НОВВОЙНИНГ ФАРЗАНДИ, НАВОИЙНИНГ ДИЛБАНДИ

     Бобом миришкор деҳқон эди. Ҳар йили бир гектарча ер олиб, қовун экарди. Ўн яшар бола чоғим, Ўшнинг ғарбидаги Жданов колхозидан ер олиб, полизга уннадик. Капа тикилди. Эртаси ўша ердан ўтиб кетаётган бир одам бобомни чақириб, хавотир билан бир нарсаларни тушунтирди. Нима гап десак, бизнинг капа турган жой инсу жинслар макони экан, шунинг учун биров кетмон урмай, тикон ўсиб ётар экан, биров ораласа, оғзи қийшайиб, эси оғиб қоларкан. Бобом бу гапга кулди, бир неча ҳафтадан бери шу ерда эканимизни айтувди, у киши ҳайрон бўлиб, майли, аммолекин ҳўв анови бир туп заранг атрофи бу ердан ҳам ёмон, унга яқин йўламанглар, деб тайинлади. Бобом эса, ўша куни пешиндан кейин капамизни бузди-да, ўша заранг тагига бошқатдан қурди. Хурофотни ёмон кўрадиган, том имонли одам эди…

Иброҳим Ғафуров шу жиҳатдан менга бобомни эслатади: “яқин йўлаб бўлмайдиган” асарларни, дунё адабиётининг энг мураккаб, бизда ҳали ўхшаши кўрилмаган, ўткир қиррали, услуби ўта мураккаб бўлганларини қидириб топиб таржима қилади, жаҳон адибларининг улкан паҳлавонлари билан бажонудил беллашувга тушади. Ҳар сафар енгиб ҳам чиқади.

Оқибат, ўзбекнинг қўлига улуғ бир асар етиб боради; лисоний-услубан мукаммал эканлигига кўра ҳам у она тилимизнинг муаззам бир обидасига айланади. Шу қадар муҳташамки, ҳали-бери нурамайди. Ана шулар ҳақида ўйларканман, бу фидойи сўз мардумининг салафлари – ўтган улуғ мутаржимлар ижоди ҳам ёдимга келади… йўқ, ҳеч бирови миллат маърифатини сақлаб қолиш, бунинг учун худа-бехуда асарларга қўл урмасликни принцип даражасига кўтаришда И.Ғафуровга тенг келмас экан –адибимизнинг ҳаётий аъмоли, ўз олдига қўйган мақсадлари шу қадар улуғ!

Маълумки, Иброҳим Ғафуровнинг ота-боболари оилавий ширмойпаз новвой бўлишган. Замона янгиланди, ёш Иброҳим адабиётга ихлос қўйди ва Навоийнинг нонини еб улғайди, яъни Алишер Навоийнинг мухлисига айланди, яъни унинг каби ўз асарлари ва таржималари тилининг бойлиги замонавий адабиётшунослигимизнинг катта ютуғига айланди.

Иброҳим ака таржималарининг энг муҳим жиҳати – унинг бадиий юксаклигида, сўзни нондай азиз билишида, увол-исроф қилмаслигида, ҳар битта калимани обдон синдириб пиширгач, ижод “тандир”идан узиб, сизу бизга пешкаш тутишида.

Кеча 22 январь куни Алишер Навоий Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида атоқли мунаққид, мутаржим, муаллиф, муаллим, муҳаррир  ва муқаввий, устод Иброҳим Ғафуров таваллудига бағишлаб “Иброҳим Ғафуров. Адиб. Мунаққид. Таржимон”  деб номланган илмий адабий анжуман бўлди. Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иброҳим Ғафуровга “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони берилиши муносабати билан айтган сўзлари туширилган видеолавҳа намойиши билан очилди. Анжуманда ўн олти илмий маъруза ва чиқиш, талабаларнинг Иброҳим Ғафуров қаламига мансуб “мансура”лардан ёд ўқишлари, дўстлар ва шогирдларнинг дил сўзлари янгради.

Иброҳим Ғафуров деганда бугунги ўқувчи Айтматов, Мопассан, Достоевский, Хемингуэй, Ницше, Маркес каби жаҳон адабиёти салафларини ўзбек тилида сўзлатган моҳир сўз устасини кўз олдига келтиради. Биргина Жойснинг “Улисс” романи мисолида бу таржималарга баҳо берадиган бўлсак, профессор Муҳаммаджон Холбековнинг бир эътирофини айтиш кифоя. “Ҳатто инглиз тилини мукаммал ўрганган таржимон ҳам Иброҳим Ғафуров таржимасидан устунроқ таржима яратолмайди, – деб ёзган эди М.Холбеков. – Иброҳим Ғафуровнинг ўзбек таржимачилиги ривожига қўшган ҳиссаси уни “Улисс”дек дунё адабиётининг шоҳ асари билан бойитди, ўзбек китобхонига уни тортиқ қилди”.

Ф.Ницшенинг “Зардушт таваллоси” романи таржимаси ҳақида ҳам, Мопассаннинг “Азизим” романи таржимаси ҳақида ҳам худди шундай ишонч билан айтиш мумкин.

Яна бир хотира. 1998 йилда Республика Байналмилал марказида Ч.Айтматовнинг етмиш йиллиги ўтказилган эди. Анжуманни бошқараётган Одил Ёқубов Қирғизистоннинг ўша пайтдаги элчиси Ботирали Сидиқовни минбарга таклиф этди-да, кейинги сўзни Ибройимжондан эшитамиз, деб эълон қилди. Бироздан сўнг Иброҳим ака Чинггиз Айтматов ҳақида қирқ дақиқалар чамаси… бир маъруза қилди! Ишонсангиз, бу Айтматов ижоди, унинг туб моҳияти ҳақида улкан бир кашфиёт эди. Олим Маркес, Борхес, Достоевский каби жаҳон адабиётининг ўнга яқин классиклари билан бирма-бир қиёслаб, Чинггиз оға асарларининг улардан тафовути ва… устун жиҳатларини бирма-бир далиллаб берди. Қирғизистон элчиси, профессор Ботирали Сидиқов ҳам қирғиз адиби ижодининг бу қадар теран таҳлилига оғзи ланг очилиб қулоқ солиб, Ўзбекистонда Чинггиз Айтматов ижодининг бу қадар катта билимдонлари борлигига имон келтириб, бир ўзбек олими улуғ адиб асарларини бунчалар эъзозлаётганига, фикрларини зўр академик даражасида пухта далиллаётганига лол қолиб ўтирар эди. И. Ғафуров фақат ўзбек адабиёти бўйича эмас, жаҳон сўз санъатининг ҳам заргар мунаққидларидан бири эканига ўшанда иқрор бўлган эдим. Бу қачон денг? Бир тўда рус “танқидчи”лари Чинггиз Айтматов номини эшитса, пешонаси тиришиб, улуғ адибнинг адабини бериб қўйиш учун бири олиб-бири қўйиб, унга ҳужум бошлаган йилларда ўша ғаламисларга берилган кескин жавоб, айни пайтда, ўзбек адибларининг бу масалага муносабати ифодаси ҳам эди.

Иброҳим Ғафуровнинг Чинггиз Айтматов асарларидан қилган таржималари айниқса характерли. Гап шундаки, у қирғиз адибининг сўнгги асарларини – интеллектуал жиҳатдан камолга етган, услубан мураккаб “Қиёмат” ҳамда “Қулаётган тоғлар” романларини она тилимизга ўгирди. Бу таржималар Чинггиз оғанинг дунёвий дард-изтироблари тўкис ифода этди.

Бундай таржималар ўзбек ва қирғиз халқлари орасидаги аҳилликни янада кучайтиришга катта ҳисса қўшади. Чунки уларда асарнинг нафақат умуминсоний, балки теран миллий хусусиятлари ҳам равшан акс эттирилади.

Иброҳим Ғафуров Чинггиз Айтматов асарларини қандай йўрға тил билан таржима қилганига мисол сифатида “Қиёмат” романидан бир парчани эътиборингизга ҳавола этайлик:

Ота-бобо замонларидан бери қақроқ саксовулзор саҳроларда тўда-тўда бўлиб умр кечирадиган, худди чексиз вақтнинг ўзи каби жуда қадим, чопиб чарчамайдиган, айритуёқ, қувушшох, дўнгтумшуқ шу жониворлар муртидан океан сувларини пуркаган китлардай бурунларидан пишқириб ҳаво олиб, пишқириб ҳаво чиқариб, кун ёришгандан кун ботгунга қадар тўхтамай югура олардилар. Улар ўзларининг абадий ҳамроҳлари – бўрилар таъқибига учраб, бирдан ҳаракатга келганларида, ўтакаси ёрилган бир сурук бошқасини талвасага солиб ўз ортидан эргаштирганда, сўнг уларга яна бир, яна икки, яна уч кийик тўплари ҳуркиб қўшилганда, сўнг яна ва яна янги-янги, катта-кичик тўдалар дам сайин қўшилаверганда – сайғоқлар Мўйинқумнинг кўз илғамас кенгликларида – адирлар, пасттекисликлар, яйдоқ қумликлардан худди ер юзига тушган тўфон каби тошганда, ана ўшанда замин гўё тескари айланаётгандай бўлар, ёз фаслида довуллар ҳамда дўллар савалагандай туёқлар остида тинимсиз гувиллар, шунда ҳаво қуюн янглиғ қўзғалар, осмонга чақин чақилгандай учқунлар сочар, ҳамма ёқни ҳайвон сурукларининг ҳидлари, ҳаёт-мамот учун бораётган телбаворий қувди-қочдининг ҳидлари тутиб кетар, бўрилар кийик издиҳомининг икки биқинидан ва орқасидан тўшлари ер бағирлаб чопишар, подаларни ўзларининг пистирмалари сари ҳайдаб боришга уринишар, пистирмада эса шўрлик қувғиндиларни ашаддий, сара ваҳший бўрилар кутиб туришар, улар саксовуллар орасидан бўриларга ташланишиб, хунрезлик қилишар, ўзлари ҳам улар билан баравар қора тупроққа думалаб-думалаб кетишар ва шунда сайғоқнинг кекирдагини шартта узиб ташлашар, варақлатиб қонини оқизишар, сўнг яна қочаётган пода ортидан таъқибни давом эттирар эдилар”.

Адибнинг “Қуръон” таржималари. Тажрибалар” деган биргина мақоласининг ўзиёқ биз нақадар улкан аллома билан бир даврда, бирга яшаб турганимизни англашга кифоя қилади. Мен уни мақола эмас, балки манифест мақола, деб атаган бўлар эдим. Домла ўн саҳифалик бу асарида Қуръони каримнинг ўзбек тилидаги беш маънолар таржимасини, бир неча тафсирини, шунингдек рус тилидаги тўрт таржимасини қиёслаб, эндиликда бу илоҳий каломнинг ўзбекча академик таржимасини бунёд этиш вақти келди, деб уқтиради ва фикрига буларнинг барчасидан мисоллар келтириб далиллайди. Иброҳим Ғафуров “Мангу латофат” китобида шундай деб ёзади: “Умрда шундай бир палла келади: донишмандлик палласи. Ақл чироғи равшан тортиб, равшан ёниб, равшан, ишончли зиё таратадиган палладир”.

И. Ғафуровнинг Ўзбекистон Қаҳрамони бўлиши – миллат фидойисининг меҳнатига берилган муносиб баҳо, ҳақли эътироф рамзи бўлди. Бу барча ўзбек мутаржимлари учун ҳам байрам.

 

Зуҳриддин Исомиддинов

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг