ҚАДРИЯТ 

БОБУРШУНОСЛИККА ОИД КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ

«Оқбура» сайтининг мухлислари ёдида бўлса керак, ўтган йили баҳорда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи адабиётшунос олим, тадқиқотчи Улуғбек Абдусалом томонидан қирғиз тилига таржима қилингани, бу китоб Бишкекда нашр этилгач, Бишкекда, Тошкентда, Зомин туманида бўлиб ўтган кўплаб анжуманларда китобхонларга тақдим этилгани ҳақида хабар берган эдик.

Шу анъананинг давоми ўлароқ, 2026 йил 16 февраль куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан “Бобурнома”нинг қирғизча таржимаси, шунингдек, Ўзбекистон

Республикаси Президенти қарорига кўра чоп этилган “Бобур асарлари луғати” ва “Туркий бобуршунослик” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда адабиётшунос олимлар, шоир-ёзувчилар, таржимон ва муҳаррирлар, тадқиқотчи ёшлар ва журналистлар, Қирғизистон элчихонаси вакиллари, шунингдек, онлайн тарзда республикамиз ва хорижий мамлакатлардан бир қанча олим ва мутахассислар иштирок этишди. Тадбирни кутубхона директори Умида Тешабоева очиб берди. Шундан сўнг китоблари ҳақида Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик жамияти раҳбари, адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов, Шаркшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев, олим ва журналист Тўланбой Қурбонов, Сувон Мели, Раҳимбой Жуманиёзов каби адабиётшунос олимлар, тилшунос олима, профессор Зулхумор Холманова, бобуршунос Ботирали Йўлдошев, “Бобурнома” асарининг қирғиз тилидаги таржимони Хосият Бекмирзаева, филология фанлари доктори Шуҳрат Ҳайитовлар сўзга чиқиб, ушбу китобларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди.

Тадбирда “Бобурнома” асари дунёдаги 20 дан ортиқ тилда, 40 дан зиёд вариантда мавжуд эканлиги, асар туркий тиллардан турк, озарбойжон, уйғур ва қозоқ тилларига таржима қилингани, “Бобурнома”нинг қирғиз тилидаги ушбу таржимаси эса  қирғизистонлик бобуршунос олима, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Хосият Бекмирзаева томонидан амалга оширилганлиги қайд этиб ўтилди. Қирғизистоннинг “Улуу тоолор” нашриёти томонидан чоп этилган ушбу китобга бир гуруҳ қирғиз ва ўзбек олимлари муҳаррирлик қилишган. Хусусан, Тўланбой Қурбанов, қирғиз ёзувчиси Абибилла Пазилов адабий таҳрир ишларини бажаришган.

Китобга Қирғиз Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, Қирғиз Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги “Мирас” жамғармаси бошқаруви раиси, тарих фанлари номзоди, профессор Кияс Молдоқосимов, Қирғиз Республикаси Миллий фанлар академиясининг академиги, А.А.Алтмишбаев номидаги Фалсафа институти директори, фалсафа фанлари доктори, профессор Нур Саралаев, шунингдек, тарих фанлари доктори, профессор Сулайман Қайипов илмий тақризчи сифатида қатнашган.

“Бобурнома” асарининг қирғизча таржимасига Қирғиз Халқ ёзувчиси, ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев кириш сўзи ёзган. Таржиманинг нашрдан чиқишида филология фанлари доктори, бобуршунос олим Шуҳрат Ҳайитов масъул муҳаррирлик вазифасини бажарган ҳамда таржимадан ўрин олган Бобур ҳаёти ва фаолиятига оид муҳим илмий-тарихий маълумотлар бўлимини ёзган.

Таржима таҳрири жараёнида Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, филология фанлари доктори Шуҳрат Сирожиддинов, Бобур халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов, адабиётшунос олим ва таржимон Зуҳриддин Исомиддинов, филология фанлари доктори, профессор Мақсуд Асадов ва доцент Дилафруз Муҳаммадиевалар ҳам иштирок этишгани таъкидланди. Жараёнда “Бобур асарлари луғати”да “Бобурнома”, “Бобур девони” ва “Мубаййин” асарларидаги сўзлар изоҳи берилгани, луғат Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида, “Адабиёт” нашриётида чоп қилингани қайд этиб ўтилди. Монографияда “Бобурнома”, “Бобур девони”, “Мубаййин”, “Хатти Бобурий”, “Аруз рисоласи” ҳамда “Рисолайи волидийя” асарларининг туркий тиллардаги таржималари ва улар юзасидан олиб борилган тадқıқотлар таҳлили амалга оширилиб, қиёслаш орқали ҳар бир таржиманинг ютуқ ва камчиликлари кўрсатилганлиги эътироф этилди.

Иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирган кеча якунида кутубхонага тақдимоти ўтказилган китоблар нусхалари топширилди.

Ўшлик таниқли ёзувчи Қўлдош Бекмирзаев домланинг қизи Хосиятхон Бекмирзаева қаламига мансуб ушбу таржима икки халқ ўртасидаги дўстлик алоқаларини кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ушбу нашр Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг яна бошқа асарлари билан ҳам қирғиз китобхонларини таништиришга йўл очади, шунингдек “Бобурнома”нинг яна янги таржималари йўлида илқ қада сифатида қадрланади, деб ўйлаймиз.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар