Рўза Ўтунбаева Афғонистон бўйича ҳамкорлик қилиш масаласида Ўзбекистонга келди

Қирғизистоннинг собиқ президенти бир йилдан бери БМТ бош котибининг махсус вакили сифатида ишлаяпти.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 16 ноябрда Тошкентда БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили, БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси раҳбари Рўза Ўтунбаева билан музокаралар ўтказди.

Ташқи ишлар вазирининг ўз Телеграм каналида берган хабарига кўра, учрашувда Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш, мамлакат миллий иқтисодиётини тиклаш ва инфратузилмаларга оид турли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Қирғизистонда 2010 йилнинг 7 апрелида юз берган навбатдаги тўнтаришдан кейин Рўза Ўтунбаева вақтинчалик, 2011 йилнинг декабригача Қирғизистон президенти лавозимида ишлаган. Қирғизистонгина эмас, балки минтақа давлатларида ҳам биринчи аёл президент бўлган Ўтунбаеванинг фаолияти кўплаган танқидларга сабаб бўлган. Жумладан, 2010 йилнинг ёзида мамлакат жанубида юз берган қонли миллий тўқнашувлар борасида ҳам Ўтунбаеванинг номига жуда кўп даъволар қўйилади.

Мустақиллик куни байрамларидан бирида ундан кейин президентликка сайланган Алмазбек Атамбаев байрам тантаналари ўтаётган майдонда минбардан туриб Ўтунбаева номига танқидий фикрларни айтган. Ўтунбаева норозилик намойиши сифатида минбардан тушиб кетган. Шундан кейин Ўтунбаевани 2010 йилги воқеалар юзасидан жавобарликка тортиш ҳақида кўп чақириқлар янграган. 2022 йилнинг сентябрида кутилмаганда БМТ бош котибининг махсус вакили сифатида иш бошлагани эълон қилинган.

Бугунги кунда Ўзбекистон Афғонистоннинг Толибон ҳукумати билан муносабатлар ўрнатиб, ҳамкорлик қилиб келаётган 3-4 давлатнинг бири. АҚШ ҳарбий қисмлари толиблар билан бўлган 20 йиллик урушдан сўнг Афғонистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлишгач, Толибон ҳаракати 2021 йилнинг 15 августида мамлакатда бутунлай ўз ҳокимиятини ўрнатди. Мамлакатнинг тўла исломий давлат эканини эълон қилган янги ҳукумат ҳалигача бирорта давлат, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан тан олинмаган.

Кўп ўтмай, Афғонистон билан чегарадош Ўзбекистон қўшни давлатда юзага келган оғир аҳволни ҳисобга олиб, у ерга бир неча марта инсонпарварлик ёрдамлари жўнатди. Ўзбекистонда Афғонистон билан ишловчи махсус лавозим тузилиб, турли даражадаги амалдорлардан иборат делегациялар Қобулда Толибон ҳукумати вакиллари билан музокаралар ўтказиб келмоқда. Бу музокаралар натижаси ўлароқ Ўзбекистон Афғонистонда бир қатор йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Жумладан, темир йўлларни таъмирлаш, сув хўжалиги тизимини тиклаш каби қатор соҳаларда аниқ ишлар олиб борилмоқда.

Рўза Ўтунбаеванинг Тошкентга ташрифидан аввалроқ эса Афғонистонда қурилаётган “Қўштепа” канали юзасидан музокаралар ўтказиш учун Ўзбекистонда ҳукумат делегацияси тузилаётгани ва жорий йил охиригача Афғонистон расмийлари билан бу хусусда музокаралар бошланиши ҳақида хабар тарқаган.

Афғонистонда қурилишининг иккинчи босқичи бошланган “Қўштепа” канали Ўзбекистонда жиддий ташвиш уйғотган, чунки бу иншоот фаолияти туфайли Ўзбекистонга Амударёдан келаётган сув ҳажми қисқаради. Бу ҳақда Ўзбекистон расмий хавотир билдирган.

Ҳозирча Рўза Ўтунбаеванинг Тошкентга сафари Афғонистоннинг бугунги ҳуқуқий, сиёсий ва иқтисодий-ижтимоий ҳолатига ва у билан ҳамкорлик қилаётган қўшни Ўзбекистон билан алоқаларига қандай таъсир қилиши ҳақида бир нарса дейиш қийин.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг