ЕТМИШ ҲАЖНИНГ САВОБИ

Не кунларни бошдан кечирди

Бу жафокаш кўҳна Туркистон.

Гоҳ порласа кўкда қуёши,

Гоҳ кундузин босди зимистон.

 

Гоҳи куйлаб булбули шодон,

Чечаклари ифор уфурди.

Гоҳи ҳоким хазонрезгилик,

Мардумлари қонлар тупурди.

 

Минг тўққиз юз йигирма тўртда

Беимонлар бурдалаб қўйди.

Шўрпешона аҳли Туркистон

Бу заволни қисматга йўйди.

 

Роҳатини кўрди-ю пича

Валинеъмат бўлмиш шўронинг,

Сохта экан суянган тоғи,

Лойи чиқди тузум-расвонинг.

 

Завол бўлди “…истон-истонлик”

Бурдаланган Туркистон учун.

Замонаси қилди ғайирлик

Қирғиз, ўзбек-бир инсон учун.

 

Туркистонни элтдилар жарга.

Раҳмон Наби, Асқар Ақайлар.

Раҳнамолик қилолмадилар

Тафаккури калтабақайлар.

 

Саломлашай деса қардошлар,

Қўли етмай қолди қўлига.

Ўртадаги “Хитой девори”

Шафқатсиз ғов бўлди йўлига.

 

Совуқ дийдор бўлди ғанимат,

Қазо қилса гар ота унда.

Чегарада тутунсиз куйиб,

Фарёд урди фарзандлар бунда.

 

Аза, тўйда аранг бир бора

Юз кўришди қавму қариндош.

Авом тилаб Ҳақдан мурувват,

Умид билан қилдилар бардош.

 

Лаҳзали йўл ўн соат бўлди.

Анклавлар ҳукмига қараб.

Энди қайтиб келмасми сира

Якка ҳовли-Туркистон, ё Раб?

 

Кириш-чиқиш бўлгач ҳисобли,

Қут-барака кетди бозордан.

Қўрқар эдим гар Андижонда

Қазо қилсам, жой йўқ мозордан!

 

Чегарада ўқлар узилиб,

Икки қондош қони тўкилди.

Замонанинг зайлига лаънат,

Эгиз миллат қадди букилди.

 

Кулги камёб, ғам-ғусса бисёр,

Юракларни эзарди харсанг,

Икки халқнинг қалбини бирдек

Ғурбат юки босарди-ҳамсанг.

 

Ҳайрият, бор экан рўшнолик,

“Музлик даври” топди ниҳоя.

Мирзиёев туфайли энди

Эримоқда муз босган қоя.

 

Томирлардан қонлар югирди

Хазон рангли сўлғин юзларга.

Шавкат омад эшигин очди

Ворисимиз йигит, қизларга.

 

Етмиш ҳажнинг савоби тегди,

Хизрнафас Шавкат донишга.

Ўнглангуси замон тобора,

Энди ҳожат йўқдир нолишга.

 

Осмонимиз бўлсин мусаффо,

Порлаб турсин Қуёш, Ой-ҳилол.

Бизлар жабрин тортдик бемисл,

Авлодимиз кўрмасин завол.

 

Туркотанинг авлодларига

Кўҳна Турон якка мусалло.

Бетаҳорат, бадниятлардан

Ўзинг доим асрагин, Олло!

 

Дўстлар кулиб, душман йиғлади,

Кўкка отди дўпписин авом.

Кўз тегмасин ушбу толега,

То қиёмат бўлсин бардавом!

 

Қурбон Саттор

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг