ҲАВАС ҚИЛҒУЛИК ҲАЁТ ЙЎЛИ
Мўйдинжон Абдумажидов 1940 йил 5 декабрда Бозорқўрғонда таваллуд топган. Ўш пединститутини битиргач, 1967-1974 йиллари мактабда муаллим, илмий бўлим мудири бўлиб ишлади.
1974-2018 йилларда “Ленин йўли”, “Жалолобод тонги” газеталарида катта мухбир, бўлим бошлиғи бўлиб, оз эмас-кўп эмас, 44 йил хизмат қилди.
Устоз ижодкорнинг “Кечиккан муҳаббат” (2007), “Ҳаж – буюк ибодат” (2008), “Қуёшли довон” (2010), “Унутилмас рамазон” (2012), “Ёднома” (2014) китоблари нашр этилган. 2015 йили қирғиз-тожик ёзувчиси Мирзоҳалим Каримовнинг “Қизалоқнинг дил дарди” китобини ўзбек тилига ўгириб, чоп эттирди. 2016 йили шеър, ҳикоя, таржима ва публицистик мақолалардан иборат “Армон юки” китоби, 2017 йили “Биринчи муҳаббатим” ҳикоялар, 2022 йили рус ёзувчиси А.Лисенконинг “Кечиккан учрашув” ҳикоялар тўплами, 2023 йили “Юрган дарё” китоблари чоп этилди.
СССР (1977) ва Қирғизистон (1991) журналистлар уюшмаси аъзоси.
МДҲнинг “ Фидойи хизматлари учун” эсдалик кўкрак нишони соҳиби.
Ҳамиша ғайратлик, изланишдан толмаган, куйинчак ва камтарин устозга узоқ умр тилаб, фидойи шогирди, иқтидорли қаламкаш марҳум Ботиржон Ғозибоевнинг у кишига атаб ёзган бир манзумасини ҳавола этамиз. Умр йўлидаги саксон бешинчи довонни ортда қолдирган сиздай самимий инсонга “Оқбура” сайти мухлисларининг бир ҳафта кечиккан табриги экан бу, деб қабул қилгайсиз, Мўйдинжон ака!
Ҳурмат билан, Зуҳриддин Исомиддинов
ИЛОҲИЙ КЎПРИК
(устоз Мўйдинжон Абдумажидовга)
|
Довул кучаб, жала уйларни бузди, Бадбўй ҳид таратар қўланса балчиқ. Дарёлар қутуриб ўзандан тошди, Бугун шайтанатнинг ошиғи олчи.
Китоблар оқади бўтана сувда, Қатида аждодлар тарихин жамлаб. Хатто шерюраклар қолди қўрқувда, Шўрпешона она йиғлар “болам”лаб.
Оталар тушишган така-пукага, Фарзандлар ҳаётдан умидин узган. Қўл чўзса етолмас ака укага, Гўё иблис зулм уясин бузган.
Қаерда қолишди отгаминарлар, Кимга қилар энди эл шикоятин? Бир-бир қуламоқда азим чинорлар, Ҳар кимса сўйлайди ўз ҳикоятин.
Кўприклар бузилди соҳилдан четлаб, Тантана қилади фитнакор кучлар. Элни дегувчи йўқ юраги бетлаб, Отлар ўлганида ит базми кучар.
Бир кўприк кўринар кўкнинг тоқида, Инсонни инсонга эллаштирувчи. Оллоҳ неъматини бўлар чоғида, Аразлаб қолганни тиллаштирувчи.
Илоҳий кўприк бу, гўё камалак, Етти хил ранг сочиб жилоланади. Қўл чўзса етгудек гўзал бир малак, Лек бунга йўл бермас араз лаънати!
Кўприкки, номини дер АДАБИЁТ, Самога туташган, бузилмас асло. Буюк мавқе берган она табиат, Уни бахт кўшкига кўришар раво.
Ўзин бир аскар деб билади адиб, Қўлдаги қалами ҳеч жим туролмас. Ўксик кўнгилларни овутар ҳадеб, Кўприкдан бир ўзи асло юролмас.
Тинмай уқтиради кечаю кундуз Барча бандаларнинг биродарлигин. Эзгулик эканин энг ёрқин юлдуз, Ўзин деганларга дунё торлигин.
Томонлар тилини яхши билади, “Қўлни қўлга беринг, – дейди баралла. – Битта кемадасиз, офат келади, Таги тешилса гар, ишлатинг калла!”
|
Чақирар дўстларин тушириб эсга, Менгдибай, Шайлообай, Абдуманапни, Гуржи Герсамия, румин Брэеску Эллаштирадилар икки тарафни.
Қўчқор Бўрбуғулов, Қосим Сулаймон, Тожик Мирзоҳалим, инглиз Ҳенри, Ўнлаб ёзувчилар, насли славян, Аҳилликдан сўйлар, ёғилиб меҳри.
Барчасин ўгирар ўзбек тилига, Меҳр-ла сайқаллаб адибнинг ўзи. Дўстликни сингдирар инсон дилига, Беэътибор қолмас ҳеч кимнинг сўзи.
Руслар Соколова, Перлюк, Филенков – Булар ҳам адибнинг дил яқинлари. Новосибирскда дўсти Лисенко – Асарларин берган, дурдона бари.
Майрамбекни қаранг, муштдек бўлса ҳам Балчиқдан қутқарар бир кучукчани. Катталар лоқайддир кучга тўлса ҳам, Ўзига шириндир ҳар кимнинг жони.
Хаёлот эмас бу, маёқдай ёнган Адиб ҳаётидан олинган чизги. Оғир болалиги ортида қолган Инсондан сўзлайди ҳар уйғоқ сезги.
Адабиёт отлиғ кўприк элларни У соҳилдан бу соҳилга ўтказар. Маҳв этиб қўққисдан келган селларни, Ҳар инсонни муролига етказар.
Таърифга мухтожмас адиб аслида, Уруш болалари сафида бўлган. Онаси ўлганда, ўзга қўлида Орзу чечаклари қовжираб сўлган.
Навқирон сезади ўзини адиб, Ёши етса ҳамки уч кам саксонга. Уйидан чиқмасдан олмайди ётиб, Йўл бермайди ғулу, жанжал, яксонга.
…Жала ўтиб кетди, тинди довул ҳам, Қўрқинч солиб яна ортга қайтмасин. Оналар кўзида ҳеч кўрмайлик нам, Гўдаклар уқмасин гулдурак сасин.
Эл ичра яшаган доим қаламкаш, Қолади ҳамиша ўз эли билан. Хизматин қилади қолса ҳам яккаш Шу қўли, оёғи ва бели билан.
|
Ботиржон ҒОЗИБОЕВ (2018 йил).
