Буюк адибнинг 95 йиллигига: Чингиз Айтматов афсоналаридаги фалсафий фикрлар

Буюк ёзувчининг асарларидаги афсоналардаги фалсафий фикрлар умумбашарий аҳамиятга эга. 

Чингиз Айтматов қирғиз халқининг, замонамизнинг улуғ ёзувчисидир. Жаҳон адабиёти чўққиларини ўзининг чуқур фалсафий асарлари билан забт этган буюк ёзувчи, ўткир публицист, жонкуяр арбоб – Чингиз Тўрўқулович Айтматов тириклик чоғидаёқ афсонага айланиб бўлган эди. Дунёга таниқли бўлган ёзувчининг дўсти, япон файласуфи Дайсаку Икэда унинг тириклик чоғидаёқ шундай ёзган эди: “Чингиз Айтматов шундай бир донишмандки, унинг асарлари кўп замонларгача китобхонларга маънавий озиқ бераверади”.

Унинг асарлари мангуликка дахлдор эканлигини Қарши давлат университетининг катта ўқитувчиси А. Ҳамдамов шундай эътироф этади: “…кўпдан-кўп таниқли адабиётшунос олимлар уни Л.Толстой, Ф.Достоевский, У.Фолкнер каби адиблар қаторига қўядилар. Шу маънода у ҳаётлик чоғидаёқ мумтоз (классик) адиб деган, ёзувчи учун ниҳоятда шарафли эътирофга муносиб бўлган сўз устасидир. Унинг асарлари жаҳоннинг етмишдан ортиқ тилларига таржима қилинган”.

Айтматов асарларида умумбашарий муаммолар афсоналар, ривоятлар билан аралашиб, яхлит ечимини топади. Ёзувчи маҳорати табиатга инсоннинг муносабатини ўтмиш афсоналари орқали ифодалаб, бугунги кун муаммосига шундай боғлайдики, гўё шу йўл билан бугуннинг қаҳрамонини аёвсиз танқид остига олади. Фантазия ва реалликни, ҳақиқатни бадиий тасвир воситалари билан намойиш этадики, бу усул китобхонни чуқур мушоҳадага чорлайди. Афсоналар шунчаки тўқилмаслиги, улар замирида бугуннинг ҳақиқати борлигини ўринли исботлайди.

«Оқ кема» қиссаси ёзувчининг айнан юқоридаги фикримиз далили бўла оладиган, поклик ва адолат, миллий анъаналар ва инсоний қадриятларни ифода эта олган сара асарларидан биридир. Асарда ўқувчи Боланинг орзуларини, Она буғу ҳамда Оқ кема ҳақидаги эртакларга ишонган покиза туйғулар эгасини жонли баён қиларкан, ўқувчи тасаввурида кўзлари ҳайратдан катта-катта очилган беғубор бир вужуд намоён бўлади. Унинг бобоси айтган афсона эртак эмас, чин эканига астойдил ишонган ва уларнинг рўёбга чиқишига кўз тутган Болага бўлган катталарнинг муносабати ҳаммани бирдек ранжитади.

Она буғунинг ўлдирилиши Боланинг орзусини ўлдиради. Натижада унинг балиққа айланиб, Оқ кемага етиш мақсадида иситма ичида сувга тушиб нобуд бўлиши ўқувчи қалбини ларзага солади. Айтматов бу асарида умид ва покликни, баркамолликни улуғлаган. Маънавий тубанликни аёвсиз қоралаган.

Айтматов асарларидаги афсоналар алоҳида эътиборга молик жиҳатки, улардаги фалсафий фикрлар умумбашарий аҳамиятга эга.  Масалан, Ғарб олимлари клонлаштириш ғоясини дунёга сингдираётган бир пайтда, уларга жавобан “Кассандра тамғаси”ни ёзади. Яъни, Инсон инсондек яшаши ва инсондек оила бўлиб кўпайиши шарт, деган ғояни фантастик воқеалар асосида илгари суради. Яна ёзувчининг буюклиги шундаки, қайси асарини олиб қараманг, унда тақдир аталмиш неъмат фақат Аллоҳ томонидан белгиланади, унга исён қилиш яхши оқибатларга олиб келмайди, деган аниқ бир фалсафани реал воқелик ва афсоналар орқали исботлаб беради. Ҳали туғилмаган боланинг ўз тақдиридан рози бўлмаслиги ва онаси қорнидаёқ ўлимни чақириши каби ҳодисалар баёни ёзувчининг ўша “Кассандра тамғаси” романида акс этади.

Шунингдек, ёзувчининг сўнгги романи ҳам “Абадий бир ҳақиқат мавжуд – тақдирини, пешонасига нима ёзиб қўйилганини ҳеч ким олдиндан билишга қодир эмас, кимнинг қисмати қандай бўлажагини ҳаётнинг ўзи кўрсатади. Тақдир дегани шу”, деган фикр билан бошланади. Афсонага кўра, азим Тангритоғда ёш, чопқир бир овчи бўлиб, уни келажакда уруғ сардор бўлади дейишаркан. Овчининг узоқ овулдаги бир гўзал қизга ишқи тушиб, уруғ оқсоқолларидан уюр-уюр йилқилар, зеб-зийнатларни қуданикига тортиқ қилиб юборади. Ҳам жисмонан кучли, ҳам бадавлат бўлган бу ёш овчига ҳасад қилганлар фитна уюштириб, қизни олиб қочиб, йигит тарафидан келганларга эса, қиз ўз йигити билан шаҳарга қочиб кетди, дея туҳмат қилишади. Аслида эса, қизни ўғирлаб кетишаётганда, у ўзини дарёга ташлаб, ғойиб бўлади.

Севган ёридан ажралган овчи йигит одам зотига лаънатлар ўқиб, тарки дунё қилиб, киши билмас томонларга кетиб қолади ва қайтмайди. Қиз эса сувдан тирик чиқиб, қаллиғини излаб тополмай, у ҳам сирли равишда йўқ бўлиб қолади. Шундан бери “Абадий қаллиқ” сири сирлигича қолади. Бироқ, руҳнинг абадийлиги ҳақида китобхонни ўйлантирадиган ҳодисалар роман сюжетини ташкил қилади.

Айтматов бугуннинг фожеаси, яъни “Оммавий маданият” кирдикорларини жонли образлар орқали ғоят таъсирли ифодалайди. Ҳақиқий истеъдод эгаларининг ўрнини шоуменлар, бозор иқтисоди деган баҳона билан эгаллаб олишлари жараёнининг шундай тасвирини топадики, худди мард овчи йигитнинг севлигисига қилган разиллик каби, маданият равнақига қурт бўлиб тушган айрим кимсаларнинг санъат бозоридаги чайқовчилиги каби тасаввурга эга бўласиз.

Ўртамиёна артист, шоумен, олғиргина йигит Эртош Курчалов шаҳардаги драма театрининг оддийгина ходими эди, холос. Қисқа вақт ичида бойлик орттириб, каттагина маданият муассасаларининг хўжайинига айланиб кетиши ақл бовар қилмас ҳодиса эди. Бундай бизнесменларга тоқат қила олмаган ҳақиқатгўй журналист Арсен Саманчиннинг руҳий изтироблари ҳам бутун “Оммавий маданият” қурбонлари учун тааллуқли эди. “Қалб ўзи нима? Хоҳлаган нарсани қалбга тўнкаб қўйиш мумкин. Одамдаги энг муҳими эрк ва онг!” – деган бир газетхоннинг фикри билан баҳслашадиган журналистнинг ўз фалсафаси бўлиб, у ҳамма бебошликларни қалбга тўнкаб, ўзини оқлаш мумкин эмас, деб ҳисоблар эди.

Шу каби қарама-қарши фикрлар орқали китобхонни чуқур ўйга толдирадиган мазкур романнинг ғояси Ғарбу Шарқ учун бирдек аҳамиятга эга – маънавий тубанликка юз тутиш оқибатлари бутун бир жамиятнинг таназзулига олиб келиши муқаррарлигини адиб ушбу романидаги фалсафий фикрлари билан уқдиради.

«Асрга татигулик кун» романида акс эттирилган воқеалар Бўронли темир йўл бекатидаги овулчада рўй беради. Овул Қозоғистоннинг Сариўзак чўлида жойлашган. Ундаги воқеалар умр бўйи Бўронли темир йўл бекатида оддий темирйўлчи бўлиб ишлаган Қозонқопни дафн этиш учун Она Байит қабристон томон йўлга тушиш билан бошланади. Манқуртлар ҳақидаги ривоят романнинг энг етакчи ғоялардан бири ҳисобланади. Ривоятга кўра, қадим замонда Сариўзак ерлари босқинчи Жунганглар томонидан забт этилган. Улар асир олинган ерда жангчиларнинг сочларини тап-тақир қириб, янги сўйилган туя терисидан уларнинг бошларига қалпоқ кийгизиб, офтоб қизиғида чўлга ҳайдаб қўйганлар. Иссиқда таранглашган терининг бошни қаттиқ қисиши оқибатидаги қийноққа чидай олмаган қулларнинг кўплари нобуд бўлган. Омон қолганлари манқуртга айланган.

Сариўзакнинг маънавий манқурт йигитларидан бири Жўломон ўтмишини хотирлаш у ёқда турсин, ҳатто ўзини қутқаргани келган туққан волидасини танимайди, на уруғи ва отасининг номини эслайди.

Бу етмаганидек, жунгжанглардан бирининг ўргатуви билан ўз онасини камондан отиб ўлдиради. Бу афсона ҳам Айтматовнинг “Манас” эпосидан олган ва бутун дунёга МАНҚУРТ атамасини сингдириб юборишга сабабчи бўлган асаридир. Афсона замирида умумбашарий ғоялардан бири – хотирасизлик фожеаси ётади.

Адибнинг «Қиёмат» романида эзгулик, яхшилик ва тўғрилик, ҳақгўйликнинг хунрезлик, адолатсизлик олдидаги ночор, танг аҳволи кетма-кет тақдирлар, воқеалар орқали ифодасини топган. Табиат, жамият, инсон ва иймон муаммоларини акс эттириш орқали кўрсатилади. Уларни амалга ошираётган ҳайвонсифат одамлар бор. Шундай инсоний хислатлардан маҳрум Бозорбойнинг бўрилар Акбара ва Тошчайнарнинг болаларини ўғирлаб, ароқ олиш учун сотиб юборгани, Обер-Қандалов бошлиқ ваҳшийсифат кимсалар томонидан тансиқ жониворлар – сайроқларга қирон келтиришлари каби табиатни қиёматга солаётган воқеаларни тасвирлаш баробарида ёзувчи қиёматнинг бу дунёда ҳам кўринишини таъкидлайди, менимча.

Чингиз Айтматов ўз асарларида воқеаларни фалсафий, инсонпарвар асослар билан чамбарчас алоқадорликда тасвирлайди. Эзгуликни талқин этишда буюк ёзувчи ўз ғояларини бадиий гавдалантиришга алоҳида аҳамият беради. Айни дамда воқеа қаҳрамонларининг у дунёга қолдирмай, шу дунёнинг ўзида ҳам жазо олиши муқаррарлигини ифодалаб, китобхонни ҳушёрликка чақиради. Айтматов Ийсо ва Авдий Калистратов образлари орқали диний ақидалар ҳақида ҳам ўз фикрини, инсонийлик ғояларини илгари суради. «Дунёнинг шафқатсизлиги» Авдийга ҳам Ийсога ҳам, ҳатто Акбара ва Тошчайнарга ҳам, шунингдек, Бўстонга ҳам бирдек тегишли.

Қисқаси, Айтматов афсоналаридаги асрий ҳақиқат – инсонийлик фазилати доим инсоннинг ўзи билан ҳамроҳ бўлмас экан, у тубанликка юз тутади.

Ҳозирги кунда нафақат Қирғизистонда, балки дунёнинг кўплаган мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам Чингиз Айтматовнинг 95 йиллик юбилейи кенг нишонланмоқда. Асарлари масофалар оша, даврлар оша океанорти давлатларигача етиб, ёзувчи асарларидан турли халқлар баҳраманд бўлмоқда.

Айтматов барча тилларда ва дилларда яшамоқда.

Барно Исақова,

адабиётшунос, филология фанлари бўйича фалсафа доктори.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг