Президент Садир Жапаров: Қирғизистон паспорти энди сотилмайди, бепул берилади
Мамлакат раҳбари фуқароларнинг паспортлари энди Қирғизистоннинг ўзида тайёрланишини айтди.
Қирғизистон фуқароларининг шахсини тасдиқловчи ички паспортларнинг (ID карталар) эскисини янгисига икки ой давомида, 1 июлдан 31 августгача бепул алмаштиририб олиш мумкин. Бу ҳақда президент Садир Жапаров ўзининг Facebook тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Эндиликда фуқароларга берилувчи паспорт, шахсий гувоҳнома ва бошқа ҳужжатларнинг барчаси Қирғизистоннинг ўзида тайёрланишини эътироф этган давлат бошлиғи уларни алмаштириш бўйича икки ойлик акция бошланишини билдирди. Кўрсатилган муддатда фуқаролар бошқа давлат чегараларини кесиб ўтишда муаммо туғдираётган эски ID карталарни янги намунадагисига бепул алмаштириб олишлари мумкин.
Бунга қадар Қирғизистоннинг миллий валютаси каби паспорт ва бошқа муҳим ҳужжатлари ҳам чет элларда тайёрланар эди. Бу ўша ҳужжатларни тайёрлаб, олиб келиш қимматга тушишидан ташқари уларнинг хавфсизлигини тўла назорат қилишга ҳам имкон бермасди. Шу сабабли кўп йиллардан бери халқаро миқёсдаги жиноятчиларнинг катта қисми айнан қирғиз паспортига эга бўлиб чиқаётган эди. Бунга қирғиз паспортларини мамлакат ичкарисида ҳам ноқонуний йўл билан бемалол сотиб олиш мумкин бўлгани сабаб экани айтилиб келади.
“Қирғизистон паспортлари чет элликларга сотилаётгани ҳақида хабарлар кўпайган эди. Афсуски, бундай миш-мишлар ҳақиқатга айланган ҳолатлар ҳам бўлган. Эҳтимол, бугунги кунда ҳам кўплаб чет элликларда Қирғизистон паспорти ва ID картаси бўлиши мумкин”, дея тан олди президент.
Афсуски, буни тўла назорат қилишнинг имкони бўлмагани боис ўша одамлар бу ҳужжатларнинг муддати битгунига қадар улардан фойдаланиб юришлари мумкин. Уларнинг амал қилиш муддати эса ўн йилгача. Жапаровнинг иддао қилишича, бу муддатлардан сўнг Қирғизистонда “сохта паспорт” ёки “сохта карта” деган нарса бўлмайди. Қирғизистоннинг ўзида ишлаб чиқарилаётган паспортларни қалбакилаштириш жуда қийин бўлади, “чунки улар кўплаб маҳфий хавфсизлик элементларга эга”.
Садир Жапаров эндиликда қирғиз паспортлари аввалгидек бемалол сотилмайди, дея ишонч билдирди. Янги ҳужжатлар «Учқун» давлат нашриёт корхонасида тайёрланади. Шу сабабли бу корхонага Рақамли ривожланиш вазирлиги билан бирга ID карталарни бепул алмаштириш бўйича акцияни ташкил қилиб, муносиб тарзда ўтказишга тайёрланиш топширилди.
Икки ойлик акция тугагандан сўнг ID карталарни алмаштириш аввалгидек эски нархда амалга оширила бошлайди. Унинг расмий нархи қанчалик тез тайёрланиши ва алмаштириш сабабларига кўра 470 сўмдан ($5,5) 4300 сўмгача (деярли $50). Умумий фуқаролик паспортларининг нархи эса муддати ва алмаштириш сабабларига кўра 873 сўмдан 6577 сўмгача қилиб белгиланган.
Янги намунадаги Қирғизистон паспортлари 2023-24 йиллардан ишлаб чиқарила бошлади. Уларда давлатнинг янгиланган байроғи тасвирланган. Эски паспортлар давлат заҳирасидаги эски бланклар тугагунича берилаверади. Улар муддати тугагунича мамлакат ичкарисида ҳам, чет элларда ҳам яроқли бўлади. Лекин янги паспртлар билан юришда бош оғриғи камроқ бўлиши аниқ. Масалан, айрим давлатларда, жумладан Россия ва Қозоғистонда чегарадан ўтиш пайтида янги паспортларни махсус қурилмалар орқали навбатсиз рўйхатдан ўтказиб олиш мумкин. Эски паспортларни эса чегарачилар шахсан навбат билан текшириб, муҳр босиб беришлари керак.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди