ТЕАТР 108-МАВСУМДА ЭШИК ОЧДИ

Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали театри 108-мавсумини карнай-сурнай садолари билан тантанали равишда очди.

Очилиш маросимида сўзлаган театр директори, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмалари аъзоси Аъзамжон Абдураззоқов ўз нутқида театрнинг шонли тарихи, халқлар дўстлиги ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида тўхталиб, янги мавсум ижодкорлар ва томошабинлар учун муборак бўлишини тилади. Шу билан бирга, у театр репертуари ва режалар ҳақида маълумот бериб, театр саҳнасида премьера сифатида бир қатор янги спектакллар намойиш этилишини қайд этди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Ўш шаҳридаги бош консули Зафарбек Аҳмедов, Қирғизистон халқ ёзувчиси Абдуғани Абдуғафуров, Қирғизистон халқ артистлари Шавкат Дадажонов, Бахтиёржон Тўхтаматов, таниқли халқаро журналист Сарвар Усмон, Улуғбек Башир, Ўш шаҳар кенгаши депутати Ҳулкар Исомова,Ўш Тв телекомпаниясининг молиявий масалалар бўйича директори Дилмурод Ишанов, Қирғизистон халқ маорифи аълочиси Озодбек Охунов, шунингдек, шаҳар ва вилоят маданий жамоатчилиги, адабиёт ва санъат вакиллари, театр мухлислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Ушбу мавсумда янги қатор спектакллар томошабинларга тақдим этилади. Улар орасида жаҳон ва ўзбек классик драматургиясидан намуналар, замонавий ижодкорлар асарлари бор.

108-мавсумнинг очилиши куни театр ижодкорлари тайёрлаган Мурод Абдуллаевнинг “Бомж” драмаси томошабинлар хукмига ҳавола этилди. Янги спектакль ўз мазмун-моҳияти, саҳна ижроси, актёрлар маҳорати билан томошабинларни завқлантирди. Шу тариқа, театр яна бир бор ўз анъанавий юксак даражадаги ижоди билан мухлисларни хурсанд қилди.

Таъкидлаш жоиз, Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек академик мусиқали драма театри бир асрдан зиёд тарихга эга бўлиб, шу давр мобайнида юзлаб драматик ва мусиқали асарлар саҳналаштирилди. Театр саҳнасида кўплаб ёрқин образлар яратилган, истеъдодли актёр ва режиссёрларнинг бир неча авлоди вояга етган. Театр ўз ижодий анъаналари, мусиқали драма ва комедиялари билан нафақат Қирғизистон, балки бутун Марказий Осиё маданий ҳаётида ўз ўрнига эга.

Ўш шаҳридаги ўзбек театри халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни юксак маънавият, ватанпарварлик ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялашга ҳам хизмат қилиб келмоқда.

Шу тариқа, 108-мавсумнинг очилиши нафақат бир маданий воқеа, балки халқимизнинг маънавий ҳаётида муҳим тарихий сана сифатида ўрин олди. Театрнинг янги мавсуми барча санъат ихлосмандларига янги ижодий тетиклик, руҳий озуқа ва улкан завқ олиб келиши шубҳасиз.

Одилжон Дадажонов

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг