Чўпдан ҳадиксирашмоқда. Россия эшиклари муҳожирлар оилалари учун ёпиладими?
Россияда таклиф қилинган янги қонун меҳнат муҳожирлари оилаларини пойгакда қолдиришга қаратилган.
РИА Новости нашри тарқатган хабарга кўра, Россия Давлат думасига меҳнат муҳожирлари ўз оилаларини Россияга олиб келишни тақиқловчи қонун лойиҳаси киритилмоқда. Лойиҳа ғояси бунгача ҳам ўзининг маъни-бемаъни таклиф ва баёнотлари билан машҳур бўлган марҳум Владимир Жириновский асос солган Россия либерал-демократик партиясидан (ЛДПР) чиққан.
Ҳужжатнинг зарурлигини асослаш хатида айтилишича, «меҳнат шартномасига асосан вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган чет эл фуқаросининг оила аъзоларига мамлакатга киришни тақиқлаш таклиф этилмоқда». Лекин бу тақиқ ҳаммага тегишли эмас.
Лойиҳа муаллифлари гап фақат меҳнат шартномаси ёки патент асосида Россияда бўлиб турган, бироқ мамлакатда яшаш учун бошқа қонуний асосларга, масалан, Россия фуқаролигига эга бўлмаган, паст малакали мутахассислар ҳақида кетаётганини иддао қилишмоқда. Бу тақиқ юқори малакали меҳнат муҳожирларининг оила аъзоларига ҳам дахл қилмайди.
«Меҳнат мигрантларининг оилалари уларни ўз ватанида кутиши лозим. Россияга келган иш билан таъминланган хорижликларнинг яқинлари бир тўда бўлиб олиб яшайди, ўз тилларида сўзлашади ва маҳаллий аҳолига беписанд муносабатда бўлади. Бу муаммоларнинг барчасини бартараф этиш ва малакасиз хорижликларга ишга жойлашиш даврида оиласини олиб келишни тақиқлаш керак. Келди, ишлади – уйига кетсин! Бошқа йўл бўлиши мумкин эмас,» – деган партия раҳбари Леонид Слуцкий РИА Новости агентлигига.
Ҳозирда мавжуд қонунларга кўра, меҳнат муҳожирларининг фарзандлари ва ишсиз турмуш ўртоқлари оила бошлиғининг меҳнат шартномаси ёки патенти асосида Россияга кўчиб келиши ва яшаши мумкин. ЛДПР аъзоларининг фикрича, бу “назорат қилиб бўлмайдиган миграция оқими ва ижтимоий кескинликка олиб келмоқда”.
Қонун лойиҳасида кўрсатилишича, “оила бошлиғининг меҳнат шартномаси ёки патенти мавжуд экани унинг оила аъзоларига Россияга кўчиб келишга асос бўла олмаслиги керак”.
Сўнгги пайтларда Россиянинг турли минтақаларида меҳнат муҳожирларига нисбатан нафрат туйғулари акс этган норозиликлар айтилиши оддий ҳолат бўлиб қолди. Бундай норозиликлар давлатнинг юқори лавозимли амалдорлари томонидан ҳам расмий равишда айтилиб келади. Жумладан, Федерал тергов қўмитаси раҳбари Бастрикин доимий равишда меҳнат муҳожирлари ҳовлисига тош отиб, уларга қарши чораларни кескин кучайтиришни таклиф қилиб келади.
Сўнгги йилларда Россия аҳолисининг сони кескин камая бошлагани кузатилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, мамлакат аҳолиси сони йил сайин тахминан 700 минг кишига камаймоқда. Аҳвол шу тарзда кетаверса, 150-200 йил ичида Россия аҳолиси бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин. Бугунги кунда мамлакат аҳолиси сони айнан Россия фуқаролигини олган меҳнат муҳожирлари ҳисобига кескин камайишдан сақланиб турибди.
Жорий йилнинг июнида чет эл журналисти билан мулоқотда Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистонда аҳоли сони ўсишидан ҳайратда эканини яширмаган. Бу мамлакат аҳолисининг йил сайин қарийб миллион кишига ортиб бораётганини ва бу кетишда тез орада 60 миллионли Франция аҳолисидан ҳам ўтиб кетишини эслатган эди. Шу билан бирга Путин Россиянинг мусулмонлар яшаган ҳудудларида ҳам туғилиш суръати юқори эканини ва бунинг ижобий кўрсаткич эканини айтган. Бироқ шу вақтнинг ўзида тилга олинган қонун лойиҳаси ва бошқа ташаббуслар кўрсатиб турибдики, Россияда ҳам, Европада бўлганидек, мусулмон аҳолисининг сони ортиб бораётганидан ҳадиксираш кучайиб бормоқда.
Икки йилдан буён Украинага қарши олиб борилаётган урушда Россиянинг насл қолдиришга лаёқатли ёшда бўлган эркаклари кўплаб ҳалок бўлмоқда. Бу ҳам мамлакат аҳолиси сонига кескин ва узоқ муддатга салбий таъсир қилиши аниқ. Шу сабабли охирги пайтларда расмийлар урушга бошқа миллат вакиллари, жумладан меҳнат муҳожирларини жалб қилишга кўпроқ ҳаракат қилмоқдалар.
Россиядаги турмуш тарзининг мураккаблиги ва бошқа сабабларга кўра, мусулмон бўлмаган маҳаллий аҳоли орасида туғилиш суръати тобора камайиб бормоқда. Айрим жойларда меҳнат муҳоирларининг сони маҳаллий аҳоли сонидан кўпроқ бўлиб бораётгани ҳақида маълумотлар бор. Аҳволни ўнглаш учун қабул қилинган қонунларда янги чақалоқ туғилган оилаларга жиддий молиявий ёрдам берилиши кўзда тутилган.
Масалан, биринчи чақалоқ учун бир марталик 24 минг рубл атрофида ва ишламаётган оналарга ойига яна 9 мингдан 18 минг рублгача ёрдам пули берилиб турилади. Бундан ташқари она капитали сифатида 630 минг рубл нафақа берилади. Иккинчи чақалоқ учун она капитали 822 минг рубл атрофида бўлиб, унга қўшимча (агар аёл биринчи она капиталини олган бўлса) яна 200 минг рубл берилади.
Лекин ҳаёт кўрсатиб турганидек, берилаётган катта миқдордаги ёрдам пули ҳам аҳволни ўнглашга ёрдам бера олмаяпти. Европа маданияти таъсирига тушиб қолган ёшлар туғишни истамаяпти, чунки уларнинг наздида “бола туғиш ва унинг тарбияси оғир юк бўлиб, каръера қилишга, ўз ҳаётини муносиб равишда қуришга ҳалақит беради”.
Сўнгги йилларда аҳоли сони кучли инқирозни бошидан кечириб, ишчи кучларга эҳтиёжи ортиб бораётган Европа давлатлари ҳам Марказий Осиёдан меҳнат муҳожирларини жалб қилишга интилмоқдалар. Жумладан, Қирғизистондан сўнгги икки-уч йил ичида давлат дастурлари орасида минглаб фуқаролар Европа давлатларида ишлаб келмоқдалар. У ерда шароитлар ва меҳнат ҳаққи Россиядагидан бир неча баробар ортиқ.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди.