БОЛАНГИЗ ЎРИСЧА МАКТАБДАМИ?
Барқ уриб, яшнаб очилган бу ниҳолнинг гуллари
билмагайларки, дарахт илдизига қурт тушганин.
Шеър-қўшиқ айтур жужуқлар – боғимиз булбуллари,
англамаслар, гирдибодга бул улус, юрт тушганин.
Бугунги дунёнинг авзойига қараб, аксар тилларнинг эртанги тақдири номаълум бўлиб қолганини пайқаш қийин эмас. Тараққиёт тарзи шундайки, менинг она тилим яна юз йил, ё уч юз йилдан кейин ҳам жаҳон айвонида бўй кўрсатиб туради, деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Ундан нарироғи – беш-олти юз йил кейинги дунёнинг тил харитасини эса, тасаввур этиш ҳам қийин. Жумладан, бизни бир миллат қилиб бирлаштириб турган ўзбек тилининг тақдири ҳам жуда мубҳам. Глобаллашув офати домига тортилмай, дунёда сарбаст тура оладиган нарса қолмади, ҳисоб. Бунинг устига, миллий туйғуси аллақачон ўлиб бўлган, бу дунёда фақат қорнини боқиш учун яшаётган одамлар кўпайиб боряпти. Улар тил, миллат, одамийлик, ватан, имон деганларини бир ғишава, бачкана пафос, деб билишади, холос.
Бундай кишилар боласини ўз тилидаги эмас, ўрис тилли, имкон топса, инглизча, хитойча, корейсча… хуллас, “перспективний” чет тилдаги мактабга ўқишга беради. Ўша тилда гаплашадиган бирон бой мамлакатга кўчиб кетишга аллақачон тайёр, “грин кард”ни кутиб турибди, холос.
Қай бир олим ҳақида, у илмий ишини немисча ёзиб, Германияда ёқлаган, деб мақташади (ё инглиз тилида, Нью-Йоркда). Бўлса бордир. Аммо мен ўшаларнинг ҳеч қайсиси ўзимизда тадқиқот ўтказган олимлардан ўзиб, илгарилаб кетганини кўрмаганман. Балким кўпроқ пул топар. Аммо кишининг савияси унинг қайси тилда сўзлашига қарамас экан. Чинггиз Айтматов хорижий тилларни билмас, аммо билганлардан қиёслаб бўлмас даражада юксак савия эгаси эди-ку…
БМТ вакили нима дейди?
“Бизнинг хилма-хиллигимиз – қадриятимиз, қудратимиз бўлиши керак, – дейди БМТнинг Озчилик миллатлар иши бўйича ходими Фернанд дё Варен. – Инклюзивлик дегани аҳоли турли гуруҳлардан иборат бўлишини ҳокимият тан олиши ва тушунишидир, – дейди яна у. – Бу, жумладан, мамлакатда фаол ишлатиладиган турли тиллардан иложи борича фойдаланишда намоён бўлади. Масалан, Moлдовада молдован, рус ва гагауз каби фаол тиллар бор. Бу тиллардан давлат хизматлари кўрсатишда иложи борича фойдаланиш ва буни мумкин қадар тўлароқ амалга ошириш керак».
Фернанд дё Варен, сиёсатчиларнинг баёнотлари бошқа-ю, чинакам инклюзивлик бошқа нарса эканлигини уқтиради: “Инклюзивлик ҳар қандай мамлакатда нафақат миллий озчилик миллат давлат тилини, унинг тарихи, маданияти ва анъаналарини ўрганиши демакдир, балки миллий кўпчилик ҳам, ўз навбатида, озчилик элларнинг тилини, уларнинг маданияти, тарихи ва анъаналарини билиши керак. Ана шундагина биз жамиятнинг ҳақиқий инклюзивлиги ҳақида гапиришимиз мумкин. Зеро ҳақиқий кўчада қатнов икки томонлама бўлади, бир томонлама эмас».
БМТ Озчилик миллатлар масалалари бўйича махсус маърузачисининг фикрича, болалар ўз она тилида ва имкон қадар узоқ вақт давомида ўқиши керак. Бошқа барча тиллар эса унга ёндош тарзда ўрганила беради:
«Бошқа тилларни ўрганиш билан таълим тилини фарқлаш жуда муҳим. Бола иложи борича ўз она тилида ўқиши керак. Оиласи гаплашадиган тилда таълим олиши керак. Бу тарздаги таълим қанча узоқ давом этса, боланинг саводи шунча пухта бўлади, ўрганиш қобилияти юксалади. Ана шунда бошқа тилларни ўрганиш ҳам яхши натижалар беради…», дейди Фернанд дё Варен.
Унинг фикрича, бу ҳолда болалар давлат тилини билмай қолмайди, балки аксинча, агар ҳамма нарса тўғри амалга оширилса, унда болалар ўз она тилини ҳам, давлат тилини ҳам яхши ўрганиб оладилар.
Қийшиқ ўсаётган дарахтлар
Одамларнинг бугунги аҳволи-руҳиясини билиш учун автобусга чиқиш керак. Жамоат уловида оддий кишиларнинг кундалик турмуши аён бўлади.
Аммо эртанги кунни кўрай десангиз, мактабга боринг. Бугунги болалар бирон ўн беш йилдан сўнг қандай одам бўлиб етишиши уларнинг мактабда “ўтириб-туриши”дан билинади.
Энди, эртаю индин ҳам эмас, ўттиз йилча кейиннинг обу ҳавоси эса боқчада аёнроқ кўринадими, дейман.
Яқинда ўн нафар ижодкору ўқитувчи бўлиб Қирғизистонга, Ўш шаҳрига бордик. Мезбонлар касбимизни ҳисобга олиб, аввал бир неча мактабга, кейин эса икки боқчага олиб боришди. Тарбиячи опалар боқча болаларини хўп тайёрлашган экан, “чиқиш”ларини мириқиб томоша қилдик. Ўзбек ва қирғиз гўдаклари бамисоли бир оила бағрида ўз жужуқ ҳаётларини кечирмоқда эканлар. Ҳар ким ўз кўзи билан кўриб, хулоса чиқарди, албатта.
Менинг ҳам, бир зум бўлса-да, болага айланиб қолгим, анов жажжи курсиларга ўтирволиб, юз хил ўйинчоқларни ўйнаб овунгим, яйрагим келди. Олтмиш олти йил нарёқда қолиб кетган шўх-олов кезларим кўз олдимга келди. Уруш бир оёғини олиб қолиб, эвазига ёғоч “оёқ” ҳадя қилган Жийдалик маҳаллалик Холдор тоғани эсладим. У ўша ёғоч оёғини ғичир-ғичир босиб, оқсаб-оқсаб отни аравага қўшиб, кейин болаларни уйларидан тўплаб, колхоз боғи этагидаги “боқча”га элтиб топширар, кечки пайт эса яна арава атрофини айланиб, ҳар биримизни уйимиз олдида аравадан кўтариб тушириб кетарди. Холдор тоғаларнинг жисму жонигагина эмас, бизнинг болалигимизга ҳам ўша оғир йиллар нуқси урган экан, энди ўйласам.
Манов гўдаклар эса гулдор курсиларга қатор ўтириб, гўё “бир автобус” бўлиб аллақаёққа йўл оларканлар, тарбиячи опанинг ишораси билан қўшиқ айтиб, йўл-йўлакай турли рақамларни чуввос солиб “ўқиб”, атрофдаги нарсаларни томоша қилиб кетиб боришар, дов-дарахтлар, рўпарадан чиққан айиқ, тулки, тўтиларни расмидан таниб, “медведь”, “лиса”, “попугай” деб қичқиришар эди.
Болалар… фариштадай маъсум жужуқлар. Кўзлари пориллайди, бир-биридан аввал шеър айтгиси келиб қўл кўтаришади, боғдаги турфа қушлар каби чуғурлашади, сайрашади. Ҳавас қилдик, бу болажонларга иқбол тилаб, тарбиячиларига миннатдорлик билдириб, қайтдик…
Шундай масъуд айёмдан сўнг ошдан қил, идишдан кир қидирадиган одамга ўхшаб “мулоҳаза” айтишга тил боравермас экан, азизлар. Бироқ бугун биз айтмасак, эртага бировнинг сўзига ҳожат қолмайди – кеч бўлади.
Гап шундаки, бежиримгина бу боқчадаги гўдакларнинг ҳаммаси ўрисча тарбия оляпти. Ичида бирон ўрис ё арманининг боласи йўқ: ярми ўзбек, яна шунчаси қирғиз – бари ўзимизнинг қоракўзлар экан. Тарбиячиларининг ҳам бири ўзбек, яна бири қирғиз. Боқча раҳбарлари эса одамлар ўзлари болаларини ўрисча боқчаю мактабларга беришаётганини айтишди.
Боланинг эгаси ким?
Хўп, боланинг ихтиёри ота-онада, фарзандининг қайси тилда таълим олишини танлаш – уларнинг ҳуқуқи. Буни тан оламиз.
Аммо… жамият-чи? Давлатнинг, миллатнинг ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқи йўқми?
Менимча, ҳар бир оилагина эмас, бутун бошли эл-халқ, ҳар бир миллат ўз келажагининг ғамини ейишга ҳақли. Нафақат ҳақли, балки шунга мажбур ҳам. Бизда ҳатто “бир болага етти қўшни – ота-она”, деган мақол бор. Яъни, жамият болага, унинг таълим-тарбиясига масъул. Шундай экан, давлатнинг, жамиятнинг, халқнинг манфаати шахс манфаатидан юқори қўйилиши лозим. Бир маҳаллар катта майдонларга шиор қилиб ёзиб қўйилган “Шахс манфаати давлат манфаатидан устун!” деган гаплар мени ажаблантиради. Давлатни… билмадим, аммо шахс манфаати жамият манфаатидан устун бўлмагани яхши.
Плутарх ёзишича, Спарта юртида чақалоқлар оқсоқоллар кенгаши кўригидан ўтказилиб, кучли ва соғлом, келажакда давлати учун кураша оладиган болаларгина тарбия учун қолдирилганин. Алалоқибат, улар вояга етгач, Спарта давлати ғолиб бўлган эмиш. Бу-ку, қонли ўтмиш. Аммо ғолибликни, тараққиёт пойгасида олдинга чиқишни қайси эл истамайди?
Биз муроса йўлини тутадиган тинчликсевар элмиз. Қайсидир давлатни енгиб, музаффар бўлиш ниятимиз йўқ. Асло. Айни пайтда, бизни қурол-яроғи билан эмас, балки замонавий аслаҳалари – тили, дунёда рўй бераётган воқеаларни ўз манфаати нуқтаи назаридан талқин қиладиган ахборот майдони, миллий педагогикаси орқали енгиб, фарзандларимизга ўз таълим-тарбиясини, менталитетини сингдириб, бир кун шу гўдаклар қўли билан миллат сифатида маҳв этишларига ҳам лоқайд қараб тура олмаймиз, у ҳолда ўзбек деган эл ер юзида қолмайди, тез орада тамоман паторат топади.
Мен хизмат юзасидан бориб, Ўш шаҳридаги аҳволни кўрдим. Аммо ҳозир Тошкентда, Самарқанду Когондай катта-кичик шаҳарларда, ҳатто, имкон топилса, туман марказларида ҳам ота-оналар, худди келишиб олгандек, ёппасига болаларини русча боқчаю мактабларга бераётганини ва бу тамойил йилдан-йилга кучайиб бораётганини айтадилар.
Бунинг боиси – қорин ғамини биринчи даражали масала қилиб олиб, бошқасини унутиб қўяётганимизда. Фарзандим ишқилиб тирикчилик қила олса, қайси тилда, қайси эътиқоду удумда бўлса ҳам, қорни тўйса, ўшандан ортириб, бизга ҳам тўрт танга юбориб турса бўлди, деган қараш ота-оналарнинг шуурини тобора эгаллаб оляпти.
Ҳар бир миллат вакили ўз она тили муҳитида яшашга ҳақли. Бизга чалаўрис ўзбеклар, чалаўзбек қозоқлар, чаланемис қорақалпоқлар керак эмас. Чинакам ўзбек, асл тожик, айнимаган қирғиз, хуллас, ўз миллати учун ёнган-куйган одамлар – энг байналмилал, ҳалол, инсофли, диёнатли, бўлади, бошқа эл кишиларини ҳам самимий қадрлайди. Аммо миллий туйғулари ривожланмаган, дурагай дунёқарашли одамларда миллий қадрият тушунчаси ўлик ҳомила тарзида бўлади ва айнан шулар ичидан жиноятчилар, мангқуртлар, “Омадли жентельменлар” фильмидаги Василий Алибабаевич (исмини қаранг!) каби рецидивистлар кўп чиқиши бор гап. Бу – бир.
Иккинчидан, ҳар бир халқ ўз тилида ўқиб билим олишига, ўз маданиятини ривожлантиришига йўл бериш лозим. Масалан, мен, шу Ўзбекистонда яшаб турар эканман, атрофимдаги бошқа эл вакиллари ўзбек тилида салом-алик қила олса, ўз ишини бажара оладиган даражада давлат тилини билса, қувонаман. Аммо тожик тожиклигини сақлаб қолишини, лўли ўзбекка айланиб кетмаслигини истайман. Негаки, чамандаги чечаклар турфа бўлса, кўз яшнайди, бир тусли гулчамбар эса фақат қабр устига қўйилади.
Ўзимизнинг “ўгай” болалар
Ўз она тили қолиб, бошқа тилда таълим олаётган бола ё ўша ўқиётган тили вакилига айланади, ё на ўрис, на ўзбек бўлолмай, аросатда қолади, дунёқараши кемтик бўлиб ўсади. Чунки мактаб қайси тилда бўлса, у болага фақат билим эмас, ўша халқнинг дунёқараши ва мафкурасини ҳам сингдиради. Ўтган юз йиллик кечмишимизга назар солсак, бегона тилга ошно бўлган болалардан айтарли катта олим ё шоир, муҳандис ё ихтирочи чиққанини кўрмадик. Не-не олимлар, шоир ва арбобларимиз фарзандлари “маданий” таълим-тарбия олиши учун уларни рус мактабига йўллашди, яна ҳам каттароқ одам бўлар, деб умид қилишди, аммо аксари ўрисзабон бухгалтер, ўзбекчани уқмайдиган ҳайдовчи ва… рус тилли бомж бўлдилар.
Ҳар бир давлат конституциясида барча миллат ва элат фарзандлари ўз она тилида таълим олишини, миллий маданияти ривожи учун йўл очилиши кафолатланиши битиб қўйилган. Албатта, мамлакатнинг асосий аҳолиси – титул миллат вакиллари давлат тилида таълим олиши айниқса муҳим. Чунки титул эл ўз она тилида иш юритмаса, давлатнинг мустақиллиги ҳақида гапириш беҳуда. Япон боласи япон, ўрис боласи ўрис, араб боласи араб тилини билмаса, бу нафақат шу халқлар ва шу давлатларнинг, балки жаҳон афкори оммаси учун ҳам фожиа ҳисобланади.
Аммо нега ўзбек боласи ўзбек тилини, қирғиз боласи қирғизчани билмаса, биз кулиб қўяқоламиз? Нега бу фожиа деб қаралмайди?
Айрим ўзбекларнинг (аслида, айрим эмас, тумонат) фарзандини бошқа тилли боқча ва мактабларга қўйишини халққа, ватанга хиёнат, сотқинлик… деб атасак, улар жазавага тушмасмикин? Ори, бу кўзга кўриниб турмайдиган, бир кунда эмас, ўн йиллар ўтиб… самара берадиган, секин портлайдиган бомбадир. Бошқа юртда эмас, ўз она юртида ўзга юртнинг тили, маданияти билан яшашни бошқа нима деб баҳолаш мумкин ахир?
Нега одамлар ўз қоракўзларини она тилидаги боқча ва мактабга эмас, русча, агар эпласа, инглизча таълим даргоҳларига жойлашга уринишади, бунга уларни нима ундаяпти? Сабабини сўрасангиз, кўп одамлар ўзбекча мактаб яхши ўқитмайди, деган гапни айтади. Эҳтимол, тўғридир, аммо русча мактабга боласини бераётганларнинг аксари, ўзи эътироф этмагани билан, дилининг тубида, уларни гастербайтерликка тайёрлаётгани аниқ.
Биздан, хўш, бола русча мактабда ўқиб, яхши билим олса, нимаси ёмон, нега қарши чиқяпсиз, деб сўрашлари мумкин. Нима дейишга ҳам ҳайронсан. Ёдимга келгани: юз йилча аввал кўп ўзбек зиёлилари ўз миллатини қўйиб, рус қизларига уйланишган, келажак шунда, деб билишган эди. Ўзбекистон давлатининг аксар раҳбарлари ўрис тилли аёлларга уйланишган, уёғини сўрасангиз, эр-хотин ўзбек бўлган раҳбарларнинг фарзандлари ҳам ўзбек тилини билмай ўсган. Уларга таассуб қилган неча ўн минглаб “байналмилал” оила фарзандлари ҳам бор эди; бу чалаўзбек-чалаўрислар рус тилини бир ўрис қатори билиб олгани билан, кейинчалик айтарли бир натижага эришмади. Кўплари миллатини, тилини, ҳатто… дини-имонини бой берди, элига бегонадай яшаб ўтди.
Чунки, ғалати бир ҳол: ўзбек йигити ўрис ё корейс аёлга уйланса, кўрган боласи онасининг тилини танлаши аниқ, ўзга миллат кишисига эрга теккан ўзбек аёли эса, боласи тугул, ўзи ҳам тамоман ўша элга сингишади. Шунақа ройиш халқмиз.
Мен, нега бунақа, деб кўплардан сўраб, тайинли жавоб ололмадим. Мутелик, ўзгаларга мослашиш – қуллик психологияси шууримизга ўрнашиб кетган шекилли. Ахир қул хожасининг тилида гапиришни истайди, унга ёққан куйга рақс тушади, унинг таомлари, сарқит бўлса ҳам, лаззатли туйилади, қул ўзига шуни мартаба деб билади. Русча таълимни маъқул топиш – шунинг тажаллиси. Бу ваҳима, йўқ жойдан ваҳим қўзғаш эмас, бор гап: Тошкентда 52 фоиз бола русча мактабга қатнаётир, Бишкекда эса мактабларнинг 4%идан ҳам камроғи (13 та) қирғиз тилли мактаб, холос.
Тўғри, бу фақат бизнинг бошоғриғимиз эмас, она тили учун кураш ҳозир бутун дунёда авж оляпти. Масалан, Ҳиндистон бошланғич синфларда инглиз тилини ўқитишни тақиқлаш ниятида. Бекорга эмасдир?
Бу ҳолда бамайлихотир ўлтирмоқ – хиёнат. Кеч бўлади, қарши чиқишнинг маъноси қолмайди. Миллий оримиз уйғониб, ҳаракатга тушмасак, юз йил кейин болаларимиз ўзбек ё қирғиз бўла олмай қолиши мумкин.
Айрим “педагог”лар бола тўрт-етти яшар чоғида бир неча тилни тенг ўрганиб олишга қобилиятли бўлади, деган гапни айтишади. Асло ундай эмас. Бошқа тилда ҳам чулдираши мумкин, аммо биттасини она тили деб қабул қилади. Айтинг-айтинг, бу ота-онасининг, ватанининг тили бўлсин, олис хорижнинг, бизни хўрликка солган, юртимизни босиб олган элларнинг тили бўлмасин. У ҳолда боламиз ўз элига хоинга айланиб қолади.
Нима қилсак бўлади?
Мамлакат, давлат, ҳокимият – булар бўлиши учун миллат керак. Давлат, мамлакат, миллий ҳокимият сақланиб қолиши халқларимизнинг жаҳон айвонида устувор туришига боғлиқ. Бу эса мактабларида қайси тилда таълим берилаётганига боғлиқ. Бу борадаги мутаносибликка ҳеч қандай мажбурият қўймай, ҳеч кимни норози қилмай, зўриқишларсиз эришиш мумкин. Яъни, айтайлик, шу давлатда нечта мактаб бўлса, унинг таълим тили нисбати жами аҳолининг этник таркибига мувофиқ бўлсин: Ўзбекистонда жами мактабларнинг82% фоизи – ўзбек тилли, 5%и тожик тилли, сўнг қозоқ, рус, қорақалпоқ, қирғиз ва туркман тилли мактаблар бўлса. Қирғизистонда эса 72 % мактаб қирғиз тилида, 14,5 %и ўзбек тилида, 9 %и рус тилли мактаблар бўлса. Ва ҳоказо. Ҳозир эса бу нисбат бузилган – Марказий Осиёдаги барча мамлакатларда рус тилли мактаблар кўпайиб, унинг касрига бошқа эл тилидаги ўрта умумтаълим даргоҳлари камайган.
Қайсидир тилдаги мактаблар сони ўша миллат аҳолиси нисбатидан кам бўлса ошириш, қай бириники кўп бўлса, нисбатга номувофиқ даражада кўп мактабларнинг тегишли қисмини етишмаган эл тилидаги мактаб қилиб очиш.
Бу ҳолда ҳеч ким айблай олмайди – олисдан туриб ҳар хил “рейтинг”ларга, кўрсаткич жадвалларига солиб, шу орқали таъсир ўтказмоқчи бўлган тўралар ҳам, “оға” давлатларнинг “масъул ходима”лари ҳам, ёки русча мактаб очилсан, деб хархаша қиладиган “замонавий” ота-оналар ҳам. Чунки, мавжуд мактаблар сони юртимиздаги халқларнинг нуфусига мутаносиб тақсимланган бўлади. Ҳатто давлат тилидаги мактаблар сони ҳам бояги ўлчовдан ортиқ бўлмайди.
Ана ўшанда ҳамма учун бир хил имконият яратилади.
Ана ўшанда ҳечким, бизнинг эл учун мактаблар оз, деб айта олмайди.
Ана ўшанда ҳар бир халқ боласини ўз тилидаги мактабга қўяди.
Ана ўшанда ҳар бир давлатнинг Конституциясида кафолатлаб қўйилган ҳуқуқ – ўша мамлакатдаги ҳар бир миллат ва элатнинг ўз она тили, адабиёти ва маданиятини сақлаб қолишига, ривожлантиришига ҳам имкон яратилади.
Зуҳриддин Исомиддинов