ҚАДРИЯТ 

ЎРТАНИШЛАР ПЎРТАНАСИ

Шундай адиблар борки, улар Ўшликми, ё Андижонлик – била олмай ҳам қоласиз. Муҳаммаджон Маҳжурий домла, Мирзакалон Исмоилий, Холдоржон Қуронбоев, Одилжон Абдураҳмонов. Ўшликларнинг талайи Андижоний бўлиб кетганлари каби, Андижон томонларда униб-ўсиб, Ўшга келиб ишлаганлари ҳам кўп.

Ёки санъат соҳасидаги ҳамкорликни, муштаракликни олинг. Ўш театрида яратилган, аммо илк бор эл ичида – катта саҳнада Андижонга бориб ижро этилган бир куй борки, у қадимги “Азимҳожи” таронасининг тезлатилган варианти эди. Бу куйни ҳозир дунё билади, нафақат ўзбеклар, Марказий Осиёдаги барча халқлар унга ҳар гал янгича жозиба бахш этиб рақсга тушадилар. Гап “Андижон полкаси” ҳақида кетяпти. Ё бўлмаса булбулнафас ҳофиз Толибжон Бадинов. У киши Избосканнинг Чувамасида туғилган, аммо эллик йилга яқин Ўш театрида ишлаган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Андижонни кўпроқ яхши кўрганми, ёки Ўшни, деган савол берилса, дафъатан бир нима дейиш қийин бўлиб қолади. Шоир Чўлпоннинг бир оёғи Андижонда бўлса, бир оёғи Ўшдан узилмаган. Бу ердаги файзли ҳовлиларига тез-тез келиб турган, Ўшлик адиб Раҳматулла Султонов (Иззат Султоннинг акаси) билан яқин дўст эди.

Хуллас, Ўш билан Андижон маданий ҳаёти қадимдан чамбарчас боғлиқликда бўлган. Ҳозир ҳам, бирон ҳафта йўқки, Ўш ва Андижон адабий муҳити вакиллари учрашмаган бўлса. Андижон – Фарғона водийси ижтимоий ҳаётининг марказида турган бўлса, Ўш ҳам бу маданий муҳитнинг фаол аъзоларидан бўлгани, бу қутлуғ анъана ҳанузгача давом этиб келаётгани қувонарли ҳол.

Уёғини сўрасангиз, то тўқсонинчи йилларгача Ўш шаҳри аҳолиси теварак-атрофга борди-келди қиладиган ўнлаб маскнлар ичида энг кўп қатнов ва йўловчиларнинг энг катта оқими Андижонга бўлар эди. Шунчаликки, автомашиналар кўпайиб, шаҳар ўртасидаги пассажир автостанцияси янгиланадиган бўлганида, у бояги омилни ҳисобга олиб, Ўшдан Андижонга чиқаверишга қурилган ҳам эди…

Яна адабий мавзуга қайтсак, Алишер Навоий таваллудининг беш юз йиллигини нишонлмш арафасида Ўзбекистон ҳукуматининг қарорига мувофиқ, шоир асарларини муфассалроқ ўрганиш ва нашр этиш учун 1939 йили Фанлар академияси қошида “Навоий қўмитаси” тузилади. Қўмитага турли вилоятлардан мумтоз адабиёт билимдонлари жалб этилиб, Тошкентга чақирилади. Ажабки, уларнинг аксарияти андижонлик эди: Маҳжурий, Ҳабибий, Анисий, Сайфий ва бошқалар… Бу бежиз эмас. Андижон элида азалдан адабий муҳит, аруз мактаби ривож топган. Навоий, Бобур руҳига яқинлик бир бошқача. “Навоий лаҳжасида сўзлаган Андижонсан”, деганда Абдулла Орипов ҳам худди шу омилларни кўзда тутган, албатта.

Эллигинчи-олтмишинчи йилларга келиб эса Восит Саъдулла, Улфат,  Амонулла Валихонов (Боқир), Ҳайитбой Азимий, сўнгроқ Олимжон Холдор, Тўлан Низом, Ёлқин (Ҳурибой Мирзакаримов), Қобил Мирзо, Ҳабибулло Исомиддинов, Суҳайлий, Нажотий, Абдуғулом Абдуғани ўғли, Музаффар Жаъфар сингари яна бир авлод ғазалхонлар қалам сурдилар.

Бугун ҳам Андижонда бир неча ижодий тўгарак, файзли адабий давралар бор. Яна аҳамиятлиси, бу давраларнинг негизида ғазал – Лутфий ва Навоийдан, Бобур ва Фузулийдан, Муқимий ва Фурқатдан, Ғафур Ғулом ва Эркин Воҳидовдан мерос, аммо ҳар бир қалбнинг муҳаббати билан янгиланиб келинаётган адабиётимизнинг бу кўҳна жанри балқиб туради. Олимжон Раҳимий, Фарид Усмон, Нусрат Абдусалом, Қамчибек Кенжа, Мунаввара Тиллабоева, Замира Рўзиева, Мўмин Саттор, Баҳодир Андижоний, Аваз Абдусалом, Орифжон Мелиев, Рўзихон Иминова, Толибжон Юсуфжонов, Ғолибжон Улфат ўғли, Равшан Мирзо, Икром Аслий каби ўнлаб шоиру шоиралар ҳозирги давр Андижон ғазалхонлари сафини ташкил этади. Улар бот-бот учрашиб, ижодий гурунгларда ё бир пиёла чой устида бир-бирларига “ҳисобот” беришади – янги ғазаллар ўқилиб, таҳлил этилади. Шунинг шарофати билан бугунги талотўп бозор замонида ҳам Андижон адабий муҳитининг қўри совимай келаётибди, тафти баланд.

Битилаётган ғазалларни шунчаки “аввалгиларнинг давоми” деб қабул қилиш ноўрин, уларнинг ҳар бирида янги фикр, янгича ифода бор. Ғазалга хос ифор, адабиёт учун бирламчи шарт бўлган бадиият, сўз санъати бор.

Андижон ёзувчиларининг сармуншийси Хуршида Ваҳобжон қизи-ку, аввал-охир ғазал шайдоси, бармоқ ва аруздаги битикларидан тузилган бир неча китоби нашр этилган. Буни қарангки, Хуршидахон ғазални шунчаки ёзмайди, унинг назариясини ҳам бир шеършунос қатори ўрганган. Маълумки, Навоийнинг “Мезонул авзон”, Бобурнинг “Муфассал” асарлари айнан аруз вазнлари тадқиқига бағишланган. Буюк салафларнинг невара шогирди бўлган бу шоира ҳам ўзи ёзаётган ҳар бир байт қайси вазнда эканини яхши билади, натижада уларни қоқиниб-туртинмай, равон ўқийсиз. Шоира замондош арузшунос, академик Абдулла Аъзам билан устоз-шогирдчилик, бойсунлик истеъдодли ғазалнавис, ёш бўлишига қарамай аруз билимдони бўлган шоир Алишер Муқимов билан доимий ижодий ҳамкорлик муносабатларида бўлишга ҳаракат қилади.

Шоиранинг аввалроқ “Ўзбекистон” нашриёти чоп этган “Янги тонг” китобида ҳар ғазал аввалида унинг вазни, тақтеъси кўрсатилганлиги ўзига хос янгиликдек эътиборимни тортган эди. Тўғри-да, китобхон асарни шунчаки ўқимай, унинг шаклий жиҳатларини дақиқлаштиришга ҳам ўтади. Шоира ғазаллари шеършуносликда “туркий аруз” деб номланадиган рамал ва ҳазаж баҳрининг турли вазнларида, бир-икки ўринларда мутақориб, сариъ, ражазда битилган.

Тўпламдаги ғазалларнинг фазилатларидан бири, ҳар бир сатрда сўз санъатларидан маҳорат билан фойдаланишга ҳаракат қилингани учун янги маъно ярқираб кўринади. Бунга ҳам қониқмай, шоира маснавийда ҳам дардли, образли тасвирлар ярата олган, масалан менинг учун бу мутлақо янги. Ўзи, маснавий деганда биз воқеалар (эпик) баёнини тасаввур қилар эдик, бироқ Хуршидахон лирик маснавий битишни йўлга қўйибди! Ўнга яқин шу йўсиндаги маснавийнинг ҳар бир байти ўзича тугал бир шеър тарзида ёзилибди. Гоҳо эса бу битиклар бутунлай янги бир жанр даражасига ҳам етади. Бандланиши бўйича маснавий тарзидаги шеърларни аввал бошида мен тўртликлардир деб хаёл қилган эдим, бироқ улар арузда, ўзига хос вазндаги ижод намуналари бўлиб чиқди. Қаранг, шеъриятимиз нақадар бой, имкониятлари эса қанчалар ҳадсиз-ҳисобсиз!

“Ватан меҳри” тўплами (“Адабиёт” нашриёти, Тошкен – 2025)даги арузий ашъор етмиш ғазал, саккизта маснавий ва саккиз мухаммасдан иборат. Очиғи, кўп кўрганмиз, айрим шоирлар улуғ ўтмишдошларининг машҳур ғазалларига не бир журъат ила тахмис боғлашга уринишади, аммо аксар ҳолларда савия жиҳатидан ўша шоирлар даражасига яқинлашмоғи мушкул бўлади. Негаки, жўровозлик қилмоқ учун ғазалнинг вазни, қофия-радифларига пайвасталашдан ҳам аввал, шоир ўша ғазал яралган дамдаги ҳолатни юракдан туйиши, ўша дард билан ўртаниши, ниҳоят… ўша савияга оздир-кўпдир яқинлашиши керак. Шоирамиз буни қанчалик уддалаганини исботлашни лозим топмаймиз, китобхоннинг ўзи ўқиш асносида бунга амин бўлади.

Мени адибанинг тил бойлиги, айниқса, хурсанд қилди. У қўллаётган арабий-форсий негиздаги айрим сўзлар ҳали луғатларимизда йўқ. Аммо шеърий матн, гўзал ифодалар бағрида бу калималар ўзбек тилига баҳузур кириб келади, шу тариқа, сўз бойлигимиз орта боради.

Китобнинг иккинчи ярмида “Меҳр” ва “Самойинур” деб аталадиган достонлар берилган. “Меҳр” сўзи-ку, тушунарли, инсонга, табиатга муҳаббат, қуёшдек ёғду сочиш, эзгулик улашиш. Аммо “Самойинур” – энг қимматбаҳо гавҳарнинг номи. Самойинур, Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романида Ҳасанали ота тилидан айтган, “жуда оз кишиларга муяссар бўладиган нозик юрак жавҳари” – олий муҳаббатдир.

Менинг назаримда, “Меҳр” ҳам, “Самойинур” ҳам биз ўрганган маънодаги шеърий достонлар эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи лирик қиссалардир. Ҳар иккиси ҳам шоиранинг унсиз ҳайқириғи. Меҳр ҳам, ишқ ҳам, азоб-изтироб ҳам, ўкинчу қувонч ҳам, таънаю дашном ҳам, одобу ҳаё ҳам, эҳтирослар пўртанаси ҳам мужассам бўлган уларда. Шаклан достонга ўхшамайди – катта-кичик турли вазндаги шеърлар. Аммо уларни лирик қаҳрамоннинг нидолари, хитоблари, фақат дафтарга тўка оладиган армону изтироблари бирлаштириб, яхлит асарга айлантирган.

Бу жиҳатдан, мазкур икки асар менга Миртемирнинг “Сурат” номли машҳур поэмасини эслатди. Унда ҳам бир шоир қалбнинг безовта уришлари, унсиз фиғонлари, беҳудуд армонлари бор. Фарқи – Хуршидахоннинг бу шеърий қиссаларида аёл зоти қалбидаги инжа туйғулар зуҳур этган, унинг дилида долғаланган исёнлар аёл ҳаёси, назокати ва нафосати билан пайваста ўлароқ барқ уради. Бу достонларга киритилган шеърлар жанр нуқтаи назаридан янада ранг-барангдир.

Фикрларни далиллаш учун мен атайин ғазалу мухаммаслардан, достонлардан мисол келтириб ўтирмадим. Зеро, китобхон дўстларимиз учун уларни топиш инкишоф этиш завқини беради.

Хуршида Ваҳобжон қизининг “Ватан меҳри” китоби сўз санъатимизда янги, оҳорли бир сўз бўлади, деб ишонаман. Бу асардан кўплаб нусхалар ҳозир Ўшга ҳам етиб борган. Ана шундай китоблар Ўш билан Андижон орасидаги илиқ адабий муштаракликни янада жозибадор қилиши шубҳасиз.

 

Зуҳриддин Исомиддинов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адабиётшунос.

 

боғлиқ хабарлар