ШОЮНУС ҚОРИ
Шўро замонида Ўшда етук қорилар бармоқ билан санарли бўлиб, Қоравой қори, Ипак қори, Чарос қори, Қосимжон қори, Дадажон қори, Мақсудали қори, Исмоилжон қори, Чўлоқ қори, Сибғатуллоҳ қори, Шафоат ҳожи ва бошқаларнинг номи анча танилган эди. Жумладан, Шоюнус қори – ХХ асрнинг биринчи ярмида Ўш ва унинг атрофидаги ҳудудларда фаолият юритган йирик диний арбоб, муршиди комил ва мударрис сифатида танилган.
У 1895 йилда Ўш шаҳрининг Тошлоқгузар маҳалласида ҳунарманд ва тақводор оилада дунёга келган. Отаси Шоюсуф пичоқчи замонасининг маърифатли, диний илмларга ҳурмат билан қарайдиган кишиларидан бўлиб, фарзандининг тарбиясига алоҳида эътибор қаратган.
Шоюнус қорининг дастлабки таълими оила муҳитида бошланган. Болалигидан зийрак ва хотираси мустаҳкам бўлгани сабабли у қисқа муддат ичида Қуръон тиловатини пухта ўзлаштирган. Кейинчалик у ўша даврнинг машҳур мутасаввиф уламоларидан бири – Моид қоридан таълим олган. Қуръони Карим, тафсир, фиқҳ, ақоид ва тасаввуф илмини чуқур ўрганиб, устозидан иршод-ижоза (мурид тарбиялаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома) олгани унинг нафақат қорилик, балки муршидлик мақомига ҳам эришганини кўрсатади.
Ўн икки ёшида Қуръони Каримнинг ўттиз пораси (тўлиқ матни)ни ёд олгани манбаларда алоҳида таъкидланади. Бу ҳолат унинг ёшликданоқ юксак зеҳн ва ирода соҳиби бўлганини далиллайди.
Бироқ ХХ асрнинг 20-30 йилларида масжид ва мадрасалар қатағон сиёсатидан жабр кўрди. Уламолар таъқиб қилинди, кўплаб ибодат масканлари ёпилди. Шундай мураккаб шароитда ҳам Шоюнус қори илм ва маърифат анъаналарини сақлаб қолишга ҳаракат қилди.
1943 йилда давлат томонидан диний фаолиятга маълум даражада рухсат берилгач, у расман имомлик ва мударрислик хизматини бошлади. Тошлоқгузар маҳалласидага ёндош “Ёнғоқлик” масжидига имом-хатиб этиб тайинланди. Ушбу масжид ҳозир Имом Бухорий номи билан маълум. Шоюнус қори ушбу масжидда тахминан ўн саккиз йил давомида хизмат қилиб, умрининг охиригача жамоатга имомлик қилди.
Тадқиқот манбалари ва замондошлар хотираларига кўра, унинг имомлик фаолияти даврида ҳар жума куни масжидда жаҳрий зикр мажлислари мунтазам равишда ўтказиб турилган. Бу мажлислар нафақат ибодат шакли, балки жамоатни маънавий жиҳатдан тарбиялаш, қалбларни поклаш ва диний илмларни мустаҳкамлаш воситаси сифатида ҳам муҳим бўлган. Демак, бу ҳудудда тасаввуфий анъаналар узлуксиз давом этган, ҳатто мураккаб ижтимоий-сиёсий шароитларда ҳам маънавий ҳаёт тўхтаб қолмаган.
Замондошлари Шоюнус қорини ўз даврининг етук алломаси, чуқур тафаккур соҳиби бўлган мударрис сифатида эътироф этишган. У киши фақат диний масалаларда эмас, балки ахлоқий тарбия, жамоат бирдамлиги ва маърифий ишларда ҳам фаоллик кўрсатган. Илмга чанқоқ ёшлар унинг суҳбатларида қатнашиб, нафақат назарий билим, балки одоб-ахлоқ ва руҳий камолот сабоқларини ҳам олганлар. Шу жиҳатдан, унинг фаолияти маҳаллий диний-маърифий муҳитда алоҳида ўрин тутган.
Ўшлик кекса авлод вакилларининг гувоҳлик беришича, «Раҳматли Шоюнус қори домла ўта ғайратли, тиниб-тинчимас, қўли очиқ, саховатли киши бўлган. Боамал қори, закий ва обид эди. Мол-дунёси бор, аммо дунёга муҳаббатлари йўқ эди. Илм ортидан асло тирикчилик қилмаган. Китобларга муҳаббати ўзгача эди. Кексайган чоғида ҳам Тошлоқгузарда косибчилик қилар ҳамда зиё улашарди. Мухлис ва шогирдлари жуда кўп эди. Ҳазрат қори домла илм тарқатишда ҳеч қачон тама қилмаган».
Шоюнус қори авлодлари ҳам илм ва дин йўлидан борган. Унинг катта ўғли Шомуҳаммад домла олий диний маълумот олиб, араб тилшунослиги соҳасида етук мутахассис бўлиб етишган. У киши Бухоро мадрасаларида таҳсил олгани қайд этилади. Кейинчалик Марказий Осиё миқёсида таниқли уламо сифатида танилиб, кўп қори ва уламоларнинг устозига айланган.
Бу ҳолат Шоюнус қори хонадонда илм ва маърифат анъанаси мустаҳкам шаклланганини кўрсатади. Уларнинг фаолияти минтақанинг диний-маърифий ҳаётида муҳим ўрин тутган.
Шоюнус қори домла 1963 йил 12 январда Ўш шаҳрида вафот этган ва “Сармозор” қабристонига дафн этилган.
Шоюнус қори шахсияти ХХ аср бошларидаги анъанавий диний таълим тизими, мустабид давр шароитида маърифатни сақлаш ҳаракати ва кейинги диний уйғониш босқичлари билан чамбарчас боғлиқдир. Унинг ҳаёти ва фаолияти Ўш шаҳри диний-маърифий муҳитининг муҳим саҳифаларидан бирини ташкил этади. Илмий ва маънавий мероси эса авлодлар орқали давом этган барқарор уламолар сулоласини вужудга келтирган.
Одилжон Дадажонов
