ОНА ТИЛИМИЗНИНГ БУГУНГИ АҲВОЛИ ҲАҚИДА

Курраи заминда 7000га яқин тил мавжуд, ҳар бирининг ўз хуқуқий мақоми, жаҳон миқёсида тутган ўрни ва қўлланиш доираси бор. Ўзбек тили ҳам халқимизнинг кўп асрлик маданий, маънавий-маърифий ва бадиий тафаккури, илмий салоҳияти маҳсули бўлиб, қадимий тиллардан биридир. Бетакрор бадиий ва илмий асарлари ила она тилимиз мавқеини кўтарган ва уни нечоғлик латиф ва рангин, луғат бойлиги миқдори жиҳатидан ҳам, ифода жиҳатидан ҳам бениҳоя қудратли эканини исботлаб бера олган буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий сўзни гавҳарга менгзайди. Она тилимиз ўзбек халқи тафаккури ва тасаввурининг сарҳадсиз эканини кўрсатади.

Тилнинг муқаррар яшаши, унинг софлиги шу тилдан фойдаланувчи халқнинг таффакурига ва миллий ўзлигига боғлиқ. Жамият ҳаётидаги турли эврилишлар, дунё халқларининг моддий, мафкуравий ва маданий алоқалари тилнинг ривожига ёки унинг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлади.

Мактабга қатнайдиган ёки мактабга чиқиш арафасидаги болангиз бўлса, бу мавзу сизни қизиқтирмай қўймаса керак.

Ҳар йили ёз ойларида янги ўқув йилига тайёргарлик бошланади. Ота-оналар фарзандларининг билим олишига шароит яратиш учун ҳаракат қилади, улар яхши ўқув даргоҳларида таълим олишини истайди.

Одатда, тил ёшликдан ўрганилади. Аввало оилада, боғчада, мактабда. Тил ўрганишда бадиий адабиётнинг, китобнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун она тилни айнан ёшликда ўрганиш ва ўргатиш керак. Биз ҳамма соҳада ўзимизга талабчан бўлсаккина бирор нарсага эришамиз. Бунинг учун меъёрни юқори қўйиб унга интилиш, меҳнат қилиш керак.

Бироқ масаланинг оғриқли томони шундаки, бошланғич таълимга ота-оналар фарзандларини рус синфларига беришмоқдалар. Энг ачинарли ҳолат – давлатнинг тайзиқи остида эмас, балки ота-оналар ўз хоҳишлари билан фарзанини ўзга тил синфларига бермоқда. Бизларни афсуслантирган ҳолат шуки, мурғаккина ўзбек, қирғиз болалари бошланғич таълимни ўз она тилларида эмас, ўзга тилда олмоқдалар. Фожиа шуки, бола дунёни Навоий тили билан эмас, Пушкин тили билан танимоқда.

Миллат тили ва адабиёти маънавиятимизни белгилаб берувчи омилдир.

Миллий тилнинг йўқолиши эса, бутун миллатни йўқотишдек фожиа.

Биз бошқа тилларни ўрганиш керак эмас, деяётганимиз йўқ. Халқимизда, иш билганга бир танга, гап билганга минг танга, деган нақл бор. Турли тилларни билган кишилар жамиятда азалдан жуда қадрланган. Жадидчилик ҳаракати намояндалари ҳам: «Тил воситаи робитаи оламиёндир», деганлар. Аждодларимиз ўз она тили билан бир қаторда бошқа тилларни ҳам пухта билганлар. Ақл-заковатини тил ўрганиш ва шу орқали ўзга тиллардаги билимлардан баҳра олишга бел боғлаганлар тарих саҳифаларида эзгу ном қолдиришган.

Аждодларимиз камида уч тилни мукаммал билган. Масалан, Амир Темур салтанатида девон ва ҳарбий истихборот бўлимида ишлаш истагини билдирган ҳар бир талабгор камида уч тил: девон тили бўлган форс, шариат масалалари тили бўлган араб ва ўзаро дипломатия тилларидан бўлган олмон, рум ва испан тилларидан бирида эркин сўзлашиш, ёза олиш, тинглаб ва ўқиб тушуна олиш маҳоратига эга бўлиши керак, деган талаб қўйгани тарихий манбаларда қайд этилган (Sharafiddin Ali Yazdiy “Zafarnoma”).

Аммо бошланғич таълимни бола албатта ўз она тилида олгани яхши.

Тарихда тилимизга эътибор сусайиб бораётганлиги ҳақида юз йил олдин жадидчи боболаримиздан Абдулла Авлоний «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» китобидаги «Ҳифзи лисон» мақоласида: «Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур. Ҳайҳот! Биз туркистонликлар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун, кундан-кун унутмак ва йўқотмақдадурмиз», дея бонг уради.

Она тилимиз ҳозирги кунга қадар бир қатор баланду пастликларни кўрган, кези келганда чўққиларни забт этган, кези келганда жарлик остонасида заиф ва бахтсиз титраган тилдир. Мустабид тизим даврида миллатнинг маданиятини, санъати ва тилини асраб қолиш учун курашган маърифатпарвар зиёлилар-жадидлар буни теран англаб етганлар. Зеро, миллатни асраш-унинг дину диёнати, имон-эътиқоди, аҳлоқ одоб, урф-одат, анъаналари ва тилини асраш демакдир.

Ўзбек тили қадимий ва бой тарихга эга бўлиб, унинг шаклланишида милоддан олдинги ва милоддан кейинги дастлабки асрларда минтақамиз ҳудудида яшаган бақтрийлар, сўғдийлар, хоразмийлар ва бошқа элат ва миллатлар ўз таъсирини кўрсатгани ҳақида мавжуд илмий манбалар далолат беради. Ўзбек тилининг ҳар томонлама тараққий топиши ва адабий тил сифатида майдонга чиқишида қадимий туркий тил катта ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлаш табиийдир.

Шу борада Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Отойи, Саккокий, Лутфий, Навоий каби илму фан ва адабиёт намояндаларининг хизмати ва қолдирган мероси муҳим ўрин эгаллаганини қайд этиш жоиз.

Буюк жадидимиз Абдулла Авлоний эътироф этганидек, “ Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинайи ҳаёти тил ва адабиётидур…” Тил воситасида ижодкор ўз тушунчаларини ёритади. Ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий: “Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”, деб бежиз айтмаганлар.

Бадиий адабиётда халқнинг орзу-армонлари, руҳий кечинмалари тил ёрдамида ифода қилинади. Миллий тилнинг йўқотилиши эса бутун миллатнинг ўзлигини йўқотишдек фожиага айланади. Миллий ўзлигини англамаган ёки англашни истамаган эл бошқаларга қул бўлишга маҳкумдир.

Ҳар биримиз она тилимизга эътиборли бўлишимиз, уни ардоқлашимиз, келажак авлодга нафосат ва назокатли тилимизни бутун гўзалликлари билан етказишимиз лозим. Бу иш бугунги авлоднинг келажак авлод олдидаги энг муқаддас бурчидир.

 

Одилжон Дадажонов, Ўш.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг