Исроил-Фаластин уруши: Халқаро ҳамжамият Исроилга ялиниб кун кўрмоқда

БМТнинг америкалик ходими Фаластинда арабларга қарши апартеид ва геноцидни тўхтатишга чақирди.

Узоқ давом этган музокаралардан сўнг Исроил фавқулодда ҳарбий вазирлар маҳкамаси Ғазо ҳудудига кескин чекланган миқдорда ёқилги киритишга кўнди. Лекин Ғазо маъмурияти ва у ерда ишлаётган халқаро ташкилотлар вакиллари бу ёқилғининг инсонийлик ёрдами кўрсатиш, ва БМТ органлари фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган коммунал хўжалик тизимининг ишлаши учун дарёдан томчи эканини айтишди.

Исроил билан бу борада музокаралар олиб борган АҚШ Давлат департументидан маълум қилишларича, Исроил ҳар 48 соатда Ғазога 140 минг литр ёқилғини киритиб туришга рози бўлган. Лекин бу ёқилғининг етказиб берилаётгани ҳақида расмий хабар йўқ.

Ўн икки минг қурбон эвазига 300 литр ёқилғи

Мана 40 кундирки, Исроил Ғазо ҳудудини ҳаводан, сувдан ва қуруқликдан тинимсиз ўққа тутиб, ҳудудни тўла қамал қилган. Натижада Ғазода ҳалок бўлганлар сони 12 мингга яқинлашди, уларнинг 5000га яқини ёш болалар. Яна 4000 мингга яқин одамнинг бедарак экани ва уларнинг қарийб 2000га яқини болалар экани айтилмоқда.

Минглаб уй-жой ва бошқа бинолар, жумладан Ғазо парламенти биноси ҳам вайрон қилиниб, ер билан тенглаштирилган. Ҳудуддаги йигирмадан ортиқ касалхонанинг 1-2тасигина ишлаяати холос, қолгани вайрон бўлган. Ҳудудда электр қуввати, сув ва алоқа билан таъминлаш тизими тўла ишдан чиққан. Уруш бўлаётган ҳудуддан маълумот олиш жуда қийин бўлиб қолган. Ўнлаб журналистлар ва тиббиёт ходимлари, уларнинг айримлари тўла оиласи билан, ва БМТ ташкилоти тизими ходимлари ҳам ҳалок бўлган.

Халқаро ҳамжамиятнинг қатъий талабларига қарамай, Исроил ҳудуддаги тинч аҳолини қирғин қилишда давом эттирмоқда. Кўплаб халқаро ташкилотлар ва экспертлар буни қатлиом, геноцид сифатида баҳоламоқдалар.

Исроил маъмурияти эса сурбетлик билан қирғин тўхтамаслигини айтиб, БМТ, юздан ортиқ давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг чақириқларини инкор қилиб келмоқда. Ўз қирғинини оқлаш учун ҲАМАС ташкилоти жангчиларининг касалхона ва тинч аҳоли жойлашган жойларга яшириниб олганини иддао қилиб, ярадор ва ҳатто хаста, чалажон туғилиб, махсус камераларда ётган болаларни ҳам касалхоналардан олиб чиқиб кетишни талаб қилмоқда.

Шу вақтнинг ўзида исроилликлар касалхоналар ва бошқа ижтимоий тизимларнинг узлуксиз ишлаши учун шароит яратиб бераётгани ҳақида баёнотлар бериб келяпти. Масалан, уч кун аввал исроил армияси хасталарни олиб чиқиб кетишни талаб қилган, кейин эса бульдозер билан деворини бузиб кириб, қуршовга олган ва ҳарбий амалиёт ўтказаётган “Аш-Шифа касалхонасига 300 литр ёқилғи бермоқчи бўлсак, ХАМАС бунга қаршилик қилди”, дея баёнот берди. Касалхона раҳбарияти эса, касалхонага ҳар соатда 500 литр ёқилғи талаб қилинишини билдирди.

Бугунги кунда Бирлашган миллатлар ташкилоти Фаластин-Исроил уруши ва хусусан Ғазодаги қирғинни тўхтатиш борасида бир нечта қарор қабул қилди. Уларнинг айримлари ўтмай қолган. Масалан, АҚШ Бразилия ишлаб чиққан лойиҳага, Россия ва Хитой эса АҚШ ишлаб чиққан лойиҳага вето қўйишган. БМТ Хавфсизлик кенгаши илк бор 15 ноябрда Мальта томонидан таклиф қилинган ҲАМАС-Исроил уруши юзасидан резолюцияни қабул қилди.

Уни Хавфсизлик кенгаши аъзоси бўлган 15 давлатдан 12 таси қўллаган (Россия, АҚШ ва Британия бетараф қолди) резолюцияда томонлар “жанг бораётган ҳудудларга гуманитар ёрдам етиб бориши” учун Ғазода зудлик билан узоқ муддатга ўқ отишни тўхтатишга чақирилган.

Шунинг ҳужжатда ҲАМАС ва бошқа гуруҳлар “ҳеч қандай шартларсиз зудлик билан гаровга олинганларни, биринчи навбатда болаларни озод қилиши шарт”лиги таъкидланган. Исроил томоннинг иддао қилишича, бугун ҲАМАС қўлида 200дан ортиқ турли давлатлар фуқаролари гаровда ушланиб турибди.

Исроилнинг БМТдаги вакилии Гилад Эрдан Исроилнинг ҲАМАС йўқ қилинмагунига қадар ва гаровдагилар озод этилмагунича ўз ҳаракатини давом эттиришин билдирди. Исроил бош вазири, бугунги кунда Гитлерга қиёсланаётган Нетаньяху ҳам уруш ҲАМАС тугатилгунича давом этишини айтиб келади. Тинч аҳоли ва болалар орасидаги қурбонлар ҳақида бош вазир яқинда “биз қурбонлар кам бўлишига ҳаракат қиляпмиз, лекин буни эплолмаяпмиз”, дея тан олди.

Хуллас, ўн миллион аҳолиси бор исроил давлати бугунги кунда миллиардлаб аҳоли яшайдиган юздан ортиқ давлат ва 200га яқин давлатни бирлаштирган БМТнинг чақириқларини очиқча инкор қилиб келмоқда. Халқаро даражада нақадар ожиз экани яна бир бор намоён бўлаётган, Ғазода ўнлаб ходимларини қурбон берган Бирлашган миллатлар ташкилоти бугун исроилга ялиниб кун кўрмоқда.

Исроил геноцид ва апартеид сиёсатини олиб бормоқда

Бирлашган миллатлар ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг Ню-Йоркдаги бўлими раҳбари, америкалик Крейг Мохибер Исроилнинг Фаластинга уюштираётган қонли ҳужумлари тўхтатилмаётгани сабабли истеъфога чиқишини эълон қилди. Ишдан кетишдан олдин у ўз раҳбари – Олий комиссар Волкер Туркка очиқ мактуб йўллаган.

Ўз мактубида у Фаластинда ягона давлат ва бу ҳудудда амалга оширилган ҳарбий жиноятларни кўриб чиқиш учун трибунал кераклигини айтади. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро эксперт, методолог ва ҳуқуқшунос Крейг Мохибер 1992 йилдан буён БМТ тизимларида ишлаб келган.

Жумладан, Мохибер 1980 йиллардан бери Фаластинда инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини тафтиш қилиб келган. 1990 йилларда эса БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси сифатида Ғазо ҳудудида яшаган. Демак, Фаластин муаммосини ич-ичидан, батафсил билади.

“Яна бир бор кўз ўнгимизда геноцид содир бўлаётганига гувоҳ бўляпмиз ва биз хизмат қилаётган ташкилотимиз буни тўхтатишга ожиз кўринади… Тутсилар, босниялик мусулмонлар, язидийлар ва роҳинжаларнинг геноцидлари даврида ҳам шу ташкилотда ишладим. Бу геноцидларнинг ҳеч бирида ҳимоясиз тинч аҳолига қарши содир этилган даҳшатларни ва оммавий ваҳшийликларнинг олдини ололмадик… Айнан шу тарзда фаластинликларга қарши йиллар давомида содир этилган таъқиблар ва қотилликларнинг ҳам олдини ололмадик”, деб ёзади америкалик ҳуқуқшунос.

Мохибер “30 йилдан ортиқ инсон ҳуқуқлари тажрибасига эга адвокат сифатида геноцид тушунчаси сиёсатда кўп суиистеъмол қилинишини жуда яхши билишини, лекин Фаластинда ҳозир оммавий қатлиом бўлаётгани ҳақида шубҳа ёки мунозарага ўрин қолмаганини, ҳамда бу қирғиннинг асоси – этно-миллатчилик ва мустамлакачилик мафкураси билан боғлиқ” эканини ёзади.

“Уларни араб бўлганликлари учунгина узоқ йиллар давомида мунтазам равишда таъқиб ва қирғин қилиб келишмоқда… Ғазода турар жойлар, мактаблар, черковлар, масжидлар ва тиббиёт марказларига қасддан ҳужумлар бўляпти, минглаб тинч аҳоли қирғин қилиняпти. Ғарбий Соҳилда ва Қуддусда эса, уй-жойлар тортиб олиниб, фақат миллатига қараб бошқаларга бериляпти. Исроил армияси ҳимоясида ноқонуний кўчманчиларнинг зўравонликлари давом этмоқда. Бутун Фаластинда апартеид ҳукм сурмоқда”, деб ёзади ҳуқуқшунос.

Бу ҳолатнинг айнан китобда ёзилган геноцид таърифига мос келишини эътироф этган эксперт Европадан келган, этно-миллатчи, босқинчи мустамлакачилик лойиҳасининг якуний босқичи, яъни маҳаллий фаластинликларнинг Фаластиндаги ҳаётидан сўнгги қолдиқларини тубдан йўқ қилиш иши бошланганини эътироф қилади.

«Бунинг устига, АҚШ, Британия ва Европанинг кўп давлатлари бу даҳшатли ҳужумга тўлиқ шерикдирлар. Бу давлатлар нафақат Женева конвенцияларининг “ҳурмат қилинишини кафолатлаш” бўйича мажбуриятларини бажаришдан бош тортмоқдалар, балки улар бу ҳужумни фаол равишда қуроллантирмоқдалар ва Исроилнинг ваҳшийликларини иқтисодий, сиёсий ва дипломатик ҳимоя билан таъминламоқдалар”, – деб ёзади Крейг Мохибер.

Масаланинг ечими сифатида муаллиф тарихий Фаластин ерида насронийлар, мусулмонлар ва яҳудийлар учун тенг ҳуқуқли ягона, демократик, дунёвий давлат қуришга чақиради. У можаронинг ечими бўйича 10 банддан иборат таклиф киритган.

Кун.уз нашри ўша ўнта масалани жузъий қисқартиришлар билан чоп этган:

1. Ҳуқуқий ҳаракатлар. Аввало, биз БМТда муваффақиятсизликка учраган (ва аслида ёлғондакам) Осло келишувларидан, унинг иллюзияга асосланган [икки миллат учун] икки давлат деган ечимидан воз кечишимиз керак. Бизнинг позициямиз мутлақо инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуққа асосланиши керак.

  1. Муносабатнинг аниқлиги. “Бу шунчаки ер талашиб ёки дин сабабли бўлаётган можаро” деган қарашни тўхтатишимиз ва реалликни тан олишимиз керак: номутаносиб кучга эга давлат туб аҳолини уларнинг миллатидан келиб чиқиб мустамлака қиляпти, таъқиб этяпти ва мулкини тортиб оляпти.
  2. Инсон ҳуқуқларига асосланган битта давлат. Биз бутун тарихий Фаластин ерларида насронийлар, мусулмонлар ва яҳудийлар учун тенг ҳуқуқли ягона, демократик, дунёвий давлат барпо этилишини қўллаб-қувватлашимиз керак. Бу ерларда чуқур ирқчи кўчманчи-мустамлакачилик лойиҳасини йўқ қилиш ва апартеидга чек қўйиш зарур.
  3. Апартеидга қарши курашиш. Биз БМТнинг барча саъй-ҳаракатлари ва ресурсларини апартеидга қарши курашга йўналтиришимиз керак, худди 1970, 80- ва 90-йилларнинг бошларида Жанубий Африка учун қилганимиздек.
  4. Ватанга қайтариш ва компенсация. Биз ҳозирда босиб олинган ҳудудларда, Ливан, Иордания, Сурия ва бутун дунёдаги диаспораларда истиқомат қилаётган барча фаластинликлар ва уларнинг оилалари учун ватанига қайтиш ва тўлиқ товон олиш ҳуқуқини яна бир бор тасдиқлашимиз ва талаб қилишимиз керак.
  5. Ҳақиқат ва адолат. Биз БМТнинг ўнлаб йиллар давомида тўпланган тергов ҳужжатлари, сўровлари ва ҳисоботларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда, ҳақиқатларни ҳужжатлаштириш ва барча айбдорларнинг жавобгарликка тортилишини таъминлаш, барча қурбонлар учун компенсация тўлаш ва ҳужжатлаштирилган адолатсизликлар бўйича чоралар кўриш мақсадида ўтиш даври суд жараёнини ташкил этишга чақиришимиз керак.
  6. Ҳимоя. Биз дарёдан денгизгача тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барқарор мандатга ва яхши ресурсларга эга БМТ мудофаа кучларини жойлаштиришни талаб қилишимиз керак.
  7. Қуролсизланиш. Биз Исроилнинг ядровий, кимёвий ва биологик қуролларининг катта захираларини олиб қўйиш ва йўқ қилиш тарафдори бўлишимиз керак. Эҳтимолий тўқнашув минтақа ва, эҳтимол, ундан ташқарида ялпи вайронгарчиликка олиб келади.
  8. Воситачилик. Биз тан олишимиз керакки, АҚШ ва бошқа ғарб давлатлари аслида ишончли воситачилар эмас, балки Фаластин ҳуқуқларини бузишда амалда можаронинг Исроил билан шерик бўлган томонларидир ва биз уларга жараёнда ана шундай мақомда қарашимиз керак.
  9. Бирдамлик. Фаластин халқи ва уларнинг инсон ҳуқуқлари билан бирдамликда турган фаластинлик, исроиллик, яҳудий, мусулмон ва насроний ҳуқуқ ҳимоячилари легионлари учун эшикларимизни кенг очишимиз керак. Исроиллик лоббичиларнинг БМТ раҳбарлари идораларига чексиз оқимини тўхтатишимиз зарур, улар уруш давом этиши, таъқиблар, апартеид ва жазосиз қолиш тарафдори бўлиб, қатъий равишда Фаластин ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бизнинг ҳуқуқ ҳимоячиларимизни қоралайди”.

Таҳририятдан: Бу йил 63 ёшга чиққан Крейг Мохибер ўз мактубида БМТдаги 30 йилдан ортиқроқ фаолиятига якун ясаб, иш жойини тарк этишини билдирган. У расман истеъфо берганини 28 октябр куни эълон қилган. БМТ Инсон ҳуқуқлари бош комиссарлиги эса, унинг 1 ноябрдан тортиб пенсияга чиққани ҳақида хабар тарқатди.

Нима бўлган тақдирда ҳам биз Мохибернинг мактубини нафақат ўз раҳбарига, балки бутун дунё ҳамжамиятига ёзилган нома сифатида қабул қилишимиз зарур, БМТ эса мактубда айтилган гапларни ўзида мавжуд ҳужжатлар билан тасдиқлаб, Фаластин муаммосига узил-кесил нуқта қўйиш вақти келди, деган фикрдамиз.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг