Қувонайми ёки… Имкон яратилди, гап ундан фойдаланувчиларни топишда қолди

Узоқ йиллик танаффусдан сўнг яна ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларини тайёрлаш имкони яратилди.

Ўш шаҳридаги Қирғиз-Ўзбек халқаро университетида (ҚЎУ) 5 июл куни «Таълим дастурини амалга оширишда миллий мактаблар ва олий ўқув юртларининг ўзаро ҳамкорлиги” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда педагогика фанлари номзоди, доцент Назира Тилекова жорий йилдан тортиб университетда мактаб битирувчиларини ўзбек тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича ўқитишга имкон яратилганини маълум қилди.

“Қирғиз филологияси қошида ўзбек гуруҳи очишга таълим вазирлигидан рухсат олинди. Ҳурматли мактаб директорлари, марҳамат қилиб битирувчиларингизни бизнинг янги бўлимга олиб келсангиз бўлади”, деди Тилекова.

Янги очилган гуруҳга киришда абитуриентларга қандай имтиёзлар борлиги ҳақидаги саволга Тилекова ҳозирча талаб ҳаммага бирдай эканлигини, қўшимча янгиликлар бўлса эълон қилишини билдирди.

Давра суҳбатида Ўш шаҳри ва Ўш вилоятидан ўзбек тилида ўқитиладиган мактаб директорлари, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари, олийгоҳнинг ўқитувчи ва олимлари қатнашдилар.

Давра суҳбатини ҚЎУнинг ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор А. Мамасидиқов очиб бергач, Қирғизистон Фанлар академиясининг академиги, техника фанлари доктори Муҳаммаджон Мамасаидов “Миллий мактабларга дарсликларни тайёрлаш ва бунда Дарсликлар тайёрлаш марказининг роли ва ривожланиши” тўғрисида маъруза қилди. Академикнинг айтишича, ўзбек тилидаги дарсликларнинг аксарияти Қирғизистон таълим вазирлиги тасдиғидан ўтган қирғиз тилидаги дарсликларнинг ўзбек тилига таржимасидир. Фақат ўзбек тили ва адабиёти дарслигини қирғизистонлик муаллифлар махсус ёзадилар.

“Ўзбекистоннинг ҳеч қандай иштироки йўқ дарсликлар яратишимизда. Баъзан эса мусиқа дарслигимизда ҳам бироз ўзгаришлар бўлади. Тўғри, камчиликларни тан оламиз, ҳар бир соҳа каби дарсликлар тайёрлаш марказимиз ҳам бора-бора такомиллашади, ривожланади. Бугунги давра суҳбати менга жуда маъқул келди, марказимизнинг эшиги сиз, ҳурматли мактаб директорлари ва ўқитувчилари учун ҳамиша очиқ. Янги таклифлар ва талабларни албатта инобатга оламиз”, деди Мамасаидов.

Аравон туманидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги 15-ўрта мактаб директори Анваржон Маҳмудов “Таълим дастурини амалга оширишда миллий мактабларнинг бугунги аҳволи, дарсликлар билан таъминланиши” мавзусида гапириб, фикрлари билан ўртоқлашди. У ўзи ишлаётган мактаб мисолида бугунги кўпчилик таълим муассасаларидаги мавжуд ютуқ ва камчиликлар ҳақида сўзлади. Ўз мактаби ҳақида ҳисобот каби маълумотлар билан касбдошларини таништирди.

Шундан сўнг, “Таълим соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда олийгоҳ ва мактабларнинг ўзаро ҳамкорлиги” тўғрисида Назира Тилекова маъруза қилди. “Суҳбатимиз аввалида ҳурматли ректоримиз ҳазил аралаш айтган гапини эсга олайлик. Яъни, биз, мактаб болаларга сифатли билим бермай олийгоҳга жўнатишади десак, мактабдагилар аксинча, олийгоҳлардан саводсиз ўқитувчилар чиқиб, болаларга етарли таълим бермаяпти, дейишади. Ўйланиб-ўйланиб, охири бола боғчалари айбдор деб топилганидек, ўрта таълим ва олий таълим бири бири билан узвий боғлиқ. Ҳар икки тизим ходимлари етук мутахассислар чиқаришга бирдек айбдормиз, аслида”, деди Тилекова. Тилекова бундай давра суҳбатларини, олийгоҳ ва мактаб ўқитувчиларининг ҳамкорлигига бағишланган тадбирларни ўқув йилининг охирида эмас, бошиданоқ бошлаш кераклигини айтди.

“Биз мактабларга амалиёт учун юборган талабаларимиз иши устидан назоратни ҳам икки томонлама бирдек олиб боришга масъулмиз”, деди у.

Маърузалар тинглангач, иштирокчилар ўзаро очиқ мулоқот, савол-жавоблар қилишди. Тарих ўқитувчиси Феруза Амадалиевага кўра, Ўш шаҳрида рус синфи очилмаган, тоза ўзбек тилида ўқитиладиган биттагина мактаб (44-ўрта мактаб) қолган. Қолган 54 мактабнинг 53 тасида ўқиш ўзбек, қирғиз ва рус тилида аралаш олиб борилади. Амадалиева бугун кунда рус тилида ўқитишга бўлган талаб жуда юқори эканини, бироқ ўқитиш сифати ночор эканига афсус билан эътибор қаратди.

“…Бироқ ўша рус тилини ҳам қирғиз мактабларимизда қирғиз миллатига мансуб ўқитувчилар, ўзбек мактабларида ҳам ўзбекзабон ўқитувчилар амаллаб ўтишаётгани сир эмас. Яъни, кадрлар масаласи катта муаммо. Энди натижага келсак, болалар учала тилни ҳам равон билмаяётгани аянчли ҳолат”, – деди Амадалиева.

Бундан ташқари, педагогнинг айтишича, авваллари мактаб ўқувчилари 17 предметни аранг ўрганаётган бўлишса, бугун улар 22 предметни ўрганишмоқда.

“Бу ҳам таълим сифатига акс таъсир кўрсатяпти. Жаҳон андозаларида эса 15 та предметдан ортиғини ўқитиш яхши эмас, дейилган. Шу икки масалани ҳам жиддий ўйлаб кўриш керак”, – дейди Феруза Амадалиева.

Мавзунинг аввалига қайтадиган бўлсак, бу йил ҚЎУнинг қирғиз филологияси факультети қошида очилган ўзбек тили ва адабиёти гуруҳига абитуриентлар етарлича қатнашадими, йўқми, ҳозирча номаълум. Ўзбек тили ва адабиёти дарслари қисқариб кетаётган ва мавжуд ўқитувчиларга ҳам дарс соатлари етмаётган бир паллада ким ҳам боласини бу гуруҳга бераркин, деган савол очиқ қолмоқда.

Таҳририятдан: Қолаверса, бундай бўлим аввалроқ Ўш давлат университетида ҳам очилган, бироқ унда ўқиш учун талабгорлар чиқмаган эди. Бу Қирғизистондаги ўзбек халқи вакиллари учун фарзандларини она тили ва адабиётини ўқитиш нақадар муаммоли бўлиб қолганидан ташвишли дарак бермоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм муаллифники

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг