Россия отдан тушяпти. Ҳаммага бўлмасада, рус паспортини олиш енгиллашяпти

Қирғизистонликлар эса Россияда бемалол такси ҳайдашни давом эттиришлари мумкин.

Сўнгги пайтларда Россия расмийлари унинг собиқ совет республикалари билан алоқаларини қайтадан яхшилашга қаратилган қатор қарорлар қабул қила бошладилар. Жумладан, Қозоғистон, Молдова ва Беларус давлатлари фуқаролари энди Россия фуқаролигини олиш учун бу давлат тарихи ва қонунларини билишлари шарт эмас.

Гувоҳноманг ҳалол бўлсин

Бу давлатлар қаторига Қирғизистон киритилмаган бўлса-да, қирғизистонликлар учун ҳам қувончли хабарлар бор. Жўғорқу Кенеш депутати Марлен Маматалиевнинг маълум қилишича, Россия Давлат думаси қирғизистонликларнинг бу давлат ҳудудида таксичи сифатида ишлашини тақиқловчи қонун лойиҳасини бекор қилиши мумкин.

Бу қонун лойиҳаси бир неча ой аввал Думага киритилган бўлиб, расмийлар буни қирғизистонлик таксичиларнинг доимий равишда автоҳалокатларга сабаб бўлаётгани, хизмат кўрсатиш сифатининг пастлиги ва ниҳоят, маҳаллий аҳолининг бандлигига салбий таъсир кўрсатаётгани билан изоҳланган эдилар.

Яқинда россиялик депутатларнинг қирғизистонлик ҳамкасблари билан қилган музокаралари чоғида рус депутатлари бир шарт билан қонун лойиҳасини қайтариб олишга рози бўлишган.

Россия томони Қирғизистондан автомактабда қонуний равишда ўқиб, имтиҳонни коррупциясиз топшириб, гувоҳнома олганларнинг тўлиқ рўйхатини тақдим этишни талаб қилмоқда. Улар бу талабни қирғиз ҳайдовчилик гувоҳномасини пулга сотиб олганлар кўплиги билан тушунтиришмоқда.

Марлен Маматалиев рус депутатларига эндиликда Қирғизистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиб олиш имконсиз бўлиб қолганини айтган. Шу билан бирга у Вазирлар маҳкамасига Россиянинг талабини бажаришга рози бўлишни таклиф қилди. ИИВ вазири ўринбосари Адилбек Бийбосунов эса ЕОИИ ҳудудида ҳайдовчилик гувоҳномаларининг умумий базаси тузилаётгани ва бу иш тез орада якунланишини билдирган.

Ариза бўлса бас… ми?

Россия президенти Владимир Путин куни кеча Қозоғистон, Молдова ва Беларус фуқароларига Россия паспортини бериш тартибини соддалаштириш ҳақидаги фармонга қўл қўйди. Расмий эълон қилинган янги қоидаларга кўра, энди бу уч давлат фуқаролари рус фуқаролигини олиш учун ариза беришдан олдин Россияда беш йил яшаши ҳамда Россия тарихи ва қонунларини билиши шарт эмас. Беларус фуқароларидан эса энди рус тилини билиш ҳам талаб қилинмайди.

Расмийлар енгиллик нима учун фақат бу уч давлат фуқароларига берилгани борасида тушунтириш беришмаган. Афтидан, Россия ҳар бир давлат билан юзага келган вазият ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳар бир МДҲга аъзо давлатлар билан алоҳида иш олиб бормоқда. Жумладан, сўнгги пайтларда Қозоғистон раҳбарияти ўз суверенитетини мустаҳкамлаш мақсадида Россия сиёсий раҳбарияти номига қаттиқ баёнотлар бериб келаётган эди.

Икки йилча аввал Қозоғистон президенти Қасим Жўмарт Тўқаев Россия президенти билан йирик анжумандаги очиқ мулоқоти пайтида Путинга Қозоғистон Украинанинг Россияга қўшиб олинган Донецк ва Луганск вилоятларини мустақил давлатлар сифатида тан олмаслигини маълум қилган. Шунингдек Тўқаев Россиянинг Украинага қарши олиб борётган урушини қўлламаслигини ҳам очиқ айтиб келяпти.

Бунга эса ўз навбатида айрим рус сиёсатчилари ва йирик амалдорларининг Қозоғистон номига айтган ножўя гаплари сабаб бўлган. Масалан, рус сиёсатчилари Қозоғистоннинг катта ҳудуди аслида Россияга тегишли эканини айтишган. Қозоғистоннинг Россия билан туташган шимолий ҳудудларида асосан руслар ва русийзабон халқлар истиқомат қилишади.

Уруш ва геосиёсат

Бундан ташқари Путин 2023 йил май ойида шартнома асосида Украинадаги урушда иштирок этаётган хорижликларга Россия фуқаролиги соддалаштирилган тартибда бериш ҳақидаги қонунга қўл қўйган эди.

Унга асосан, бир йил давомида рус армияси сафида Украинага қарши урушда иштирок этган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар оила аъзолари билан бирга соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олишлари мумкин. Бунгача Россия фуқаролигини олиш учун шартнома асосида рус армияси сафида камида уч йил хизмат қилиш керак эди.

Сўнгги пайтда АҚШ бошлиқ ғарб давлатларининг Россияга қарши сиёсатлари кучайтирилаётган вазиятда Владимир Путин МДҲ давлатлари раҳбарлари билан алоқаларни кучайтиришга эътибор қаратмоқда. Бунга АҚШ, Хитой ва Европа Иттифоқи давлатларининг Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни кучайтиришга ҳаракат қилаётганлари сабаб бўлмоқда.

Владимир Путиннинг декабрь ойи охирида Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарлари билан анъанавий норасмий учрашуви режалаштирилгани ҳам маълум бўлди. Маълумки, келаси 2024 йилда МДҲ ташкилотига Россия раислик қилади.

Путиннинг сўзларига кўра, янги йилда МДҲ доирасида Россия санъат, таълим ва фаннинг турли йўналишларига эътибор қаратмоқчи. Жумладан, Евроосиё кино санъати академиясини ташкил этиш, кино соҳасида Евроосиё мукофотини таъсис этиш ва «Интервидение» халқаро қўшиқ фестивалини қайтадан жонлантириш масалалари қаралмоқда.

Бундан ташқари, Россия МДҲга раислик даврида бу ҳудудда рус тилини сақлаб қолиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратишини маълум қилди. Бу ҳақда авваллари ҳам Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлари раҳбарлари ўзларининг ижобий фикрларини айтиб келишган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг