҳамма дўппиларимни тортиб олди. Дўппи сотсам, болаларимга озиқ-овқат, пойабзал олмоқчийдим. Биласизлар, эрим ўлган, уч болани шу ҳунар билан боқаяпман.

Аёл ўзини тутолмай йиғлаб юборди.

– Мабодо, ўша мелисанинг исмини билмадингизми? – деб сўради Махсум ака.

– Ёнидаги шериги «ҳой Исмоил ака», дегани қулоғимга чалинди.

– Исмоил обхсниям, мелиса началнигиниям Махсум аканг яхши танийди, сен хавотир олма, Рисолат, – деб юпатди Жўрахон ака.

– Ўша бешов дўппингизнинг нархи неча сўм? – дея сўради Махсум ака. Ҳайрон бўлган Рисолатхон “ўртача етмиш сўмдан сотардим”, деди ийманиб. Махсум ака меҳмонхонага кириб чикди ва аёлга бир тутам пул узатди.

– Бешта дўппингизни мен эртага мелисадан ажратиб оламан, у дўппилар менга қолади. Мана сизга уч юз сўм, розимисиз?

– Минг марта розиман, – деб ҳўнграб юборди аёл. Кўнгли бўш Жўрахон аканинг ҳам кўзларида маржон ёш балқиди. Хайрлашаётиб, “энди қўрқманг, Исмоилга тайинлаб қўяман, сизни таъқиб қилмайди, аксинча ҳимоя қилади», – деди Махсум ака.

Эртасига Махсум ака мелисахонага борди. “Катта жиноятчилар уёқда қолиб, шу муштипар бева-бечора аёлга кучинг етдими?” – дея дашном берди Исмоил мелисага. Бешала дўппини олиб келиб менга берди ва деди:

– Рисолат аяга олиб бориб бер, сотиб ками-кўстига яратсин. Қўққис пул берса, олиб юрма тағин!..

ТЕРИ ТОПШИРИНГ, КИРЗА ЭТИК ОЛАСИЗ

Ўтган асрнинг 50-60 йилларида “Заготживсирё” деган ҳайвон териси тайёрлов идораси бўларди. Гўшт комбинатидан ва аҳолидан сўйилган молларнинг, овчилардан бўри, тулки, қуён териларини сотиб олиб, Россияга қайта ишловчи, пойафзал тикувчи корхоналарга жўнатиларди.

Россиядан савдо ташкилотларига аҳён-аҳёнда келувчи кирза этиклар қўлма-қўл, яъни дефицит эди. Чунки бундай этикларнинг тагчарми ҳам, устки қисми ҳам қалин, қаҳратон совуқда иссиқ сақловчи теридан эди. Кирза этик кийган одамга катта-ю кичик ҳамма ҳавас қиларди.

Махсум ака “Заготживсирё”нинг масъул ходими эди. Аҳолидан тери йиғишда пешқадамлиги учун республика тайёрлов министрлигининг фахрий ёрлиқлари, пул мукофотлари билан бир неча марта тақдирланган.

Урушдан кейинги оғир тикланиш йиллари бўлгани сабабли тери ва бошқа хомашёларни топширгани учун аҳолига пул тўлаш муаммоси пайдо булди. Насияга ҳечким тери бермай қўйди. Хусусий кўнчилар рақобатга ўтишди.

Кунларнинг бирида “Заготживсирё” директори Беспалченко тери жўнатиш план-режасини бажара олмай боши қотиб ўтирарди. Махсум ака янги бир таклиф билан кириб келди.

– Мени Россияга хизмат сафарига жўнатсангиз. Омск, Томск, Пензагача бораман, шартнома тузаман. Пул эмас, кирза этик юбора қолишсин, биз уларга тери жўнатамиз. Аҳолига эса тери учун кирза этиклари ва болалар пойафзалларини, косибларга хром, амиркон териларни берамиз. Икки тараф ҳам хурсанд бўлади, – деди Махсум ака. Директор мамнунликдан ташаббускор ходимни қучоқлади.

Бу таклиф тез орада амалга ошди. Тери топширганлар ҳам, косиблар ҳам, кирза этик кийганлар ҳам мамнун, “Заготживсирё”нинг Ўш бўлими эса республика бўйича социалистик мусобақада ғолиб бўлди. Ташаббускор Махсум ака, яъни АбдуҒофир Мамажановнинг сурати Фрунзе шаҳри Ҳукумат уйи олдидаги “Ҳурмат тахтаси”га қўйилди.

МАСЖИДГА КЎПРИК

Ҳозирги Имом Бухорий номли Олой масжидининг дастлабки номи “Ёнғоқлик масжид” эди. Буни ўшлик тарихшунос адиб Одилжон Дадажонов ҳам “Кўҳна Ўш масжидлари” номли китобида таъкидлаган. Бундан 60-70 йиллар муқаддам ушбу масжид олдидан каттагина канал-анҳор оқарди. Aнҳор устидан масжидга ўтиладиган тахта кўприк бўлиб, айниқса жума намози кунлари ўтиш қийин, тирбанд ва хавфли эди.

Шафоат ҳожи ҳазрат ва Шоюнус қори домла бош бўлиб ана шу кўприк ўрнига кенгроқ, мустакамроқ кўприк қуриб бериш ҳақида Ўш шаҳар ижроия комитетига илтимоснома хат ёзилди.

– Бу хатни ижроқўмга Faфур Махсум олиб чиқади, – деди Шафоат ҳожи ҳазрат. – Махсум ижроқўм раиси Мамадали Қурбонов билан яқин ошна. Ишни тез битиради…

Кўприк қуриш масаласи бир ойга қолмай ижобий ҳал қилинди. Махсум ака ўзи бош-қош бўлди.

ИШОНЧ

(ҳикоя)

Қиш чилласи ҳукмрон. Кўкдан фаришталар ташлаётган қор заррачалари қалинлашиб салкам бир қаричга етиб қолди. Дераза рўпарасидаги сершох қайрағоч хам оппоқ либос кийди. Унинг қор тегмаган пастки шохларида мусича, олақанот, чумчуклар саф тортиб ҳурпайиб ўтиришибди. Аҳён-аҳёнда дераза тарафга мўлтирашади.

Мен деразадан мўраладим, одатдагидай қипиғи тозаланмаган буғдойдан икки ҳовучини дераза сиртидаги рахга сепиб қўйдим.

Биринчи бўлиб мусича учиб келди. Тиқ-тиқ-тиқ этиб, тўрт-беш дона буғдой чўқиди-ю, ортга қайтди. Икки сония ўтмай шеригини бошлаб келди, донни бирга баҳам кўргач, жойни олақарға билан чумчукларга бўшатишди. Улар ҳам уч-турт сония тиқ-тиқлашиб, учиб кетишди.

Бу ҳолатни кузатиб, ўйга толдим: қушлар қорни тўйди-ю, ортга қайтишди. Ҳалироқ еймиз, эртага еймиз, дея захира қилишмади, дондан тумшуқ тўлдириб инига олиб кетишмади. Зеро, яратган парвардигор барча жонзотнинг ризқини умрбод таъминлашга кафолат берган ва бунга қушларнинг ишончи комил эди. Улар шу онда, шу бугун қорни тўйганига шукроналар айтиб шодон чуғурлаша бошлади….

Биз осий бандалар-чи?! Қачон тўямиз?!

 

Абдуғани Абдугафуров

 

 

боғлиқ хабарлар