Арча атрофида байрам бўлгани яхшими ёки мотам? Ёшларимиз онги заҳарланмоқда

Жалолобод шаҳрида янги йил арчасини портлатиб, черковга ҳужум қилмоқчи бўлганлар ушланди.

Қирғизистоннинг катталиги жиҳатидан учинчи шаҳри бўлган Жалолободнинг марказида ўрнатилган арчани портлатишни режалаштирган икки ўсмир қўлга олинган.

Миллий Хавфсизлик давлат қўмитаси берган маълумотга кўра, улар “Ислом давлати – Хуросон вилояти” халқаро террористик ташкилотига аъзо бўлишиб, шаҳардаги насронийлар черковига ҳам ҳужум уюштирмоқчи бўлишган.

Хавфсизлик хизмати маълум қилганидек, 16 ёшли бу икки йигитни ташкилотга интернет орқали жалб қилишган. Чет эллик эмиссарларнинг (давлат ёки ташкилотнинг бирор вазифа билан чет элга  юборилган вакиллари. – таҳр.) кўрсатмасига биноан улар Жалолободнинг марказий майдонида ўрнатилган арча остига қўлбола портловчи модда жойлаштириб, террористик акт уюштиришни ва шаҳардаги насронийлар черковига ҳужум қилишни режалаштиришган.

Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари ўсмирларнинг телефонларини текшириш давомида террористик актни тайёргарлик кўрилгани ҳақида инкор қилиб бўлмайдиган далиллар топилганини иддао қилишган. Жумладан, эмиссарлар билан ёзишмалар, ҳаракатлар режаси, қўлбола портловчи моддани тайёрлаш бўйича қўлланма, ҳамда “Ислом давлати – Хуросон вилояти” халқаро террористик ташкилоти раҳбарига берилган байат-қасамёд тасвирланган видеоёзувлар борлиги аниқланган.

Ушбу факт юзасидан Жиноят кодексининг “Терроризм акти” (252 модда, 1 қисм) моддаси билан жиноий иш қўзғалган. Қўлга олинганлар шаҳар тергов изоляторига жойлаштирилган.

Ҳозирда уларнинг Қирғизистон ҳудудидаги бошқа жиноий алоқалари мавжудлиги борасида текширув ишлари олиб борилмоқда.

Шубҳасиз, яқин кунларда бу ишнинг янги тафсилотлари, жумладан, ушланган ўсмирларнинг, уларнинг адвокатлари ва яқинларининг сўзлари ҳам очиққа чиқади. Лекин бу хабар янги йил борасидаги мунозараларга янгича, жиддийроқ ёндошиш лозимлиги ҳақида бир белги, бизнингча.

Сўнгги пайтларда Қирғизистонда ва умуман Марказий Осиё давлатларида янги йилнинг мусулмонларга ёт экани, аниқроғи уни нишонлаш ҳаромлиги ҳақида кўп айтилмоқда. Бу жамиятда яна бир тортишув ва бўлинишга сабаб бўлмоқда. Бир оила аъзолари ўртасида тушунмовчилик пайдо бўлиб, ўзаро нафрат пайдо бўлмоқда.

Мактаб ва бола боғчаларидаги болалар, талабалар ва умуман ёшларимиз эса, қувноқ ва қизиқарли бир байрамдан маҳрум бўлишмоқда. Ваҳоланки, бу байрамнинг бошқа бирор динга алоқаси йўқ бўлиб, бўлгани йил алмашиши нишонланади, холос.

Истардикки, уламоларимиз бу масалада сал юмшаб, жамиятга камроқ зарар қиладиган бир йўлни топиб, фатво берсалар.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг