Ақллари киряпти: Дания парламенти Қуръонни ёқишни тақиқлади, Швеция ўйга чўмган

Гарчи қонун барча муқаддас китобларни ёқишни тақиқласада, одамлар уни “Қуръон қонуни” деб аташди.

Узоқ вақт давом этган мулоҳаза ва тортишувлардан кейин Дания парламенти ниҳоят диний матнларга ножўя муносабатда бўлишни тақиқловчи қонунни қабул қилди. Қонунга кўра мамлакат ҳудудида Инжил, Таврот каби барча муқаддас китобларга ҳурматсизлик қилиш, жумладан, уларни ошкора ёқиш тақиқланган бўлсада, қонун асосан Қуръони Каримга тегишли.

Ким бу қонунга риоя қилмаса, унга жарима солиниши ёки икки йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Данияликлар орасида уни норасмий тарзда “Қуръон қонуни” (Koranloven) деб атай бошладилар. Чунки бунгача бирор бошқа диний китоб ёқилгани ва бу катта шов-шувга сабаб бўлгани ҳақида маълумотлар йўқ ҳисоби.

Қонунни қабул қилишнинг ўзи ҳам осонга турмади. Қизиққонлик билан билан талашиб-тортишларга бой муҳокамадан кейин 179 депутатдан 94 нафари қонунни ёқлаб овоз берди. Уларнинг 77 нафар ҳамкасблари эса қарши овоз бердилар. Саккиз киши ё мажлисга келмаган, ёки бетараф қолган.

Қонунни ёқлаб овоз берганлар муқаддас китобнинг омма кўзи ўнгида, асосан мусулмон давлатларининг элчихоналари олдида ёқиш ҳоллари оқибатида Даниянинг мусулмон давлатлари билан алоқалари ёмонлашгани ва мамлакатнинг ўзида террористик хавфнинг ортиб бораётгани ҳақида айтишди. Қаршилар эса яна сўз эркинлигини рўкач қилишиб, истаган одам хоҳлаган китобини ёқиши ва бу билан ўзининг нимадандир норози эканини намойиш қилишга ҳақлилиги ҳақидаги сафсатани такрорлашди.

Фақат Даниянинг ўзида жорий йилнинг 21 июлидан 24 октябрига қадар турли китоб ва байроқларни ёқиш билан боғлиқ 483 ҳолат рўйхатга олинган. Қуръонни ёқишга жазм қилганларнинг аксарияти Ислом аҳкомларига қарши чиқишиб, мусулмонлар ўз дини ва урф-одатларини мусулмон бўлмаган давлатларда намоён қилмасин, деган талабни илгари суришади.

Бу ҳолатларнинг ҳар бири ҳар гал мусулмон давлатларида, Европа, АҚШ ва бошқа давлатларда яшаётган мусулмонларнинг қаттиқ норозилигига, баъзи ҳолларда оммавий тартибсизликлар ва ҳатто калтаклашларга, қамоққа олишларга олиб келади.

Ўша давлатлар махсус хизматлари ва полицияси хавфсизлик бўйича вазият ёмонлашиб бораётгани ҳақида расмий маълумотлар беришади.

Қуръонни ёқиш билан боғлиқ энг кўп норозилик туғдирган ҳолат шу йилнинг январида бўлиб ўтган. Ўшанда Дания фуқароси, Stram Kurs (Қаттиқ йўналиш) номли аксилислом партиясини ташкил қилган сиёсатчи Расмус Палудан Туркиянинг Даниядаги элчихонаси олдида муқаддас китобни ёқиб юборган. Кейин Швецияга бориб, у ерда ҳам Туркия элчихонаси олдида шу ишни қилишга рухсат сўраган. Полиция норозилик намойиши ўтказишга рухсат берган, аммо Қуръонни ёқишга изн бермаган бўлсада, у яна ўзининг итлигини қилган.

Июн ойида эса Ироқдан қочиб келган насроний Стокҳолмдаги марказий масжид олдида Қуръонни ёқди. Бу одам июл ойида яна бир бор шу ишни қилишга расмий ижозат олгач, Бағдодда қарши намойишга чиққан мусулмонлар Швеция элчихонасини босиб олиб, унга ўт қўйдилар.

Дунёнинг турли бурчакларида қизиққон мусулмонлар Палудан ва унга ўхшаш иғвогарларни ўлдиришга тайёр эканларини айтиб чиқдилар. Айрим давлатларда мусулмон ёшлар бошқа дин вакилларига ҳужум қилган ҳолатлар бўлди. Ҳозирда Швеция расмийлари ҳам Даниядаги каби қонун қабул қилиш ҳақида ўйламоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, ғарб давлатларида сўз эркинлигини рўкач қилиб, мусулмонларнинг муқаддас ҳисобланган ашё ва обидаларига нисбатан ҳурматсизлик қилинган ҳоллар авваллари ҳам бўлган ва бунинг оқибати яхши бўлмаган. Жумладан, Франциянинг “Шарли Эбдо” номли журнали яна ўша сўз эркинлигини рўкач қилиб, узоқ вақт давомида пайғамбар Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга карикатуралар чоп этиб келарди.

Бутун дунё мусулмонларининг норозилиги, бутун бошли давлатларнинг бундай қилмаслик ҳақидаги расмий чақириқлари уларга фақат “илҳом берди” ва улар янги-янги расмларни чиқаришда давом этдилар. Бошқа ғарб давлатлари ва нашрлари ҳам уларни қўллаб-қувватлаш учун, ўша расмларни кўчириб ўзларида босдилар.

Охир-оқибатда 2015 йилнинг 7 январида ака-ука Саид ва Шариф Қуашийлар “Шарли Эбдо” журнали идорасига бостириб киришиб, автоматдан ўқ уздилар. Оқибатда таҳририятнинг 12 ходими ўша жойда тил тортмай ўлган, 11 нафари ярадор бўлган. Икки кунлик таъқибдан сўнг полиция ака-укаларни топиб, отиб ташладилар.

Журнал эса карикатураларни босишда давом этди. Бунга қарши ҳаракатлар ҳам кучайди. Бу аҳмоқона қайсарлик оқибатидаги тўқнашувлар натижасида жами 17 киши ҳаёт билан видолашди. Уларнинг 3 нафари полиция ходими бўлган. Эндиликда журнал ўз йўналишини ўзгартирган ҳолда ишламоқда.

Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги ва журналистларнинг хавфсизлиги бутун дунёда муҳофаза қилиниши лозим бўлган умуминсоний қадриятлар. Лекин улар бунёдкорлик, аҳоли хавфсизлиги, тинчлик ва бирдамликка хизмат қилмаса, халқлар ва динлар орасига низо солса, уларни қадрият сифатида тан олиш керакми ёки йўқлиги ҳақида савол туғилади. Зеро, Исломда “менинг ҳуқуқларим бошланган жойда сенинг ҳуқуқларинг тугайди”, деган яхши принцип бор.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг