Ҳолинг қандай, мактаб? Болани қайси тилда ўқитиш эмас, таълимнинг сифати муҳим
Нега Қирғизистонда ота-оналар фарзандларини яна рус мактабларида ўқитишни афзал кўра бошлашди?
Бунга сабаб сифатида сўнги йилларда республикадаги мактабларда, айниқса қирғиз ва ўзбек тилидаги билим масканларида таълим сифати пасайиб бораётгани айтилмоқда. Бу гап расмийлар орасида, ҳатто ҳукумат аъзолари даражасида ҳам тан олинмоқда.
Амалий ишдан кўра қуруқ гап кўпроқ…
Яқинда Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов қирғиз тилининг “пафос тили” экани, мактаб ўқувчилари учун бу тилда билим олиш ва маълумотларни таҳлил қилиш қийин эканини эътироф этди. Бишкекда бўлиб ўтган, мактабларда давлат тилини ўқитиш масалаларига бағишланган форумда қирғиз тилидаги таълим сифатини танқид қилган Байсалов, мамлакат жанубидаги Қизилқия шаҳридаги вазиятни мисол қилиб келтирди.
Унинг сўзларига кўра, бу шаҳарда 90-йилларда рус тилидаги кўплаб мактаблар ёпилган, бироқ кейинги йилларда улар қайта очила бошлаган. Ҳозир ота-оналар яна ўз фарзандларининг рус тилидаги мактабларда ўқишини исташади. Чунки рус тилида ўқитиладиган мактабларда болаларнинг билим даражаси анча юқори.
Бир неча йил аввал ўқитувчи Рахат Ибраимова қирғиз ва рус тилидаги мактабларда таълим сифати бўйича тадқиқот олиб борган. Натижада, ўқувчилар билимидаги фарқ жуда катта эканини аниқлаган. Байсалов ўз сўзини ушбу тадқиқот натижаларига асосланиб айтган.
“Қирғиз ва рус тилларида ўқитиладиган мактаб ўқувчилари ва ўқитувчиларига бирдек савол берилган. Уларга кўл, тоғлар, ўсимликлар тасвири, шунингдек, тоғларнинг баландлиги ҳақидаги ва бошқа маълумотлар акс эттирилган суратлар кўрсатилган. Таълим рус тилида олиб бориладиган мактаб ўқувчилари суратга қараб, бу тоғнинг баландлиги шунча метр, кўлнинг чуқурлиги фалон, бу ерда қандай турдаги дарахтлар ўсиши каби маълумотларни айтишган, яъни ўқувчилар расмдаги нарсалар ҳақида маълумотларни келтириб, аниқ жавоблар беришган. Худди шу сурат таълим қирғиз тилида олиб бориладиган мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларига кўрсатилганда, улар табиатимиз ва тоғларимиз нақадар гўзал эканини тасвирлай бошлашган. Ҳаммамиз бу пафос эканини яхши биламиз”, деди Эдил Байсалов.
Унинг фикрича, одамлар қирғиз тилини фақат мақтаниш, ўзига қойил қолиш ва Алиқул Осмонов, Тугўлбай Сидиқбеков, Чингиз Айтматов сўзлари билан гапириш учун фойдаланишади. Лекин улар она тилларида ахборотни қабул қилиб, уни қайта ишлаб, амалий ечим топа олмайди ва илмий фактларни таҳлил ҳам қилиша олмайди.
“Кўп нарса тилшуносларга боғлиқ”, дейди Байсалов ва ота-оналар фарзандлари билан фақат кундалик мавзуларда, аҳлоқ, анъаналар, нима тўғри ёки нотўғри экани ҳақида гаплашишини, бу эса том маънода тинимсиз тост (қадаҳ сўзи) эканини урғулайди. Аммо, мактаб ўқувчиларининг фикрлаш ва таҳлилини ривожлантириш мақсадлари учун қирғиз тилидаги ўқув материаллари мос келмайди.
“Ота-оналаримиз қирғиз ва рус мактаби битирувчилари қандай билимга эга эканликларини кўриб туришибди. Рус мактабида ўқиётган бола тилни яхши ўзлаштирмаса ҳам, унинг ақл-заковати, тафаккури ва курашувчанлиги фарқланади”, – деди Эдил Байсалов.
Давлат тилининг мактаблардаги мавқеи қандай?
Қирғизистонда 2023-йилнинг июн ойида “Давлат тили тўғрисида”ги янги қонун қабул қилиниб, унда суд ишларини юритиш, давлат хизмати, реклама, оммавий ахборот воситалари ва таълим соҳаларида қирғиз тилидан фойдаланишга қўйиладиган талаблар яна кучайтирилган. Давлат тилини ривожлантириш сиёсатини амалга ошириш доирасида Таълим ва фан вазирлиги олий ўқув юртларида абитуриентлар учун қирғиз тилидан мажбурий тест топширишни жорий қилди. Шунингдек, мактаб ўқувчилари учун таржима имтиҳонларини ҳам жорий этиш режалаштирилмоқда.
Байсаловнинг фикрича, давлат тилини ривожлантириш зарурлигига қарамай, Қирғизистонда ундан фақат аксессуар сифатида фойдаланилади.
«Қирғиз тилини аксессуар сифатида ишлатамиз. Бир-биримизни эса қирғиз тилида гапирмаётганлигимиз учун танқид қиламиз. Тилимиз ҳали муваффақият қозониш тилига айлангани йўқ. Сир эмас, авваллари ҳам қирғиз тилидаги мактабларимиз орқада эди. Ҳаттоки, совет даврида ҳам шундай бўлган. Ота-оналар ўз фарзандларини келажакда муваффақиятли бўлишлари учун бошқа ўқишларга беришган. Кимдир бунга миграциянинг кучайиши ёки яна бошқа сабаб дейиши мумкин, лекин аслида бу асосий омил эмас. Ота-оналар қирғиз тилимиз қандай оғир аҳволда эканини кўрмоқда”, – деди расмий.
Байсаловнинг таъкидлашича, “Олтин қозиқ” таълим тизимини ўзгартириш дастурида, қирғиз тилидаги мактабларда давлат тилини ўқитиш услублари ва таълим сифатини ошириш кўзда тутилган. Ислоҳотлар доирасида янги таълим андозалари жорий этилади, Кембриж тизими бўйича дарсликлар нашр этилади, инновацион усулларни жорий этишда қирғиз тилидаги мактабларга устувор аҳамият берилади.
“Бундан буён биз ҳамма нарсани биринчи навбатда қирғиз мактабларига киритамиз. Барчасини бир вақтда қила олмаймиз. Авваллари чет эл материалларини биринчи рус тилига таржима қилишимиз керак эди, кейин ундан қирғизчага ўгирганмиз. Лекин, ҳозир биз ёндашувни ўзгартирдик. Инглиз тилидаги дарсликларни тўғридан-тўғри қирғиз тилига таржима қилиб ўтказамиз”, – деди Байсалов.
Қирғизистон Таълим вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда республикада 2353та мактаб мавжуд бўлиб, улардан 1418таси қирғиз тилида, 250таси рус тилида, 522таси аралаш тилда ўқитилади, 161 тасида эса таълим аралаш – қирғиз, ўзбек ва рус тилларида ўқитилади.
Давлат тилини ривожлантириш сиёсати доирасида жорий йилда Бишкекдаги 16 рус тилидаги мактабда қирғиз синфлари очилади.
Ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларда аҳвол қандай?
Кузатувчиларнинг фикрича, сўнги йилларда республиканинг жанубий минтақалари, Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларидаги ўзбек мактабларида билим сифати пасайиб бормоқда.
Бунга сабаб, ўзбек тилидаги дарслик ва ўқув қуролларининг етишмаслиги, шунингдек мактабларда қирғиз ва рус синфларининг очилиши ортидан, ушбу тилларда дарс берувчи ўқитувчиларнинг озлиги айтилади. Яъни, ўқитувчилар кадрлар танқис.
“Ўзбек тили ва адабиёти дарсликлари сонини қисқартириб, ўрнига қирғиз тили ва адабиёти соатлари кўпайтирилган. Бошқа фанлар ҳам қирғиз тилида ўтилади. У дарсларни яна ўша ўзбек ўқитувчилари ўтяпти, улар қирғиз филологиясини билишмайди. Эплаганича ўтишади. Уни ўқувчилар ҳам эплаб тушуниб, дарс ўтди ҳисоб бўлади. Ҳар бир фаннинг ўз қонун-қоидаси, терминлари бор. Уни билмаган, у фанга ихтисослашмаган ўқитувчи қандай қилиб ўқувчиларга сифатли билим беради? Кўп тиллик ўқиш дейиляпти, лекин ўзбекзабон ўқувчилар на ўзбек тили, на қирғиз ва на рус тилларида фанларни тўлиқ ўзлаштиришяпти. Натижада улар билимсиз бўлиб мактабни битиряпти”, – дейди Ўш шаҳридаги мактабларнинг бирида ишлайдиган Одина исмли ўқитувчи.
2010-йилнинг июнида юз берган фожиали низодан кейин, “ота-оналарнинг ташаббуси” важи билан ўзбек мактабларида кўплаб қирғиз ва рус синфларини очила бошлади ва бу жараён ҳамон давом этмоқда. Шу тариқа бугунги кунда республикада таълим соф ўзбек тилида берилувчи мактаб қолмади ҳисоб.
Фақат Ўш шаҳрида “Қизил китоб”га киритилса арзийдиган, тўлиқ ўзбек тилида таълим берилувчи ягона мактаб бор. Бу ҳам бўлса, Амир Темур ҳудудий кенгашидаги 44-тўла бўлмаган ўрта мактаб. Яъни, билим даргоҳи 9 йиллик бўлиб, 2 тадан синф комплекти мавжуд холос. Бугунги кунда мактабда 500дан ортиқ ўқувчи таълим олади.
Мактаб раҳбари Дилшодбек Мамадалиевнинг сўзларига кўра, бу ерда ҳам ота-оналар томонидан кўп тиллиликка ўтиш таклифи бўлган. Аммо билим сифатини яхшилаш, ўқувчиларнинг кейинроқ бошқа тилларни тезроқ ўзлаштиришининг қулай, самарали усулларидан бири – боланинг мактабда ўз она тилида билим олиши, деган фикр мактаб маъмурияти томонидан билдирилганидан кейин ота-оналар ҳам бунга маъқул бўлишган.
Ўш шаҳар билим бериш бошқармаси ҳам бу мактаб ёнида бошқа кўп тиллик мактаб (47-сонли) борлиги боис, мазкур билим даргоҳини соф ўзбек тилида қолишига қаршилик билдирмаган.
“Бола 12 ёшгача ўз она тилида билим олса, кейин бошқа тилларни яхши ўзлаштира олади, деган хулосага келганмиз. Мактабимизда қирғиз, рус, инглиз тиллари ҳам ўқитилади. Лекин асосий таълим ўзбек тилида олиб борилади. Бунга яна бир сабаб, Амир Темур шаҳарчасида асосан ўзбеклар истиқомат қилади ва бугунги кунда уларнинг сони 60 мингга етиб қолган”, – дейди Дилшодбек Мамадалиев.
Бугунги кунда Амир Темур шаҳарчасининг ўзида 8та ўрта мактаб бўлиб, ундан 7тасида аралаш бир неча тилда таълим берилади.
“Оқбура”нинг номини аташни истамаган манбасига кўра, жорий йилнинг бошида Ўш шаҳар Таълим бошқармасида ўтказилган йиғинда, янги ўқув йилида мактабларда ўзбек синфларга ўқувчилар қабул қилинмаслиги айтилган. Ушбу масала бўйича сўнги қарор июл ойида, ўқитувчилар ёзги таътилдан қайтиб, ўқувчиларни мактабларга қабул қилиш жараёни бошланганда олиниши кутилмоқда.
Рус мактаблари чинданам афзалми?
Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов айтганидек, чинданам фарзандаларини рус мактабларида ўқитишни истаётганлар, – улар орасида ўзбеклар ҳам, – кўпаймоқда. Аксарият ўзбеклар фарзандларини рус мактабларида сифатли билим олади, деб ишонишади.
“Қизимни рус мактабига берганман. Сабаби, у ерда энг аввало русчани яхши ўрганади. Ўзбек мактабларида 10 йил русча ўқитади, лекин соф русча гапирган ўқувчини кўрмайсиз. Инглиз тили ва бошқа фанлар ҳам шундай. Ўзбек мактабларига солиштирганда, рус мактабларида билим сифати яхши. Қизим келажакда тиббиёт олийгоҳига кириб, илм олишини ва етук шифокор бўлишини ҳоҳлайман. Университетларда деярли барча маълумотлар русча, уларни яхши ўзлаштириши учун рус тилини ва бошқа керакли фанларни ҳам яхши билиши керак”,-дейди ўшлик Назокат Абдукаримова.
Ўзбек мактабларида ҳақиқатан ҳам билим савияси пастми? Бунга нима сабаб?
“Давлат томонидан ўзбек мактабларига босимни умуман кўрмадим. Бу ерда ота-оналарнинг айби катта. Болаларини рус синфига мактабдан кейин бирор олий ўқув юртига кириши учун бераётгани йўқ. Аксарияти, фарзанди эртага улғайиб, Россияга ишлагани борганда қийналиб қолмаслиги учун рус синфига беришяпти. Қишлоқ мактабларида очилган рус синфларда билим сифати умуман паст. Шу сабабли уларнинг қайта ёпилган ҳолларини ҳам гувоҳи бўляпмиз. Қирғиз мактабми, ўзбек мактабми, яхши рус тилчи ўқитувчини топиш жуда қийин. Рус синф очиб ўқитилаётган мактаблардаги ўқитувчиларнинг йўналиши ҳам тўғри келмайди. Ўқувчи қандай тилда бўлмасин, албатта сифатли билим олиши керак”, – дейди ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси, жалолободлик Авазбек Худайдатов.
Қизилқиядаги шаҳридаги 27-сон, Б.Рўзиматов номидаги мактаб директори Феруза Исмаилова ҳам, рус синфларга талаб кўпроқ эканини айтади.
“Мен ишлаёган мактабда ўзбек синфи ҳар йили очиляпти. Ўқувчи сони озроқ. Негадир рус синфларга кўпроқ талаб бўляпти. Ўзбек синфлари очилишига ҳеч қандай қаршилик йўқ”, дейди суҳбатдошимиз.
Ўшлик педагог Илтифотхон Атаханова, ота-оналар фарзандларини қайси тилда ўқитиш ихтиёри муҳим экани, боланинг дарсларни ўзлаштира олиш ёки олмаслик қобилиятига умуман эътибор берилмаётгани ҳам асосий муаммо бўлаётганини айтади.
“Ота-оналарнинг ихтиёрий танлаш ҳуқуқини изчилроқ ҳал қилиш керак. Кўр-кўрона рус тилли синфларга берилаётгани болани “ҳеч ким эмас” шахсга айлантириб қўймоқда”, – дейди Атаханова.
Ўзбек мактабларидаги ўқувчиларнинг билим савиясининг пастлигига сабаб, ўқитувчиларнинг илми ҳам етарли даражада эмаслиги айтилади.
“Нафақат ўқувчилар, балки 1990-йиллардан кейин олийгоҳларда ўқиган ўқитувчилар ҳам мутлақо саводсиз. Бу аччиқ ҳақиқат. Керак бўлса, исботлаб ҳам бераман. Ўш шаҳрининг истаган мактабига борамиз ва ўқитувчиларнинг дарсларига кириб, кузатамиз. Ўзингиз гувоҳи бўласиз, ўқитувчиларнинг 90 фоизи саводсиз”, – дейди ўшлик фаол Олимжон Жўраев.
Қирғизистондаги ўзбек мактабларининг аҳволи бунгача ҳам турли доираларда, ҳукумат ва жамият арбоблари йиғилишларида кўп марта кўтарилган. Бироқ, бу масалада аниқ қарор қабул қилинмаган.
Сўнги йилларда ўзбек тилида таълим берилувчи қатор муассасаларнинг бирма-бир ёпилиши жараёни кузатилмоқда. Ҳар йили ўтказилувчи умумреспублика тестининг ўзбекчаси ҳам бекор қилинган. Буни расмийлар, синовларда ўзбек ёшларининг оз сонда қатнашаётгани, деярли талаб йўқ экани билан тушунтиришган. Ўзбек жамоатчилигининг ўзбек тилидаги синовларни қайта йўлга қўйиш ҳақидаги талаб ва истаклари инобатга олинмаяпти.
Шохруҳ Соипов, Оқбура
Расм интернетдан олинди