Қалби бутунларнинг келсин ҳаваси: Хасталикка бўйсунмаган хонанда

Бу йигитни бугун нафақат Қирғизистон, балки бутун Марказий Осиёда, дунё мамлакатларида ҳам яхши билишади.

Бундан роппа-роса ўн йил аввал АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўтган “New York Eurasian Film Festival” кино фестивалида сузоқлик 17 ёшли йигитча ҳақида ҳикоя қилувчи “Юлдузлар сари” номли фильм махсус мукофотга сазовор бўлган. Ўшанда Абдурауф Тешабоев болалигидан давоси йўқ хасталикка чалинган бўлишига қарамай, чорва билан шуғулланаётган, келажакда бизнес билан шуғулланишни ният қилиб юрган пайти эди. Лекин унинг қалби тубидаги орзуси – хонанда бўлиш эди.

Бугун унинг орзуси ушалган кун, яна янги орзулар қилиб, янги-янги ижодий режалар тузаётган ва уларни бирма-бир амалга ошираётган кун.

Эндиликда Абдурауф Шох турли шаҳарларда, жумладан, Тошкентдек шаҳри азимнинг энг катта саҳналарида, эл севган энг машҳур санъаткорларнинг концертларида иштирок этмоқда. Ўнлаб машҳурлар билан доимий алоқада, улар билан ижодий ғояларини ўртоқлашиб, биргаликда ажойиб лойиҳаларни амалга оширмоқда.

 

Bu gönderiyi Instagram’da gör

 

Abdurouf Shoh (@abduroufshoh)’in paylaştığı bir gönderi

Яқинда қаҳрамонимиз Ўш шаҳрида ўтган “Топ Наво-2023” танловида иштирок этиб, махсус совринни қўлга киритди. Мухбиримиз Абдурауф Шох билан учрашиб, уни суҳбатга тортди. Қуйида ана шу материални эътиборингизга ҳавола қиламиз.

***

Санъатга орзуманд одам бор-ки, ундан ёмонлик кутманг. Бу менинг фикрим, албатта.

Чунки, улар – кўнгил одамлари. Юрагидаги дардларини, аламларини, севгиси-ю, соғинчларини ўз қўшиқларига кўчиришади. Улар ижро этган қўшиқларни тинглаб, бемалол уларнинг дардларини ўқий оласиз. Овоз ҳаммада ҳам бор. Лекин ана шу овозда бир дард бўлишини, Аллоҳнинг инъоми деб, биламан.

Мен анча йиллардан буён хонанда, дардли овоз соҳиби Абдурауф Шох билан учрашиб, суҳбатлашгим келарди. У болани аввал кўрмагандим. Фақат қўшиқларини эшитгандим, холос.

Абдурауфнинг қўшиқларини эшитсангиз, юрагингиз йиғлайди. Ишонасизми… йиғлайди.

Чунки, унинг ноласи (қўшиғи, демадим) юрагингизни тўғри нишонга олиб, уни парчалай олади. Бугун мен Абдурауф Шох билан учрашиб, унинг дилидагиларини билгим келди.

…Дардли куйлаб, мени (ва ҳаммани) йиғлатадиган Абдурауф ҳаётда қувноқ, дангал, орзулар қилиб, олдига катта мақсадлар қўя оладиган рухи тирик йигит экан. У кўпчиликка ўхшаб, имкониятим чекланган деб, рухи тушиб кетмаган экан. Катта синов олдида ўзини қўлга ололган иродали бир Инсонни кўрдим қаршимда.

Абдурауф, сизга саволларим жуда кўп эди. Сизни кўрдиму, саволларимга жавоб олиб бўлдим гаплашмай туриб. Лекин барибир учтўрт саволимга жавоб берасиз, а?

– Албатта, опа! Ассалому алайкум. Аввало раҳмат сизга, камтарона ижодимга баҳо бериб, мен билан суҳбат қурмоқчи бўлганингиз учун. Бемалол, саволларингизни беринг, опа.

Мен доим ҳаммага учта савол бераман. Шу саволларни беришдан аввал, ўзингиз, оилангиз, устозларингиз ва илк қўшиқларингиз ҳақида гапириб берасиз. Келишдикми?

– Бемалол, опа. Мен 1992 йилнинг 26 февралида Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида таваллуд топганман. Оилада учта фарзандмиз. Ота-онам жуда яхши инсонлар. Тўғри, ҳамманинг ота-онаси ўзига яхши. Лекин меникилар бошқача. Бошқачалиги шундаки… Ҳаётда соғлом фарзандларидан воз кечган одамлар ҳам йўқ эмасда, тўғрими? Ота-онам менга бор меҳрларини бериб, катта қилишди. Мендан воз кечишмади. Шундай ота-онани қандай мақтамайин, опа? Аллоҳ улардан рози бўлсин!

Устозларим кўп. Шуҳрат ака Ҳакимовни (жалолободлик таниқли хонанда. – таҳр.) биринчи устозим деб, биламан. Кимдандир ниманидир ўрганган бўлсам, ўша одам менинг устозим. Уларнинг ёнига бориб, ўрганишим шарт эмас. Ғайрат ака Усмонов қўшиқларини эшитиб, қўшиқ айтишга қизиқишим ортган. Бу инсон мени кўп қўллаб-қувватлади, ҳамон қўллайди.

Одам нимани-ки чин юракдан орзу қилса, Аллоҳ шунга етказаркан. Мана исботи – мен. Менинг тақдирим. Тўғри, аравачада юрсам ҳам, катта сахналарда концерт берганман, бериб келяпман. Кўплаган яхши дўстлар орттирдим.

Мени экранларда илк кўринишим 2009 йили бўлган. Ўша йили Ўш шаҳридаги “МезонТВ” орқали мен ҳақимда ҳужжатли фильм кўрсатилди. Сўнгра у Андижонда намойиш этилди. У пайтларда мен фақат устозларнинг қўшиқларини куйлаб юрардим. Ўзимнинг қўшиқларим 2012 йили ёзилди. Илк қўшиғимни Шуҳрат ака Ҳакимов совға қилган. “Сиз керак эмассиз менга”, деган қўшиқ эди. Кейин ҳамқишлоқ шоир акам Авазбек Худойдатов шеърларидан фойдаланиб, биргаликда уч-тўртта қўшиқ яратдик. 2018-2019 йилларгача яхшигина ижод қилдим. Андижонлик шоир Бахтиёр Фидоийга ҳам ёрдамлари учун раҳматимни айтаман.

Кўплаб ўзбекистонлик хонандалар, машҳур санъаткорлар ўз концертларига таклиф қилишади. Бу менинг нолаларимнинг Аллоҳга етганига далил эмасми?

Ҳамиша яхши ният билан яшайман. Тушкунликка тушмасликка ҳаракат қиламан. Янги ғоялар ҳақида ўйлайман. Мен кўпроқ эстрада йўналишида қўшиқлар куйлайман, биласиз. Энди мумтоз қўшиқлар ҳам яратмоқчиман. Дуэтлар айтмоқчиман. Хуллас, бекор вақтим йўқ, опа, дея кулиб қўйди Абдурауф.

– Абдурауф,  аввал айтиб ўтганимдай, учта саволимни берай энди. Биринчи саволим: сизга санъат йўлидаги «дўст»ларингиз хиёнат қилган пайтлар бўлганми ва шундай пайтларда қандай йўл тутгансиз?

– … Ҳа-а, унақа «дўст»лар ҳам бўлди. Лекин мен уларни жим кузатдим, опа. Аллоҳ бор-ку, дедим фақат. Ва Аллоҳ ёрдам берди менга доим. Чунки, мени Худо яхши кўради, дея майин табассум қилади суҳбатдошим.

Дарҳақиқат Абдурауфни Худо яхши кўраркан. Чунки мустақкам иродали қилиб яратиб қўйибди уни. Гапимнинг исботи шуки, ўсмирлигида ҳам бошқаларга ўхшаб, “имкониятим чекланган, менинг бўлганим шу” деб, қўл қовуштириб ўтириб олмаган. Орзуларини армонларга айлантирмаган, уларни рўёбга чиқаришга интилган. Эл севган қўшиқчи бўлиб етишгани – бунга аниқ исбот. Юрагига меҳрни солиб қўйибди деганим шуки, ота-онасига, оиласига, устозларига, яқинларига меҳрибонлиги. Бунга жавобан меҳр олгани…

Суҳбатимиз давомида Абдурауф Шох шуни ҳам таъкидладики, ҳозирги пайдо бўлаётган қўшиқчиларнинг ўз ҳадларини билишларини, устозларини ҳурмат қилишларини, муқаддас сахнага чиққанда ярашмаган қилиқлар қилмасдан, ўзларини чиройли тутишларини ва эл меҳрини қозониш йўлида меъёрни билиб юришларини ич-ичидан хоҳлайди.

– Иккинчи саволим. Ҳаётингизда хотирангиздан бутунлай ўчиб кетишини хоҳлайдиган қандайдир ёмон кунлар бўлганми?

– 2017 йили оилали бўлдим. Орадан 2 йил ўтиб, биз ажрашдик. Яшириб нима қиламан? Шу кунларни… эсламасликка ҳаракат қиламан.

Сўнгги саволим. Қўлимда Абдурауфнинг 18 ёшдаги расми. Бугун анча мақсадларига эришган, ўз мухлисларини топа олган Абдурауф Шох шу болага қараб, нималар дея олади?

– … Босиб ўтган ҳаёт йўлимни айтиб, йиғлайман унга. Кўз ёшларимни лекин ҳеч ким кўрмайди. Ҳақиқий эр йигит кўз ёшларини бировга кўрсатмайди.

Абдурауф мана шу ёшликдаги расмига қараб йиғлагани билан, яна ўзини қўлга олиб,  яхши ниятлар, янги орзулар билан яшашда давом этмоқда. Бу йигит билан суҳбатлашар эканман, унинг дунёқараши худди қалбидай кенглигини хис қилдим. Эхххе, унинг олдига қўйган мақсадларини анча мунча тўрт мучаси соғ одамлар тасаввур ҳам қилолмайди.

Яқин кунларда Абдурауф Шохнинг ўзбекистонлик хонанда Шохруххон билан бирга куйлаган қўшиғи мухлислар эътиборига ҳавола қилиниш арафасида. Уни янги-янги клип ва фильмларга ҳам таклиф қилишмоқда. Хуллас, ҳар бир чинакам ижодкорда бўлгани каби унинг ҳам ишлари кўп.

Абдурауф билан хайрлашар эканмиз, у биз орқали ўзининг мухлисларига раҳматлар айтди. “Бизни йўқлаганларни Аллоҳ йўқласин”, деб дуо қилди.

Ўзининг ҳамма каби бу дунёга меҳмон бўлиб келганини эсидан чиқармаган Абдурауф Шох, “ҳаммамиздан яхшилик қолади. Савобли амаллар қолади. Шунинг учун савобли ишларни кўп қилишга ҳаракат қиламан, дея суҳбатимизга якун ясади.

Замондошим! Сиз ҳам яхшилик қилинг. Лоақал, яхшилик қилишни ният килинг. Яхшилик яхши-да…

Таҳририятдан: Абдурауф ҳақида юқорида тилга олинган фильмда янграган шеърда “Қалби бутунларга келар ҳавасим…”, деган сатрлар бор. Бу фильм қаҳрамонининг ўша пайтдаги ҳолатига мос эди. Бугун эса аксинча, қалби бутунларнинг, етти мучаси соғ одамларнинг қаҳрамонимизга ҳаваси келадиган кун.

Биз Абдурауф Шохга ҳаётида янада улкан зафарлар тилаймиз. Олдига қўйган мақсадларини амалга ошириш учун Аллоҳ унга мустаҳкам соғлик, куч-қувват ва салоҳият ато этсин. Абдурауф Шохнинг орзулари ҳақидаги “Юлдузлар сари” фильмини қуйидаги ҳавола орқали кўриш мумкин:     • Юлдузлар сари / Путь к звездам / Way …

Оқбура, Ўш.

Ойдин Соипова суҳбатлашди.

Расм ва видеолар Абдурауф Шохнинг шахсий архивидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг