Тикланиш: Шарқ тароналари яна Самарқанднинг машҳур Регистонида янграйдиган бўлди

Ушбу нуфузли анъанавий халқаро мусиқа фестивали коронавирус пандемиясидан кейин ўтказилмай қолган эди.

Қадимий Самарқанд шаҳрида 1997 йилдан бери ўтказилиб келаётган «Шарқ тароналари» XIII халқаро мусиқа фестивали 26-30 август кунлари яна Регистон тарихий-маданий мажмуасида ўтказиладиган бўлди. Бу ҳақда журналистларга Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, фестивалнинг асл бренди Регистон майдони бўлсада, жорий йилда уни Самарқанднинг «Боқий шаҳар» мажмуасида ўтказиш ҳақида қарор бўлган. Лекин оқибат натижада тадбирни яна ўзининг тарихий ўрнида ўтказишга келишиб олинди.

Озодбек Назарбековнинг маълум қилишича, халқ орасида фестивалнинг Регистон майдонида ўтказилишига нисбатан кўп эътирозлар билдирилиши ва шу сабабдан бу сафар тадбирни бошқа жойда ўтказиш ҳақида гап бўлган. Бу ҳақда матбуотда хабарлар ҳам чиққан эди. Бироқ ҳаёт расмийлар қабул қилган қарорга ўзининг тузатишларини киритган. Тадбир жойини ўзгартириш 27 йилдан буён ўтказилиб келаётган халқаро фестивалнинг нуфузи тушиб кетишига сабаб бўлиши мумкинлиги маълум бўлди. Бу қарор сабаб ҳатто кўплаб хорижий давлатлардаги иштирокчилар бу йил «Шарқ тароналари»да қатнашиш фикридан ҳам қайтишган.

“Чунки «Шарқ тароналари»нинг асл бренди бу — Регистон, фестивалнинг мазкур майдонда ўтказилиши ҳамма учун қизиқ. Экспертлар Регистон майдонини ўрганиб, ўзларининг талаблари ва хулосаларини беришди. Уларнинг талаблари асосида жорий йилги фестивални Регистонда ўтказишга қарор қилдик», – деди маданият вазири.

Назарбеков бу йил фестивалда дунёнинг етмишга яқин мамлакатидан 300 нафардан зиёдроқ санъаткорлар, олимлар, соҳа мутахассислари қатнашиши кутилаётганини маълум қилди.

Фестивалнинг очилиш маросими 26 август куни бўлиб ўтади. Икки кун давомида (27-28 август) «Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади.

Тадбирнинг асосий, энг оммабоп дастурлари 27−29 август кунлари бўлиб, уч кун давомида соат 19:00 да фестиваль иштирокчилари ўртасида кўрик-танлов ўтказилади. Танлов иштирокчиларининг санъати халқаро ҳайъат томонидан баҳоланади.

Фестивалнинг ёпилиш маросими 30 августда бўлиб ўтади. Шу куни танлов ғолибларига мукофотлар топширилади. Ғолиблар икки йўналиш бўйича аниқланиб, уларга диплом, рамзий ҳайкалча ва пул мукофотлари берилиши кўзда тутилган.

Фестиваль низомига кўра «Гран-при» мукофоти 10 000 доллар миқдорида белгиланган. Агар халқаро ҳайъат унга муносиб номзод топилмади, деган қарорга келса, «Гран-при» берилмайди.

Фестивалда ҳар икки йўналишнинг бирида I ўринни олган икки иштирокчига 5000 доллардан мукофот берилади, иккита II ўринга (ҳар бир йўналиш бўйича) 3500 доллардан ва III ўринни олган уч жамоа ёки иштирокчига (ҳар бир йўналиш бўйича) 2000 доллардан мукофот пуллари белгиланган.

Шунингдек, «Энг ёш иштирокчи», «Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи», «Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси» каби номинациялар ғолиблари махсус диплом ва 500 доллар ўлчамида пул мукофоти билан тақдирланадилар.

Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти қўлловида 1997 йилдан буён Самарқанд шаҳрида ўтказиб келинаётган фестиваль охирги марта беш йил аввал 2019 йилда бўлиб ўтганди. Кейинги йили фестиваль COVID-19 пандемияси сабабли ўтказилмай қолган ва шундан буён ушбу нуфузли маданий тадбир қайта тикланмай келаётган эди.

Оқбура, Тошкент.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг