Зиёдилло Атақўзиев: Мени инсонларнинг менга бўлган ишончи шакллантирди

Орамизда шундай инсонлар борки, фаоллик, тиниб-тинчимаслик уларнинг табиатида бўлади.

Бундай хислатли инсонлар ҳаётда кўп нарсага эришишга ҳаракат қилишади. Ва буни уддалайдилар ҳам. Бугунги бизнинг қаҳрамонимиз ҳам ана шундай одамлар тоифасига киради. Зиёдулло Атақўзиев жисмоний имкониятлари чекланган ва бўлгани 20 ёшда бўлишига қарамай, анча ишларга улгурмоқда. Бугунги кунда “Бошқача” деб номланган ёшлар ҳаракати раҳбари. Бундан ташқари “Юз оф Ош” жамоатчилик бирлашмасининг мувофиқлаштирувчиси, Ўш шаҳар ёшлар парламенти депутати.

Зиёдулло доимо фаол ҳаракатда бўлиб, атрофидагилар уни ҳам руҳан, ҳам жисмонан доим қўллаб-қувватлаб келишади. Эътиборингизга мухбиримизнинг бу йигит билан суҳбатини ҳавола қиламиз.

– Зиёдилло, яхшимисиз? Ўзингиз ҳақингизда айтиб берсангиз?

– Ассалому алайкум. Мен Ўш вилоятининг Новқат туманида, оддий оилада туғилганман. Онам уй бекаси, фақат дадам ишлаб оила боқар эди. Энди мен ҳам ишлаяпман. Менга туғма мия ярим фалажи ташхиси қўйилган. Шундай бўлса ҳам оддий давлат мактабида ўқиганман. Асли ўзбекман. Лекин мактабда рус ва қирғиз тилларида ўқиганим учун, шу тилларда қулайроқ суҳбатлашаман.

Мен ўқиган мактабда жисмоний имконияти чекланганлар учун қулайликлар йўқ эди. Аммо шунга мослашишга ҳаракат қилиб, 11 –синфгача ўқиганман. Икки йил, 10-11 синфларда ўқиганимда “Мактаб президенти” ҳам бўлганман.

– Бу даражада тиниб-тинчимас бўлишингизга нима сабаб бўлган? Чунки сизга ўхшаганлар уйдан кўчага чиқишни хоҳлашмайди…

– 9-синфгача менда умуман мақсад бўлмаган. Чунки унгача ҳамма мендан ҳеч нарса чиқмаслигини, бу аҳволимда уйда ўтиришим кераклигини айтишар эди. “Мен ким бўламан, нима иш қиламан? Ногиронлигим учун нафақамни олиб, шундай яшайвераман”, деб ўйлардим.

Аллоҳга шукр, 9 синфда ўқиётганимда “Ёшлар ва Қирғизистон” деб номланган лойиҳада иштирок этиб қолдим. Ўшанда мен лойиҳа ёзиб, 200 долларлик грант ютиб олгандим. Ушбу лойиҳада турли мактабдан ўқувчилар қатнашганди. Улар мени мазаҳ қилмасдан, ҳатто уюштирувчилар ҳам ўзлари билан тенг кўришди. Шунда ўзимга бўлган ишонч пайдо бўлди. Мени қўллаб-қувватлаган умуман бошқа муҳитни кўрдим.

– Сиз “Бошқача” деб номланган ташкилот очган экансиз. Нима учун номи “Бошқача”? Ташкилот нима билан шуғулланади?

– Асосан мени ота-онам қўллаб-қувватлаган. Улар раҳмат. Агар ногирон фарзанди бўлса одамлар ўша фарзандидан уялишади. Жамиятга қўшишмайди. Бироқ менинг ота-онам аксинча, “сен оддий одамлардайсан, ўзингни соғлом инсонлардай ҳис қил”, – дея таъкидлашар эди. Менинг ўзгачалигим бор деб айта олмайман. Лекин одамлар ўзлари мени ажратишиб қўяди. Худди мен ногирон бўлганим учун одамсифат бўлгандай. Кўпчилик мени имкониятим чекланган бўлгани сабаб фаол, кўнгилли бўлганман деб ўйлашади.

Ҳозирда “Бошқача” деб номланган ташкилотнинг директориман. Ушбу уюшмани ўзимга ўхшаган одамлар учун очганмиз. Бугунги кунда ташкилотимизда оддий, соғлом кўнгиллиларимиз ҳам бор. “Бошқача” иқтидорли ёшларга кўмак кўрсатади. Бугунги кунгача 10га яқин концерт дастурларини уюштирдик.

– Яна бир марказ ҳам ташкил этибсизлар, бу қандай марказ?

– Шу кунларда маданий-ўқув марказини очдик. Унда имконияти чекланган одамларни жамиятга қўшишни ривожлантирамиз. Жамиятни эса уларга кўниктиришга ҳаракат қиламиз. Буни очишдан мақсад ногиронларни қўллаб-қувватлаш. Мени одамлар қўлламоқда. Демак, бошқаларни ҳам қўллаб-қувватлашади.

Жамиятда кўпчилик одамлар кайфиятсиз юради. Нега, тушунмайман. Ахир ҳаётнинг ўзи бахтку! Мен асли қувноқ одамман. Одамларга ҳам қувонч улашгим келади. Бу менинг миссиям. Шунинг учун мана шундай ташкилотларни очаман. Ўзимга ўхшаганларга ёрдам бериб, қўллаб-қувватлашни хоҳлайман. Уларга фақат шу керак. [Қўллов бўлса] уларнинг қўлидан ҳамма нарса келади.

9-синфгача менда шундай кунлар бўлганки, ҳатто мени ҳақорат қилиб, мазаҳ қилишар эди. Лекин ота-онам ҳамда менга ишонч билдирган одамларнинг қўллаб-қувватлаши билан ҳаракат қилдим. Ортимга қараб, мени қўллаганлар турибдику, деб синмасликка уриндим. Мактабни битиргандан кейин Ўшдаги Қирғиз-Ўзбек университети қошидаги коллежга ўқишга кирдим. Яқинда ўқишни битириб, диплом олдим. Мутахассислигим – информатика ўқитувчиси.

– Зиёдилло, ижтимоий тармоқларда сизни кузатиб бораман. У ерда турли ижтимоий масалаларни ёритиб, лавҳалар тайёрлайсизлар экан. Бунга сабаб нима?

– Ҳа, Тик-ток, Инстаграмда фаолман. 240 минг обуначим бор. Шаҳарда ногиронлар учун шароитларни йўқлигини, жамиятнинг бунга тайёр эмаслиги муаммосини ёритгим келади. Зора ўзгариш бўлса деб.

Кўчада кетаётсанг, 5 сом бериб “олиб қўйчи” дейишади. Менку, бунга тайёр эдим. Ҳайрон қолмас эдим. Ўрганиб ҳам кетгандим. Кўчага чиқсам, одамлар менга раҳми келиб қарагандай “вой бечора” деб, “ма ол” деб пул беришади. “Нима учун”десак, “Аллоҳни йўлида” дейишади. Мен ахир сўрамадимку?! Сўраганларга беринглар. Бизга бу керак эмас. Айнан мен пулга муҳтож эмасман. Мен ва менга ўхшаган қанчаси ўзи ишлаб пул топади. Кўп ногиронлар одамлардан тортинганидан уйида, онлайн ишлаб пул топишади. Жамият бунга [ногиронларнинг мавжудлигига, улар ҳам жамиятнинг тўлақонли аъзоси эканига] кўникиши керак. Аслида “Ногиронларни ногирон қилган бу бизнинг жамиятимиз”.

– Келажакдаги орзуларингиз?

– Келажакда шаҳар кенгашига депутат бўлиш ниятим бор. Ҳозирда мана шу соҳа бўйича билим оляпман. Мақсадим – халқ вакили бўлиб, одамларнинг муаммоларини ҳал этишга ёрдам бериш.

– Орзуингиз ушалишига тилакдошмиз. Соғ бўлинг. Суҳбатингиз учун раҳмат.

Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники.

Умида Мирзабоева суҳбатлашди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг