Орамиздаги ажойиб одамлар: Қўшиқчи, деҳқон, боғбон ҳамда тўқувчи опа
Наримонлик Манзура опага қараб туриб, бир одамнинг шунча ишга қандай улгураётганига лол қоласан…
Афсуски, халқимизнинг азал-азалдан севиб тинглаган классик қўшиқлари, халқ оғзаки ижодига мансуб лапарлар бугунги кунда камроқ янграмоқда. Ҳамон турли тадбирларда, тўй-маросимларда уларни куйлаб, элга маданий озуқа бериб келаётган юртдошларимиздан бири Манзурахон опа Мамадалиева.
Манзурахон опа қўшиқ куйлашга ёшлигидан қизиққан бўлса ҳам, асосан 2010-йилдан кейин тадбирлар, тўй-маросимларда ўз истеъдодини намоён қила бошлаган. Бунга унинг қирғиз, ўзбек, уйғур, тожик халқлари қўшиқларини куйлаб, миллатлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга ўз хиссасини қўшишга интилиши сабаб бўлган.
“Отам миллий қўшиқларни севиб тинглар, ўзи ҳам ҳиргойи қилиб юрар эди. Ҳақиқий санъат шинавандаси эди. Шундан бўлса керак, ундаги хислат менга ҳам ўтган. Ёшлигимда Тошкентдан хонандалар концерт қўйгани келишса, саҳнанинг пастида уларга ҳавас билан қараб турардим. Бир марта бўлса ҳам шу ердан туриб ҳамқишлоқларимга қараб қўшиқ куйласам, деган орзу билан яшаб келардим. Худога шукр, ана шу орзуларимга эришдим”, – дейди у.
Манзура опадаги бу иқтидор кўп йиллар давомида унга ҳеч тинчлик бермай келди. 34 йил Ўшдаги тўқимачилик комбинатида ишлаб, 2010-йилда нафақага чиққанидан сўнг доирани қўлига олиб, халқ хизматига бел боғлаган. Ўшлик опа-сингил хонандалар Бахтиёрхон ҳамда Маъмурахон Хайитмаҳаматовалар, ўзганлик Дилфуза Каримовалар билан бирга юриб, қўшиқ айтиш сирларини ўрганди.
Манзура опадаги бу иқтидорни кўрган Ўзганнинг хушовоз хонандаларидан бири Дилфуза Каримова уни ўзининг «Омон ёр» фольклор ансамблига таклиф этади. “Омон ёр” гуруҳида 5 нафар ёши улуғ аёллар бўлиб, улар халқимизнинг азалдан севиб тингланадиган қўшиқларини куйлашади. Мана, 10 йилдирки, гуруҳ аъзолари билан доира чертиб, «Омон ёр», “Жонон бўламан” каби миллий қўшиқларни куйлаганда, мухлислари унинг овозига маҳлиё бўлиб келишади.
Дилфуза Каримова Манзура опа билан тўйда танишиб қолишган экан. Ўша вақтда Каримова Ўзганда маданият уйи раҳбари лавозимида ишлаётган санъаткор Манзура опанинг овози, истеъдодини кўриб, “Омон ёр” фольклор ансамблига таклиф этади. Шундан бери кўп йиллар ўтди.
“Кўп йиллардан буён бирга ишлаб, жуда ҳам кўп яхши натижаларга эришдик. Айниқса, опанинг шижоати, ҳаракатчанлиги, ўз устида кўп ишлашини ҳурмат қиламан. Бу санъатга бўлган иштиёқнинг бир белгиси. Овози ҳам ширали, доира ҳам чертади. Мусиқа аппаратлари жўрлигида ҳам қўшиқ куйлай олади. Югуриб-елиб, қўшиқларини ёздириб, концерт турида ҳам тайёрлатган. Ансамблимиздаги бошқа опаларда бундай шижоатни кўрмадим. Эплай олмасдан кетиб қолганлари ҳам бўлган. Манзура опа эса танишганимда қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундайлиги мени доим лол қолдиради”, – дейди Дилфуза Каримова.
Қаҳрамонимиз Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги Наримон қишлоғида яшайди. Ушбу ҳудуд кўп миллатли ҳисобланиб, бу ерда 12 миллат – ўзбек, қирғиз, уйғур, турк ва бошқа миллатлар вакиллари истиқомат қилишади. Манзура опа ана шу ажойиб жамоатчиликнинг фаолларидан бири. Шундан бўлса керак, кўп тилда қўшиқ куйлайди. Қорасув туманидаги тадбирлар усиз ўтмайди.
“Биз кўп миллатли ҳудуд бўлганимиз учун, ҳар бир миллатнинг ўз манфаати бўлади. Турли тадбирлар ўтказилади. Манзурахон ҳамма тилда сўзлаша олади. Қўшиқ куйлай олади. Шунинг учун биз барча маданий тадбирларга уни таклиф этамиз. Бундан ташқари оиласи билан “намунали хонадон” ҳисобланади. Аёллар кенгаши аъзоси”, – дейди Наримон қишлоқ ҳукуматининг оқсоқоллар кенгаши раиси Ашурбек Каликов.
Манзура опа Қорасув туманига қарашли Оқтош қишлоғида қирғиз миллатига мансуб аёллар ташкил этган «Шайир апалар» (Қувноқ оналар) гуруҳига ҳам аъзо бўлган. Улар билан бирга турли тадбирларда иштирок этиб, қирғиз тилида ҳам фольклор қўшиқларни айтиб келади. Биз унинг уйига борганимизда ана шу гуруҳ аъзолари билан бирга бир тадбирга тайёргарлик кўришаётган экан.
“Ёшлигим Ўттизадирнинг Қайрағоч деган ҳудудида ўтган. Атрофимда бир тўп қирғиз дугоналарим бор. Шулар орқали Чинара исмли аёл қўнғироқ қилиб, сизни ижодингизни ижтимоий тармоқларда кўрдим. Сиз билан танишмоқчиман, деб қолди. Шундай қилиб Оқтош қишлоқ ҳудудининг “Шайир апалар” гуруҳига қўшилдим. Буларнинг ҳар бир тадбирига иштирок этиб келяпман”, – дейди Манзура опа.
Гуруҳ аъзоларидан Анара Мурзаибраимованинг сўзларига кўра, улар Манзурахон опа билан 10 йилдан ортиқ ҳамкорликда ишлаб келишмоқда. Унинг концертларида қирғиз тилида қўшиқларни бирга куйлашади.
“Оқкўнгил, ичида кири йўқ. Иқтидори бор. Қирғиз, уйғур тилларида қўшиқ куйлаганда кучли артистлар ҳам йўлда қолади. Манзурасиз концертларимиз ҳам ўтмайди. Тўйларимизга доим таклиф этамиз”, – дейди Мурзаибраимова.
Манзура опа оддий деҳқон оиласида туғилган. Ёшлигидан далада меҳнат қилган опа бугунги кунда ҳам қишин-ёзин тиним билмайди. Эрта баҳордан халқимиз дастурхонига резаворларни, қулупнайларни етказиб беради. 8 йилдан буён ёзда қишлоқ аёлларини тўплаб, уларга бригадирлик қилиб келади. Кеч кузгача далада ишлаган деҳқон опа қишда ҳам бекор юрмайди. Уйида иссиқхона ташкил қилган. Унда турли хил ошкўкларни етиштириб, бозорга олиб чиқади.
“Аёлларни далага олиб келиб, деҳқонларнинг ишида ёрдам берамиз. Тўйим бўлиб қолса, эрталабда келиб, ишни бўлиштириб бериб қўйиб, тўйга кетаман. Бўшаб қайтиб келиб, яна деҳқончилигимни қиламан”, дейди опа.
Қаҳрамонимизнинг Ўзбекистоннинг Марҳамат туманида синглиси бор. Унинг ташаббуси билан улуш ерига қулупнай экиб, оилавий бизнес бошлашган. Ҳозир 50 сотих ерда қулупнайлари бор. Манзурахон опанинг айтишича, ҳамқишлоқлари уни “Қулпунай опа”, “Раис опа”, “Деҳқон опа” деб чақиришади.
Манзура Мамадалиева бу ишлар билан чекланиб қолмаган. Фарзандлари билан кичик боғида ҳам меҳнат қилади. Боғ сирларини ўзлаштириб, мевалардан гилос, олмаларни бугунги кунда Россияга экспорт қилишади.
Тиниб-тинчимаган боғбон, деҳқон ва санъаткор опа иш орасида тўқувчилик билан ҳам шуғулланади. Қиш кунларида шинамгина хонасида, баҳор ва ёзда эса боғдаги шийпончада ўтириб, қўшиқ ҳиргойи қилган ҳолда пайпоқ, шапкалар, чойнак тагликлари тўқийди. Уларни маҳалладаги қўшниларга, набираларига, таниш-билишларига совға қилишни яхши кўради. Бир вақтлар ушбу ҳунари билан рўзғор тебратишга ўз хиссасини қўшганини хотирлайди.
“1994-йиллар, мустақиллик энди бошланган. Ишхоналарда ойликлар берилмайди. Шу вақтларда туни билан турли нарсаларни тўқиб, сотардим. Бу рўзғорга анча ёрдам бўларди. Ҳозир ҳам, айниқса, узун қиш кечаларида ҳеч ҳам бекор ўтирмайман. Энди тўқиган нарсаларимни фақат совға қиламан”, – дейди Манзура опа.
Қўшиқчи, деҳқон, боғбон ҳамда тўқувчи қаҳрамонимиз бугунги кунда юртимиз ёшларига намуна бўла оладиган, ғайратли аёл. Биз опа билан мулоқот қилиб, руҳланган ҳолда, кўтаринки кайфиятдан қайтдик.
Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.
Расм ва видеолар Мамадалиеванинг шахсий архивидан