Тез ва соз, лекин қарз эвазига: Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон йўли қандай қурилади?
Салкам ўттиз йилдан бери айтилиб келаётган йирик темирйўл қурилишига Хитой қарз берадиган бўлди.
Дастлаб 1996 йилда таклиф қилинган, аниқ лойиҳаси ва муддатлари ҳақида фақат сўнгги йилларда қайта муҳокама қилина бошлаган “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш учун Хитой 2 млрд. 350 млн. доллар кредит ажратадиган бўлди.
«Қирғиз темир йўли” давлат компанияси бош директори Азамат Сақиев бу ҳақда 18 июнь куни парламентнинг тегишли қўмитаси йиғилишида маълум қилди.
Бунгача ушбу йирик иншоот лойиҳасининг умумий қиймати 4,7 млрд долларга баҳоланган, лекин унинг молиялаштириш манбалари ҳақида аниқ маълумот берилмаган эди. Бу маблағнинг ярми – 2 млрд 350 млн. долларни Қирғизистон, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида таъсис этилган Қўшма лойиҳа компаниясига (ҚЛК) қарз сифатида берилади. Қолган маблағни уччала давлат мустақил равишда топишлари керак. Хитой ажратаётган қарзнинг шартлари ва тўланадиган фоизи ҳали ошкор қилинмаган. Қўшма лойиҳа компаниясида Хитой 51 фоиз, Қирғизистон ва Ўзбекистон 24,5 фоиздан улушга эга экани маълум.
Уч давлат ўртасида қуриладиган ушбу темирйўлнинг умумий узунлиги 4400 километрни ташкил қилиб, у Хитойни Марказий Осиё минтақаси билан, Марказий Осиё давлатларини эса Хитой ва Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорлари билан боғлаш имконини беради. Темир йўлнинг 311 километрлик бўлаги Қирғизистон ҳудудида “Тўруғарт-Қўш-Дўбў-Қазарман-Жалолобод” йўналишида амалга оширилади.
Бу минтақалараро лойиҳанинг амалга ошиши натижасида бу ҳудудда янги корхоналар очилиши, ўн минглаб иш ўринлари яратилиши, ўзаро савдо ҳажмининг кескин ошиши, ушбу давлатларнинг сармоявий жозибадорлигининг ўсиши кутилмоқда. Охир-оқибатда бу аҳоли турмуш даражаси ошишига замин яратади.
Кўп йиллик музокаралардан сўнг ушбу темирйўлнинг Қашғар-Тўруғарт-Мақмал-Жалолобод-Андижон йўналиши бўйлаб ўтиши ҳақида битимга келинган. Ушбу йўл орқали турли давлатлар орасида йилига 15 миллион тоннагача юк ташилиши мумкин, товарларни харидорларга етказиш бериш муддати эса бир ҳафтага қисқаради. Логистика борасида «боши берк кўчада» турган Қирғизистон дунё бозорига анча узоқ ва қиммат бўлган Қозоғистон ва Россия темир йўллари орқали эмас, янада яқинроқ ва арзонроқ йўл билан чиқиш имконига эга бўлади.
Ушбу йирик иншоот қурилиши ҳақида ўн йиллардан бери фақат қуруқ гаплар бўлиб келаётган эди. Ниҳоят, Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров 13-июн куни Жўғорқу Кенеш мажлисида ушбу йўл қурилишининг шу йил август ойида бошланишини маълум қилди. Сал аввалроқ президент Садир Жапаров ушбу қурилишнинг октябр ойида бошланишини айтган эди. Қирғизистоннинг бу лойиҳа учун маблағни қаердан топиши ҳозирча ноъмалум.
Ушбу темир йўл қурилиши бўйича уч томонлама битим ўтган йилнинг сентябрида Самарқандда имзоланган эди.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди