Имом Сарахсий: Туркия давлати қўлловида қайта чарақлаган “Имомлар Қуёши”

Минг йил аввал зиндонбанд ҳолида оламга Ислом нурини таратган аллома ўз юртида унутда эди.  

Ханафий мазҳабининг ривожига улкан хиссасини қўшган буюк олим Ас-Сарахсийнинг  исми яқин йилларгача Қирғизистонда кўпчиликка маълум эмасди. Унинг бой илмий меросига илмий, расмий доираларда ҳам эътибор бўлмаган. Гарчи ўзининг илмий асарларини асосан Ўзганда ёзиб, шу ерга дафн этилган бўлса ҳам. Совет даврида эса бу исм тамоман унутилган эди. Лекин унинг номи маҳаллий аҳоли хотирасидан ўчмаган экан, даврлар ўтиб, алломанинг исми яна жарангдорроқ янграй бошлади.

Фақат 2000 йилларнинг бошларига келиб, унинг Ўзгандаги қабри аниқланиб, илмий равишда тасдиқланган. Сўнгра 2012 йилда Туркиянинг «Диёнат» фонди ҳомийлигида у ерда мажмуа бунёд этилди. Қурилиш ишларига айрим маълумотларга кўра, 120 минг АҚШ доллари сарфланган. Қирғизистонда ўрта асрлар услубида ишлай оладиган меъморлар бўлмагани боис меъморчилик ишларини қўқонлик усталар бажаришган.

Бир йил ўтиб, 2013 йили Бишкекда қирғизистонлик уламолар Равшан ҳожи Эратов ва Қуштарбек Маматовларнинг “Имом Сарахсий” китоби нашр этилди.

Бугунги кунда Бишкекдаги марказий жоме масжиди ва Қорасувдаги йирик масжидлардан бири Ас-Сараҳсий номи билан аталади. Бишкекдаги масжид Туркиянинг “Диёнат” фонди томонидан қурилиб, 2019 йилда Қирғизистон мусулмонларига туҳфа қилинган.

Хўш, “Имомлар Қуёши” номи билан машҳур бўлган Имом Сарахсий ким бўлган, унинг Қирғизистонга нима алоқаси бор ва нега аллома ўз юртида унутилиб кетаёзди?

Бу ҳақда мухбиримиз фаол сараҳсийшунос олима, Халқаро “Ғоя” жамгармасининг Қирғизистон бўлими мудираси, теология фанлари доктори, таржимон Марямхоним Исабоева билан суҳбатлашди.

– Ассалому алайкум, Марям опа! Сўз бошида Имом Сараҳсий ҳақида тўлароқ маълумот берсангиз. Жумладан, Қирғизистонда бу буюк аллома ҳақидаги маълумотлар қачон пайдо бўлган? Нега авваллари бу инсон шахсига қизиқиш бўлмаган?

– Ва алайкум ассалом! Имом Сарахсийнинг асли, тўла исми Абу Бакр Муҳаммад бин Абу Сахл Аҳмад Ас-Сарахсий бўлган. Ўрта асрларда инсон қайси воҳада туғилса, ўша жой номи исмига нисба (тахаллус каби. – таҳр.) сифатида қўшиб айтилган. Имом Сарахсий 1009 йили ҳозирги Туркманистон билан Эрон чегарасида жойлашган Хуросонда, Сарахс қишлоғида дунёга келган. Шу боис “Сарахсий” лақабини олган ва шу ном билан дунёга танилди.

У ёшлигидан жуда илмга қизиққан. Отаси савдогар бўлган. Савдо карвони билан Боғдод томонларга бориб турган.

Имом Сарахсий ҳам 10 ёшига қадар отасига савдо-тижорат ишларида ёрдам бериш мақсадида унга ҳамроҳ бўлган. Кейинчалик илмини мукаммал қилиш учун ўша пайтдаги илм маркази Бухорога келади. У ерда замонасининг энг машҳур олимларидан бўлган яъни “Шамс ул-Аимма», яъни “Имомлар қуёши” унвонига эга бўлган Ҳалвоний, Ас-Суғдий ва Абу Ҳафс Умар бин Мансур Ал-Баззоз каби Ислом фиқҳининг етук олимларидан дарс олади. Унинг ақл-заковати, хотирасининг кучлилигини пайқаган Ҳалвоний бошқа шогирдларига қараганда Сараҳсийга алоҳида эътибор қаратади.

Кейинроқ Ҳалвоний ўзининг “Шамс ул-Аимма” унвонини шогирдлари билан бирга Имом Сарахсийга ҳадя қилади. У Бухорода дарс беришда давом этади. Ўшанда Бухородан тақрибан 1000 чақирим олисда жойлашган Ўзган ҳам Ислом тарихида жуда катта аҳамиятга эга бўлган. Масалан, Туркияда шаҳримиз ҳақида университетларда ўқитилади. Чунки Ўзган – биринчи Турк Ислом давлати бўлган Қорахонийлар салтанатининг Ғарбдаги пойтахти бўлган. Қорахонийлар давлатининг Шарқдаги пойтахти эса Боласоғун шаҳри бўлиб, ҳозирги Бишкек яқинидаги Тўқмоқ шаҳри атрофида бўлган.

Суҳбатдошимиз ҳақида: Марямхон Исабоева Туркияда фаолият юритувчи “Ғоя” фондининг Қирғизистон бўлими раҳбари, теология фанлари доктори, таржимон. 1983 йилнинг 8 мартида Қирғизстоннинг қадимий Ўзган шаҳрига қарашли Қиймил қишлоғида туғилган. Ўш давлат университетининг теология факултетини (2005) битирган. Орада (2000-2002 йилларда) Анқара университетининг теология факултетида ўқиб келган.

Турли йилларда Қирғизистон ва Афғонистондаги мактаб ва лицейларда ўқитувчилик қилган. Ўзбек, қирғиз, турк, қозоқ тилларида таржимонлик қилади.

Йигирмадан ортиқ илмий мақолалар муаллифи.

Ҳоқонлар асосан Ўзганда туриб бутун Қорахонийлар салтанатини бошқарганлар. Қорахонийлар сулоласининг салтанати 840 йили барпо этилган бўлса, 1212 йили йиқитилган. Ҳоқон Абдулкарим Сатуқ Бўғра Қорахон 926 йилга келиб Ислом динини қабул қилади ва давлатни ислом дини асосида бошқара бошлайди. Бу Турк Ислом тарихида жуда катта аҳамиятга эга. Чунки илк исломий туркий давлати 926 йили, яъни Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламдан кейин 300-400 йил ўтиб, Ўзганда, яъни бугунги Қирғизистон тупроғида мужассам бўлган. Ўшанда ўн минг чодир уйнинг Ислом динини қабул қилгани китобларда айтилади. Яъни, бу мажбуран эмас, ихтиёрий равишда бўлган. Чунки туркийлар – ўзбек, қирғиз, уйғур, татар, туркман ва бошқаларнинг Ислом динига қадар эътиқодида якка худолик мавжуд бўлган.

Яна бир аҳамиятли нарса, ўша пайтда Буюк Ипак йўли Ўзган орқали ўтгани боис маҳаллий аҳоли Ислом дини билан мусулмон савдогарлари, мусулмон тижоратчилари орқали танишишган. Бу динга ҳурматлари баланд бўлган.

Лекин Сарахсий даврига келиб, яъни 1066 йилларда Қорахонийлар султонлари юртни бошқарувда шариятга зид равишда иш олиб борадилар. Шу нарсани Имом Сарахсий танқид қила бошлайди. У Ҳоқонларни Қуръон, суннат ва шариятга мувофиқ иш қилмаётганлигини айтиб, уларга насиҳат қилади. Ўшанда Бухорода, 1000 чақирим нарида дарс бераётган олимнинг насиҳати уларга оғир ботиб, уни Бухородан Ўзганга олиб келишади ва зиндонбанд қилишади.

Зиндон қудуқсимон бўлиб, тарих китобларида айтилишича, кенглиги 2,3 метр, чуқурлиги эса 5,8 метр атрофида бўлган. Имом Сарахсий зиндонга 64 ёшида киритилгандан кейин унинг шогирдлари ва бошқа яқинлари зиндонда ҳам дарс беришни давом этдиришни сўрашади. Ҳоқон ҳам бунга қарши чиқмайди. Чунки Сарахсий илми ўта мустаҳкам, катта шуҳрат қозонган, ном олган инсон эди.

Имом Сарахсийни ўта ўткир зеҳни бўлган деб айтиб ўтдик. Китобларда унинг 12 минг жилд дафтарни ёддан билгани айтилади. Яъни, аллома 24 минг дона дафтар ичидаги маълумотларни ёддан билган. Зиндондан чиқишига умиди бўлмагач, шогирдлари талабига биноан “Ал-Асл” номли китобини шархлаб, кенгайтириб ёзишни бошлайди. Бу китоб Ханафий мазҳаби имоми бўлган Имоми Аъзам Абу Ханифа Нўмон бин Собитнинг ўз дарслари давомида шогирдларига, талабаларига айтган фиқхдаги, Қуръон, суннат, истиқсон ва қиёсдаги масалаларнинг ечимлари, айтган гапларидан иборат. Улар шогирди Имом Муҳаммад тарафидан ёзиб олинган. Имоми Аъзам 7 асрда яшаган бўлса 10 асрнинг ўртасига келиб, фиқх илми олимларидан Ҳаким аш-Шахид Марвазий “Ал-Асл»ни ёдлашга осон бўлсин, деб қисқартириб қўяди.

Бундан 100-150 йил ўтгандан кейин Имом Сарахсий бу “Фиқх” китобининг “Мухтасари”ни ўқишда шогирдлар ғайрат қилишмаяпти деб, уни кенгайтириб, такрор, масалалар билан кенгроқ ёритиб бериш мақсадида ва бу иш “Бу дунёдаги зиндондан, қамоғимдан у дунёда менга бир қутилиш» бўлса зора, деган мақсадда 30 жилддан иборат “Ал-Мабсут» китобини зиндонни тепасида турган шогирдларига айтиб ёздира бошлайди. Бундан ташқари 14 йил давомида зиндонда қолиб кетган Имом Сарахсий жуда кўп китобларга шарх ёзади. Ўзининг “Ал-Мабсут» асарида у оиласидан узоқда қолгани, кундузлари рўза тутиб, кечалари таҳорат билан ибодат қилганини ёзади. Сарахсий шогирдларининг дарс олаётган пайтда мутлақо таҳоратли бўлишларига алоҳида аҳамият берган.

Албатта Имом Сарахсий учун 14 йиллик зиндон ҳаёти осон бўлган эмас, лекин бутун уммати Муҳаммад учун, айниқса, Ханафий мазҳаби учун жуда катта бир илмий мерос қолдирган. Минг йилдирки, бунинг хайрини биз мусулмонлар ва Ханафий мазҳабининг мутасаддилари, издошлари такрор ва такрор кўриб келяпмиз, деб айта оламан.

– Зиндондалигида аллома оиласи билан учрашганми?

– Имом Сарахсий зиндонда ётганида хотини ва бола-чақаси Марғилонга келган. Лекин улар Ўзганга келишмаган ёки шаҳарга киргизилмаган. Бу ҳақда батамом очиқ маълумот йўқ. Улар аллома билан учрашиш учун вақти-вақти билан Марғилондан Ўзганга келиб туришган. Мана шу сабабдан ҳозирги кунда Марғилонда Сарахсийнинг авлодлари бор, деб очиқ тахмин қила оламан.

– Алломанинг кейинги тақдири нима бўлган?

– Имом Сарахсий зиндондан 77 ёшида чиқади. У зиндонда эканида мамлакатда учта хоқон алмашади. Озодликка чиққач, аллома қолган уч йиллик умри давомида ҳам ишлашдан тўхтамаган. Аввал ёзилган китобларига тузатишлар киритиб, маромига етказган.

– Имом Сарахсий ҳақида авваллари юртимизда нега гап бўлмаган?

– Гап бўлган. Имом Сарахсий ҳақида бизнинг оиламизда олдиндан гап бўлиб келган. Чунки 1928 йили КГБ (СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси. – таҳр.) ходимлари катта бобомда мавжуд бўлган “Мабсут” китоби ва бошқа кўплаган китобларни олиб кетишган. Ҳамшаҳримиз Бахтиёр Салиевнинг Соли деган бобосининг Ўзганда карвонсаройи, яъни меҳмонхонаси бўлган. Ўша меҳмонхонада ўзганлик, Наманган, Андижон, Фарғона ва Қўқондан келган олимлар “Мабсут”ни ўқишган ва улар ичида менинг бобом Мулла Исабой ҳам ҳам бўлган.

Ўша 1928 йилга қадар, яъни атеизм даври келгунча Сарахсий ҳақида Ўрта Осиёда кўп маълумотлар бўлган. Чунки унинг зиёратига Самарқанддан ҳам муллалар келганлиги ҳақида оиламизда маълумотлар бор. Бобомнинг пирлари Нақшбандий тариқатига мансуб бўлишиб, улар ҳам Ўзганда Сарахсийни зиёрат қилиб туришган ва “Мабсут” китоби ўқиб турилган. Ҳаттоки Ўзганда яшаш тавсиясини ҳам бобомизга Самарқандлик пирлари тавсия қилган экан.

Улар, “Ўзганда яшангиз, чунки у ерда олимлар кўп ўтган. Фақат Ўзганда пиёда кўп юрмангиз, чунки баъзи олимларнинг қабри йўқолиб кетган, билмасдан тепалаб оласизлар…” деган гапларни айтишган экан. Биз, “Имом Сарахсийнинг китоби бор эди, 30 жилдлик, оғирлиги 40 килоча, энди бизда йўқ, фақат Туркияда қолган” деган гапларни эшитиб катта бўлганмиз. Онам СССР даврида бизни алломанинг зиёратгоҳига олиб чиқарди. Ўшанда унинг қабри эски, жуда вайрона ва хароб бўлиб турарди. У пайтларда одамлар чўзма пиширишар эди, чироқ ёқишар эди, ўша ерга бориб, Қуръон ўқиб бағишлаб келардик. Сарахсийнинг олим эканлиги ҳақида маълумот бор эди.

– Алломага, унинг илмий меросига бўлган эътибор қачон ва нимадан бошланган?

– Мустақилликдан кейин 1993 йили Ўш давлат университети билан Туркия давлат университети ўртасида келишув тузилиб, Ўшда теология факультети очилади. Унинг илк битирувчиларидан бири амакимнинг ўғли Исабаев Абдулвоҳид Анқарадаги устози, олим Сўлмез Қутлунинг аллома ҳақидаги мақоласини таржима қилади. Лекин унгача бир замонлар қози бўлган Раҳматилло қори Қосимовнинг “Ўзганликлар нега энди Имом Сарахсийингизга эгадор бўлмаяпсиз?» деган кинояли мақоласи ҳам чиққан, уни ўқиганман.

Туркиялик олимнинг мақоласида Имом Сарахсий ҳақида батафсил маълумот берилиб, унинг қабри Марғилонда деб, нотўғри ёзилиб қолган экан. Ўша мақола таржимасини ўқиган дадамнинг жаҳли чиқади. Амакимни ўғлини чақиради. Унга бу хатони айтганда амакимнинг ўғли, “мен таржимадан ташқари чиқолмайман, олим нима деб ёзган бўлса мен ўшани таржима қилдим”, дейди.

Мен 2000 йили Туркияга ўқишга бордим. Анқара университети теология факультетида Сулайман Байбара деган араб тили дарсидан устозим бор эди. Миллати ҳам араб эди. Биринчи курсда дарсда оддий фиқх китобини ўқиётиб, “Сарахсий”, “Мабсут” деган ерини кўриб қолдим. Устоздан “бу қайси Сарахсий, зиндонда ётган Сарахсий ҳақида айтиляпдими? Имом Сарахсий 30 томлик “Мабсут” китобини ёзган, бу ўша Мабсутми ёки бошқами?” – деб сўрадим. Устоз таажубланиб, “Сен уни қаердан биласан?” – деди.

Мен бу ҳақда билганларимни айтдим.

Ўшанда домлам, “Сенга вазифа – ёзги таътилда Қирғизистонга борганда, албатта Имом Сарахсийга менинг саломимни етказ. Менинг номимдан бир марта Фотиҳа, ўн бир марта Ихлос сурасини ўқиб, унга бағишла, бўлмаса қиёматда икки қўлим ёқангда бўлади”, деди. Шунда Туркияда, умуман туркларда Имом Сарахсийнинг нақадар аҳамиятга эга эканлигини ўз кўзим билан кўрганман. Ёзги таътилга келгач, дадам ва ойим билан бирга бориб, домламнинг вазифасини бажардим.

Икки йилдан сўнг Қирғизистонга келиб ўқишни давом этдирдим. Ўшда 2004 йили Ўш давлат универитети теология факультети очилганлигининг 10 йиллиги муносабати билан “Ўрта Осиёда Ислом” деган жуда катта конференция бўлган. Унга кўплаб олим ва олималар қатори Москвадан машҳур рус Ислом олимаси, академик Валерия Порохова ҳам келган. У Қуръон маъноларини араб тилидан рус тилига шеърий шаклда таржима қилган.

Биз ҳам ўшанда хизматда бўлганмиз, 4 курс талабаси эдик. Ётоқхонанинг олдида 3 нафар қиз турсак, ёнимизга бир одам келди. Бизга салом бериб, “қаердан келдинглар, сиз яшаган жой нимаси билан машҳур”, деб сўради. Мен, “Ўзганликман. Шаҳримиз гуручи ва Имом Сарахсийимиз билан машҳур”, дедим. Буни эшитган инсон таажубланиб, бу ҳақда сўраб қолди. Мен билганларимни айтиб бергач, у одам исм-фамилиямни ёзиб олди. Бироздан сўнг ётоқхонада катта тўпалон бошланди.

Бизни микрофон орқали профессор домламиз Мустафа Эрдем чақирди. Менга, “Сен нима ғалвани бошлаб қўйдинг, Имом Сарахсийни, унинг мақбарасини биламан, дебсан? Булар катта одамлар. Сен гаплашган одам профессор, “Диёнат” вақфи раҳбарининг ёрдамчиси. Шу одамга, “Сарахсийга олиб бора оламан”, дебсан. Қандай олиб борасан? Ҳазиллашма, бу ишдан воз кеч!” деб қолди.

Домла университетдаги барча ўғил болаларни, аспирантура, докторантурада ўқиганларни ҳам тўплаб, сўраса, ҳеч бири Сарахсийни билмас экан. Сен қаердан биласан, деб домланинг бир жаҳли чиқади… Яна мени фикримдан воз кечишга чақирди. “Уят бўламиз, мени ҳам уят қиласан. Нега менга аввал айтмагансан”, – деди. Сўрамаса мен қаёқдан айтаман? Байбара домлага айтганман.

Домла тўплаган болаларнинг ҳеч бири шаҳарда яшамайди, шунинг учун шаҳарни билмайди, десам ҳам бўлмайди. Хуллас, мен билан суҳбатлашган инсон Туркиянинг “Диёнат” фонди мудирининг ёрдамчиси, профессор, фан доктори Меҳмет Гўрмез экан. Кейин билсам, ўша куни кечаси улар яна тўпланишибди.

Домла кутубхоначини чақириб, тонг отгунга қадар Имом Сарахсийнинг “Мабсут” асарини ўқиб чиқишади. Унда аввал айтганимдек, “Ўзжанд» шаҳри ҳақида гаплар бор. Булар аввал Ўзган деган шаҳар йўқ бўлиб кетган деган таҳминга келишган экан. Чунки арабчада “Г” ҳарфи бўлмагани учун “Ўзжанд” деб ёзилади. Ўшанда домла тонг отгунча “Мабсут”ни ўқиб, менинг гапларим тўғри эканига ишонч ҳосил қилади.

– Кейин нима бўлди?

– Конференцияси битиши билан, 22 май куни профессор Доктор Меҳмет Гўрмез ва Мустафа Эрдем ўша конференциясига келган барча олимлар билан Ўзганга келдик. Аввал Имом Сарахсий ҳазратларининг қабрига олиб бордим. У пайтда йўллар жуда ночор эди. Машина ўтолмайдиган тупроқ йўлдан пиёда кетганмиз. Сарахсийнинг қабрига келгач, меҳмонларнинг ҳаммаси йиғлаб юборишди. Кейин қайта-қайта Қуръон тиловат қилишди.

Улар сўрагач, мен яна уларга билганларимни айтиб бердим. Бу ерда яшаган одамларнинг кўпчилиги Сарахсийнинг олимлигидан хабари бўлмаса ҳам, уни авлиё қатори билишарди. Қабрнинг қаровсиз қолишининг сабаби эса, билимсизлик ва жоҳиллик, алломани билмасликда эди.

Кейин домлаларни Ўзган минорасига олиб бордик. Ўшанда Меҳмет Гўрмез менга бу ерда ўз ҳисобидан Имом Сарахсий ҳазратларига муносиб бир мақбара ва мадраса қурдирмоқчи эканини, шу мақсадда бу ердаги 11 уйни сотиб олишига ёрдам беришимни сўради. 4 курс талабаси, 20 ёшли бир қиз қандай қилиб қўшниларга, уйингларни сотинглар, деб айта оламан?

Охири, ойим билан дадам ҳар битта қўшнининг уйига кириб, ҳар бирининг фикрини эшитишди. Қўшнилар вазиятни тўғри тушунишиб, “бизларга ё бир жойдан чек берсин, ёки бир жойдан уй олиб берсин, дейишибди. Яъни, қўшнилар қаерга борсак ҳам қўшни бўйича қолайлик, деган истак айтилган.

Бу талабларни Туркияга етказгандан сўнг уйимизни СНБ (Давлат хавфсизлик хизмати, ҳозир Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси. – таҳр.) босган. Жума куни жума намози пайтида дадамга келишган. Дадам қорилар сулоласидан бўлганлиги боис имомлик ҳам қиларди. Дадамнинг дадаси ҳам, бобоси ҳам, катта бобоси ҳам имом бўлишган.

СНБ ходимлари дадамга, “сизда жуда қимматбаҳо китоб бор экан. Шуни арабларга 300 минг долларга сотяпсиз экан”, дейишибди. Дадам уларга, “тўғри айтасизлар, ўша китобим бор эди, сизларнинг боболаринг ўғирлаб олиб кетишган. Ўша китобимни олиб келиб беринглар”, деган.

– Мақбара қурилиши нега чўзилиб кетган?

– Туркия ва Қирғизистондаги расмий доиралар масаладан хабардор бўлишгач, 2004 йили Ўзган шаҳар мэрияси, Туркиянинг «Диёнат» фонди, Ўш давлат университети, Қирғизистон диний ишлар қўмитаси бўлиб, биргаликда ишлар бошланди. Кейин 2005 йилги воқеалар (Қирғизистонда Асқар Ақаев ҳокимияти ағдарилган биринчи, “март инқилоби”. – таҳр.)  сабаб ишлар бироз тўхтаб қолди. Кейинроқ, 2008 йили мақбара қуриш ишлари бошланиб, қурилиш 2012 йили битказилди.

Лойиҳа асосида у ерга мадраса, кутубхона ва жомеъ масжиди ҳам қурилиши керак эди. Лекин бу ишлар коронавирус пандемияси даврига тўғри келиб қолди ва фақат масжид қурилиб, 2021 йилнинг октябрида очилди. Ҳозирги кунда халқимизга хизмат қиляпти. Шу ишлар сабаб одамлар Имом Сарахсий ҳақида аста-секин маълумот ола бошлади.

Бу жой 2004 йилга қадар вайрона ҳолатида, қаровсиз ётган. Қачонки турклар келгач, турли овоза тарқаб, “мен-мен” дейдиганлар кўпая бошлади. Ўша одамлардан, “2004 йилга қадар сизлар қаерда эдинглар?” – деб сўрагим келади.

Афсуски, Имом Сарахсий ҳаёти ва унинг ижоди ҳақидаги энг йирик илмий конференциялар асосан Туркияда бўлади. Бунинг биринчи мисоли – 1965 йили Анқара университетида Халқаро миқиёсда ўтган Имом Сарахсий конференцияси. Профессор, доктор Мустафа Жеват Ақшит бошчилигида икки Халқаро конференция: биринчиси Сақария университетида, иккинчиси Туркиянинг Денизли шаҳрида 2023-йили 26-29-октябрда ўтказилган. Аллоҳ насиб этса, учинчи умумжаҳон конференцияни Ўзганда ўтказишни ният қилиб, дуо қилдик. Валлоҳу алам!

– Имом Сарахсийнинг ўзи даражасидек шогирдлари борми?

– Албатта, Имом Сарахсийнинг даражасига етган машҳур ўзганлик шогирдлари ҳам бўлган. Улар Имом Сарахсий асарларининг бугунги кунга, бизгача етиб келишининг энг асосий омилларидан бири. Улардан энг машҳурлари – Бурҳониддин Абдулазиз бин Умар бин Маъзи, Маҳмуд бин Абдулазиз ал-Ўзжандий ва бошқалар бўлган. Улар ҳам Ислом фиқхи борасида етук олимлар бўлишган.

– Қирғизистонда сиз бошқараётган “Ғоя” фонди қандай мақсадда тузилди?

– Фонд 2022 йилнинг 1 июлида Туркиядаги шундай фонднинг шубаси қатори очилди. Бунинг асосий сабаби Имом Сарахсийни аввал Қирғизистон ва кейин бутун туркий давлатларга танитиб, унинг илмий меросини тарқатиш. Фонднинг очилишида бизнинг давлат арбобларимизнинг ҳам катта хиссаси бор. Чунки 2021-2022 йиллари Ўзганда катта “Минора” этнофестиваллари ўтказилди. Унга Имом Сарахсийнинг “Мабсут” асарини араб тилидан турк тилига таржима қилган устозим, профессор, доктор Мустафа Жеват Ақшит бошчилик қилган. Қирғизистон Республикасининг президенти, ҳурматли Садир Жапаровнинг таклифи билан устоз ўз шогирдлари ва оила аъзолари билан икки йил давомида Ўзганга ташриф буюрган. Президентимизнинг мана шу инсонга бўлган ҳурмат эхтироми туфайли ушбу фонд тузилди.

– Фонднинг қандай режалари бор?

– Фонд ҳозирги кунда бир нечта лойиҳа устида иш олиб боряпти. Энг катта мақсадимиз – Ўзганда Имом Сарахсий номидаги Халқаро Ислом фиқхи институтини қуриш. Қуръон курслари, мадрасалар, кутубхоналар, музейлар очиш, Имом Сарахсийнинг “Мабсут”ини қирғиз тилига таржима қилиш ҳам режамизда бор. Аллоҳ насиб этиб, лойиҳамиз амалга ошса, “Мабсут” бўйича барча тадқиқот ишлари, турли илмий анжуманлар Ўзганда юритиладиган бўлади.

– Сиз шахсан Имом Сарахсий учун нима қилдингиз?

– Жуда яхши савол. Имом Сарахсийнинг мақбарасига борганда ҳар доим унинг руҳига, “Я жадди, я устади, я жари”, яъни, “Эй бобо, эй устозим, эй қўшним” деб мурожат қиламан. 2011-2013 йиллар орасида Туркиядаги Сақария университетида, Ислом фиқхи бўлимида аспирантурада ўқиб, Имом Сарахсийнинг “Мабсут” асари бўйича фан номзодлигига  диссертация ёқладим. Бундан ташқари нафақат Туркия ва Қирғизистонда, балки Ўзбекистонда, Молдовада, Татарстонда, Қозоғистонда бўлиб ўтган Халқаро илмий конференциялар учун Имом Сарахсий ва унинг асарлари борасида илмий мақолалар ёздим. Сўнг тасаввуф борасида докторлик ишини ёқладим, ҳозирга қадар Имом Сарахсий бўйича мақолалар ёзиб, илмий маърузалар қилиб тураман.

Куни кеча “Мабсут” бўйича Туркиядаги аёлларга онлайн дарсларни ўта бошладим. Бундай дарсларни қириғизистонлик аёллар учун ҳам ўтказаман.

– Олима бўлиш осонми?

– Ҳам осон, ҳам қийин. Илм инсонни бошқа ҳеч нарса билан бўлиша олмайдиган даражада қизғанчиқ нарса деб ўйлайман. Албатта, илм олиш учун моддий ва маънавий қўллов керак. Чунки илм ҳам пулсиз бўлмайди, маънавий ёрдамсиз ҳам бўлмайди. Маънавий ёрдам нима? Ота-онангизнинг қўллаб-қувватлаши, ака-укаларингизнинг ёнингизда бўлиши – бу улкан маънавий дастак. Албатта, моддий масала, вақт ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Яқинларингизга берадиган вақтингизни чегаралайсиз.

Хуллас, илмда режа асосида, чидам билан жиддий ишлайсиз – муродга етасиз.

Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат, Марям опа!

– Сизгаям раҳмат, саломат бўлинг.

Оқбура, Ўзган-Бишкек.

Дурдона Ҳайдарова суҳбатлашди.

Расмлар Исабоеванинг шахсий архивидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг