ШОШИЛИБ ҚАЁҚҚА БОРАМИЗ?

Бугунги ҳаёт оқимига назар ташлар эканман, шаҳару қишлоқларимиз энига ҳам, бўйига ҳам кенгаяётгани ва шунга яраша аҳоли ҳам, турли техника воситалари ҳам кўпаяётгани, албатта, қувончли. Аммо туман ва шаҳар марказларида пиёда юрган одамлардан енгил машиналар кўплигидан ҳайратланаман ва пиёда ҳам, уловдаги ҳам қаёққадир шошаётганини кўриб хаёлга чўмаман. Ва уларга “Эй инсон, шошиб қаёққа борасан? Сени ким қувалаяпти? Мунча ошиқасан? Шошма-шошарлик билан нимага эришасан? – деб сўрагим келади. Шошилиш ёмон оқибатларга олиб келган воқеалар гувоҳи бўлганим ва бу борада эшитган-ўқиганларим кўз ўнгимда гавдаланди.

Бундан 5-6 йиллар муқаддам хизмат сафари билан олис шаҳарга йўл олдим. Анча кенг автобусда бир нуроний отахон билан ёнма-ён ўтириб қолдим. Адирлик пойидаги қабристон ёнидан ўтар эканмиз, отахон бир нималарни шивирлаб юзига фотиҳа тортди. Отага тақлид қилиб орқа ва олд томондаги 5-6 йўловчи ҳам дуога қўл очди. Бурганди адирларидан ўтиб автобусимиз ўнг томон бурилиб йўлида давом этди. Шу пайт тезлиги 60 бўлган атобусимиз ёнидан ўқдек тезликда бир енгил машина ғизиллаб ўтиб кетди. Унинг ўтиб кетганини биров сезди, биров йўқ.

– Тавба, шунақа ҳам тез юрадими? – деди ёқасига пуфлаб кексароқ аёл.

– Иши жуда тиғиз бўлса керак-да, – деб гап қотди орқадан бир йигит.

– Шошилишнинг оқибати ёмон, – деди яна кимдир.

Бу гапларни эшитган ёнимдаги отахон соқолини силаб гап бошлади:

– 50-йилларда 15 ёшли йигитча эдим. Эшакаравага 10 қоп картошка юклаб, Андижон бозорига етказиш учун тонг саҳардан ярим тунгача йўл босиб борар эдик. Бугунги тезкор даврда нега шошиламиз? Машиналар ўқдек учгани учган, одамларнинг шошгани-чи? Ўша манзилига секин юрса ҳам боради-ку. Нимадан қуруқ қолаяпмиз? Бирон кор-ҳол бўлишидан ҳам қўрқишмайди, – дея отахон рўмолчаси билан юз-кўзларини артар экан сўзида давом этди. – Менинг отам салкам юз ёшида дунёдан ўтди. “Ўғлим, иш қилсанг шошилма, шунда пухта, сифатли иш бажарасан”, дерди. Ота-боболаримиз ҳам ҳар бир ишда ва ҳар бир нарсада асло шошма-шошарлик қилмаслик зарурлигини уқтирганлар.

Бир маромда кетаётган автобусимиз ёнидан ғиз-ғиз этиб турли енгил машиналар ўтиб кетмоқда. Отахон суҳбатига қулоқ тутиб анча йўл босиб қўйдик. Норин дарёси соҳилидаги шаҳарга яқин қолганда йўл тўсилгани боис автомашиналар тизилиб турарди.

– Ана, ҳали ёнимиздан ўқдек учиб ўтган иномарка. Қаранглар, тўғри йўлда тўрт ғилдираги осмонда, – деди йўловчилардан бири. Суриштирсак иномарка машина катта юк машинани қувиб ўтаётганда рўпарасидан яна бир юк машина келиб қолади ва қаёққа буришни билмай йўл четидаги дарахтзорга урилган. Ундаги уч йўловчининг бири ҳалок бўлган, икки киши қаттиқ жароҳат олган. ДАН ходимлари бу ҳолат сабабларини аниқлашаётган экан. Бу фалокатни кўриб ўйланиб қолдим. Машинани шитоб билан ҳайдаб, хавф-хатар билан ўйнашиш шартмикан? Ишлари шунчалик тиғизми ёки тезликни ошириб “ўқдек” учиш модага айланганми?

Яқинда интернетда шошилиш ёмон оқибатга олиб келган бир воқеани кўриб қолдим. Бу воқеа 2007 йили қиш ойларининг бирида Доғистонда содир бўлган. Муаллифнинг ҳикоя қилишича, Бўйноқса шаҳридан Махачқалъа шаҳри томон кичик автобус йўлга чиққан. Унда 15 чоғли йўловчи бўлган. Йўл олис, вақт шомга яқинлашган пайт бир намозхон йўловчи ҳайдовчидан шом намоз вақти бўлганини ва йўл бўйидаги масжидда тўхтаса ибодат қилиб олишини сўради. “Йўловчилар рози бўлишса тўхтаб тураман, намозингизни ўқиб олаверасиз”, дейди ҳайдовчи. Бу гапни эшитган йўловчилар шовқин кўтаради: “Бизнинг ишимиз жуда зарил, тўхтатманг шопир”, деган овозлар янгради. “Бари муаммо исломда, шундай совуқда намозга бало борми, тезроқ манзилга етайлик”, дейишди орқароқда ўтирган икки кексароқ аёл. Ваҳоланки, автобусдаги йўловчилар орасида биронта насроний бўлмаган, барчалари Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматлари эди. Ҳеч ким уни қўллаб-қувватламади. Намозхон автобусни тўхтатиб тушиб қолади ва кичикроқ масжидни топиб шом ибодатини адо этиб йўлга чиқади. Қоронғу ва ҳаво совуқ бўлишига қарамай йўл бўйида қўл кўтариб турганда Махачкалага кетаётган яна бир автобус келиб тўхтайди. Улар довонга чиққанда мудхиш воқеанинг гувоҳи бўлди. Ҳалиги шошилган автобус сирғаниб юк машинага урилган ва мажақланиб ётарди. Автобусдагиларнинг гапи ва хулқи Оллоҳга хуш келмаганми ёки тезроқ манзилга етайлик деб ҳайдовчини шоштиришганми, ишқилиб фалокат юз берган. Оқибатда намозга бало борми деган икки кекса аёл ҳалок бўлган, қолганлари турли жароҳатларни олишган.

Қуръони карим ва ҳадисларда ҳам шошилмаслик, ҳар бир ишни мулоҳаза билан адо этиш зарурлиги таъкидланган. Суюкли пайғамбаримиз ҳузурига бир киши шикоят билан келиб шундай деди: “Мен савдо қилганда доим алданиб қоламан, бирон нарса сотувчи ёки олувчи кишининг ҳийласи сеҳр-жодудек йўлимни тўсади”, – дейди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Олди-бердида алданиб қолишдан қўрқсанг, оладиган нарсангни уч кунда воз кечиш шарти билан ол, – деб маслаҳат берибди. – Шубҳа йўқки, шошилмай иш қилиш Раҳмондандир. Шошилишинг эса малъун шайтондан”.

Мавлоно Жалолиддин Румий шундай ёзади: “Оллоҳ еру кўкни аста-секин, олти кунда яратди. Агар истаса, “Кун” дейиши билан ер-у кўк яралиши тайин эди. Аллоҳ бунга қодир эди. Истаган ишингни шошилмасдан, лекин дуруст бир шаклда қилишинг лозим. Бундай маромда иш тутиш сенинг шуни ўрганишинг, англашинг учундир… Шошилмай иш юритган инсон иқболга, давлатга эришади”. Румий яна таъкидлайдики, “Нега бола тўққиз ойда туғилади? Чунки подшоҳларнинг одати ҳар бир нарсани аста-секин амалга оширишдир. Нега Одамотанинг яратилиши қирқ кун давом этди, нега тупроқ секинлик билан инсон ҳолига келтирилди? Аллоҳ сендек шошма-шошар эмас, эй хом сут эмган банда…”.

Ота-боболаримиз ҳам “Шошган – шайтоннинг иши”, “Шошган ишга шайтон қўшилар”, “ Шошганнинг иши унмас”, “Ошиққанинг ови юрмас”, “Шошган ўрдак ҳам боши билан шўнғийди, ҳам думи билан”, “Шошган пашша сутга тушар”, “Шошган қиз эрга ёлчимас”, “Очиққан ўлмас, ошиққан ўлар”, “Шошилган ишнинг пушаймони кўп”, деб беҳуда мақол айтмаган. Ҳар бир ишни ҳовлиқмасдан, кучни беҳуда сарфламасдан адо этиш зарур.

Шошқалоқлик, телба-тескари иш юритишда хосият ҳам, барака ҳам бўлмайди. Алишер Навоий шошиш, ошиқиш хусусида шундай ёзади:

 

Ҳар кимсаки, айламас ошиқмоқни хаёл,

Ёфроқни ифак қилур, чечак баргини бол.

 

Мўйдинжон АБДУМАЖИДОВ

журналист.

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг