Панжара ортида сўнган умид. А.Асқаровнинг «Мен бахтлиман…» китобидан парчалар

Азимжон Асқаров… Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, аммо ҳар доим адолат тантанасига ишониб, бошини мағрур тутган қаламкаш, ҳуқуқ ҳимоячиси…

Оз эмас-кўп эмас, нақ ўн йилга чўзилган олис ва туганмасдай кўринган жазо муддатини ўташ баробарида бу ижодкор инсон ўз дилидан кечган туйғуларни қоғозга тушириб, “Мен бахтлиман…” деб номланган китобини ёзиб улгурди. Китоб яқинлари ва ҳамкасбларининг саъй-ҳаракатлари билан 2018 йилда Бишкекда бир неча ўн нусхада, ўзбек ва рус тилларида чоп этилган.

Муаллиф вафотининг бир йиллиги муносабати билан ана шу китобдан айрим парчаларни оила аъзоларининг ижозати ила сиз азизларнинг диққатингизга ҳавола этишга қарор қилдик. Аввали муаллиф ҳақида икки оғиз сўз.

Қирғизистонлик истеъдодли рассом, ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Азимжон Асқаров 1951 йилнинг 17 майида Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли Бозорқўрғон туманида туғилган. Турмуш ўртоғи Хадича опа билан уч ўғил, бир қизни тарбиялаб, уйли-жойли қилишди.

Азимжон Асқаровнинг васиятига биноан унинг ҳоки Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятига қўйилди

У Тошкентдаги П.Беньков номидаги машҳур рассомчилик билим юртини тамомлаган. Кўп йиллар Жалолобод шаҳри ва она қишлоғида рассомлик, безаш ишлари билан машғул бўлди. Табиатан ўта адолатпарвар бўлган бу инсон 1990 йилги Ўш воқеаларидан кейин инсон ҳуқуқлари соҳасини танлади. Ҳақиқат деганда ҳеч нарсадан тап тортмайдиган Азимжон ака ҳуқуқ-тартибот органлари, суд ва прокуратура идоралари ишини қаттиқ танқид қилиб ёзган ўткир мақолалари билан ҳам машҳур эди.

Азимжон Асқаров 2010 йилда Қирғизистон жанубида юз берган қонли воқеалар пайтида қамоққа олиниб, туҳмат ва уйдирмаларга асосланган иш билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ўн йилдан ортиқ қамоқда ўтиргач, 2020 йилнинг 25 июлида Бишкекдаги 47-аҳлоқ тузатиш колониясида бу дунёни тарк этди.

“Мен бахтлиман…” китобида муаллиф Қирғизистон жанубида 1990 ва 2010 йилларда юз берган миллатлараро жанжалларни назарда тутиб, “Биринчи уруш мени севимли ишимдан айирди, иккинчиси эса эркимдан маҳрум қилди”, деб ёзади. Охир-оқибат, иккинчи жанжал унинг умрига ҳам зомин бўлди.

 

“Мен бахтлиман…” китобидан парчалар

Болалик йиллари ҳақидаги хотираларидан

«…Урушдан кейинги оғир 1950 йиллар… Эсимни таниб, илк бор кўчага чиққан кунларимни эсласам, қарама-қарши илиқ ва совуқ ҳис-туйғулар баданимни титратади.

Саратоннинг иссиқ кунларида чанг-тупроққа беланган кўчадан борар эканман, яланг оёқларим иссиқдан куйиш даражасига етар эди. Лекин ҳаво қанчалик иссиқ бўлмасин, бошқа болалар каби мен ҳам буни писанд қилмасдим.

Кўчада ястаниб ётган, боссангиз тўпиққача кўмадиган майин тупроқни кўча болалари тўп-тўп қилиб тўплаб олиб, қўлбола “танк” ясардик. Устини аста сувлаб қотириб, сўнг суюқроқ лой билан суваб олар эдик. Кейин бу қўнғизсимон кичик тупроқ уюмларининг усти ва ён томонидан ёғоч новда билан тешик ҳосил қилар эдик.

Болалар икки тарафга бўлиниб, қарама-қарши томонлар икки қатор бўлиб қорнимизга ётиб олиб, “танкларнинг” устки тешигидан пуфлаб, унинг олд томонидаги тешигидан бир-биримизга қарата чанг аралаш тупроқ “отардик”. Бирпасда атрофни чанг-тўзон қоплаб, уст-бошимизга қараб бўлмай кетарди. Ҳамма кўзларини қаттиқ юмиб олгани учун, бир қадамча масофадан отилган чангдан биргина кўзлар омон қолар, юзимиз ва елкаларимизгача чанг тупроққа беланар эдик.

***

Ичимлик сув қишлоқда муаммо бўлгани учун одамлар қишлоқнинг икки жойида ҳовуз ковлаган, унда ичимлик сув сақланар эди. Хонадонлар ичишга сувни фақат тонг саҳарда, ҳовуз лойқаланмай туриб олиб қўйишар, бошқа пайт эса чанг-тупроқ аралаш “танк” ўйнаган болалар сувдан чиқмай чўмилиб, роҳатланар эдик. Ота-оналар шомга яқин даладан қайтишда кимнидир яхши сўз билан, кимнидир сўкиб ёки дарахт новдаси билан уриб олиб кириб кетишар эди.

Ёз бўйи ўз ҳолига ташлаб қўйилган болалар куни билан кўчада бирор нарса еб олишни ҳам ўйлашмас эди. Ўйлагандан нима фойда? Ейдиган нарсанинг ўзи кўп хонадонларда тақчил, зоғора нон ҳам етарли эмас эди.

***

Биз оилада тўрт ака-ука бўлиб, мен иккинчиси эдим. Ота-оналаримиз эрта тонгдан то кун ботгунича ишлагани билан иш ҳаққи, пул деган қоғозни кўришмас эди. Бир ойда икки бор колхоз омборидан макарон, мой, чой, ун маҳсулотлари тарқатилиб, у ҳам ўта чегараланган ҳолда берилар эди. Уйда бир ойда бир бор озгина ош қилинар, ака-укалар ҳаммамиз зоғора нон қўшиб емасак, бу ош ичакка ҳам юқ бўлмас эди. Уйимизда бир ҳафтада икки бор қозон қайнаб, асосий таом атала ёки умоч бўлиб, қолган кунлари озгина зоғора ва чой билан ёки оддий сув билан қаноатланишга одатланган эдик…

…Тонг ёришар-ёришмас бригадирнинг бақириғи эшитилиши билан ота-оналаримиз апил-тапил қумғонда чой дамлаб, зоғора еб тамадди қилиб олишар ва далага отаравада йўлга тушишар эди. Шундан кейин то шомгача биз учун ҳар доимгидек озодлик.

***

Биронта ҳовлининг атрофи тўсиқ бўлмагач, маҳалла болалари ёввойи ҳайвон болалари каби учраган мева-ғўраларни ҳам, пишган демай, жирканмай истеъмол қилардик. Шу йўл билан қорин ғамини енгиб, бироз бўлса ҳам ошқозон талабини қондирар эдик. Ҳозирги болалар нозик – ҳўл меваларни кўпроқ еб қўйишса ҳам қоринлари оғриб, касалхонага тушишади.

Ота-оналар ҳар йили баҳорда турли дарахт кўчатларини экишар эди. Уларнинг айри бўлиб ўсганлари биз учун катта топилдиқ бўлиб, ёш новдаларни чўзма камалакка айри қилиш учун кесиб олар эдик. У пайтда бугунгидай табиатни асраш бўйича дарслар бўлмас эди-да. Шу сабабли биз табиатга, одамларга ва ўзимизга зарар келтираётганимизни тушунмас эдик. Лекин маҳалла болаларининг бири иккинчи хонадонга қанчалик зарар келтирмасин, бу ҳолат қўни-қўшнилар орасидаги муносабатга салбий таъсир қилмас эди. “Бола-да”, – деб кечириб юборишар эди.

Орада девор бўлмагани учун шомдан сўнг ҳам ўз хонадонимизда ўтирган ҳолда ўз ҳовлиларида, чироқ атрофида ўтирган қўшниларни кўриш мумкин эди.

Мени ёшликдан лол қолдирган ҳолатлардан бири, одамлар ҳовлиларини мевали дарахтлар билан тўлдиришдан сақланишган. Сабаби ҳар бир мевали дарахт учун алоҳида солиқ тўлаш керак бўлиб, бу шундоқ ҳам қашшоқ яшаётган одамлар учун жуда оғир эди. Бу нарсани мен анча кеч англаб етганман.

***

Оғир турмушга қарамай, баҳор келгач, ҳар бир бригада аъзолари колхоз томонидан берилган ун ва ёғдан тўплашиб, сумалак уюштиришар эди. Сумалак куни белгилангандан бошлаб биз болалар ҳам ҳаракатга тушиб қолар эдик. Алоҳида ёғочдан қошиқ йўниб, дошқозонда қайнаётган сумалакдан олиб қочиш амалларини ўйлар эдик.

Электр чироғи йўқ, эски кийимлардан бойлаб қилинган шар шаклидаги мато соляркага ботирилиб, машъала ясалар ва сим билан осиб, ёқиб қўйилар эди. Қозон атрофи ўта ёруғ бўлмагач, болалар сумалак қайнай бошлагач, ёғоч қошиқларимизни қозонга ботириб қочар, қоронғулик қаърига ғарқ бўлардик. Олиб келинган ўлжани ҳамма бошқалар билан бўлишар, яъни сумалак юқи ёғоч қошиқни навбат билан ялаб, нафсларимизга ором берардик.

Болалар ўртасида “меники-сеники” деган тушунча бўлмаган. Катта-кичик демай, ҳамма бирдай, тенг ҳуқуққа эгалик қилар эди. Сабаби, бу нарса ҳар бир оилада болаликдан онгимизга сингдирилар эди.

Ёз ойларида пилла қурти авж олгунга қадар тутзорлар ҳам биз болаларнинг энг севимли жойларимиздан бўлиб қолар, биз ҳали пишиб улгурмаган тут меваларини чигиртка, қурт-қумурсқалар каби териб ер эдик. Чунки барибир катталар тутларни пишиб улгурмасдан пилла қурти учун кесиб кетишар эди-да.

Оллоҳ ҳар бир инсонни ўз ризқи-насибаси билан яратади, деб бежиз айтишмас экан. Ёзи билан биз кўча болалари ота-оналаримизга оғиримиз тегмай, ризқимизни ўзимиз топиб еб, тирикчилигимизни ўтказар эдик.

***

Биз болалар учун энг оғир, ҳатто даҳшатли мавсум бу қорга беланган қиш кунлари эди. Тўрт ака-укада икки жуфт кирза этик бўлиб, уларни навбат билан кийиб, кўчага чиқардик. Қолган вақтларда сандалга бурканиб олиб, дераза ўрнида на ойна, на роми йўқ очиқ жойдан ташқарида оппоқ қорнинг осмондан оқ кабутарлар каби учиб тушишига маҳлиё бўлиб қараб ётар эдик. Эшик, дераза ўрниларида матодан қилинган пардалар бўлиб, улар кечки маҳал ёпилар, кундузи эса хона ёруғ бўлиши учун очиб қўйилар эди. Сандалга солинган ғўзапоя чўғи тезда кулга айланиб, бизлар совуқдан ғужанак бўлиб олар эдик. Иссиқроқ ўранишга бугунгидай кўрпа ва адёлларимиз йўқ эди. Хуллас, қиш ойлари биз болалар учун азобдан бошқа нарса эмас эди. Бироқ одам боласи ҳар нарсага чидар экан. Ўша пайтларда биз шамоллаш ёки бошқа касалликни билмас эдик.

***

…Болалик – болалик экан-да. Бизнинг қанчалик уринишимизга қарамай, том тешиклари яхши ёпилмас, ёмғир ёғса, гўё ташқарида эмас, уйда ёғаётгандек бўлар эди. Хонанинг чакка ўтмаган жойи фақат икки меҳроб ва токча эди. Шу сабабли тўрт ака-ука ўртасида икки меҳроб талаш бўлар, уларни ким аввал эгалласа, ўша куни шу жойда ётиш ҳуқуқини қўлга киритарди.

Мактаб остонасига илк бор қадам қўйган пайтимдан тортиб 5 йил ўтгач, 1963 йили оёғим ботинка кўрган. У ҳам латта матодан тикилган эди…

***

Мени ҳозиргача лол қолдириб келган нарсалардан асосийси, кеча-кундуз, ёз-қиш демай ишлашларига қарамай, бирор инсон қилган меҳнатлари учун ҳақ талаб қилмас эди.

Мол-қўй камдан-кам хонадонларда бўларди. Чунки моли бор одамлар уни сақлаш учун алоҳида оғил қуриб, солиқ учун молидан топшириши шарт бўлган. Ундан ташқари гўшт солиғи ҳам бўлиб, одамлар учун чорва моли ушлаш жуда оғир масала эди.

***

Ёзнинг иссиқ кунларининг бирида колхоз бош агрономи Нўъмонжон ака Махмудов уйимизга мотоциклда келиб, “Асқар акам қани?”, – деб дадамни сўраб қолди. Мен далада эканини айтдим. Нўъмонжон ака, “Югуринг, даладан тез қайтсин, самолёт пахта майдонларига жуда ҳавфли дори сочяпти”, – деди. Уч чақиримча масофага қандай етиб борганимни билмайман. Тез чопганимдан тилим ҳам осилиб қолай деганди. Дадам шудгор бошида рамкага солинган ярми оқ, ярми қизил катта кўрсатгични кўтариб турарди. Унинг қизил томони дори сепилган, оқ томони эса дори сепилиши лозим бўлган ерни учувчига кўрсатиб берарди. Мен дадамга яқинлашганимда эски “АН-2” самолёти даҳшатли гуриллаб, тумансифат бадбўй дорини тўғри устимиздан сепиб ўтиб кетди. Уст-бошим майдалаб ёққан ёмғирдаги каби шалаббо бўлиб, баданларим муздек бўлиб қолди. Дадам эса ҳеч нарсага парво қилмай, аста қадамлаб дори сепилган масофани ўлчади-да, яна кўрсатгични кўтарди. Мен агроном Нўъмонжон ака айтган гапларни айтиб, “Қишлоққа қайтайлик”, – десам, дадам, “Йўқ, бригадир белгини ушлаб туришни менга тайинлаган, мен уни ташлаб кета олмайман”, деб жавоб берди. Шу аснода дадам далада ажал булутларининг осмондан буғ каби оқиб тушишини кузатган ҳолда ҳарбий одамлардек топширилган постни ташлаб кетмади. Вақтлар ўтиши билан дадам заҳарли дорилар таъсиридан узоқ жабр тортди. Ўшанда на бригадир ва на колхоз раиси уни даволатишга ёрдам беришни ўйлаб ҳам қўйишмаган.

Қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги муносабатлар ҳақида

«…Мен ҳибсга олиниб, оммавий ахборот воситалари бу ҳақда ёза бошлагандан тортиб, душманларим менинг “миллатчилигим” ҳақида, “қирғизларга қарши эканим”, ёки “фақат ўзбекларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб келганим” ҳақида айтиб, сафсаталар тарқата бошлашди. Бу гаплар менинг миллатим ва шахсимга қарата жуда ёмон, ҳақоратли сўзлар билан ифодаланиб, мени нафақат қирғизларнинг, балки бутун Қирғизистоннинг душмани қилиб кўрсатишга уринишди. Ўзимни оқлаш ниятим йўқ, чунки айтаётган гапларининг мазмун ва моҳиятидан хабарсиз кимсалар билан баҳслашишдан маъно йўқ. Шу билан бирга ўзимнинг қирғиз халқи, бу қадимий миллат вакиллари бўлган дўст биродарларим ҳақида, улар билан бўлган ўзаро муносабатим ҳақида айтмай кета олмайман.

***

1990 йилги миллатлараро фожеадан кейин уч-тўрт кун ўтиб, тўрт нафар ўзбек Давлетов Болот исмли бир қирғиз дўстимизнинг ҳолидан хабар олиб келишга қарор қилдик. Бозорқўрғондан 10-15 чақирим нарида жойлашган Қайирма қишлоғида фақат қирғизлар яшайди. Дўстимизнинг хонадонига келиб, машина сигналини босдик. Орадан бир оз вақт ўтиб, дарвоза очилди, Болот бизни хурсанд ҳолда қучоқ очиб кутиб олди.

Ичкарида бизни илиқ қарши олган аёли бир зумда дастурхонни ноз-неъматларга тўлдириб, таом тайёрлашга киришди.

Бу йигит бизни етаклаб келган Мирзакамол исмли дўстимиз билан Қурилиш институтини бирга тамомлаган эди. Кейинчалик Мирзакамол орқали биз ҳам Болот билан қалин дўст бўлиб кетгандик. Бемалол жойлашиб, турли мавзуларда суҳбатлашиб ўтирганимизда бирдан дарвоза тарақлаб, кўчадан ҳунук бақириқ эшитилди. Мезбон шошиб ташқарига чиқиб кетди ва бир муддат йўқ бўлиб кетди. Бизнинг ҳижолат бўла бошлаганимизни кўрган мезбоннинг аёли, “Ҳеч гап йўқ, маст йигитлар экан”, деб қўйди.

***

Кейин билсак, воқеа бундай бўлган экан. Кўчада ароқ ичиб, “маишат қилиб” ўтирган қирғиз ёшларидан икки нафари тўрт ўзбекнинг қишлоққа келганини эшитиб, уларнинг додини берамиз деган ниятда келишади. Уй эгасига меҳмонларингни олиб чиқиб бер, хумордан чиқиб уриб олайлик, деганда хонадон соҳиби “Меҳмон – атои худо. Сенлар менинг хонадонимга келган меҳмонларни урадиган бўлиб қолишдингми деб, кутилмаган меҳмонларнинг роса таъзирини беради. Уларни келган томонига йўлга солиб қўйиб, ҳеч нарса бўлмагандек, даврамизга келиб ўтиради. Бу одамнинг олийжаноблигини қаранг, бизни ҳижолат қилмаслик учун бизга бу ҳақда оғиз ҳам очмади. Ёмонлар ёмонлик қиламан деса, кўчада турган машинамизни ёқиб юбориши ҳам мумкин эди. Йўқ, Болот уларнинг додини яхшилаб берган экан, қорасини кўрсатмай ғойиб бўлишибди.

Ошдан сўнг дўстимиз билан хайрлашиб, йўлга чиқдик. Бизнинг хабаримиз Қайирмага тез тарқаган экан, қишлоқ марказида тўп-тўп бўлиб турган ёшлар ҳам бизни жимгина кузатиб қолишди.

***

Ўша кунлари қирғиз-ўзбек ўртасидаги тўполон сабаб бўлиб, савдо дўконлари бўшаб қолган эди. Қайирмадан қайтаётганда қишлоқ марказидаги дўконга ун туширилаётганини кўрган эдим.  Эртасига уйда ун тамом бўлганини айтишганда, ўша дўконни эсладим ва машинада йўлга тушдим. Катта йўлга чиққанимда, “Партсъезд” қишлоғи томондан яёв келаётган 13-14 ёшлардаги қиз қўл кўтариб қолди. Тўхтаб, уни машинага чиқариб олдим. Бу қиз ҳам Қайирмага ун келганини эшитиб, ўша томонга йўл олган экан.

Бир зумда танишиб олдик. Оилада уч фарзанднинг каттаси бўлиб, отаси оламдан ўтиб кетган экан.

Дўкондан бир қопдан ун олиб, ортга қайтдик. Ярим йўлда бу қизни юки билан ташлаб кетиш инсофдан эмас эди. Хонадонигача олиб борганимда онаси укалари кутиб олишди. Қайтишимда онаси кимлигим ва қаерда ишлашимни сўраб қолди. Мен рассомчилик устахонасида ишлар эдим. Тақдирни қаранки, бу аёл ҳамкасбим – Ўш рассомлар уюшмасининг раиси Асакеннинг яқин қариндоши бўлиб чиқди!

***

Ҳар ойда Жалолобод шаҳар рассомлар уюшмасида Бадиий кенгаш йиғилиши бўлиб, унга Ўш рассомлар уюшмасидан уч-тўрт вакил келиб қатнашар эди. Ана шундай йиғилишлардан бирида Ўшдан келган Асакен қаршимга келиб, қўлимни қаттиқ қисди-да, кўзимга қараб туриб, “Раҳмат!” деди. Атрофдагилар бу сирли мулоқотни тушунишмади. Мен эса Асакеннинг қариндошлари унга телефон қилиб, бўлган воқеани айтишганини тушундим.

Ҳа, афсуски, ўша кунларда қирғиз ва ўзбек орасига тушган ғулув туфайли бошқа миллатдаги одамнинг бир қоп унини уйига олиб бориб бериш ҳам одамларга катта жасоратдай туйилиб қолган эди.

***

Кўп ўтмай Қайирмада бўлгандек ҳолат бизнинг қишлоқда ҳам такрорланди. Ишдан қайтиб, энди маҳаллага кирсам, Алижон исмли қўшнимнинг уйи олдида қаттиқ қўл жанги бўлаётган экан. Уй эгаси икки жангари ака-уканинг оғиз-бурнини қонга бўяб, тепишаётган эди. Мен у ерга етиб боргунча бақир-чақирни эшитиб, Алижоннинг акаси ёрдамга келиб қолди. Икковлашиб бояги жангариларни роса ҳолдан тойдиришди. Охири улар мағлуб бўлганини тан олишмаса ҳам бақир-чақир қилиб, воқеа жойидан узоқлашишди.

Суриштирсам, Алижонникига қирғиз миллатига мансуб дўсти ҳол-аҳвол сўраб келади. Хонадон эгаси дўстини меҳмон қилиб ўтирганда, худди Қайирма воқеаси каби маҳалламизда яшаган уришқоқ ака-укалар унинг уйига бостириб киришади. Алижоннинг ҳовлисидаёқ меҳмонни урмоқчи бўлишади…

Ўз меҳмонларини ҳимоя қилиб қолган ака-ука, ўша пайтда аввал қирғизлар, кейинроқ ўзбеклар орасида ҳам орасида расм бўлиб қолган “отдан оёқ” (яъни, меҳмон йўлга чиққандан кейин хайрлашув олдидан қадаҳ уриштириш. – муҳаррир.) удумини кўчада намойишкорона бажаришиб, сўнг меҳмонни анча жойгача кузатиб қўйишади. Оллоҳ Алижон ва акасининг икки дунёсини обод қилсин. Улар чинакам дўстлик, меҳмонга бўлган ҳурмат қандай бўлишини кўрсатиб қўйишди-да.

Ҳа, меҳмон атои худо, яъни Оллоҳнинг элчиси эканини ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак.

Меҳмондўстлик – ҳар икки миллатга бирдай тегишли бўлган сифат.

***

Ўша 1990 йилдаги биринчи фожеадан сўнг одамлар анча вақтгача ўзаро шубҳа, қўрқув ва саросимада яшаб юришди. Лекин бу ҳолат рассомлар орасида сезилмаган. Мен ҳар куни бемалол Жалолободга ишга бориб келар эдим. Камал исмли қирғиз дўстим шаҳарнинг марказида яшар эди. Хонадони тор бўлгани билан қалби кенг йигит эди. Кеч қолиб қишлоққа кетолмай қолсам, устахонада ётиб қолиш учун шароит бемалол бўла туриб, у ерда қолишимга рухсат бермасди, хонадонига олиб кетар эди.

Аёли Шарапат ҳам қалби дарё аёл эди. 20 йилдан ортиқ ўша бадиий устахонада ишлаган бўлсам, йил сайин бу оила билан дўстлигимиз фақат мустаҳкамланиб борди. Мен ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотига ўтиб кетганимдан кейин ҳам борди-келдимиз узилмади. Оллоҳ мен учун азиз бўлган дўстларим Камал ва унинг аёли Шарапатнинг бу дунёсини ҳам, охиратини ҳам обод қилсин.

***

Юқорида келтирилган воқеалар кўрсатиб турибдики, қирғиз ва ўзбек эллари ҳамиша бири-бири билан дўст, ака-ука бўлиб яшаганмиз ва ҳамиша шундай бўлиб қолаверади. 1990 ва 2010 йилларда жанжал қўзиган, қўлига қурол олиб, ёшу-қари демай, бегуноҳ одамларни отганларнинг миллати йўқ. Уларни одам деб дейишга ҳам тил бормайди. Афсуски, ундайлар кўзга кўринган сиёсатчилар орасида ҳам йўқ эмас. Тўғрироғи, бутун ғалва-жанжалнинг, фожианинг сабабчилари ўшалар…

***

Турма курорт ё санаторий эмас. Шу сабаб, кўп ҳолларда руҳий тушкунлик қамраб олганда мени ва ҳамкасб дўстларим Абдуназар Маматисломов билан Бахтиқан Жапароваларни ўлимдан сақлаб қолган беш қирғиз йигитини эслайман. Бундан 10 йил аввал Оллоҳнинг шарофати ила улар ёрдамга келмаганда эртасига бизнинг совуқдан музлаб қолган жасадларимизни топишлари аниқ эди. Ўшанда мен ҳозиргидек аянчли тақдирга дуч келиб, темир тўр ортида азобланмай, охират боғида абадий ҳаёт нашидасини суриб, боғи эрамда юрган бўлишим ҳам мумкин эди, деб ўйланиб қоламан.

2007 йил октябрь ойининг охирги кунлари эди. Эрталабдан ҳаво изғирин бўлиб, майдалаб ёмғир аралаш қор ёға бошлади. Йўл хавфсизлигини ҳисобга олиб, Жалолободга машинада боришдан ўзимни тийиб, автобусда ишхонага етиб бордим.

“Справедливость” ташкилоти эшиги олдида дуч келган Абдуназардан ахсилик дўстимиз Жайчибеков Сартбайнинг отаси оламдан ўтганини эшитдим. Бошига кулфат тушган одамнинг ёнида бўлиб, ўз вақтида таъзия изҳор қилиш дўстларнинг бурчи саналади. Узоқ ўйлаб ўтирмай, йўлга отландик. Учаламиз ҳам ҳавонинг авзойи бузуқ бўлса-да, енгил кийимда эдик. Машина печкасига ортиқча ишониб юборган эканмиз, шекилли.

Йўл эса олис, Ахси тоғли туман бўлгани учун қиш эртароқ келади. Катта-кичик довонлардан ошиб борар эканмиз, ўзимизни гўё ёздан қишга кириб бораётгандек сезар эдик. Борган сайин авж олиб ёғаётган қор машинанинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилиб, юришимиз тобора оғирлаша бошлади.

***

Дўстимиз Сартбайнинг ота юрти Ахсининг Қаражиғач қишлоғида эди. Ёз ойларида бу баҳаво жойга келиб шундоққина оқсоқолнинг уйи олдидан оқиб ўтадиган катта сойдаги муздек тоғ сувида чўмилиб, таналаримизга ором бағишлаганимизни эсладим. Кечаси ҳам шу жойда ёта қолардик. Тунда жавлон уриб оқаётган сойнинг шовқини бошингизни ўраб олсангиз ҳам эшитилиб туради, лекин уйқуга ҳалақит бермайди. Аксинча маза қилиб дам оласиз…

Қишда яна ҳам баҳаво бўлиб қоладиган тоғ бағридаги қишлоққа шомга яқин кириб келдик. Машинадан тушгандагина ҳавонинг чақиб оладиган даражада аччиқ совуғини сездик.

***

Азали хонадонда меҳмонларни кузатиб, марҳумнинг яқин қариндошларигина қолган экан. Қирғиз халқига, ким бўлишидан қатъи назар, меҳмонни олий даражада кутиб олиш авлодлардан қолган одат, удум. Ҳол-аҳвол сўрашиб, таъзия билдириб бўлгач, иссиқ хонага олиб киришди. Бир зумда дастурхон ноз-неъматга тўлди, ҳар биримизнинг олдимизга йилқи этидан устихонлар тортилди. Бироз гаплашиб ўтиргач, об-ҳавонинг инжиқлиги ва йўлнинг олислигини ҳисобга олиб, тезроқ ортга қайтиш тараддудига тушдик. Ҳар биримизнинг олдимизга қўйилган устихон, пишириқлар ва турли ноз-неъматларни пакетларга жойлаб, машинага солиб қўйишди. Текис, лекин тоғлар орқали кетадиган айланма йўлдан воз кечиб, Тошкўмир шаҳри орқали борадиган йўл билан қайтишни маслаҳат беришди. Таваккал қилиб йўлга тушдик.

***

Қорнинг қалин ёғишидан ойна тозалагич олд ойнадаги қорни тозалаб улгурмай қолди. Ердаги қор ҳам қалинлашиб, машинанинг юриши қийинлаша бошлади. Бора-бора бир довонга келгач, машина ғилдираклари ўрнида айланиб, бир қадам ҳам жойимиздан жила олмай қолдик. Йўлни ярмига ҳам келганимиз йўқ. Ташқарига тушайлик десак, совуқ, уст-бошимиз енгил, қор эса бўралаб уришини қўймайди. Энди ҳолимиз нима кечиши, бизларни яна нималар кутаётгани бизга қоронғи эди.

Машинани туртиш мақсадида салондан тушдим. Қорнинг қалинлиги 40 см атрофида, биз эса енгил ёзги туфлидамиз… Қор исканжасидан чиқиш учун бироз урингач, кийимларим шалаббога айланди. Гўё муздек сувга тушиб чиққандек ҳолда эдим. Қор асирлигидан соғ-омон чиқишимизга ақлимиз етмай қолди.

Мени аҳволимни кўриб турган Бахтиқан ҳам аёл бўлишига қарамай, машинани туртишга ёрдам берди. Моторнинг бир жойда туриб зўриқиб ишлаши натижасида кўп ёқилғи сарфлаши бизни хавотирга сола бошлади. Бу аҳволда бирпасда бензин тамом бўлиб, умуман иложсиз ҳолга тушиб қолишимиз аниқ эди.

***

Кимсасиз тоғда қолиб кетган альпинистлар каби жимгина ётиб, музлаб ўлишни ўзимга эп кўрмадим. Зим-зиё тун қоронғулиги, тоғлар оралиғидаги кимсасиз жойда бўлишимизга қарамай, бор кучим билан ёрдам сўраб бақира бошладим.

Абдуназар, “Азим ака, ақлдан оздингизми? То Тошкўмиргача бу йўлда тирик жон яшамайди…”, деди. Лекин мен унга қулоқ солмай бақиришда давом этдим. Орадан қанча вақт ўтганини билмадим, бир пайт қоронғуликда қўл чироғини ёқиб бир бегона одам пайдо бўлди. Бу ҳам Оллоҳнинг каромати-да!

***

Бизни ўлим чангалидан қутқариш учун келган йигит Тошкўмир-Кербен йўлини қураётган қурилиш компаниясининг қоровули экан. Бақирганимни эшитиб, йўлда кимдир фалокатга учрабдида, деб ёрдамга шошилибди. Нотаниш қирғиз йигити жуда бақувват экан, унинг ёрдами билан машинамиз анча нарига жилиб қолди. Лекин йўлнинг буёғи тик тепалик эди.

Нотаниш йигит бу ерларни яхши билса керак, машинани ўзимиз туртиб тепаликка олиб чиқолмаслигимизни айтди. Кейин бизни машина ичида жон сақлаб туришга чақириб, ўзи қишлоққа бориб, дўстларидан бир нечтасини уйғотиб келишини айтди.

Нотаниш йигит биздан узоқлашди.

Бизнинг хаёлимиздан, “дўстларини олиб келиш бир баҳона, шундай совуқ тунда қайси аҳмоқ нотаниш одамларга ёрдам бераман деб, иссиқ жойидан туриб, буёққа келади?” деган фикр ўтди. Шундай бўлса-да, унинг келиб шунчалик ёрдам беришга ҳаракат қилганидан миннатдор эдик.

Ҳаммамиз жим… Менинг кўз олдимда олис тоғларда совуқдан музлаб қолган альпинистларнинг совуқ жасадлари гавдалана бошлади.

***

Бошдан оёқ шалаббо бўлиб битган эдим. Совуқ ҳатто машина ичида ҳам азои баданимни тешиб юборгудай ачитиб, танамда музлаш жараёни бошланганини ҳис қилиб турардим. Атроф қоп-қоронғу бўлгани учун қайси томонга қарамай, кўзимга бечора альпинистларнинг музлаган гавдалари кўриниб, ҳаётимнинг аста сўниб бораётганидан далолат берар эди. Бир пайт чексиз қоронғуликда одамларнинг овози эшитилгандек бўлди. Бу овозлар тобора яқинлашиб, кўп ўтмай, жон-жаҳди билан ёғаётган қорни ёриб чиққандай бояги ҳалоскоримиз билан тўрт йигит пайдо бўлди.

Кўплашиб яна машинани туртишга киришдик. Оғир қадамлар билан пиёда кетаётган одам тезлигида жилиб бориб, охири олдимизда турган довоннинг чўққисига чиқиб олдик. Йигитлар Тошкўмир-Кербен йўлидаги энг баланд довоннинг чўққисига етганимизни, бундан буёғи эса фақат пастлик эканини айтишди. Демак, буёғига қийналмай кетиб оламиз…

Бутун вужудимизни эгаллаб олган хавф туйғусидан фориғ бўлгач, қоринлар роса очиққанини ҳис қилдик. Қор ҳам анча сустлашиб қолган эди. Дўстимиз Сартбай машинага солиб қўйган устихонларимизни эсладик. Тун қоронғусида боримизни машина капотига ёйиб олиб, йигитлар билан тамадди қилдик. Абдуназар йигитларга ўз ташриф қоғозини бериб, Жалолободга бориб қолишса, сўзсиз қўнғироқ қилишларини сўради. Оллоҳ ғойибдан етказган ҳалоскорларимиз билан қадрдонлардек қучоқлашиб хайрлашдик.

Ёқилғи оз қолгани учун машина тезлигини бир ошириб олиб моторни ўчириш йўли билан анча ерга етиб олдик. Тошкўмир шаҳрига тинч-омон етиб келгач, машина бакини тўлдириб бензин қуйиб олдик.

***

Машина кабинасини имкони борича иситилгани билан уст-бошим жиққа ҳўл бўлиб кетгани учун танам тобора музлаб борарди. Ора-чорада йўталиб қўяман…

Менинг уйимга ярим тунда етиб бордик. Хадича халқ табобати усуллари бўйича даволашга жуда уста эди, дарров малина мураббосидан қайта-қайта ичириб, антиқа усул билан роса терлатди. Кейин иссиқ ўраниб жойимга ётиб олдим.

Мен эрталабгача тирик қолган тақдиримда ҳам ўпка шамоллаши ва бошқа бир қанча касаллик белгилари билан уйғонаман, деган ўйда эдим. Мендан ёшроқ ва бақувватроқ бўлган ҳамкасбим Абдуназар эса мени эрталабга етмай жон беради, деб ўйлаган экан. Сабаби мен машинани туртаман деб ташқарида кўпроқ ивиган эдим-да. Соғлигим ҳам жуда спортчиларникидай эмасди.

Буни қарангки, эртасига гўё ҳеч нарса бўлмагандек ўрнимдан турдим. Абдуназар қўнғироқ қилган эди, олсам, дадил овозимни эшитиб, “Азим ака, жонингиз темирдан экан, мен ёмон хаёлга борган эдим, Оллоҳга шукур тирик экансиз”, – деди.

***

Ўша совуқ тунда бизни ўлимдан сақлаб қолган беш қирғиз йигитидан биронтаси ҳам кейин Жалолободга келмади. Ёки келишган бўлса ҳам, биз билан учрашишдан тортинишди, шекилли. Улар билан кўришиб, яхшилаб танишишнинг имкони бўлмади. Лекин бу содда ва олижаноб инсонларнинг фидойилиги, одамийлиги бир умрга қалбимга муҳрланиб қолди.

Гоҳо турмада ғам ва маъюслик устун келиб, умидсизликка тушган пайтларимда Яратган эгамга шак келтириб қўяман. Ўшанда бу Оллоҳ юборган элчилар келиб, ўлимдан сақлаб қолмаганда, балким ҳозир бошимга шунча оғир кунлар тушмаган бўлармиди, деб ўйлаб кетаман. Яна тавба қиламан, яна ўша совуқ тунда иссиқ жойини тарк этиб, тиззасигача шалоплаган қорни кечиб, бизнинг машинани тепаликка қараб беш чақиримгача туртиб борган тунги фаришталарнинг тантилиги, олижаноблигига таҳсинлар айтаман. Оллоҳ улардан ва уларни дунёга келтирган ота-оналаридан рози бўлсин…»

Ҳуқуқ ҳимояси соҳасидаги фаолияти ҳақида ёзганларидан

 «…Дунё XXI асрда яшаётганига қарамай, юртимизда одамларни милициядан қўрқиш ҳисси тарк этмаган. Шу сабабли одамлар милициядан азият чексалар ҳам, буни ўзаро айтиб юришади-ю, лекин ҳеч ким журъат қилиб бу зулмларга қарши чиқолмас эди. Жабрланганларнинг кўпчилиги бизнинг ташкилотга, ёки прокуратурага келиб, милицияга қарши арзлана олмас эди. Биз эса одамларни қўрқмасликка, адолатсизлик бўлганда ариза ёзишга ундардик, буни қандай амалга оширишни ўргатардик.

***

2004 йили Бишкек шаҳрида суд ижрочиси бўлиб ишлаган Мойдунов Ташкенбай оилавий келишмовчиликлар туфайли она юрти Бозорқўрғонга келиб, бир аёл билан фуқаролик никоҳида яшаб қолади. Қишлоқда майда савдо билан тирикчилик қила бошлайди.

Азимжон Асқаров чизган суратлардан намуна

Ҳар қандай оилада ҳам етишмовчилик сабабли можаролар бўлиб туриши оддий ҳол. Лекин Ташкенбай учун шундай можаролардан бири фожеали якунланди. Кўчада аёли билан жанжаллашиб турганда милиция ходимлари машинада ўтиб кетаётиб, буни кўриб қолади. Орадан 15 дақиқа ўтиб “ўлжани” қўлдан чиқармаслик учун Мойдуновни ички ишлар бўлимига олиб келишади. Мойдунов қаттиқ калтакланиб, ўлиб қолади. Унинг ўлими бўйича ҳам аввалги ҳоллардаги каби “ички кийимига осилиб олибди”, деган найрангни ишлатишади. Лекин ёз ойлари бўлгани учун Мойдуновнинг турсикдан бошқа ич кийими бўлмаган.

***

Чақирилган “Тез ёрдам” ходими унинг бўйнида ҳеч қандай чилвир излар йўқлигини тасдиқлаган. Аслида катта куч билан урилган милиция таёғидан Мойдуновнинг мияси ёрилиб, ҳатто ёрилган жойдан мия сизиб чиққан эди. Лекин суд-тиббий экспертизаси бу ҳолатни яшириб, милиция ходимлари сўрагандек хулоса ёзиб беради ва қотиллик факти яшириб қолинади. Буни менга Ташкенбаев томонидан экспертизада қатнашган тиббий ходим ҳеч жойда кўрсатма бермаслик шарти билан айтиб берган эди.

***

Бу иш бўйича асосий айбдор Мантибаев Эмиль ва унинг ҳамтовоғи бўлган уч милиция ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатиб, судга олиб чиқдик. Лекин судьялар милиция ходимларининг “катта акаси” ҳисоблангани учун учала суд инстанциялари ҳам милиция ходимларини айбсиз деб топишган. Мана шу жиноятчи тўп кейинчалик менга қарши уюштирилган туҳматда фаол қатнашиб, 2010 йил июнида мендан ўч олиб, биратўла қутулиш учун бутун имкониятлардан фойдаланишди.

***

Мойдуновнинг иши бўйича 2004 йили адвокат Таир Асанов ёрдамида Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) қўмитасига ариза юборилиб, 2010 йилда мен қамоқда ётганимда БМТнинг қарори чиқади. Қарорда Ташкенбайнинг ўлими айбдорларини жазога тортиш ва марҳумнинг яқинларига товон тўлаб бериш талаблари қўйилган эди.

Орадан олти йил ўтиб, Чуй вилоят суди жабрланувчиларга 600 минг сўм (8,500$) товон тўлаб бериш ҳақида қарор чиқаради. Лекин кейинроқ Олий суд товон пулини уч баробарга қисқартирди. Айбдорларни жазолаш бўйича эса суд ҳукмида бир сўз ҳам йўқ.

***

Бозорқўрғон ИИБнинг донғини бутун дунёга таратган шармандали ишларнинг яна бири Зулхумор Тўхтаназарова воқеаси.

Милиция ходимлари майда ўғриликда гумон қилиб, тўрт аёлни ушлайди ва терговни Ақмарал исмли аёл терговчи олиб боради. Бу аччиқ кунларни ўз бошидан ўтказган аёлларнинг таърифлашича Ақмарал уларни ўта ваҳший усуллар билан азоблаган. Майда ўғирлик билан қўлга олинган бўлишига қарамай, аёлларни 7 ой давомида милиция изоляторида ушлаб туришади. Бу орада Зулхумор Тўхтаназарованинг бўйида бўлиб қолади. Жабрланувчи аёлларнинг айтишича, уни милиция ходимлари 100 сўмга эркакларнинг камераларига қўйиб бериб туришган.

Мен ўшанда Бозорқўрғон тумани прокурори ёрдамчиси билан бирга изоляторга кириб, Зулхуморнинг оғироёқлигини сезиб қолганман ва прокурордан уни тез орада изолятордан чиқаришни сўраганман. Милиция ходимлари жавобгарликдан қочиш йўлларини қидиришади ва турли таблеткалар ичириб аёлнинг ҳомиласидан қутулишга ҳаракат қилишади. Орадан икки ҳафта ўтиб, Тўхтаназарованинг аҳволи оғирлашгач, “Тез ёрдам” чақиришга мажбур бўлишади. Милиция ходими кузатувида туғруқхонага келтирилган ҳомиладор аёлнинг бир қўлини каравотга кишанлаб қўйишади. Шу ҳолатда дунёга келган чақалоқ бир кундан сўнг бу ёвуз дунёни тарк этади. Шундан сўнг ўша куниёқ Тўхтаназаровани аҳволи оғир эканига қарамай, яна изоляторга олиб келиб қамашади.

Ташкилотимиз туман прокурорига мурожаат қилгандан сўнггина аёлни уй қамоғига чиқаришди. Етти ойдан бери чўзилиб келаётган иш тезда судда кўрилиб, тўрт аёл ҳам шартли равишда бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, суд залидан озод қилинади.

***

Лекин тергов органларининг Зулхумор Тўхтаназаровага қарата қора ниятлари аримади. 2005 йили у яна майда ўғирлик иштирокчиси сифатида қамоққа олинади. Унга адвокат бермасдан бир хафта давомида қамаб туришади. Терговчи Жаманқулов Мақсат аёл эканига қарамай, ур-тўқмоқга олади. Тирноқ остиларига игна тиқади. Ташкилотимиз туман прокуратураси ёрдамида уни бўшатишга эришди. Идорамизда врач аёл иштирокида қийноқ излари текширилиб, ҳужжатлаштирилди.

Бу воқеа ҳақида “Право для всех” журналида “Букрини гўр тўғрилайди” деган мақолам чоп этилди. Ундан аввал кишанланган ҳолда кўзи ёриган аёл ҳақидаги мақолалар турли газета ва интернет нашрларида чиққан ва бу милиция ходимларининг менга қарата ғазабини юз чандон оширган эди.

Менинг мақолам чиққач, терговчи Жаманқулов Мақсат судга даъво аризаси бериб, мени Жиноят кодексининг “Туҳмат ва ҳақоратлаш” бандлари билан жавобгарликка тортишни сўрайди. Судда Р. Магеев, Э. Мантибаев ва яна 4 милиция ходими қатнашиб, “Жаманқулов Зулхумор Тўхтаназаровага қарши қийнов усулларини қўлламаган”, – деб гувоҳлик беришган. Гўёки бу олти милиция ходими Зулхуморни тергов қилиш вақтида Жаманқулов билан бирга бўлган. Уларнинг бошқа ишлари йўқмики, бу тергов ишининг бошидан охиригача қатнашиб, қийноқ бўлган ёки бўлмаганини кузатиб юришган бўлса?!

Милиционернинг даъво аризаси бўйича суд жараёни оз эмас, кўп эмас, роса 7 ойга чўзилди. Ишни олиб бораётган судьяга нима қилиб бўлса ҳам мени турмага тиқиш бўйича юқоридан, куч органлари томонидан босим қилинади.

***

Терговчи Жаманқуловнинг энг улкан хатоси шу бўлганки, Зулхумор Тўхтаназаровани қўлга олишдан 3 кун аввал унга расман адвокат тайинлаган экан. Шу билан бу ишнинг сохта экани маълум бўлиб қолди. Бу кирдикори очилгач, унинг адвокати ҳам, ўзи ҳам судга келмай қўйишди. Шундан сўнг суд мени оқлашга мажбур бўлган.

***

2005 йили “Трибуна” газетасида менинг суҳбатим чоп этилиб, унда мен Бозорқўрғон тумани милиция бўлимидаги беш ўлим факти ҳақида айтиб берганман. Бу маълумот бўйича менга Жалолобод вилоят прокуратурасидан, “Бир суткада ана шу беш ўлим бўйича далилларни келтира олмасанг, ўзингни темир панжара ортида тасаввур қилавер”, – деб дағдаға қилишди. Мен барча жиноий ишлар бўйича ҳужжатларни мукаммал олиб борганим учун эртасигаёқ уларни прокурорга тақдим этдим. Аввалги дағдаға ўрнини мулойимлик эгаллаб, вилоят прокурори ёрдамчиси, “Менда бу далиллар йўқ экан-да”, – деб узр сўради. Лекин, афсуски, ана шу ўлим фактлари бўйича деярли ҳеч қандай иш қилинмади.

***

Бозорқўрғон тумани ИИБдаги шармандали ишларнинг яна бири Майрам Заирова воқеаси. Қиш кунларидан бирида туман маданият уйи ертўласидан ноъмалум аёлнинг жасади топилади. Жасад шу қишлоқда ижарага олган уйда яшаб юрган Майрам Зоированики деб гумон қилинади. Тез орада қотилликда айбланиб, ижара олинган уйнинг эгаси Ёрқиной Мамажанова ва унинг синглисининг эри Ҳусанбойлар қўлга олинади.

Уч кун давом этган қийноқлар, ур-тўқмоқдан кейин Мамажонова Майрам Зоировани куёв боласи билан бирга ўлдирганини бўйнига олади. Ҳусанбой барча азобларга чидаб, қилмаган ишни бўйнига олмайди.

Уларнинг яқинлари бизнинг ташкилотга мурожаат қилгач, иш бўйича текширув амалларини бошладик. Майрам Зоированинг кўричаги кесилган бўлиб, қорнида чандиқ изи борлиги маълум бўлди. Топилган жасаднинг фотосуратида эса бундай чандиқ йўқ. Бу Зоированинг тирик эканидан далолат эди.

Мен туман прокурори Расул Умаровга ўз хулосаларимни айтиб, Майрам Зоированинг тирик экани далилланса, прокуратуранинг шаъни ер билан тенг бўлади, десам у, “Агар сизнинг гумонингиз тўғри чиқса, мен терговчиларнинг бошини узиб оламан”, – деб жавоб берди. Лекин шу кундан бошлаб, менинг орқамдан кузатувчи қўйишди. Майрам Зоировани тирик топишимга ақли етган милиция ходимлари биздан 40 чақирим наридаги Жалолобод шаҳрида жойлашган фоҳишахоналарнинг бошқарувчиларини ҳам ишга солишади. Уларга Майрам Зоировани мендан олдин топиб, ўлдириб юбориш топшириғи берилади. Ҳатто улардан бирига аванс сифатида 1000 АҚШ доллари беришиб, иш битгандан кейин яна шунча беришни ваъда қилишади.

Бизнинг бахтимизга у аёл виждонли экан. Зоировани қидираётганимни эшитиб, ўзи уйимни топиб келди ва милиция ходимларининг талабини айтади. Гапини тасдиқлаш учун менинг олдимда “буюртмачи” милиционерга телефон қилди. Милиция ходимининг қотиллик ҳақидаги таклифини ўз қулоқларим билан эшитиб, ҳанг-манг бўлиб қолдим. Бу суҳбатни диктофонга ёзиб олдим.

Қотиллик бўйича ишни судья ҳам чўзиб турди. Ниҳоятда қийинчилик билан Майрам Зоировани топиб, судга тирик олиб келдим. У бировга билдирмай, қўшни Ўзбекистонга турмушга чиқиб кетган ва яқинлари билан ҳам алоқа қилмай қўйган экан.

Майрамнинг ҳавфсизлигини таъминлаш ҳам осон кечмади. Уни олиб келаётганимда йўлда автоҳалокат уюштириб, ўлдиришлари мумкин эди. Ишнинг пухта бўлиши учун Зоированинг отаси ва бошқа яқинларини топиб, улар билан учраштирдим, ҳақиқатда бу Майрам Зоирова эканини тасдиқловчи видео ёзув ҳам тайёрлаб олдим. Бу ишни овоза қилиш мақсадида судга бир неча журналистни таклиф қилиб қўйдик.

***

Суд залига тирик Майрам Зоировани олиб кирганимда судланувчи Ёрқиной Мамажонова йиғлаб юборди. Лекин прокурор мен кўрсатган видеоёзувларни далил сифатида қабул қилишни истамай, судга  Зоированинг яқинларини олиб келишни талаб қилди. Уч соатча вақт сарфлаб, Майрамнинг 20 чақиримча нарида яшовчи яқинларини олиб келдим. Суд ва прокурор чорасиз қолишгач, судланувчилар озодликка чиқарилди.

***

Зулхумор Тўхтаназарованинг иши бўйича маҳаллий ва жаҳон оммавий ахборот воситаларида ўнлаган материаллар чоп этилгач, Қирғизистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Феликс Қулов ташаббуси билан махсус комиссия тузилган. Мен айтган фактлар юз фоиз тасдиқлангач, комиссия аъзолари Бозорқўрғон туман ИИБда мен билан учрашиб, “Ишни аъло даражада бажарибсиз”, – деб раҳмат айтишган. Текширувдан кейин милиция ходимларидан кимдир ишдан олинди, кимгадир хайфсан берилди. Ёрқиной Мамажонова ва Ҳусанбойларга қийноқ қўллангани учун туман прокурори Расул Умаров ишдан олинди.

***

Ҳозир бу ҳақда эслаб, темир тўр ортида бўлса ҳам ёзиб ўтириш осон, лекин ўша пайтда туман миқёсидаги оддий бир ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг давлат куч органлари ва прокуратура ходимлари йўл қўйган қонунбузарликларга қарши ошкора иш олиб бориши осон бўлмаган. Кўп ҳолларда ташкилот идораси ва уйим милиция ходимларининг назорати остида бўлган. Улар идорамга, уйимга кимлар келиб-кетишини зимдан кузатиб юришган.

Бу кузатишлар айниқса 2005 йилнинг 13-майида юз берган Андижон фожеасидан сўнг жуда кучайган. Бу воқеа бўйича оммавий ахборот воситаларида жуда кўп хабарлар тарқатган эдим.

***

Ҳамқишлоғим Нозим Мамадалиев воқеаси ҳам донғи ёйилган воқеалардан бўлган. 2000 йилларда ҳам Қирғизистонда ўзбек миллатига мансуб фуқароларнинг паспорт олиши ёки алмаштириши осон кечмаган. Паспортга ариза топширган ўзбек албатта қўшни Ўзбекистоннинг қўшни Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқ, деган ҳужжат олиб келиши шарт бўлган.

Нозим Фарғона шаҳрида қариндошлариникида яшаб юриб, қурилиш бозорида савдо билан шуғилланган. Паспорт олиш учун мурожаат қилганда Фарғонадан маълумотнома олиб келишни талаб қилишади. Шу мақсадда Фарғонага борганда маҳаллий прокуратура ходимлари томонидан қўлга олинади. Маълум бўлишича, Фарғона шаҳридаги бир маданият саройи директор томонидан ноқонуний бузилади ва эски материаллар қурилиш бозорида сотилади. Нозим ҳам ўзи билмаган ҳолда бу материаллардан сотган бўлиб чиқади. Унинг маданият саройи бузилишига алоқаси бўлмаганига қарамай, директор билан шерикликда айблашади.

Нозимнинг опаси Мамадалиева Мунира бизнинг ташкилотга мурожаат қилганда тезда ҳимоячи ёллаб, уни чиқариб олишни таклиф қилдим. Лекин орадан икки ҳафта ўтмай, Мунира укасининг ўлгани ва ўликни қариндошларига бермаётгани юзасидан ариза билан мурожаат қилди. Мен, “Фақат мен бажарадиган амалларга қарши бўлмасанглар, ўликни олиб келаман”, – деб келишдим.

Марҳумнинг отаси билан Фарғона шаҳар суд-тиббий экспертиза (СТЭ) бўлимига кечга яқин етиб бордик. Нозимнинг вахшийларча калтакланиб ўлдирилгани шундай кўриниб турар эди. Мен суратга олмоқчи бўлганимда врач, “Илтимос бу жойда суратга олманг, бизнинг бошимиз ғалвада қолади”, – деб кўнмади. Тунда менинг қариндошларимникида қолиб, эрталаб Фарғонадаги ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусалом Эргашевни ёрдамга чақирдим. Прокуратурадан керакли ҳужжатларни олдим. Жасадни олиб кетишга тайёргарлик кўриб турганимизда Фарғона шаҳри тергов изолятори бошлиғи бир неча милиция ходими билан келиб, “Мана бу ҳужжатларга имзо чекиб, кейин олиб кетасизлар”, – деб талаб қўйди. Шундай деб тобутни машинадан туширишди. Марҳумнинг отаси қўл қўйишга шошилганда, мен унга ўз талабимни эслатдим ва ҳужжатга имзо чекмасликни талаб қилдим. Милиция ходимлари, “Ё давоимиз йўқ, деб имзо чекасизлар, ё жасад шу ерда қолади”, – деб шарт қўйишди. Суд-тиббий экспертизаси қачон тайёр бўлишини сўрасам, СТЭ бошлиғи, “Бир ойда”, – деб жавоб қилди. Мен, “Яхши, тобутни музлатгичга солиб қўйинглар, роса бир ойдан сўнг СТЭ хулосаси тайёр бўлганда жасадни олиб кетамиз”, – дедим. Улар буни кутмаган экан, яна қандай йўл тутиш мумкин, деб менинг фикримни сўрашди. Мен, “Бутун қариндошлари кутиб турибди. Майитни шу жойда ювдириб, уйига олиб кетамиз-да, бугун кечгача ерга қўямиз”, – дедим. Улар рози бўлишгач, тобутни иккинчи бор машинага юкладик ва йўлга тушдик. Абдусалом Эргашев бизни шаҳардан чиққунимизга қадар кузатиб хайрлашди.

***

Чегарадан ўтгач, ҳамкасбим Асқаров Махмудга телефон қилиб, уч одамдан тузилган СТЭ гуруҳини тайёрлаб туришни ва прокуратурадан ёрдам сўрашини тайинладим. Тобутни марҳумнинг уйига етказиб келганимизда “Тез ёрдам” етиб келди-да, СТЭ гуруҳи кутаётганини айтди. Кутилмаганда марҳумнинг отаси майитни экспертизага олиб боришга қаршилик қилиб туриб олди. Иложсиз жасадни ҳар томондан суратга олдик ва ювиб, ўша куни ерга берилди.

Шундан сўнг Ўзбекистондаги ҳамкасбларим орқали Нозимнинг суратларини Вашингтонда жойлашган СТЭ халқаро бўлимига юбориб, унинг қийноқнинг қайси турлари қўллаб ўлдирилгани бўйича хулоса олдик. Бу орада Нозимнинг оила аъзоларига Фарғонадан телефон қилишиб, юқори органларга ва халқаро ташкилотларга ариза ёзмасликни сўрашган. Эвазига яхшигина пул ҳам ваъда қилишган.

Бу ишга таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова ҳам қизиқиб қолди. Охир-оқибатда Нозимнинг қабрини очишга тўғри келади. Опаси Муниранинг розилиги билан отасига билдирмаган ҳолда қабр очилиб, жасад қайта экспертизадан ўтказилди. Бу ҳақда хабар топган отаси идорамга келиб, норозилик билдирди. Афсуски, бу иш якунига етмай туриб, ўзим темир тўр ичига тушдим…»

Қамоқхонада ўтган ҳаёти ҳақида ёзилган сатрлардан парчалар

«…Уруш – тубсиз жарлик. Айниқса, миллатлараро тўқнашувларда асло ғолиб бўлмайди, ҳар икки томон ҳам яқинларидан жудо бўлади. Маълум вақт улардан бирининг қўли баланд келган бўлса ҳам, вақти келиб, бу жанжал яна аланга олади. Чунки адолатсизликнинг умри қисқа. Эркинликка, тенгликка интилиш эса табиий ва абадий жараён.

Миллий низоларни ўйлаб чиқарган, уюштирган сиёсатчилар бу телбаларча уруш пайтида ўз фарзандини йўқотган оналар изтиробининг юздан бир қисмини ҳис қила билишганда эди, бундай қалтис ишларга боришмаган бўлар эди.

***

Ким билади, агар Қирғизистон жанубидаги 1990 йилги фожеалар содир бўлмаганда мен ҳам ҳаётдан ўзимга яраша жой олиб, тасвирий санъат соҳасида ўз йўлим, ўз рассомчилик мактабимга эга бўлган бўлармидим, дейман.

1990 йил. Қишлоғимиздаги Энахон деган аёлнинг уйида безак ишларини қилиб турсак, унга қўшни яшаган рус аёли чиқиб қолди, юзларида ташвиш аломати.

“Қизим Брест шаҳрида яшайди, ҳарбийга турмушга чиққан. Қизим шошилиш келибди, унинг айтишича, яқинда бу ерларда катта қирғин бўлармиш. Шу сабабли тезда уйни сотиб кетайлик, деб ҳоли-жонимизга қўймаяпти”, – деб қолди.

Чуй вилояти судида. 2016 йил, декабрь

“Қизингиз қаердан билибди фожеа бўлишини”, – десам, у “Эри ҳарбий эмасми, ўша айтиб жўнатибди қизимни бу ёққа”, – деди. Мен аёлни тинчлантириб, “Ҳеч қачон ундай воқеа бўлмайди бу ерда, қизингизнинг мақсади – эплаб уйни сотдириб, улушини олиш”, – дедим. “Мен ҳам шундай фикрдаман”, – деди аёл ва шу билан мавзуга нуқта қўйилди.

Орадан роса бир ой ўтиб, 4 июнда Ўшда қирғиз-ўзбек можароси бошланиб кетди.

Ўшанда мен рус аёли билан бўлган суҳбатимизни эсладим. Бу қанақаси? Биздан 7000 чақирим олисда ҳарбий хизмат ўтаётган одам мен яшаб турган жойда содир бўладиган фожеани олдиндан билса-ю, мен ва мен каби юз минглаган одамлар бунда бехабар қолсак?!…

…Буюк файласуфлардан бири саёҳат қилиб юриб, бир тоғли қишлоқда қабр олдида нолалар қилиб йиғлаётган аёлга дуч келади. Ундан бу қадар фарёд ураётгани сабабини сўраганда, аёл аввало қайинотаси, кейин эри ва энди ўғли йўлбарс чангалида ажал топган айтади. Файласуф таажжубланиб, “Нега бу йиртқич ҳайвонлар маконида хавф-хатар остида яшагандан кўра беҳавотир жойга кўчиб кетмайсан”, деб сўрайди. Шунда аёл, “Бу жойнинг давлат бошлиғи вахший эмас”, деб жавоб қилган экан.

***

…Темир тўр ичига тиқиб қўйиб ҳам менга тинчлик беришмади. Бу ердан ўтганки милиция ходими, “Ўўў, ёзувчи, келиб қолибсан-да”, – деб кўкрагимга муштлаб ҳузур қилар эди. Укам эса нима қиларини билмай, хавотир билан бу воқеаларга гувоҳ бўлиб турар эди. Тунда, соат неча бўлганини билмайман, бизга яна уч одамни қўшишди. Улар милициянинг яширин агенти Фарҳод, Махмуджонов Мавлон ва “Шурик” деб танилган тиш доктори эди. Мен Шурикни овозидан танидим, чунки юзи калтаклашдан одам танимайдиган ҳолга келган эди. Мавлон ва Фарҳодларнинг аҳволи ҳам ундан кам эмас, қаттиқ калтаклангани кўриниб турар эди. Суриштириб билсам, Фарҳод билан Мавлон 11 июнь куни хонадонларини ташлаб чегарага қочган одамларнинг уйини тўнагани учун қўлга олинган экан.

Олиб келинган дақиқадан бошлаб, Мавлон навбатчи подполковникка Оллоҳга ялингандек ялиниб, “Нима десангиз қиламан, мени озод қилсангиз бас”, – деб тинмай мурожаат қилиб турди. Фарҳод ҳам у каби ялиниб, бу ердан чиқариб юборишларини сўрарди. Охири навбатчи подполковник, “Айтганимни қиласанми?”, – деб сўради Мавлондан. Рози эканини айтгач, уни иккинчи қаватга олиб чиқиб кетди. У бир соатча йўқ бўлиб кетди.

Пайтдан фойдаланиб, мен укамга, “Сени яна бирор кундан сўнг бўшатишади, мени охирги йўлга кузатишга тайёргарлик кўриб тур. Тез орада булар мени ўлдиришади”, – деб бошқа васият қиладиган гапларимни айтиб олдим. Бу ердан тирик чиқишимга умидим қолмаган эди…

Асқаровни милиционерлар ўзининг ёнғиндан сўнг харобага айланган идораси олдидан олиб кетишган. Қамоқхонада чизилган сурат

… Суд иккинчи жараённи 6 сентябрга белгилаб мажлисни ёпди, лекин судья залдан чиқмай туриб, Сулаймоновлардан биз томонга шиша идишлар учди, улар бизни роса ҳақорат қилиб, зални тарк этишди. Кейин Бозорқўрғон ва Новкент тумани милиция ходимлари қутурган итлардек бизни битта-биттадан судраб, Новкент тумани изоляторининг сайр қиладиган майдонига олиб чиқишди. Бизни бир сафга турғизишиб, “Сенлар учун биргина йўл бор, судда ортиқча гап-сўз қилмай, “ҳа, йўқ” деб жиноятни бўйниларингга олишиб, тезроқ даф бўлиш”, – деб дағдаға қилишди.

Мен майдончага кирган милиция ходимларининг 22 нафар эканини кўзим билан санаб олгандим. Бирдан уларнинг ҳаммаси бизни ур-тепкига ола бошлашди. Бақир-чақирлар ташқарида турган яқинларимиз ва адвокатларга ҳам эшитилиб турган экан, улар бу ваҳшийлик бўйича президентга, Бош прокуратура ва ИИВга арз қилишибди.

***

Мени уч ходим копток тепгандек ур-тепки қилишаётганда ерга йиқилдим. Шунга қарамай, бор кучлари билан роса калтаклашди. Эрнест деган лейтенант кўзимга тепиб юбориб, ўзи ҳам чўчиб кетди шекилли, бироз бўшашди. Муниранинг аёл киши эканига ҳам қарашмади. У аюҳаннос солиб, бақириб йиғларди. Мен кўзимни ушлаб, энгашиб қолганимда буйракларимга мушт билан уришди.

Қирғизистондаги куч органлари бу каби ваҳший ходимлардан тозаланмас экан, бу юртни ҳали жуда кўп одамлар тарк этади. Ким билади, балки уларнинг мақсади ҳам шудир…

… Бизни эрталаб судга олиб чиқишарди-ю, то кечгача на сув беришар, ва на ҳожатга олиб боришар эди. Шу сабабли мен эҳтиётимни қилиб, суд бўладиган кундан бир кун аввал таом ва сувдан ўзимни тийишни одат қилганман. Чунки калтаклашлар натижасида узоқ вақт ҳожатимни тутиб туролмас эдим.

Милиционерларнинг зўравонлиги тўхтагани билан суд залидаги “спецназ” жангчиларининг азоблашлари давом этди. Судья тушликка кетганда биз улар билан ёлғиз қоламиз. Ниқоб кийган бу барзангилар темир тўр ичида туришимизга қарамай калтаклашар, ўзимизни олиб қочсак, автомат шомполи билан уришарди. Мени масхара қилишиб, “Милицияни танқид қилмай тинч юрсанг, бугун бу ерда бўлмас эдинг”, деб кулишади.

Улардан бири урмоқчи бўлганда ўзимни олиб қочсам, у, “Қўрқяпсанми?” деб кулди. Шунда мен икки қўлимни билагимгача темир тўрдан чиқариб бердим. У бир неча бор уриб, тўхтади. Оллоҳдан қўрқди, шекилли…

***

Аввал айтиб ўтганимдек, Бозорқўрғон тумани милициясида одам ўлдириш оддий ҳол эди. Менинг ўлмай қолишимга сабаб, авваламбор Оллоҳнинг меҳрибонлиги бўлса, иккинчидан, суд жараёнига халқаро ташкилотлар томонидан мониторинг юргизиб борилиши бўлди…

…Бизга нисбатан қийноқ ва хўрликлар суд ҳукми чиққандан кейин ҳам тўхтамади. 2010 йилнинг 9 октябрида Новкент тумани изоляторига июнь воқеаларининг яна бир эпизоди  бўйича айбланаётган ўзбек миллатига мансуб фуқароларни олиб келишди. Жой танқис бўлиб қолгач, бизни Сузоқ тумани изоляторига кўчиришди. Бу ерда ҳам юзларига ниқоб қопланган махсус бўлинма (“спецназ”) жангчилари бизни ювиниш жойида сафга тизиб, ечинишни буюришди. Ҳамма қатори мен ҳам биргина ички кийимда қолдик. Менинг судга деб тайёрлаган материалларимни сочиб юборишди. Улардан бири, “Бундан буён уларнинг сенга зарурати йўқ” деб, кўзойнагимни олиб ерга урди ва оёғи билан эзиб, синдириб ташлади. Кейин ўзимнинг оёқ кийимим билан бошимга бир неча бор уриб, “Сен милиция ҳақида ёзмай тинч юрсанг, бугун бу ерда бўлмас эдинг”, деб заҳарханда кулди. Деворга юзимни буриб қўйиб, белимга муштлади.

Кейин қолган маҳбусларни йиртқичлар каби роса ур-тепкига олишди. Агар мени ҳам улар каби уришганда, ўлиб қолишим аниқ эди, чамаси буни ўзлари ҳам билишган шекилли, менга “юмшоқроқ” муомала қилишди. Мен юзим деворга қаратилган ҳолда турар эканман, калтак зарбидан додлаб бақираётган ҳамқишлоқларимдан кимиси шу тобда ўлиб қолиши мумкин, деган ўйда эдим. Бу ваҳшийлик анча вақт давом этди. Кийинишга рухсат беришганда шерикларимнинг танасида кўкармаган жой қолмаганига гувоҳ бўлдим. Лекин, юқоридан буюрилган суд ҳукми чиқиб бўлгач, бу жароҳат ва доғлар бировни қизиқтирмаслиги аниқ эди…

… Кўп ўтмай, 23 октябрь куни тушликда энди яқинларимиздан келган озиқ-овқатларни ола бошлаганимизда “Бозорқўрғон!”, деган команда бўлди. Ҳаммамизни аввалгидек ювиниш жойига олиб чиқишди. Аввалгидек ниқоб кийган “спецназ” жангчилари бизни уриб бироз “разминка” қилиб олишгач, бир-бирдан бошимизни ерга теккудай эгиб, машинага олиб чиқишди. Бу сафар 2 ёки 3 соат юриб, Тошкўмир шаҳридаги изоляторга олиб келишди. Яна ювиниш жойига сафга тизишди. Ерга ётишни буюришиб, барзанги “спецназ” жангчилари устимизга чиқиб олиб, оёқлари билан роса танамизни эзғилашди. Шундан сўнг турғизиб олишиб, яна ур-тепкини бошлашди. Мени яна аввалгидек деворга қаратиб қўйиб, бел қисмимга енгил уришди, қолганларни эса ўлар ҳолатга келгунча калтаклашди. Мен бу одам қиёфасини йўқотган формалиларнинг Сузоқда айтган гапларини эсладим. Улар бизга сенларни вилоят судидан кейин Ўшдаги “Қамчибек” турмаси эшигидан кирибоқ ўладиган ҳолатга келтирамиз, дейишганди. Шу кунларда бизга нисбатан адолатли ҳукм чиқишига ва ўзимизнинг тирик қолишимизга асло умид қолмаган эди.

***

Мени яна биринчи бўлиб камерага жойлаштиришди. Изолятор бошлиғи, “Бу ерда ҳеч кимнинг оғришга ҳаққи йўқ”, деб дориларимни олиб қўйди. Мен кирган 4-чи камерада Темур исмли ёлғиз бир қирғиз йигити бор экан. Яхши кутиб олди. У ўгай отасини болта билан чопиб ташлайман, деб дағдаға қилгани учун қамоққа олинган экан.

***

Камера анча кенг, тўрт одамга мўлжалланган, икки томонда икки поғона қилиб темирдан ясалган каравотлар жойлашган. Пол совуқ бетондан, темир каравотга ёзилган матраснинг пахтаси йўқ. Пахтани маҳбуслар “чифир”, яъни ўта қуюқ қилиб дамланадиган чой қайнатиш учун “ўтин” қилиб ишлатиб юборишган экан. Ана шу “матрас” солинган муздек темир каравотда уч кун ётдим. Изолятор бошлиғига қайта-қайта айтиб юриб, охири уйдан одеял олдирдим.

***

Ўша кунлари Новкентда ҳам, Бозорқўрғонда ҳам, Жалолободда ҳам менинг фикру-хаёлим ўз жонимга қасд қилиш бўлиб қолган эди. Жалолобод шаҳридаги изоляторда камерадошларимга сездирмай, пиёз тўғраш учун яширин ишлатиладиган лезвие билан вена қон томирларимни кесиб ташламоқчи бўлганман. Бу ишим Оллоҳга хуш келмаган бўлса керак, лезвие синиб қолиб каравот остига тушиб кетган эди. Қўлимда пайдо бўлган жароҳатни қанчалик яширмай, камерадошларим кўриб қолишди. Уларни темир каравотга уриб олдим, деб алдаб қўйганман.

***

Тошкўмирга келгач, яна суиқасд ҳақидаги режамни амалга оширишни ўйлай бошладим. Новкент тумани изоляторида Халқаро “Қизил яримой” жамияти томонидан берилган жун адёлларнинг четлари қора сатин тасма билан тикилган экан. Бир неча кун давомида камерадагиларга сездирмай, ниҳоятда эҳтиёткорлик билан тесманинг бир қисмини адёлдан ажратиб, спорт кийимимнинг астари остига яшириб қўйдим. Бир неча бор текширув қилиб ҳам уни топа олишмаган эди.

Бир-икки тун давомида кузатиб, камерадошим Темурнинг ниҳоятда қаттиқ ухлашини билиб олдим. Энди тунда бемалол режамни амалга оширсам бўлаверарди.

Ўша кунлари вилоят суди бизнинг апелляция аризамизни қараши керак эди, лекин мен энди судда бирор ижобий ўзгариш бўлишига ишонмас эдим. Шу сабабли судгача ўламанми, ундан кейинми – фарқи йўқ эди. 25 октябрь куни бизни Тошкўмир шаҳар суди биносига олиб боришди. Суд залида ўша-ўша таниш чеҳралар – Бозорқўрғон тумани ИИБ, прокуратура ва МХХ (Миллий хавфсизлик хизмати) ходимлари партия йиғинига келгандек тизилиб ўтиришар эди.

***

Суд мажлисида судьялар прокурорнинг вазифасини ҳам қўша олиб боришди. Масалан, бир судья туман ҳокими Артиқовга, “кўчаларни тўсиш давлат тизими ишига тўсқинлик қилдида-а?”, деб савол берса, Артиқов, “бу йўлтўсарларнинг дастидан Бозорқўрғонга айланма йўллар билан келишга мажбур бўлдик”, деб жавоб берди. Аслида эса, 11 июнь куни жума намози пайтида марказий масжидда Артиқовнинг ўзи Бозорқўрғонга бегона машиналарнинг киришига йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берган эди.

***

Қонли воқеалар бошланишидан бир неча кун аввал мен туман ҳокими Артиқовнинг кабинетида, милиция бўлими бошлиғи Мергентаев ва МХХ туман бўлими бошлиғи Жолдошевларга миллий низонинг кучайиб бораётгани ва унинг олдини олиш лозимлиги ҳақида айтгандим. Бироқ туман судида улардан биронтаси буни тан олмади. Вилоят судида эса Жолдошев бу учрашув бўлганини тасдиқлади. Суд унинг қарама-қарши кўрсатма берганига эътибор ҳам бермади, чунки судларга юқоридан бизни сўзсиз айбдор қилиб, қамаш топшириғи берилгани ойдек равшан эди.

***

Суд жараёнининг уятсизларча ва ошкора бир томонлама бораётганини кўриб, буларнинг қўлидан фақат ўлиб қутулиш мумкинлигига яна бир ишонч ҳосил қилдим. Шу сабабли, Тошкўмирга келган кундан бошлаб таом ейишни бас қилиб, кунига фақат 400 грамм сув ичиш билан кифояланишни одат қилгандим.

Ҳар куни уйдан тушликка келиним Турдихон таом етказиб келади, тошкўмирлик ҳамкасбларимнинг илтимосига кўра изолятор ошпази ҳар куни камерага битта лавош нон ва алоҳида тайёрланган таом киргизади. Ҳеч бирига оғиз тегизмайман. Мен келгунча оч-наҳор қолиб юрган Темурга яхши бўлди. Еганинг ош бўлгур, бу таомлардан ортиқча еб қўйиб, ошқозонини бузиб олди.

***

Худонинг берган куни бизга ҳайвонга қилгандек муносабатда бўлишар, инсонлик ғуруримизни оёқости қилишиб, турли усуллар билан тахқирлашар эди.

Ҳар куни икки бор эшикка олиб чиқишади. Изолятор ходимларининг талаби билан камера очилишидан олдин эшик олдида ахлат челакни ушлаб тайёрланиб турамиз. Эшик очилиши билан югуриб бориб, челакдаги ахлатни тўкамиз, кейин тезда чала-чулпа юз-қўлларимизни ювамиз ва яна югурган ҳолда камерага қайтамиз. Сал ҳаялласак, таёқ еймиз.

Камералар кунига икки бор, эрталаб ва кечга яқин текширилади. Заҳ камералардаги шундоғам совуқ бетон пол ҳўл латта билан артилиб, намлиги сезилиб турмаса, ўзлари қараб туриб яна ювдиришади.

Қани айтинг, шундай шароитда нимани исташи мумкин одам боласи? Фақатгина бир нарсани, тезроқ бу азоблардан қутулиш учун ўлишни-да…

***

Мен билан бирга судланган ҳамқишлоқларим ҳар сафар ташқарига чиққанда тезкор ходимлар уларни уриб, муштлашув бўйича “машқ” қилишади. Истаган маҳбусни истаган усул ва вақт давомида уришади.

Шундай кунларнинг бирида улар Элмурод Расуловнинг қорнига қаттиқ уришганда унинг нафаси чиқмай чўзилиб қолди. “Тез ёрдам” чақириб, зўрға ўзига келтиришди. Шундан сўнг миршаблар сал инсофга келиб қолишди.

Мен Тошкўмир изоляторини Гуантанамо қамоқхонасига солиштириб, у ердагиларнинг қийноқ ва одамларни хўрлаш борасида малака оширишга Тошкўмирга келса арзийди, деб кўнгилдан ўтказганман. Лекин, одам боласи бунча нафратни қаердан олади? Нима сабабдан инсон бунчалик ваҳшийлашиб кетади? Наҳотки бунинг сабаби фақат битта – бизнинг миллатимиз бошқа экани бўлса?! Ахир йиртқич ҳайвонлар ҳам бири-бирига нисбатан бундай ваҳшийлик қилишмайди-ку?!

***

…Ниҳоят мен кутган кун келди. Ярим тунда секин жойимдан туриб, Темурнинг каравотини бир-икки қаттиқ силкитиб кўрдим. Унинг қаттиқ уйқуда эканлигига ишонч ҳосил қилгач, кийимим ичида асраб юрган қутқарувчим – пишиқ ипни олдим. Узилиб кетмаслиги учун икки қават қилиб каравотнинг иккинчи поғонасига яхшилаб боғладим. Иккинчи учидан сиртмоқ ясадим. Сиртмоқни бўйнимдан ўтказиб, каравотнинг пастки қисмига тиралиб турган оёқларимни шахд билан бўшатдим…

Бир онда ўзимни гўё қанот ёзиб учаётган қушдай сездим. Ана шундай енгил учиб шифтга яқинлашгач, ўзимнинг каравотда осилиб турган танамни кўрдим. Бир онда хона қизғиш тусга кирди. Бирдан чироқ ўчгандек атрофни зулмат қоплади…

***

Қанча вақт ўтганини билмайман, темир эшикдаги дарча – “кормушка” шарақлаб очилиб, одам қиёфасини йўқотган назоратчи, “Ҳой чол, нега ерда ётибсан?”, деб ўшқирди. Мен ерда ётганча, “Ҳожатга туриб, йиқилдим”, деб жавоб бердим.

Агар яхшироқ қараганда, у каравотда осилиб турган ипни кўрган бўларди. Лекин у бундай қилмади. “Эҳтиёт бўл!”, деди-да “кормушка”ни шарақлатиб ёпиб, нари кетди.

Бетон полга қанчалик қаттиқ тушганимни билмайман, лекин лат еган пешонамда доғ пайдо бўлиб, бўйнимда ипнинг изи қолди. Уни назоратчиларга кўрсатмаслик учун эртаси кечгача кўйлагимнинг бўйин тугмасини қадаб юрдим.

***

Аста туриб, узилган ипни қайта уладим. Чамаси, оғирлигим ипнинг икки қаватига тенг тушмай қолиши натижасида, аввал унинг биринчи қавати, кейин иккинчи қавати узилган эди. Эртаси куни Темур қаттиқ уйқуга кетгач, аввалгидай қилиб сиртмоқ тайёрлаб, аста бўйнимдан ўтказдим…

Яратган бу сафар ҳам менга ўлимни раво кўрмади. Тўғрироғи, У мени яна бир бор Ўзи бандаларини қайтарган ишдан, ўз жонига суиқасд қилишдек оғир гуноҳдан сақлади. Оллоҳнинг қудрати билан бу сафар сиртмоқ ипнинг уланган жойига келганда ушланиб, бўйнимни қисмай қолди. Шу алфозда бироз осилиб турдим, қийналганимдан терлаб кетдим. Сиртмоқни уланган жойидан чиқиб кетиши учун бир-икки қаттиқ силкиндим, лекин бундан наф чиқмади.

Ноилож, оёқларимни каравотнинг пастги қисмига эплаб илаштириб, сиртмоқдан бошимни чиқардим. Хўрлигим келиб, аччиқ-аччиқ йиғладим…

***

Кейин билсам, бўйин қисилиши натижасида кўз косасидан чиқиб кетиш даражасига келиб, бу ҳолат анчагача сақланиб қолар экан. Буни суд жараёни пайтида адвокатим Нурбек сезиб қолиб, сабабини суриштирди. Мен индамай қўя қолдим.

Камерадошим Темур эса бу ишлардан бехабарлигича қолаверди.

Ҳукмдан сўнг. Бишкекдаги 47-ахлоқ тузатиш колониясидаги ҳаёт

«…Тез орада 47-колониядаги маҳбуслар орасида танилиб қолдим, чунки уларнинг илтимоси билан турли давлат органларга аризалар ёзиб бера бошладим. Секин-аста колония ходимлари ҳам айрим маҳбусларнинг адвокат олишга имкони йўқлигини айтишиб, уларга турли аризаларни ёзишга ёрдам беришимни сўрайдиган бўлиб қолишди. Бу соҳадаги тажрибам қўл келиб, кўп маҳбусларнинг муаммолари қисман бўлса-да ҳал бўла бошлади.

Масалан, мол ўғирлагани учун 22 йил қамоққа ҳукм қилинган бир йигитга мен ёзиб берган ариза Олий судда кўриб чиқилиб, қамоқ муддати 6 йилга қисқартилган. Ўшанда у йигитнинг қанчалик севинганини кўрсангиз эди!

“Сизга нима совға қилайин?” дейишади мен ишини битириб берган маҳбуслар. Мен Оллоҳ йўлида қилган хайрли ишим учун мукофотни ҳам Оллоҳ беришини айтаман. Шундай бўлса ҳам, кимдир чой, кимдир шакар ёки ичимлик сув кўтариб келади.

***

2011 йили БМТ Қийноқлар бўйича махсус докладчиси Хуан Мендес Бишкекка келди. Шу ташрифи давомида у ертўладаги камерамга келиб, икки тилмоч ёрдамида салкам уч соат суҳбат қурдик. Ўшанда колония етакчилари ва Жазони ижро этиш хизмати ходимлари оёғи куйган товуқдай типирчилаб қолишган эди. Камерага кириб олишганда Хуан Мендес жаноблари уларнинг чиқиб кетишини талаб қилди. Мен бунга қаршилигим йўқ экани, ҳеч кимдан чўчийдиган жойим йўқ эканини айтсам ҳам, юқори мартабали меҳмон қатъий талаб қўйиб, уларни камерадан чиқариб юборган.

Суҳбат чоғида унга давлат куч органларидаги доимий қонунбузарликлар, айниқса, ўзбекларга нисбатан шафқатсизликлари ва ошкора товламачиликлари ҳақида батафсил гапириб бердим.

***

2014 йилгача турли халқаро ташкилот вакилларининг менинг олдимга киришига ҳеч қандай тўсиқ бўлмаган. Масалан, Фронтлайн Дефендерс, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, “Ҳуқуқий ташаббус”, “Фридом Хаус”, “Хьюман Райтс Вотч”, “Амнести Интернейшнл”, “Халқаро Қизилхоч” ва бошқа кўплаб ташкилотлар, “Фергана.Ру” ва бошқа халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари мен билан юзма-юз мулоқот қилишган.

Бу ташрифларга чек қўйиш таклифини биринчи бўлиб собиқ депутат Турсунбай Бакир уулу кўтарди. Шундан сўнг чет эллик дипломатларга ҳам тўсиқ қўйишди…

Дўстларимдан ташқари, колонияга дунёнинг турли давлатларидан тинимсиз хатлар кела бошлаганда 47-колония ходимлари қаттиқ таажжубланган бўлишса, ўзим ҳам минглаб таниган-танимаган одамлардан келаётган бу мактублар олдида лол бўлиб туриб қолардим. Уларнинг кўпи инглиз ва бошқа тилларда битилган эди. Дўстларимдан Александра Черкасенко орқали инглиз тилини ўрганиш бўйича дарсликларини олдириб, астойдил тил ўргана бошладим. Тез орада бу хатларни луғат ёрдамида осонгина ўқиш бахтига муяссар бўлдим. Шундай қилиб, вақтимнинг асосий қисми Қуръон тиловати ва инглиз тилини ўрганиш билан банд бўлиб қолди.

***

Энди камерада бир ўзим ўтирганим билан аслида ёлғиз эмас эдим. Чунки ҳамиша қалбимда Оллоҳ ва унинг зикри билан яшасам, DVD орқали Дмитрий Петров ва Александр Драгункинларнинг инглиз тили дарсларини қўйиб олардим. Бу билан мен ўзимни гўё илм даргоҳида ўтиргандек ҳис қилардим.

Хитой файласуфи Лао Цзининг “Сенинг ҳаётингда қанча кунинг борлиги эмас, сен кўраётган кунларда қанчалик ҳаёт мавжудлиги зарур. Сен нимага эга бўлсанг, шунга рози бўл, сен билан нима содир бўлса, уни хурсандчилик билан қабул қил”, деган бебаҳо маслаҳати ҳамиша қалбимда такрор-такрор жаранглайди. Шундай қилиб мен ҳамиша Оллоҳга шукр қилиб, Оллоҳ берган синовларга нолимай яшашни ўргандим…

Бошқа турмалардаги касаллар даволаниш учун бизнинг колонияга келтирилиши сабабли улар билан танишиб, дилдан суҳбатлашиш бахтига эга бўлганман. Улардан бири умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган собиқ милиция полковниги, корейс миллатига мансуб (исми-шарифи ҳозир эсимда йўқ) бўлиб, уч бора бу ерга даволанишга олиб келинган. Унинг касали оғирроқ бўлгани учун карантин бўлимига жой қилиб беришган эди.

Унинг кимни кўрса бир нарсани илтижо қилиб сўраётгандай туюлган кўзларига қараган сайин қалбим изтиробга тўлар эди. Касаллик кун сайин соғлиғини емираётган, нотавон ҳолатда каравотга михланиб қолган бу одамга бир куни, “Рози бўлсанг, расмингни чизиб беришим мумкин”, дедим, у рози бўлди. Унинг портретини тўла чизиб улгурмадим лекин, чала битган расмда ҳам унинг аҳволи нақадар оғирлиги сезилар эди.

***

Мен кундалик беш вақт намозимни албатта Қуръоннинг улуғ ояти “Ёсин”ни ўқиш билан тугатар эдим. Бу сурани имконим бор даражада овоз чиқариб ўқишни одат қилганим сабабли собиқ полковник ётган хонага ҳам эшитилар эди. Бир кун у олдига чақириб, “сендан илтимос, Қуръон ўқиётганингда яна ҳам баландроқ овозда ўқигин, сен Қуръон ўқиётганингда мен касаллигимни унутиб, ҳузур-ҳаловат оляпман”, деб сўранди. Унинг илтимосига кўра кейинги намозларимдан бошлаб “Ёсин”ни баралла ўқиб, унинг дилига ҳам таскин беришга одатландим.

Пайғамбар Муҳаммад С.А.В. “Ёсин”ни ўқинглар, у минг дардга даво. Шу сабабли, уни умматларим қалбларига жо қилиб, ҳар доим ўқишларини хоҳлар эдим”, деган.

Бечора подполковникни учинчи бор даволашга олиб келишганда гапиришга ҳам ҳоли қолмаган экан. Эҳ, турма ҳаёти! Бу не даҳшатки, яқин одаминг ёнгинангда ўлим билан олишиб, охирги нафасларида атрофга олазарак қараб, яқинларидан бирортасини кўриб қолиш умидида ётса-ю, унинг умридан яна қанча дақиқа қолганлиги врачларга ойдек равшан бўлса… Хўрланган бу инсон боласи ўлиб, танаси совугач, экспертиза ўтказиб бўлгандан сўнггина унинг совуқ танаси зона ташқарисида ноилож, нотавон юрган яқинларига олиб чиқиб берилади.

Менинг назаримда, инсон боласи учун атрофида ўз яқинларини кўриб, уларга юрак тубидаги армонли сўзларини айтиб ўлиш – улкан бахт. Лекин бу бахт қамоқда ётганларнинг барчасига ҳам насиб қилавермайди. Кўп ҳолатларда қамалганлар хасталикка чалиниб, ўлим кўзига кўриниб қолгач, қилган ишлари учун чин юракдан тавба қилиб, ҳеч бўлмаса одамларга хос ўлим насиб этишини Яратгандан тилаб ётишади. Лекин ҳозирда давлат тизими одамларга, инсон қадр-қимматига эмас, одамлар ана шу давлат тизимларига қул бўлиб қолган.

Одамнинг темир панжара ортида жон талвасасида охирги нафасларини олаётганини яқинлари билишади, лекин давлат қўйган тўсиқдан ўта олмай, унинг дардларига малҳам бўла олмай, бемор ҳам, унинг яқинлари ҳам чуқур изтироб билан атрофга олазарак бўлиб қарашади. Лекин ҳеч ким уларга ёрдам бера олмайди…

Вақти-соати етиб, полковник ҳам тинчгина омонатини топширди. Унинг яқинлари то совуқ танани турмадан чиқариб олгунча зона атрофида ўз ёғига ўзлари қовурилиб юришди…»

Садоқатли турмуш ўртоғи Хадича Асқарова ҳақидаги сўзлари

«…Мен-ку, худобехабар туҳматчиларнинг касрига темир тўрга тиқилдим, лекин мени деб мен учун жуда азиз бўлган аёлнинг хор-зор бўлиб юришини, ёлғизланиб азоб чекишини истамасдим. Шу сабабли Хадичага аввал ҳам Тошкентга кетиб, болаларимиз билан бирга яшаши афзал эканини айтган эдим. Бу сафар ҳам яна унга ётиғи билан аҳволни тушунтиришга ҳаракат қилдим.

“Ҳадич, мени бу жойда азобланишимни хоҳламасанг, болалар ва неваралар олдига кет, улар даврасида бўлганинг мен учун, сен учун ҳам яхши”, деб унга мурожаат қилдим. Унинг ҳозиргина шодликдан порлаб турган кўзларида ёш қалқиди. Бир бечораҳол аҳволга тушиб қолди. Бироздан сўнг, “Сиздан илтимос, ҳеч қачон бу гапларни, агар мени ҳурмат қилсангиз, такрорламанг. Мен болалар олдида бўлсам ҳам, бутун хаёлим, қалбим бу жойда, сиз билан бўлади. Болалар билан гаплашсам ҳам, улар ортида сизни кўриб тураман. Оллоҳ бошимизга қандай синовларни ёзган бўлса, барчасини бирга тортамиз ва мен учун сизнинг ташвиш-изтиробларингизни тортиш – улкан бахт. Мен сиздек турмуш ўртоғим борлигидан ҳамиша фахрланиб яшайман”, деди.

Сўнг бири-биримизга сўзсиз узоқ термулиб туриб, бир-биримизни бағримизга босдик ва унсиз узоқ йиғладик. Вақти-вақти билан бироз кўз ёши қилиб олиш юракка анча енгиллик беради-да. Кутилмаганда бир маҳбус, “Ноннинг мазаси оғзимда қолди, бўлса яна беринг”, деб кириб келгач, хаёлларимиз бўлинди.

Ким ўзи севган, эъзозлаган аёлнинг ёлғизликда азоб чекишини хоҳлайди? Ҳеч ким! Шу жумладан, мен ҳам.

Хадича бутун учрашувимиз давомида ҳар турли таомларни тайёрлаб, менга қўшиб карантиндагиларнинг ҳам кўнглини олди. Ҳамма “келинойи” деб унинг ҳурматини жойига қўйди. Уч кунлик учрашувнинг биринчи куни ўтдими, қолган икки куни шамолдек ўтади-кетади. Хайрлашув қанчалар оғир бўлмасин, мағрур хайрлашдим.

Аёли Ҳадича Асқарова билан қамоқхонадаги учрашув. 2019 йил. Маҳбусларга йилига уч-тўрт марта оила аъзолари билан учрашишга рухсат беришади

Имкон бўлганда Хадича билан телефон орқали гаплашамиз, бошқа пайтлари камерада ёлғиз ўтириб, у билан хаёлан суҳбат қураман, бирга ўтган бахтли кунларимиз кино лентасидек бир-бир кўз олдимдан ўтади. Менга мана шундай суюкли, садоқатли ва онамдек меҳрибон бўлиб қолган аёлни тортиқ қилган, пешонамга битган Оллоҳга қайта-қайта шукроналар келтираман.

Хадича – бошимга тушган шундай оғирликларга қарамай, чин юракдан “Бахтлиман…”, деб айта олишимга сабабчи бўлган фариштасифат инсон. У менинг кўп йиллик турмуш ўртоғимгина эмас, балки қўша-қўша набираларни тортиқ қилган ақлли, диёнатли фарзандларимнинг онаси, оғир ва жуда оғир шароитларда ҳам ҳамиша мен билан бирга бўлган маслакдошим, бирор нафас ҳам менинг тўғри иш тутаётганимга шубҳа қилмасдан ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган садоқатли дўстим ва ёримдир…

Ёмон хабар тез тарқайди. Менда телефон бўлмагани ва аёлим билан кўпдан бери гаплашмаганимга қарамай, аҳволимдан хабар топган аёлим шошилиб Бишкекка етиб келибди. Байсеитов ҳузуримга кириб, аёлим келганини айтди ва алоҳида учрашув жойи битмагани сабабли унинг бирор ойдан сўнг келса яхши бўлар эди, деган таклифни айтди. Бу жойга кўчиб ўтганимиздан буён учрашувлар камерамизда бўлиб келганини айтиб, нега энди бунинг иложи йўқ эканини сўрадим. У яна бир-икки важини айтгач, аёлим қахратон қишнинг совуғида 650 чақирим йўл босиб келганини айтиб, уни инсофга чақирдим. Охири, ўйланиб кўришини айтиб чиқиб кетди.

Пешиндан кейин соат учларда камерага аёлим кириб келди! Бу нечоғлик бахт, жуфти ҳалолингни кўриш! Лекин бу қувончимиз узоққа чўзилмади. Қонундаги уч кун ўрнига икки кунлик учрашув беришибди. Наилож, мен буларнинг қўлидаги ҳақсиз-ҳуқуқсиз бир асирман-да.

Шу икки кун давомида Хадича доривор гиёҳлардан малҳамлар тайёрлаб, мени қўлидан келганча даволади. Аёлим бу соҳада ҳам анча билим ва тажрибага эга эканини кўриб, Яратганга қайта-қайта шукроналар келтирдим.

Икки кун тушдек ўтиб кетди.

Менинг оғир аҳволимни кўрган Хадича уйга кета олмай, уч ой давомида Бишкекда қолиб кетди. Ҳафтада икки бор менга дори-дармон ва турли пишириқлар киргизиб турди. Йигирма йил давомида биргаликда безатувчи рассом бўлиб ишлаб юриб биз фақат эр-хотингина эмас, ажралмас дўстга ҳам айланиб кетганмиз-да. Бехос менинг бошимга тушган бу мушкул ишлар ва қамалиб қолишим уни ҳам эсанкиратиб қўйди. Бироқ одам боласи яхши-ёмонга ҳам, иссиқ-совуққа ҳам кўнаркан. Хадича эса бу азобларга кўндигина эмас, ёлғизликни, бирин-кетин келаётган бу мушкулотларни матонат билан енгишни ҳам ўрганди.

Хадича қолган бутун умрини менга бахшида қилиб, фарзандларимиз ва набираларимиз билан бирга бўлиб, ҳаётнинг лаззатларини тотиб яшаш ўрнига мени танлади. Ўзига қанчалик қийин бўлмасин, мени сира ёлғизлатиб қўймади. Менинг ҳам ҳозирда бу ҳаётга қизиқишим қайта тикланиб, яна умид билан яшай бошлаганимнинг сабабчиси шу – Хадича.

Куну-тун, ҳамиша, ҳар куни Оллоҳдан унга тани-соғлик ва узоқ умр сўраб яшаб келаяпман…»

«…Очлик эълон қилган кунларим

…Мен танлаган йўлимдан шод ва бахтиёр эдим, чунки ўзимни “Ноҳақдан зиндонда ўтиришдан кўра мардларча ўлиш шараф”, деган фикрга кўндириб бўлган эдим. Бу темир тўр ортида менинг танлов ҳуқуқим жуда чекланган бўлиб, ҳеч бўлмаса яшаш ёки ўлим масаласини ўзим ҳал қилишга ҳаққим борлиги, бунга ҳеч ким тўсқинлик қилолмаслиги мени қувонтирарди. Ўша онлар ҳаётимдаги энг тўғри қарорлардан бирини қабул қилганимга ишончим комил эди.

***

Очликнинг 5-кунидан тортиб сайрга чиқиш пайтида қўлимни орқага эмас, олди томонимга қилиб кишанлайдиган бўлишди. Чунки пиллапоялардан кўтарилиш чоғида бошимни олдинга эгиш ҳисобига ҳаракатлана бошлаган эдим. Қўлим орқамда бўлса, йиқилишим мумкин эди. Аслини олганда менинг чалажон бўлиб бораётган танам учун кишанга ҳам ҳожат йўқ эди. Лекин кишанламасликнинг ҳам иложи йўқ – назоратчилар ички талабларни сўзсиз бажаришлари керак.

***

Очлик эълон қилган кунимдан тортиб, ҳар куни ва ҳамма вақт ўз боламдек меҳрини бериб ёнимда турган, асосий суянчиғим бўлиб қолган инсон – психолог врач Эльнура Азамат қизи бўлди. Камерадан олиб чиқишгандан бошлаб у ёқ-бу ёғимни қарайди, кийимларимни тартибга келтиради. Ўзи оғироёқ бўлишига қарамай, эҳтиётлаб қўлтиғимдан ушлаб олади. Эльнуранинг менга қилган бу инсоний муносабатига бўлган миннатдорлик туйғусини, то тирик эканман, доимо қалбим тўрида сақлайман. Оллоҳ ҳамиша бу жувондан рози бўлсин.

***

Мен шифокорлар ёрдамидан бутунлай воз кечганимдан сўнг Жазони ижро этиш хизматининг ҳарбий врачи, подполковник Мейкин Қанибековна ташриф буюрди. Мен бу аёлни 47-колонияда ишлаган пайтидан тортиб билганим учун эски танишлардек учрашдик.

“Мейкин Қанибековна, иложи бўлса гувоҳларсиз гаплашсак”, дедим салом-аликдан сўнг. Унинг имоси билан назоратчилар чиқиб кетиб, биз ёлғиз қолдик.

“Мен сизни аввалдан танийман ва таниган кунимдан тортиб ҳурмат қиламан. Сизга ишонаман. Шу сабабли сиздан ёрдам сўрайман, фақат йўқ деманг”, деб илтижо қилдим.

Унга яшашдан чарчаганимни ва бу ҳаётдан тезроқ кетишни бутун вужудим билан хоҳлаётганимни, бу жараённи тезлатиш учун унинг ёрдамига муҳтож эканимни айтдим. Подполковник таажжубланиб, ундан нима ёрдам исташимни сўради.

“Ўзингизга маълум, очлик эълон қилишдан мақсадим – ошкора ўлиш, лекин буни тезлатувчи таблеткалардан ёрдам беринг. Бу орамиздаги гап, бу сирни ўзим билан бирга олиб кетаман”, дедим.

***

Мейкин Қанибековнанинг ўша пайтда не ҳолатга тушганини таърифлаб беролмайман. Ўшанда бу қалби дарё аёлни жуда қаттиқ ранжитиб қўйганимни ҳис қилиб, ҳали-ҳали ўзимдан уяламан.

“Нима?! Нималар деяпсиз?! Оллоҳдан қўрқинг! Сизга осон ўлиб олишга ёрдам бериб қўйиб, ўзим умримнинг охиригача тирик ўлик бўлиб ўтишимни хоҳлайсизми?!” деди у қаттиқ асабийлашиб…

…Очликни бошлаб олгач, уни тўхтатиш худди катта тезликда пастликка тушиб келаётган машинани тўхтатишдек жуда қийин масала. Бу йўлдан қайтишим осон иш эмаслигини атрофимдагиларга тушунтириш ундан ҳам қийин эди.

Мен очликни бошлагач, ичакларимда қолган ахлат азоб бермаслиги учун врачлар ёрдамида клизма қилиб, ички аъзоларимни ҳам ювдириб олган эдим. Кунига ярим литрдан ошмаган миқдорда сув ичиш ҳисобига ўзимни анча енгил сезиб қолган эдим.

***

…Ҳеч бир инсон қанча яшашини, Оллоҳнинг омонатини қачон, қаерда ва қандай ҳолатда топширишини билмайди. Ёшинг улғайиб қолгач эса Азроил ҳамиша эргашиб юргандек туйғу билан яшаб қолар экансан. Шу сабабли, болаларимга ва ўзимга ҳам армон бўлиб қолмаслиги учун фарзандларимга аталган ёзма равишдаги васиятномамни олдиндан тайёрлаб, уларга етказганимдан хурсанд эдим. Ўлимимни тинчгина қабул қилишга қарор қилиб, мана шундай тақдирга кўниб қолган бир ҳолатда яна ҳаётга қайтиш ҳақида ўйлаш осон эмас эди…

…Ҳа, мен янглишган эканман. Ўзимга ўзим ҳукм чиқаришим, ўлиб олишим ҳам ўз ихтиёримда эмас экан. Энди мен ҳаётим ва ўлимим фақат ўзимгагина тегишли масала эмаслигини тушундим. Айдар олиб кириб берган халқаро ташкилот вакилларининг, дўстларим ва набираларимнинг менга бағишлаган видеомурожаатларини узоқ вақт унсиз йиғлаб томоша қилдим. Уларнинг ҳаммасида биргина талаб – очликни тўхтатиш, ҳаётга умид билан қараш. Менга шундай меҳрибон дўсту-биродарларни, фарзанд ва набираларни тақдим этган Оллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин.

Видеони кўргач, невараларимнинг олдига бориб кўриб келгандек бўлдим. Ҳиссиётларга берилиб, оқибатини ўйламай бошлаган ишим билан қанчадан қанча одамларни ташвишга қўйганимга иқрор бўлдим. Оллоҳ томонидан берилган улуғ неъмат, ҳаёт неъматини олишга Яратгандан ўзга ҳеч ким ҳақли эмаслигини яна бир бор чуқур идрок қилдим.

Тавба қилдим. Очликдан ўлиб кетиш ниятимдан қайтдим… Жуда оғир бўлса-да, ҳаётдан чарчаган нигоҳларимни яна олдинга, келажакка қаратдим…

Инсон қамоқхонада ётиб ҳам бахтли бўла олиши мумкинлиги ҳақида

«…Яна қанча умрим қолган, унинг қанчасини яна шу темир панжаралар ортида ўтказаман, умуман бу ердан чиқаманми-йўқми, буниси менга қоронғу. Оллоҳ пешонамга нимани ёзган бўлса шуни кўраман…

…Ҳа, бугун мен бахтлиман. Ҳар доимгидан ҳам Бахтлироқман! Бу кўпчиликка қанчалик ғалати туйилмасин, бу сўзларни чин дилимдан, самимий айтяпман. Сабаби, бошимга шундай оғир кунлар тушганда Оллоҳ мени ёлғизлатиб қўймади, дунёнинг ҳар тарафидан дардимга шерик бўлган миллионлаб инсонларни, туғишганларимдан ҳам азиз бўлиб қолган дўстларни берди.

Мен бугун чинданам бахтлиман, чунки бугун Азимжон Асқаровнинг иши Қирғизистонда озодлик учун, ҳур фикрлилик ва адолат учун олиб борилаётган буюк курашнинг рамзи бўлиб қолди, дея оламан.

***

Бугун мен темир тўр ичида бўлсам ҳам мағрур ва озодман, чунки менинг фикрим, дунёқарашим, руҳим озод ва эркин. Менинг куч-қувватим ва ўлмаслигимнинг сири шунда. Менинг овозим, фикрларим ва қилган ишларим ҳақидаги маълумотлар ҳамон дунё кезмоқда, минглаган одамларнинг қалбидан жой олган ва олмоқда. Бу ҳам менга Оллоҳ томонидан берилган олий неъмат, бахт! Мен ўлишим ёки душманларим томонидан ўлдирилишим мумкин. Оллоҳ тақдиримга нималар ёзгани ёлғиз Унинг Ўзига аён. Лекин жисмим ўлгани билан минг-минглаган одамлар қалбида узоқ яшайман.

Мана шу оғир йилларда мендан ёрдамини аямаган бебаҳо дўстларимдан, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлардан тортиб, Қирғизистонда фаолият кўрсатаётган барча жамоат ташкилотлари ва уларнинг раҳбарларидан, бу ерда номи тилга олинган ва олинмаган барча-барча дўстларимдан, ҳамкасбларимдан мингдан-минг розиман. Улар қилган яхшиликларнинг ажри мендан қайтмаса, Оллоҳдан қайтсин!

Мен ана шундай дўстларим борлиги билан фахрланаман, бундан чексиз бахтиёрман!..»

Таҳририятдан:

Китобнинг рус тилидаги матнини қуйидаги манзилдан топиб ўқиш ва сотиб олиш мумкин. Муаллифнинг оила аъзолари «Мен бахтлиман…» китобининг тўла матнини нашр этиш учун ҳомийлик қилишни истаганларни ҳамкорликка чақиради. Улар билан Оқбуранинг таҳририяти орқали боғланиш мумкин.

Оқбура, Бишкек

Суратлар Асқаровларнинг оилавий архивидан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг