ЧИЛЛАДА КЕЛГАН ЧИЛ МЕҲМОН

Ўзбекистондаги “Ватандошлар” жамоат фонди ташкил этган “Чинор” лойиҳаси бу гал ёзнинг жазирама чилласи – чилла бошланишида хориждаги ватандошларнинг вакиллари бўлган чил (қирқ) ўзбекни 1 июль куни Тошкентга чорлади. Улуғвор пойтахтдаги “Ҳилтон” меҳмонхонасида лойиҳа тадбирларининг тантанали очилиш маросимида хориждан келган ватандошлар, расмийлар, зиёлилар ва санъат намояндалари иштирок этишди.

Меҳмонлар самимий тилаклар билан сўзга чиқишди. Жумладан, Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан келган Барно Исоқова “Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфининг “Туркистон аталмиш тарқоқ Ватанни, тирик эканимда бир бутун кўрмоқ…” деган сатрларидаги орзу бугун амалга ошмоқда, – деб қайд қилди. – Агар Рауф Парфи ва Шавкат Раҳмондек юксак шоирларимиз ҳозир ҳаёт бўлганларида эди, албатта бу саодатли лаҳзалардан жуда мамнун бўлар эдилар…”

Тадбир миллий бирдамлик, Ватанга муҳаббат ва юрт ифтихори руҳида юқори кайфиятда ўтди. Фонд раҳбари Одилжон Сатторов таъкидлаганидек, “Бу лойиҳа — ватандошларимизни бирлаштириш, янги ташаббус ва ғояларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим қадам” бўлди.

Икки авлод учрашуви: Бўстонлиқдаги меҳр тўлқинлари

Тадбирнинг эртаси куни Туркия, Нидерландия, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистондан келган қирқ ватандош Тошкент вилоятидаги “Ниҳол” ёзги оромгоҳида “Чинор” ва “Анор” лойиҳалари доирасида икки авлод учрашувида иштирок этишди.

Самимий ўтган тадбирда ёшлар ва нуронийлар ўзаро суҳбат қуриб, тажриба алмашишди. Мазмунли интеллектуал ўйинлар, мотивацион учрашувлар ва ўзбекона палов маросимлари орқали иштирокчилар миллий қадриятларни янада яқиндан ҳис қилишди.

“Бу тадбир маданий алмашинувдан ташқари, руҳий кўприк вазифасини ўтаб, бизга зўр илҳом бахш этди”, деб таъкидлади Туркиялик Меҳмет Ясса.

Нидерландияда яшовчи Гулбаҳор эса “Бу тадбир ҳар бир иштирокчининг қалбига илиқ таассурот уйғотди ва келажакка ишонч бағишлади” – дея учрашувнинг самимиятини таъкидлаб ўтди.

Хотира – муқаддас, қадрият – абадий

Лойиҳа иштирокчилари Тошкентдаги Ғалаба боғига ташриф буюриб, ҳалок бўлган фидоийлар хотирасига ҳурмат бaжo келтиришди. “Бу сафаримиз фақат тарихга назар ташлаш эмас, балки тинчлик ва истиқлол учун жон фидо қилганлар хотирасига садоқат рамзидир”, деб эътироф этди Қирғизистонлик Хошимжон Аҳмаджонов бу ташриф натижасини.

Тарих ва адабиёт – миллат хотираси гултожи

Иштирокчилар Тошкентдаги Темурийлар тарихи давлат музейи ва Абдулла Қодирий уй-музейига ташриф буюриб, миллий маънавиятимиз ва тарихимиз билан яқиндан танишишди. Сўнг Самарқанд шаҳридаги Амир Темур жоме масжиди, Бибихоним мадрасаси, Регистон майдони, Улуғбек расадхонаси, “Боқий шаҳар” мажмуаси каби юртимизнинг буюк тарихий обидаларини зиёрат қилишди, Улуғбек расадхонаси ва музейида узоқ асрлардан сўзлаб турган илм-фан ва маърифат нуридан илҳомландилар.

Уч авлод учрашуви – миллий бирлик рамзи

Самарқандда “Чинор” лойиҳаси доирасида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди. “Нуроний” жамғармаси, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва хорижлик ватандошлар иштирокида ўтган тадбирда ҳаёт тажрибаси, келажак режалари ва миллий ҳамфикрлик муҳитида руҳий-маънавий боғлиқлик намоён бўлди.

“Чинор” лойиҳаси нафақат диёрдан узоқда яшовчи юртдошларимизни она юрти билан боғлади, балки улар қалбидаги Ватан соғинчи, миллий ғурур ва аждодлар меросига бўлган муҳаббатни янада кучайтирди.

“Чинор” соясидаги ўйлар

Илдизлари чуқур, танаси қудратли, шох-шаббалари осмонга қараб кетган чинор – миллий қадриятимиз, тарихимиз ва авлодлар боғлиқлигининг тимсолидек. “Чинор” лойиҳаси ҳам ана шу маънавий тимсол атрофида шаклланган лойиҳа сифатида юракларга ўзига хос руҳий озуқа бахш этди.

Бу лойиҳа ватандошларнинг юрагидаги Ватан соғинчини юзага чиқарди, унутилмас лаҳзалар бахш этди. Тошкент ва Самарқанд каби маънавият масканларида ўтган учрашувлар, зиёратлар ва мулоқотлар ҳар бир иштирокчининг қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада кучайтирди.

Авлодлар учрашуви — бу шунчаки тадбир эмас, ҳаёт мактаби. Бу ерда нуронийлар ҳаёт тажрибасини ўртоқлашди, ёшлар руҳланди, келажакка ишонч билан қарашни ўрганди. Бу учрашувларда халқнинг эзгу анъаналари, меҳр ва ҳамжиҳатлик туйғулари барқ урди.

Ғалаба боғига, Амир Темур жоме масжидига, Улуғбек расадхонасига ташрифлар эса бизга аждодлар йўлини қайта ҳис қилиш, тарих билан юзма-юз суҳбатлашиш имконини берди. Бундай ташрифлар тарихий билимгина эмас, балки миллий ғурур ва руҳий комиллик ҳам бахш этади.

 

Барно Исоқова

 

 

 

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг