Азимжон Асқаровнинг иши: Адолат тантанасига бўлган умид сўнгани йўқ

Эътиборингизга қамоқда ҳалок бўлган ҳуқуқ фаолининг китобидан парчалар ҳавола қиламиз.

Қирғизистонлик таниқли журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси, 2020-йилнинг 25-июлида 69 ёшида Бишкекдаги қамоқхонада ҳалок бўлган Азимжон Асқаровнинг иши бўйича адолат ўрнатиш ҳақидаги талаблар ҳамон янграмоқда.

Орадан уч йил ўтгач, бир қатор халқаро ва маҳаллий ташкилотлар бу иш бўйича адолат ўрнатиш, яъни ноҳақ қамалган ҳуқуқ фаолини ўлимидан кейин бўлса ҳам оқлаб, унинг оиласига товон тўлаб бериш лозимлигини эслатиб, баёнотлар беришди.

Азимжон Асқаров 2010-йилнинг июнида ёқиб юборилган идораси ўрнида. 2010-йил,

 

Эслатиб ўтамиз, 2010-йилнинг июнида Бозорқўрғон қишлоғида оммавий тартибсизликлар ва милиция ходимининг ўлимини уюштиришдек бўҳтон билан қамалган Азимжон Асқаров ўн йиллик қамоқдан сўнг ҳибсда вафот этди. Унинг ўлими турли гумон ва шубҳаларни уйғотди. Чунки, бир томондан расмийлар унинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарларни инкор этиб, касалхонага ётқизишдан бош тортиб келган бўлса, иккинчи томондан “соппа-соғ” дейилган одам “кутилмаганда, қўққисдан” вафот этган.

Азимжон Асқаров Москвага қилган хизмат сафарида. 2000-йилларнинг боши

Азимжон Асқаровнинг ҳамкасблари, жумладан унинг адвокати Валерьян Вахитов, бир неча кун аввал қамоқхонада учрашгач, Асқаровни зудлик билан касалхонага ётқизиб, даволаш лозимлигини айтган. Бунга Жазоларни ўташ хизмати вакили ҳуқуқ фаолининг соппа-соғ эканини айтиб, унинг ҳамкасбларини “ёлғондан шовқин кўтариб, яна чет элдан грант олишни истаётганликда” айблаган эди.

Орадан бир ҳафта ўтмай, Азимжон Асқаров бу дунё билан видолашди.

Азимжон Асқаровнинг ҳамкасблари ва яқинлари унинг ўлимида қамоқхона раҳбариятини айблаб келадилар. Улар ўлим сабабини беморнинг жиддий хасталигини яшириш ва бунинг ортидан унга зарур бўлган тез тиббий ёрдам кўрсатилмай қўйганликда деб билишади.

Адвокатлар талаби билан ўтказилган расмий текшириш бу ўлимда расмийларнинг айби йўқ деган хулоса чиқарган. Лекин адвокатлар ишни холис текширилмагани, керакли бўлган гувоҳлар сўроқ қилинмагани ва бошқа зарур ҳолатлар ҳисобга олинмаганини айтиб, ишни қайта текширишни талаб қилиб келишади.

Адвокатлар ва ҳамкасблари “Азимжон Асқаровнинг иши”нинг бошидан оёғигача уйдирма ва бўҳтондан иборат бўлиб, қўйилган айбловларнинг бирортаси далиллар билан исботланмаганини айтиб келишади. Суд ҳукми милиция ва махсус хизмат ходимларининг кўрсатмалари асосида чиқарилган. Айбланувчи томоннинг кўрсатмалари эса инобатга олинмаган.

Масалан, судланганларнинг камида иккитаси (бири Россияда, бири Ўзбекистонда) воқеа содир бўлган кунлари Қирғизистондан ташқарида бўлган, буни уларнинг паспортларидаги штамплардан кўрса бўлади. Лекин судьялар бу штампларни ҳеч қандай асоссиз “қалбаки” деб тан олишмаган.

Бу иш билан саккиз одам судланиб, уларнинг аксариятига Азимжон Асқаров каби умрбод қамоқ жазоси белгиланган. Улардан бештаси ҳамон қамоқда ўтирибди.

Қуйида Азимжон Асқаровнинг қамоқхонада ёзган “Мен бахтлиман…” китобидан унинг охирги судига тегишли парчаларни ўқиш мумкин.

 

“Мен бахтлиман…” китобидан парчалар

“…Темир панжара ортида менинг асосий ахборот манбаим “Озодлик” ва“Америка овози” радиолари. Лекин мен учун жуда қувончли бўлган бир воқеа хабари турма эшигидан, оддий конвертга солинган ҳолда кириб келди.

2015 йил апрель ойининг охирлари эди. Эшикда тоза ҳавода сайр қилиб юрган вақтимда эшик очилиб назоратчи қўлимга катта конвертни берди. Очсам, хат рус ва инглиз тилларида ёзилган экан. У Американинг Бишкекдаги элчихонасидан келган бўлиб, унда инсон ҳуқуқлари ривожига қўшган улкан хизматларим учун Америка Давлат департаментининг ҳар йили бериладиган нуфузли халқаро мукофотига лойиқ деб топилганим айтилган эди. Элчи мени шу муносабат билан табриклаб, мукофот икки ой ичида Америка Қўшма Штатларининг Давлат департаментида топширилишини хабар қиларди. Хурсандчиликдан кўзим тиниб, томоғимга бир нарса тиқилгандай бўлди, қўлларим қалтираб, хатни тушириб юбормаслик учун маҳкам ушлаган ҳолда сайр майдонида тинимсиз айланиб юриб, баланд овозда узоқ йиғладим. Назоратчи нима гаплигини тушунмай хайрон. Ўзимга келганимда “нима гап, тинчликми?”, деб сўради, мен воқеани тушунтирдим.

Бу хабар яшин тезлигида зонага тарқади. Кўпчилик назоратчилар ва ҳарбийлар табриклаш ўрнига энди менга қанча пул берилиши билан қизиқишди.

Аллоҳнинг иродаси экан, бу воқеа бошқа қувончли ҳодиса билан деярли бир вақтга тўғри келиб қолди. Ўша машъум июнь воқеаларидан кейин 6 йил ўтиб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси менинг аризам бўйича қарор қабул қилди. Қўмита қарорида менинг ишим бўйича холис ва ҳар томонлама тергов юритмагани, холис ва адолатли суд жараёнини таъминлай олмагани, менга қарши қийноқлар қўллангани ва менинг айбим қонуний йўл билан исботланмагани айтилган эди. Мана шу хулосалар асосида Қўмита Қирғизистон ҳукуматидан мени зудлик билан озод қилиш, зарур бўлган тақдирда ишимни қайта қараб чиқишни тавсия қилган эди.

* * *

Қирғизистоннинг сиёсий майдонида бу икки воқеа худди уйқуда ётган даҳшатли аждарни уйғотиб юборгандек ҳолатга олиб келди. Биз Конституциянинг отаси деб ҳурматлаган депутат Омурбек Текебаев бош бўлиб, парламент минбаридан туриб, “Биз БМТ қўмитасининг Азимжон Асқаровни оқлаш ҳақидаги тавсиясини умуман бажармасак ҳам бўлаверади”, деб бонг урди. Бу билан Текебаев ўз раҳбарлигида тайёрланиб, не азоблар билан қабул қилинган Конституцияни ҳам ҳурмат қилмаслигини билдирди. Ахир айнан мана шу конституцияда Қирғизистон фуқаролари адолат излаб халқаро ташкилотларга мурожаат қилишга ҳақли экани, ва агар бу ташкилотлар ўша одамни айбсиз деб топса, давлат бу қарорни тан олиши, жабрланган фуқарога муносиб товон тўлаб бериши лозим экани ҳам айтилганку?!

* * *

Текебаевни қўлловчилар ҳам кўп бўлди, айниқса миллатчилик руҳидаги кучларга, менинг қамалишимда тўғридан-тўғри айбдор бўлган куч ва прокуратура органларига роса гап топилди. Лекин давлат хизматида ишласа ҳам ҳақ гапни ошкора айтувчи инсонлар ҳам бўлди. Қирғизистон омбудсмени Қубат Оторбаев ва бошқа айрим сиёсатчилар, “БМТнинг Азимжон Асқаров бўйича қарорини бажармаслик Қирғизистоннинг халқаро обрўсига путур етказади, деб айтишди.

Текебаев эса 2017 йилда худди мендек туҳмат билан 8 йилга қамалиб, энди ўзи тан олишни истамаган БМТ қўмитасига ариза ёзиб юрибди.

* * *

Шу ўринда президент Алмазбек Атамбаевнинг ўша кунлари Иссиқкўлга қилган сафари чоғида журналистлар билан учрашувда айтган гаплари ҳайратга солади. Бу мукофотни Атамбаев АҚШ томонидан қилинган иғвогарлик сифатида баҳолаган.

“…Бу билан ўзбек жамоатчилиги орасида уларнинг Қирғизистонда ёмон яшаётгани, уларга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлишаётгани ҳақидаги фикр жойлаштирилмоқда. Сепаратистлик кайфиятлари уйғотилмоқда”, – деган эди президент.

…Бундан ташқари Алмазбек Атамбаев бир неча йиллардан бери унинг Европага қилган сафарлари чоғида Азимжон Асқаровни озод қилишни сўрашаётгани ва уларга рад жавобини бераётганини айтган.

“Мен уларга бизда судлар холис ва мустақил ишлайди, ҳеч ким судлар ишига аралаша олмайди, ҳатто мен ҳам”, деб жавоб бериб келаяпман”, деган эди президент.

Хўш, агар бизда судлар холис ва мустақил бўлса нега суд менга нисбатан умрбод қамоқ жазосини Роза Отунбаеванинг талаби асосида чиқарди? Президент Алмазбек Атамбаев қайси мустақил судлар тўғрисида гапирган экан? Ахир унинг ўзи ҳам бир неча бор суд тизимини қаттиқ танқид остига олиб, суд ислоҳотлари кутилган натижани бермаганини айтганку?!

* * *

Бир пайтлар президент Атамбаев ва унинг маслакдошлари “Ҳозирги сиёсий арбоблар инсон ҳуқуқларини Конституцияда кўрсатилган даражада сақлаймиз”, деб қасам ичишган эди. Бироқ бундан кўп ўтмай, БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси менинг ишим бўйича қарор чиқаргач, бу ваъдалар унутилди. Европа Иттифоқи эса, Қирғизистон ҳокимиятининг ўз ваъдаларини бузиб, демократия ва эркинлик ғояларига қарама-қарши иш қилаётганига қарамай, шу ҳокимиятни қўллашда давом этяпти. Берилган маблағ мақсадсиз сарфланишини кўриб-билиб туриб, яна миллионлаган долларлик грантларни ва имтиёзли қарзларни беришдан чарчамаяпти.

* * *

…Турли даражада БМТ қўмитасининг менинг гуноҳсиз қамалганим ҳақидаги қарорини бажармасликка чақириқлар янграй бошлади. Лекин барибир 2016 йилнинг июлида Олий суд ишимни қайта қараш учун Чуй вилоят судига юборди.

Ўша кунги сиёсий вазиятни таҳлил қилиб ўтириб, ишимда ижобий ўзгариш бўлмаслигига ишондим. Лекин ишимни қайта қарашга юборишганидан хурсанд бўлдим. Чунки суд жараёнида қачонлардан бери ич-этимни еб келаётган ҳақ гапларни айтиб олишга имкон туғилаётган эди. Ахир туман ва вилоят судларида мени ва шерикларимни қаттиқ калтаклашиб, ҳақоратлашиб, умуман гапиришга имкон беришмаган эди-да!

Бу сафар судда ичимдаги бор гапни айтиб оламан, у ёғи “чўнтак” судьяларга ҳавола, деган ниятда судга тайёрлана бошладим.

* * *

…2016 йил сентябрь ойининг охирида энг қўпол лейтенант Эрлан уулу Бахтиёр “кормушка” орқали, “Азимжон Асқаров, машина келди. Тайёргарлик кўришга ўттиз дақиқа!” – деб қолди. Этап, яъни бошқа жойга кўчириш масаласи уларга олдиндан маълум бўлади, лекин атайлабдан буни бир кун олдин эмас, бехосдан хабар қилишади. Қаерга олиб кетишлари ноъмалум.

Камерадаги китоблар ва ҳужжатларни тугун-тугун қилиб тайёрлаб рўйхатини туздим. Уларни аёлим ва дўстларим олиб кетишини айтиб, рўйхатнинг бир нусхасини уларга қолдириб, бир нусхасини ўзим билан олиб, йўлга чиқишга тайёр бўлиб турдим. Кейин билсам, мени ишим судда қайта кўрилиши муносабати билан тергов изоляторига кўчиришга қарор қилишган экан.

Қанча йўл босганимизни билмайман, мен учун жуда узоқ юргандек туюлди. Оғир темир дарвозаларнинг электр мотор ёрдамида очилишидан манзилга етиб келганимизни тушундим. Бу Бишкекдаги машҳур биринчи тергов изолятори эди.

* * *

Машинадаги қоронғуликми ёки кўп йиллардан буён машинага чиқмаганим сабаб бўлдими, юрагимда безовталик пайдо бўлиб, аҳволим ёмонлашди. Мен аҳволимни баён қилиб, сув сўрадим, кимдир олиб келиб берди. Бироздан сўнг икки ходим келиб, ички текширув пунктига олиб киришди. Мени рўйхатга олишиб, узун коридорлардан юриб бориб, санитария бўлимига кирдик. Ҳарбий формадаги врач узоқ текшириб, қандай дорилардан фойдаланиб келганимни сўраб олди. Баданимда кўкарган доғ излари бор-йўқлигини билиш учун бошдан оёғимгача тўла текшириб чиқди. Юракка биринчи ёрдам берувчи дорилардан берди.

Кейин яна узоқ йўл босиб боргач, ярим ертўлада жойлашган камералардан бирини очишди. У ерда ҳаво етишмаслигидан қийналишимни айтиб, бошқа жой йўқми? – деб сўрадим. Йўқ дейишди.

* * *

Бўлгани 1,2 метрга 3,4 метр бўлган бу камера уч кишига мўлжалланган экан. Биринчи поғонадаги жой бетон супачадан иборат, ўлчами 60 сантиметрга 1,8 метр, иккинчи поғона эса темир ва фанерадан қилинган, сал торроқ. Ҳаво танқислиги дарров сезилди.

“Қандай одамни шерик қилиб берайлик?”, деб сўрашди. “Сигарет чекмайдиган, Қуръон ўқиганимда норози бўлмайдиган шерик мақул”, – десам, ундай одам топилмаслигини айтишди. Сабаби, бу ерда 100 фоиз маҳбуслар кашанда экан. У ҳолда ўзим ёлғиз тураверишимни айтдим.

* * *

Тергов изоляторида буюртма асосида ҳар қандай одамни ўлдириш мумкин, деб эшитгандим. Июнь воқеаси бўйича айбланган бир сузоқлик ишбилармон йигит ҳам шу ерга олиб келинган куни ўлдирилган эди. Мени ҳам суд бошланишига етказмай ўлдиришларига ишончим комил эди, сабаби менинг ўлимимдан манфаатдор амалдорлар кўп эдида. Бу фикрдан бутун танамни қўрқув ҳисси чулғаб олди, лекин бу туйғу қандай тез келса, хаёлимни шундай тез тарк этди. Бир бошга бир ўлим! Қолаверса, буни ўзим хоҳлаб амалга оширолмай келдимку!

Ётиш учун жой ҳозирладим, осма “каравот” энсиз бўлгани учун энлик матрас осилиб қолди. Ётишдан олдин ҳар доимгидек “Ёсин”, “Соффад” сураларини баралла ўқиб, узундан узоқ дуо қилдим, Аллоҳдан тинчлик ва омонлик сўрадим.

* * *

Қуръондаги Оли Имрон сурасининг “Аллоҳ ёрдам берса, сизни ҳеч ким енга олмайди. Агар Аллоҳ сизни ташлаб қўйса, сизга ким ёрдам беради? Мўминлар фақат Аллоҳга таваккал қилиб, унга суянсинлар”, деган 160-оятини эсладим. Ва Аллоҳга таваккал қилган ҳолда аста жойимга ётдим. Энсиз, тор жойда ётиш ноқулай эди, бунинг устига бетондан чиқаётган совуқ белимга ура бошлади. Шунга қарамай тез орада кўзим илинди.

* * *

Эрталаб соат беш бўлмасдан, коридорда ҳаракатлар бошланиб, ҳар бир маҳбусга бир буханкадан нон ташлаб кетилар экан. Суд бошланишидан бир кун олдин, 3 октябрь куни тушдан сўнг таом еб, сув ичишни тўхтатдим, сабаби сийдик йўлим хаста бўлгани учун суд жараёнида муаммо туғилиши мумкин эди. Шу кундан тортиб ҳар суд олдидан шундай қила бошладим.

* * *

2016 йилнинг 4 октябрида эрталаб назоратчи “Судга!” деганда, тайёр эканимни айтдим. Текширув жойига қўлларимни орқага қилиб кишанланган ҳолда олиб чиқишди. У жойдан қоровул хизматига ўтказиб беришди. Рентген аппаратидан ўтказишмади-ю, лекин роса тинтув қилишди, сўнг яна қўл ва оёқларимга занжирлар билан боғланган кишан – тахтакач солишди. Улар билан юриш ўта қийин эди.

Қўлим кишанда бўлишига қарамай, пакетдан аста Қуръонни олиб, ўқий бошладим. Қуролланган ниқоблилардан 7-8 нафари ва қоровул хизмати ходимлари бўлиб 18 одам мени қўриқлаб туришар эди. Ўзимга ўзим, “Наҳотки, мен шунчалар хавфли шахс бўлсам?” деб савол бераман.

* * *

Мана, орадан етти йилдан ортиқ вақт ўтди. Менга ёлғон туҳмат уюштирганларга Яратган ўйланиб кўришга, ўз хатоларини тузатишга керагидан ортиқ вақт берди. Лекин улар бу имкониятдан фойдалана олишадими?

Шу вақт мобайнида мен жуда кўп исломий китобларни ўқидим, Жавоҳарлал Неру, Нельсон Мандела каби буюк инсонлар ҳаётини ўргандим. Улар таъсирида “Агар менга қарата ёлғон кўрсатма берган туҳматчилар буни тан олиб, ҳақиқатни очиқ айтишса, суд залида уларга ҳеч қандай ҳайри даъвоим йўқлигини, уларни кечирганимни айтаман”, деган фикр қалбимни забт этган эди. Умид ва ишонч билан улардан шуни кутган эдим. Жуда анойи эканман! Суд жараёнида кўрдимки, ҳали улар товба қилиш даражасига етишмабди. Айримлари шуни истаб қолган тақдирда ҳам давлат машинаси уларга бундай имкон бермаган бўларкан.

* * *

Суд залига олиб киришдан аввал оёғимдаги занжарлар билан ўралган тахтакачни ечишди. Мени суд залидаги темир тўрга тиқиб, унинг эшигини қулфлаб олишгандан сўнг қўлимдаги кишанни ечишди. Катта залдаги ўтирғичларнинг олдинги уч қатори формачан милиция ходимлари билан тўлдирилган. Бундан ташқари учтадан қилиб бириктирилган ўтирғичларнинг ҳар бирида бутун залнинг узунлиги бўйлаб яна тўрт қатор милиция ходимлари ўтиришибди. Қолган жойларда журналистлар ва нодавлат ташкилотлари вакиллари ўтиришибди. Орада чет эл ташкилотлари, элчиликларнинг мен таниган ва танимаган вакиллари ҳам бор экан. Ҳамкасбларим орасидан аёлим Хадичани қидирдим.

Суд ўтадиган бинога келадиган Медеров ва Панфилов кўчаларининг бир қисми ёпилгани, суд залига фақат рўйхатга биноан, ҳужжат асосида киритилаётгани менга маълум эди. Хадичанинг шу сабаб билан, суд залига кира олмаганини тушундим. Лекин унинг сўзсиз келишига ишонардим.

ЯНА СУД. ЎҒИРЛАНГАН ҒАЛАБА

“Туринглар, суд келяпти”, деган овоз ҳаммани сергаклантирди. Ҳамма ўрнидан турди. Суд зали саҳнасидаги жойларга уч судья келиб ўтирди. Не кўз билан кўрайки, суд раиси ўрнида кўп йиллар давомида бизнинг Бозорқўрғонда туман суди раиси бўлиб ишлаган Қидиқ Жунушпаев ўтирарди!

Залнинг ўнг тарафида жабрланувчи сифатида келган милиционерлар ва марҳум милиция ходими Миқтибек Сулаймановнинг яқинлари ўтиришибди.

* * *

Адвокатим Нурбек Токтақунов ўз сўзида судьяларни холисликка чақириб, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг фуқаролардан тушган аризаларни қараш ва қарор қабул қилиш тартибини тушунтирди. Яъни, расмий ҳокимият менинг ишим бўйича адолатли ҳукм чиққанини исботлаши учун барча имкониятларга эга бўлгани, лекин Қўмита аъзоларини бунга ишонтира олмаганини аниқ равшан кўрсатиб берди. Агар Қирғизистон бу қарорни бажармаса, халқаро миқёсда унинг обрўсига путур етиши, охир-оқибатда бу давлатнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий аҳволига салбий таъсир қилишини ҳам айтиб ўтди.

* * *

Адвокат Валерьян Вахитов ҳам Қирғизистон Конситуцияси ва қонунлари ҳаққи-ҳурмати БМТ Қўмитаси қарорини тўлиқ бажарилишини таъминланишини суддан сўранди. Вахитов БМТ қарори асосида менинг зудлик билан озод қилиниб, ишим қайта терговга юборилиши керак эканини эслатди. Жабрланувчи тараф шовқин кўтариб, ўз норозилигини билдирди. Прокурорлар ҳам бунга тиш-тирноғи билан қарши чиқишди.

Суд адвокатларимнинг талаб ва ўтинчларини тўла инкор қилгач, суднинг яхшилик билан тугамаслигига ишонч ҳосил қилдим.

* * *

Менга сўз берилганда, шунча йилдан буён ноҳақдан турмада ўтирганимни айтиб, ҳақиқат қарор топиши учун мени ва барча кўрсатма берганларни ёлғонни аниқлаш детекторидан ўтказишни сўрандим. Агар детектор айбдор деб топса, менга ўлим жазосини белгилаб, бу ҳукмни ошкора ижро этишларини сўрадим.

* * *

Суд марҳум милиционернинг аёли Чинара Сулаймановага сўз берганда у аввал мени танимагани, умуман эрининг душмани борлигини билмаганини айтди. Унинг эрини ўлдиришга ташкилотчилик қилганимни бошқалардан эшитганини айтди. Сўнг эрининг ўша кунлари кучайтирилган тартибда хизмат ўтаётган бўлишига қарамай, 12 июнда уйга келиб кетганини айтди. Бу ёлғон. Аслида Сулайманов 9 июндан 12 июнгача уйида бўлган. Сабаби, 4 июнь куни туман шифохонаси олдида қирғиз миллатига мансуб ёшлар шу қишлоқда яшовчи таксичи М. Абдураимовни уриб, оғир ярадор қилишади. Аҳволи жуда оғир бўлишига қарамай, тўрт милиция ходими уни куч билан милиция бўлимига олиб келишади. Қаттиқ калтаклангач, у ярим соат ичида ўлиб қолади. Бунга гувоҳ бўлган Миқтибек Сулайманов ҳамкасбларига, “Сенларнинг жиноятларингни очиб ташлайман!” деб бақиради. Бояги тўрт ходим бу воқеани бошлиқлари Мамир Мергантаевга айтишади. Орада келишмовчилик юзага келиб, Мергантаев Сулаймановни “Сен ишдан бўшадинг!”, – деб ҳайдаб юборади. Лекин 12 июнь куни вазият нотинч бўлиб турганда милиция ходимларидан бири, “Бошлиқ сўранди, ишга қайтар экансан”, – деб Миқтибекнинг уйига боради. Шундан кейингина у хизматга қайтади.

Хўш, нега марҳумнинг ҳамкасблари ва аёли Сулаймановнинг 9 июнь куни ишдан ҳайдалганини яширишяпти? Чунки чинакам қотилни марҳумнинг ҳамкасблари орасидан излаш керак. Бунга йўл қўймаслик учун, марҳумнинг бевасига ҳам бор имкониятингни ишга солиб Азимжон Асқаровни айблайсан, деб кўрсатма беришган.

* * *

Бу сохта сценарийни тузган миршаблар суд ҳар қандай ёлғонни ҳазм қилиб юборишига, ўзларининг жазосиз қолишларига шунчалик ишонишганки, пухта ўйланмаган ёлғон кўрсатмалари бири-бирини фош қилиб қўйиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўришмаган. Эътибор беринг, Чинара хоним эрининг ўлганини эшитгач, уни излаб туман касалхонасига борганини, эрининг у ерда йўқ эканини кўриб, “Ҳа, тирик экан”, деган хаёлга борганини айтади. Яъни, ўша куни бу аёл бемалол туман касалхонасига бориб, эрини излаган.

Милиция ходимлари эса, ўша куни касалхона ўзбеклар томонидан босиб олингани сабабли ҳалок бўлган милиция ходими Сулаймановнинг жасадини суд-тиббий экспертизадан ўтказиш мумкин бўлмаганини айтишган. Демак, Сулаймановнинг жасадини касалхонага олиб бориб экспертизадан ўтказиш учун ҳеч қандай тўсиқ бўлмаган.

Яна бир муҳим факт. Миқтибекнинг жасадини ўз кўзи билан кўрган синглиси унинг бошида орқа томондан отилган ўқ изи бор эканини, яъни унинг қуролдан отилган ўқдан ҳалок бўлганини журналистларга маълум қилган. Бу гапни тергов пайтида турли йўллар билан бости-бости қилиб юборишди.

* * *

Чинара Сулайманова менинг мақолаларимда миллатчилик бўлган, деб даъво қилди. Агар чинданам шундай бўлганда куч органлари мени ўша заҳоти қамаган бўларди. Бу беванинг қайнотаси Жусуп Сулайманов эса ҳар ойда идорамизга келиб, мақолаларим чиққан “Право для всех” бюллетенини олиб ўқиб турмас эди.

* * *

Жабрланувчи деб топилган собиқ ИИБ бошлиғи Мамир Мергантаев милиция ходими ўлдирилган куни мени кўприкда, яъни қотиллик бўлган жойда кўрмаганини айтди. Бу мен учун умидбахш янгилик бўлди, чунки Мергентаев аввалги судларда мени ўша куни кўприкда кўргани ҳақида ёлғон кўрсатма бериб келган эди-да! Буни кутмаган экан шекилли, прокурор, “Сиз аввалги кўрсатмангизни қўллайсизми, ёки ҳозиргисиними? – деб сўради. Мергентаев ҳозирги кўрсатмаси тўғри эканини айтди.

У судда ёлғон кўрсатма бергани учун жавобгарликка тортилиши ҳақидаги тилхатга қўл қўйиб берганку? Яъни, аввал ёлғон кўрсатма бергани учун у жавобгарликка тортилиши керак эди. Бироқ на суд ва на прокурорлар бундай “майда-чуйда” нарсаларга эътибор беришмади.

* * *

Бозорқўрғон тумани Ички ишлар бўлимидаги ҳар бир милиционернинг менга нисбатан адовати борлиги кўпчиликка сир эмас эди. Умуман судда менга қарши кўрсатма берганларнинг ва судьяларнинг деярли барчаси билан иш юзасидан тўқнашганмиз, орада яхши-ёмон гап айтилган. Лекин мен ўшанда ҳар ким ўз ишини қиляпти, бунинг шахсий муносабатларга алоқаси йўқ, деб ўйлардим. Адашган эканман…

* * *

Судда жабрланувчи сифатида менга қарши кўрсатма берган милиция ходимларидан бири Мантибаев Эмиль. У 13 июнь куни Ўш-Бишкек йўлида мени 150-200 метр масофадан туриб кўргани, гўёки мен одамларни милиция ходимларини ўлдириб, уларнинг бошлиғини асирга олишга чақирганимни аниқ эшитганини суднинг барча босқичларида айтиб келган. Майли, у мени 150-200 метр масофадан туриб кўрган бўлсин ҳам дейлик. Лекин унинг ўзи айтгандек 500-1000 кишилик оломон бақир-чақир қилиб турган бўлса, қандай қилиб менинг гапларимни эшитади? Умуман бунчалик олисдан туриб, юзлаган одамлар ичидан бир кишини таниб қолиш мумкин эмаску?! Агар қонун талабига лойиқ тергов эксперименти ўтказилганда, аҳмоқ одам ҳам бунинг ёлғон эканига амин бўлган бўларди.

* * *

Ўша машъум 2010 йилларда туман марказидан беш чақирим наридаги Ақман қишлоғида милициянинг участка инспектори бўлиб ишлаган Эмилбек Салимбаев судда Мантибаев берган кўрсатмани тўтиқушдай сўзма-сўз такрорлади. Суд жараёни ўтаётган ёпиқ залда ҳам микрофон ишламай қолса, 10-15 метр нарида гапираётган одамнинг овозини англаб бўлмаслигига суд пайтида ҳамма гувоҳ бўлди. Лекин қандай қилиб суд гувоҳларнинг катта кўчада, шовқин-сурон бўлиб турганда 150-200 метрдан туриб менинг овозимни эшитишганига ишонди?! Тергов изолятори назоратчиси Умарақунов Қубанич эса мени кўприк устида 800-1000 метр олисдан кўрганини айтди! Суд бу сафсатани ҳам «ҳазм қилиб» юборди!

* * *

Қонун бўйича гувоҳлар бири-бирининг кўрсатмаларини эшитмаслиги учун суд залига биттадан киритилади. Бу милиционерлар тўпи эса жабрланувчи деб тан олиниб, ҳаммаси суд залида бирга ўтиришди. Буни қаранг, бир залда ўтириб, бири-бирининг айтганларини аниқ эшитиб туриб ҳам улар бири-бирига қарама-қарши кўрсатмалар беришяпти! Суд эса буни “кўрмади” ҳам, “эшитмади” ҳам!

* * *

Умуман, менинг Бозорқўрғонда олиб борган фаолиятим милиция ва прокуратура ходимларига сира тинчлик бермасди. Чунки мен улар йўл қўйган қонунбузарликларни ошкор қилиб, бунинг оқибатида уларнинг кўпчилиги жазо олишарди. Қолаверса, ҳуқуқ ҳимоячиларининг фаолияти туфайли маҳаллий аҳоли ҳам аста-секин ўз ҳуқуқларини таниб, ҳимоя қилишни ўрганиб келаётган эди. Милиция ходимлари эса одамлар улардан қўрқишларини, улар талаб қилганда дарров сўраган пулини олиб келиб беришларини исташар эди. Туман милиция ва прокуратура органлари ходимлари қонунчиликни таъминлаб, жиноятга қарши кураш эмас, бегуноҳ одамларни уриб, қўрқитиш йўли билан бойлик орттириш дардида бўлишган. Мен эса ҳамиша уларнинг йўлига тўғаноқ бўлиб келганман. Шу сабабли улар мендан бир нарса қилиб қутулиш, ҳуқуқини талаб қила бошлаган одамларнинг ҳам адабини бериб қўйишнинг йўлини излашарди. Қулай вазиятдан фойдаланиб, 2010 йилнинг ёзида улар ўз мақсадларини амалга оширишди.

* * *

Менга қўйилган айбловларнинг бирига кўра, мен 2010 йилнинг 12 июнида Сейдиқум чегара постида ўша Артиқовни гаровга олишга ҳаракат қилган эмишман. Бу ҳақда гувоҳлик бераётиб, Артиқов ва унинг ҳайдовчиси ўша пайтда чегара пунктида бизнинг чегара қўшинларидан биронта ҳарбий бўлмаган, деб кўрсатган. Лекин ўша куни у ерда бизнинг чегарачилар ўз хизматларини ўтаб туришган ва шу сабабли қочқинлар маълум вақтгача чегарадан ўта олмай туришган. Бу фактни Давлат чегара хизмати берган расмий хатда ҳам тасдиқланган.

Яъни, Артиқов чегарачиларимизни дезертирликда, ўз хизмат ўрнини ташлаб қочишда айблади-да! Суд бу ишга аниқлик киритиш учун 12 июнь куни нарядда турган чегарачиларни судга чақириши ва кўрсатмаларини олиши шарт эди. Агар чегарачиларимиз Артиқов айтгандек ўша хавфли вазиятда чегара постини ташлаб кетишган бўлса, улар ҳарбий трибунал олдида жиноий жавобгарликка тортилиши керак.

* * *

Аллоҳ улардан рози бўлсин, менинг ишимда ҳақ гапни ошкора айта оладиган мард инсонлар ҳам бўлди. Масалан, 2010 йили Бозорқўрғон туман прокурори бўлиб турган Бакиров Абдулла ҳам 13 июнь куни ўша кўприкка борган экан. Судда у ҳамиша мени у ерда кўрмаганини айтиб келди.

* * *

МХХ ходими Қамчибеков Замир 13 июнь куни мени Ўш-Бишкек трассасидаги кўприк яқинида икки “Тико” русумли автомашинанинг ўртасида, қўлимда фотоаппарат билан турганимни кўрганини айтган. Машиналарда эса “Молотов коктейли” номи билан машҳур бўлган ёнилғи тўлдирилган шишалар бўлган эмиш. Агар суд менга қарши берилган кўрсатмаларни бири-бири билан таққослаб кўрганда, уларнинг барчаси туҳмат эканига ишонч ҳосил қилган бўларди. Ахир ИИБ бошлиғи Мергантаев барча суд мажлисларида “кўприк атрофида биз борган машиналардан бошқа машина бўлмаган”, деб кўрсатма бериб келяпти-ку?!

* * *

Хўш, нега унда Қамчибеков мени телефонида суратга тортиб олмаган? Ўша икки машина кимга тегишли, улардаги “Молотов коктейллари” қаерда қолди? Умуман милиция ходимлари ўша кунлари бизга қарши туҳмат тўқишдан бошқа нима иш қилишган?

* * *

2016 йилнинг кузида Чуй вилоят судидаги жараён ҳам шу қадар уятсизлик билан ўтдики, судьялар ҳатто ўша куни кўприк устида қанча одам бўлгани ҳақидаги маълумотга аниқлик киритишга ҳам уринишмади. Бу ҳақдаги саволга МХХ бўлими бошлиғи Жолдошев 300га яқин одам бўлган, деб жавоб берса, ИИБ бошлиғи Мергентаев 500дан 1000 нафаргача, деди. Ўша куни кўприк устида бўлиб, бу ҳақда очиқ гапираётган ягона гувоҳ Хусанбоев Нўъмонжон ҳожининг айтишича, у ерда 100га етмаган ёшлар бўлган, холос. Бу ҳақда у расмий кўрсатма ҳам берган. Туман тергов изолятори ходими Умарақунов Қубанич ҳам менга кўприк устида олинган видео тасма асосида 90 одамга жиноий иши қўзғалади, деган. Демак, қолганлар бу сонни атайлаб бўрттириб кўрсатишаётгани аниқ.

* * *

Суд жараёни 11 октябрда давом этди. Прокурор суд залида видео ва фотосуратга олишни, компьютерлардан фойдаланишни таъқиқлашни сўради. Суд бу ўтинчни қаноатлантирди. Видео ва фото камералари билан келган ўнлаб журналистлар суд залини тарк этишди. Ахир тасвирга олишга изн берилмаса, уларнинг бу ерда ўтиришидан не фойда? Шу билан суднинг ошкора ўтиши ҳақида президент Атамбаев берган ваъда қўпол равишда бузилди.

* * *

Толеқан Исмаилова судга ўтинч келтириб, БМТнинг қарорига кўра Қирғизистон 180 кун ичида унинг талабларини бажариши ва бу ҳақда Қўмитага маълум қилиши лозим эканини айтиб, яна бир бор мени озодликка чиқаришни сўранди. Прокурорлар уни бир гапни қайта-қайта такрорлайверишда айблашди. Адвокат Вахитов менинг мақомим энди оддий судланувчи эканини айтиб, устимдаги “ПЛС” тамғали кийимимни ечиб ташлашга ва бундан буён қўл-оёғимни занжирбанд қилишни тўхтатишни сўраб ўтинч келтирди. Суд раиси Жунушпаев прокурорларга юзланди ва уларнинг норозилигини кўриб, “бу масалани қарай олмаймиз”, деб яна қонунни оёқости қилди. Қисқаси, менинг адвокатларим нимаики ўтинч келтиришса, улар қанчалик қонуний ва ўринли бўлмасин, суд уларни рад этаверди.

* * *

Суднинг барча босқичларида судьялар 2010 йилдан буён менинг 15 июнда эмас, 16 июнда қўлга олинганим ҳақидаги прокуратуранинг чўпчакларига “ишониб” келишмоқда. Бу билан укам Асқаров Ҳакимжон, милициянинг яширин агентлари бўлган Мирзаолимов Фарҳод ва Махмуджонов Мавлонбеклар билан “маймунхонада” бирга бўлганимиз, ўлакса қилиб калтакланганимизни инкор қилиб келишяпти. Шу вақтнинг ўзида тергов ҳам, судлар ҳам Махмуджоновнинг 15 июнь тунда мени айнан ўша “маймунхонада” ургани ҳақидаги кўрсатмасидан фойдаланишяпти.

Мен қийноқлар ҳақида ариза бергач, милиция ва прокуратура ўз ходимларини оқлаш учун танамдаги кўкарган жойлар гўёки Махмуджонов ургандан кейин пайдо бўлган деб даъво қилишди. Лекин Махмуджонов мени бор-йўғи бир-икки бор туртиб юборган бўлса, бир неча қовурғам қаердан синди, сийдик йўлим, жигарим ва юрагимдаги хасталиклар қаёқдан пайдо бўлди?!

* * *

Аввалги суд териштирувларида ҳам укам Асқаров Ҳакимжон гувоҳ сифатида сўралмади. Унга судланувчининг яқин қариндоши деб рухсат беришмади. Лекин шу вақтнинг ўзида марҳум Миқтибек Сулаймановнинг аёли ва яқин ҳамкасблари гувоҳликка ўтиб келишди. Улар ҳамиша бири-бирига қарама-қарши бўлса ҳам прокурорларнинг фойдасига, тергов органлари сўраган кўрсатмаларни бериб келди.

Укам менга нисбатан қийноқларга гувоҳ бўлибгина қолмасдан, ўзи ҳам даҳшатли қийноқларни бошидан кечирди. Калтаклаш оқибатида 2-чи гуруҳ ногирони бўлиб қолди. Бироқ Бозорқўрғон ИИБ бўлимида унинг қўлга олингани, бир неча кун милиция бўлимида ушлаб турилгани ҳақида ҳеч қандай ҳужжат йўқ.

* * *

Туманнинг ўша пайтдаги ҳокими, доимий мухолафатда бўлиб келган “Ата Мекен” партиясининг фаоли Қубатбек Артиқов билан кўп йиллардан бери танишмиз. Жуда кўп масалаларни биргаликда кенгашиб ҳал қилиб юрганмиз. Лекин у ҳам судда бақрайиб туриб менга туҳмат қилди. Бу одамнинг менга нисбатан ғаразига сабаб, мен уларнинг партияси учун ишламаганим камлик қилгандай, уларнинг лидери Омурбек Текебаев ҳақида ҳам танқидий мақола ёзгандим.

* * *

Туманимиздаги Чкалов номидаги қишлоқни туман билан боғловчи кўприк йўқлигидан одамлар Қораунгур дарёсидан отларда ўтишар, бу эса хавфли эди. Шу сабаб улар бозордан озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келишда катта муаммоларга дуч келишаётган эди. Текебаев эса кўп йиллардан бери Бозорқўрғон туманидан Жоғорқу Кенешга депутат бўлиб сайланиб келарди.

Кенгашиб туриб, оқсоқоллар номидан Текебаевга танқидий рухдаги мурожаатнома қабул қилиниб, уни бюллетенда чоп этдирдим. Бу мақола ўша пайтда обрўси тушиб бораётган Текебаевга қаттиқ зарба бўлиб, унинг ва тарафдорларининг менга бўлган нафратини оширган эди. Лекин Текебаевнинг бир яхшилигини айтмай кета олмайман.

* * *

Қирғизистон мустақиллигининг дастлабки йилларида, яъни 1990-йилларда ночор аҳвол ва тартибсизликлар туфайли армиядан қочиш ҳоллари кўп бўлиб турар эди. Солдатлар ҳатто қорни тўйиб овқат емас, ёш солдатлар катталаридан калтак еб, мажруҳ бўлган, ҳатто ўлиб қолган ҳолатлар кўп бўлган. Мен армиядан қочган бозорқўрғонлик бир йигитнинг иши билан Бишкек ҳарбий судига борганман. Депутатимиз сифатида Текебаевга мурожаат қилганимда ёрдамини аямаган. Текебаевнинг сай-ҳаракатлари билан ўша йигит озодликка чиққан. Бу воқеани ҳамиша миннатдорлик хисси билан эслайман.

* * *

…Суд тамом бўлиб, қайта тергов изоляторига олиб келишганда менга ичига ҳаво тўлдириладиган матрас, радиоприёмник ва ДВД жиҳозларини беришди. Уларни менинг илтимосим билан “Голос свободи” ташкилоти директори Сардар Багишбеков юборган экан. Шу туни биринчи бор одамлардек, белларим бетон совуғини сезмаган ҳолда ётиб ухладим. Аллоҳ мендан саҳоватини аямаган дўстларимдан рози бўлсин. Шундай оғир кунларимда менга асқотган ҳамкасбларим, дўстларим кўп эканидан бениҳоя бахтиёрман.

* * *

Судда адвокатларим мени умрбод қамалганлар учун мўлжалланган камерадан умумий режимдаги камерага ўтказиш юзасидан ўтинч келтиришди. Чунки улардаги шароитда анча фарқ бор эди. Прокурорлар ҳар доимгидек қарши чиқишди. Суд раиси Жунушпаев бу масаланинг Жазоларни ўташ хизмати ихтиёрига ҳавола қиламиз, деб яна қонунни оёқости қилди. Ахир суд қарори бўлмаса улар бу масалани қандай ҳал қилади?!

* * *

Судда кўрсатма бериш учун келган Жамила Торожанова ўз сўзини Бозорқўрғонда яшовчи ўзбекларни халқаро террористик гуруҳларга тенглаштиришдан бошлади. У 2010 йилда туман прокурори ўринбосари бўлиб ишлаган ва менинг ишим бўйича терговга раҳбарлик қилган эди. Менга қарши қийноқлар ўша аёлнинг бевосита рухсати ва кўрсатмаси билан амалга оширилган. Барча суд жараёнларида ёлғон кўрсатмалар бериб келган. Бу сафар ана шу уйдирмаларини такрорлади.

* * *

Торожанова менинг 2010 йилнинг 15 июнида қўлга олинганимни ва ўша куни шахсан сўроқ қилганини тан олди. Жиноий қидирув бўлими бошлиғи Каримов Бахтияр ҳам мени 15 июнь куни ИИБга олиб келгани ҳақда кўрсатма берган. Торожанованинг айтишича, мени ўша куниёқ уйимга қўйиб юборган эмишу, эртасига яна ушлаб олиб келишганмиш. Лекин қандай қилиб мени оғир жиноятчи сифатида қўлимда кишан билан икки тезкор ходим олиб киради-ю, яна қўйиб юборишади?

Адвокат Нурбек Токтақунов, Торожановадан “Асқаровнинг 13 июнда оғир жиноят содир қилгани маълум бўлган бўлса, нега уни 15 числода уйига қўйиб юбордингиз?”, деб сўради. Бунга прокурор хоним вақт етишмаганини важ қилди.

Хўш, чинданам милиция ходимлари мени кўприк устида 13 июнь куни кўришган бўлса, нега ўша куниёқ қўлга олишмади? Нега мени 15 июнь куни қўлга олиб, яна уйимга қўйиб юборишди?

* * *

“Нега Асқаровни қотиллик юз берган кўприк устида кўрган бўлсанглар бу ҳақда раҳбариятга зудлик билан хабар қилиб, ўша куниёқ уни қўлга олмадинглар”, деган саволга бир милиционер ўша куни шок ҳолатига тушиб қолганини айтди! Мана сизга милиция ходимининг аҳволи! Хўп, ўша бечора милиционер шокка тушди ҳам дейлик, лекин бу ҳолат ошиб кетса ярим соат, бир соат, боринг бир неча соатга чўзилар, лекин уч кунга эмасда!

Менинг жиноятга алоқадорлигим ҳақида вақтида хабар бермаган милиционерларни айбдор қилай десанг, уларнинг барчаси 13 июнь куниёқ бу ҳақда раҳбарларига рапорт ёзган бўлиб чиқяпти! Қолаверса, милиция бўлими бошлиғи Мамир Мергентаев ҳам ўша куни кўприкка борган, мени у ерда кўрганини айтиб келяпти-ку? Нега улар мени ва ўша куни кўприк устида бўлган бошқа шахсларни ҳам ўша куниёқ ҳибсга олишга ҳаракат қилишмади? Нега?!

Бунинг жавоби битта – мени қамоққа олиш ва турмага тиқиб қутулиш ғояси уларда кейинроқ, айнан 15 июнь куни, яъни мен фотоаппаратим билан кўчама-кўча ўз ишимни бажариб юрганимда пайдо бўлган. Лекин туҳматни ҳам сал мантиққа тўғри келадиган, ишонарлироқ қилиб тўқиш керакда!

* * *

Суд адвокатларнинг қайта-қайта келтирган ўтинчларига қарамай, Бишкекдан 600 чақирим наридаги Бозорқўрғон қишлоғидан келган гувоҳларни эмас, мен билан бирга судланган ҳамқишлоқларимни сўрашдан бошланди. Бу гувоҳларнинг айримлари аввалги судда бўлган ур-тўқмоқлардан қўрқиб, гувоҳлик бергани зўрға кўнишган эди. Аёлим Хадича ва ҳамкасбларим уларни тўплаб Бишкекка олиб келиш учун жуда кўп вақт ва маблағ сарфлашди.

Суд ҳар ҳафтада бир кун бўлгани учун, гувоҳларни келаси ҳафтагача Бишкекда ушлаб туришга пулимиз йўқ. Шу сабабли уларни уйларига қайтариб юбориб, келаси ҳафта яна олиб келишдан ўзга чора йўқ эди. Бироқ қишлоқ жойда кузги дала ишлари роса қизигани учун, одамларни ҳадеб пойтахтга келаверишга кўндириш ҳам осон эмас. Судьяларнинг олисдан келган гувоҳларнинг тинкасини қуритиб, судга келмай қўйишини истагани, атайлабдан уларни кўчада қолдиргани аниқ эди.

* * *

Кейин билсам, ўша куни кўрсатма бериш учун жуда муҳим гувоҳ – менинг ён қўшним Муҳаммаджон Шокаримов ҳам келган экан. Айнан шу одам милициянинг таёғидан қўрқиб, милиция ходими ўлдирилган вақтда мени уйимда кўрмагани ҳақида ёлғон кўрсатма берган эди. Аслида эса, унинг бир нечта меҳмони ўзининг оила аъзолари билан ўша кунлари бизнинг ертўламизда яшириниб ўтиришган эди. Ола-тасир отилаётган ўқлардан юрагини ҳовучлаб ўтирган бу одамларга мен аёлим билан нон-чой қилиб бериб турганимизни Шокаримов жуда яхши биларди. Менинг 13 июнь куни эрталаб уйимдан чиқиб, маҳалладаги эркаклар билан бироз гаплашиб тургач, қишлоқ марказига тушиб кетганимни ҳам бу одам шахсан кўрган.

Аёлим масжидга бориб, одамларга бу ҳақда айтиб беради, мусулмонлардан уни инсофга чақиришни ва судда тўғри кўрсатма беришга чақиришни сўрайди. Узоқ йиллар изза бўлиб, аёлимнинг кўзига ҳам тик қарай олмай юрган шу қўшним, охири виждон амрига бўйсунган экан. Шу зайлда Бишкекка келиб, тергов ва суд жараёнида аввал берган кўрсатмасини ўзгартириб, ҳақиқатни айтишга рози бўлади. Афсуски, ўша куни судга киритилмагач, Бишкекка бошқа қайтиб келмади.

* * *

Мен билан бирга қамалган 7 кишининг бирортаси ҳам милиционерни ўлдириш турсин, ўша куни воқеа содир бўлган жойда бўлган эмас. Айримлари эса умуман Бозорқўрғондан ташқарида бўлишган. Бироқ аввалги судларда уларга тузукроқ сўз ҳам берилган эмас. Чуй вилоят судида улар биринчи бор бор ҳақиқатни айтиш имконига эга бўлишди. Лекин…

* * *

Мирзаолимов Шухрат Миқтибек Сулаймановнинг ўлдирилиши ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтди. Эл орасида ўзига яраша обрўга эга бўлган Шухрат ўша кунлари туман ҳокими Қубатбек Артиқовнинг қабулига келади. Кутилмаганда бир тўп қуролланган милиционерлар ҳокимнинг хонасига кириб келишиб, уни ур-тепкига олишади. Бошига автомат қўндоғи билан урилган зарбадан хушини йўқотади.

“Мен ҳозир ҳеч кимни айбдор қилмайман, лекин ишонч билан айтаманки, мен айбдор эмасман”, – дейиш билан чекланди. Ахир куч органларининг айғоқчилари ва одамлари турмаларда ҳам керагидан ортиқ топилади-да! Балки Шухрат судга келишдан аввал уларнинг “суҳбатидан” ҳам ўтгандир…

* * *

Мунира Мамадалиева ўзини менга қарши кўрсатма беришга мажбурлашганини айтиб берди. У жанжал бошланган кунлари қўшни Ўзбекистонга чиқиб кетиб, у ердан 26 июнь куни уйига қайтаётганда ушланган. Милиционерлар унинг 17 ёшли ўғлини ҳам хўрлаб, азоблашади, ўзининг озодлиги учун беш минг доллар пора сўрашади. Ундан биргина нарсани, 13 июнь куни эрталаб, милиция ходими Сулайманов ўлдирилган пайтда мени кўприкда кўрганини тасдиқлашни талаб қилишади. Аслида унинг ўзи ҳам ўша пайт бу лаънати кўприк устида бўлган эмасди.

“Боламни қамоқдан сақлаб қолиш учун, ноилож шундай кўрсатма беришга мажбур бўлганман. Ҳали нав-ниҳолдек боламнинг биз каби калтакланиб, майиб ва мажруҳ бўлиб қолишини, умрини турмада ўтказишини истамадим. Менинг ўрнимда ҳар қандай она ҳам шундай қилса керак эди… Бизни жуда қаттиқ азоблашди, ҳатто тупроқ ейишга мажбур қилишди”, – деб кўрсатма берди у.

Мамадалиеванинг қамоқ муддати тугаб озодликка чиқишига озгина қолган эди. Шунинг учун судда имкони борича камроқ гапиришга ҳаракат қилди. Шундай бўлса ҳам, ўша кунлари милиция ходимларининг кирдикорларини фош қилувчи айрим маълумотларни айта бошлади. Лекин бирдан сўзини тўхтатди-да, “Бўлди, бошқа гапирмайман, суд залидан туриб менга ишора қилишди…”, – деб сўзини тугатди. Ҳамма зални бир-бир кўздан кечирди, лекин уни жим бўлишга мажбур қилган одамнинг кимлиги ноъмалум бўйича қолди. Прокурорлар у одамни кўрсатишни сўраган бўлишди, лекин талаб қилишмади. Шунинг билан менинг ишимга ойдинлик киритиши мумкин бўлган ҳақиқат яна шу аёл билан бирга темир панжара ортига қайтиб кириб кетди.

* * *

Қўчқоров Муҳаммадзокир билан аввал шахсан таниш бўлмаганмиз. Уни қўл олишгандан тортиб бир неча кун давомида қаттиқ уриб, “Асқаровни кўприкда кўрганман”, деб кўрсатма беришни талаб қилишади. Қийноқнинг барча усуллари билан азоблашади. Унинг ўзи ҳам аслида ўша куни кўприк устида бўлмаган. Бироқ даҳшатли қийноқлар натижасида талаб қилинган кўрсатмага қўл қўйиб берган.

* * *

Рўзибоев Дилшоддан ҳам фақат менга қарши кўрсатма беришни талаб қилишади. Тинимсиз калтаклашади, электр токи билан азоблашади, панжаларини оёқлари билан эзғилаб, синдиришади.

Адвокат Вахитов суддан маҳбусларнинг қийноқ ҳақида айтганлари асосида Бош прокуратурага жиноий иш қўзғаш ҳақида кўрсатма беришни сўради. Лекин судьялар адвокатнинг бу ўтинчига эътибор беришмади.

* * *

Элмурод Расулов ўша воқеа содир бўлган куни тонг саҳарда Ўзбекистон ҳудудига ўтиб кетгани ва ўша бўйича 27 октябрда ўтган Референдум арафасида уйига қайтганини айтди. Уйига қайтгач, тўполон кунлари йўқолган машинасини топишга ёрдам беришларини сўраб, милицияга мурожаат қилади. Уни ўша ондаёқ ҳибсга олишиб, менга қарши кўрсатма беришини талаб қилишади, ит азобига солишади, думбаларига косиблик бигизини сайиб, қийнашади.

* * *

Қирғизистон билан БМТ ўртасидаги алоқалар юқори даражада бўлгани билан ҳамма иш қоғозда қолиб кетяпти. Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ томонидан Қирғизистонга берилган 664 тавсиядан биронтаси шу кунгача тўлиқ бажарилмаган. Инсон хуқуқи ҳимоячиларини ҳимоя қилишга қаратилган тавсиялар бўйича ҳокимият аллақачон қўлни ювиб қўлтиққа урган.

Афсуски, БМТнинг халқаро миқёсдаги обрўси пасайиб, бора-бора ожиз бир ташкилотга айланиб бораяпти. Бу эса ўз навбатида халқаро майдонда Афғонистон, Сурия, Боливия каби кўплаган нотинч давлатлар сонининг ортишига олиб келяпти. Инсоният тақдири учун масъул бўлган бу халқаро ташкилот сайёрамиз даражасидаги муаммоларни ҳал қилиш тугул, ўзининг эртанги кунини таъминлашга ҳам ҳоли етмаяпти.

* * *

Кейинги суд жараёни 8 ноябрда давом этиб, унда умид бахш этган нарса шу бўлдики, 2010 йилдаги суд жараёнлари пайтида тинимсиз ҳақорат ва ур-тўрмоқлар туфайли суд залига яқинлашишдан ҳам қўрққан ҳамқишлоқларим бемалол кўрсатма беришди. Прокуратура ходимлари уларга жеркиганнамо муносабатда бўлишиб, вақти-вақти билан сўзларини бўлиб туришди. Шунга қарамай, улар ҳақиқатни аниқлашга ёрдам берадиган кўрсатмаларни етарлича беришди.

* * *

Келиним Турдихон менинг 15 июнь куни уларнинг ҳовлиси орқали кўчага чиқиб, қайтиб келмаганимни, кечга яқин укам Ҳакимжоннинг мени излаб чиқиб кетгани ва кечга яқин бир гуруҳ милиционерлар уйга олиб келишганини айтиб берди. Милиционерлар укамни, видео камерани топасан, деб роса калтаклашган ва кейин ўзлари билан олиб кетишган. Шу кетганча 17 июнь кечга яқин калтакланган, ҳолсиз аҳволда уйига келган.

Укамнинг аҳволи оғир бўлишига қарамай, туман касалхонаси врачлари, “Милиция билан орамизда муаммо бўлишини хоҳламаймиз деб, уни даволашдан бош тортишган. Яхши одамлар ёрдамида укамни Бишкекда даволатишади, лекин 2-гуруҳ мажруҳи сифатида пенсияга чиқаришга тўғри келади.

* * *

Ўзбек халқи азалдан художўй келамиз, қолаверса, 2010 йилдаги воқеалардан сўнг қирғизистонлик ўзбекларнинг Аллоҳдан бошқа ишонадигани, умид қилиб, паноҳ излайдигани қолмаган эди. Шу сабабли мен берилган кўрсатмаларнинг ҳаққоний эканини намойиш қилиш учун гувоҳларга, “Прокурорлар гапларингизга ишонқирамай турибди, шу сабабдан кўрсатмаларингизни Қуръонни ушлаб туриб, айта оласизларми?”, деб сўраганимда улар бунга рози бўлишди. Лекин суд раиси Жунушпаев “бу шарт эмас”, деб қўйди.

* * *

Гувоҳлар туман ҳокими Артиқовнинг гаровга олиниши ҳақидаги айблов ҳам ғирт ёлғон эканини тасдиқловчи кўрсатмалар беришди. Гувоҳ Ҳолбаева 2010 йилнинг 12 августида ”Сайдиқум” чегара постида бўлганини, у ерда менинг ҳоким Қубатбек Артиқов билан қисқа суҳбатлашганимга гувоҳ бўлганини айтди. Гувоҳ менинг барча кўрсатмаларимни тасдиқлади. Жумладан, ўша куни чегарада бизнинг чегарачилар бўлганини айтди.

* * *

Суд орасида қалбимда пайдо бўлган гумонни Толеқан Исмаиловага айтсам, у “Нималар деяпсиз, сизнинг ишингизга бутун дунё ҳамжамияти назар солиб турибди, иш албатта яхшилик билан тугайди, сиз албатта озод бўласиз”, деб далда берди.

Толеқан Исмаилова прокурорларга, “Бугун Қирғизистонда ҳеч ким ўзи учун ҳам жавоб бера олмайди. Сизлар ҳам, “Эртага мен Азимжон Асқаровнинг аҳволига тушиб қолмайман”, деб айтолмайсиз”, – деганда прокурорлар мийиғида кулишди. Улар қийноқлар бўлмагани ҳақида Олий суднинг қарори бор, шу сабабли бошқа арз-даъвога ўрин йўқ деб, чўрт кесишди. Суд ҳайъати ўзаро маслаҳатлашиб олгач, Толеқан Исмаилованинг ўтинчини ҳукм чиқаришда инобатга оламиз, деб қутулди. Бу “ўтинч қаралмайди,” деган гап эди.

* * *

Толеқан Исмаилова бу ишга алоқадор бўлган сиёсатчи Азимбек Бекназаров, ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова ва собиқ бош прокурор Қубатбек Байболовларни судга чақиришни сўранди. Бунинг учун прокурорлар Исмаиловани атайлабдан суд жараёнини чўзишда айблашди. Прокурорлар менинг фойдамга кўрсатма бериши мумкин бўлган барча гувоҳларнинг судга келишига тиш-тирноғи билан қарши чиқишар эди. Суд ҳайъати ҳам прокурорлар тарафида экани яққол кўриниб турди.

Суд раиси прокурорларни қўллаш мақсадида Азимбек Бекназаров, Азиза Абдурасулова ва Қубатбек Байболовларни олиб келишни менинг адвокатларимга юклади. Қонунга кўра эса гувоҳларнинг судга келишини таъминлаш прокуратуранинг иши. Исмаил Исақовни судга чақириш ўтинчи қаноатлантирилмади.

* * *

“Қилим шами” нодавлат ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулова 2010 йил июнь воқеалари бўйича олиб борган ишлари учун қувғинга олиниб, ҳаёти жиддий қўрқинч остида қолган эди. Шу сабабли 2010 йилда у менинг судимга қатнаша олмаган. Чуй вилояти судида кўрсатма берган Абдирасулова ўша кунларда президент Роза Отунбаевага менга нисбатан қийноқ қўлланаётгани бўйича хабар берганини айтди. Ана шундан кейин мени вақтинча Бозорқўрғондан Жалолобод шаҳар изоляторига ўтказишган экан.

* * *

Азиза Абдурасулова 2010 йилнинг 13 июнида мен билан икки бор телефонда боғланганини ва ўқ овозлари телефонда ҳам эшитилиб турганини, шу сабабли мендан хавфсиз жойга кетишимни сўраганини айтди. Прокурорлар шу ерда ҳам қилдан қийиқ топишга уринишди. “Нега сиз Асқаровга қишлоқда қолиб, икки элни тинчликка чақириш ўрнига, у ердан кетиб қолишга ундадингиз?” деб сўради улардан бири. Қаранг, ниқоб кийган ноъмалум каллакесарлар автоматдан отиб келаётса-ю, мен уларга пешвоз чиқиб, тинч-тотув яшашни таклиф қилишим керак экан! Мен аввалроқ ана шундай қилмоқчи бўлиб ҳалок бўлган Қодирхон ҳақида айтиб ўтдим.

* * *

Асли Азиза Абдирасулова судда пайдо бўлгандаёқ прокурорларнинг асаблари таранглашган эди. Чунки у прокурорларга ва судга ёқмайдиган кўп ҳақиқатни очиб юбориши мумкин эди-да. Судда у собиқ бош прокурор Қубатбек Байболов билан боғланганда, у олисда бўлгани сабабли судга келолмаслигини айтган. Лекин собиқ бош прокурор аввал берган кўрсатмаларини тасдиқлашга тайёр эканини айтган.

Собиқ бош прокурор 2015 йилда менга умрбод қамоқ жазоси берилишини ўша пайтдаги президент Роза Отунбаева буюрганини айтиб берган. Бундан ташқари Байболов “Азимжон Асқаровнинг айби чиндан исботланган тақдирда ҳам бундай жиноятлар учун кўпи билан 10-15 йиллик қамоқ жазоси белгиланиши керак эди”, деб кўрсатиб ўтган.

* * *

Азиза Абдирасулова 2010 йилнинг 2 сентябридаги калтаклашлар бўйича тузилган комиссия сафида Новкентга борганини, туман ИИБ биносида мени кўзларим қонталаш бўлиб, юзларимда шишлар бўлганини айтди. Менинг қийноқлар бўлганини инкор қилганим борасида Абдирасулова, “Бунинг сабабини ёпиқ жойда ўтириб чиққан одамгина билади”, деб жавоб берди.

“Мен Азимжон Асқаровга қарата қийноқ фактлари бўлган, деб ишонч билан айта оламан”, – деб таъкидлаб ўтди Азиза Абдурасулова.

Чинданам, бутун давлат тизими, куч органлари ва ҳатто жиноят олами бирикиб, “Қийноқ фактлари бўйича оғиз очмайсан”, деб турса, бир кишининг қўлидан нима ҳам келарди? Менинг бу ерда ўтиришимга сабаб бўлган Азимбек Бекназаров 2003 йида қамоққа олинганда, “Мени милиция ходимлари уришди”, деб баёнот берган. Биз бу ҳақда бутун дунёга жар солиб, прокурорларга ариза ёзиб юрганимизда гапини қайтариб олган. Бўлмаса ўша пайтда у парламент депутати эди. Депутатники ўз кўрсатмасини қайтариб олишга мажбур қилишган экан, биз улар учун ким бўлибмиз?!

* * *

Биз талаб қилган гувоҳлар сўралиб битмасдан, 29 ноябрь кунги суд жараёнида мени сўроқ қилишни бошлашди. Бизнинг асосий аргументларимиздан бири шу эдики, милиция ходимлари ўч олиш учун менга қарши кўрсатмалар беришган. Ўч олишга интилишга эса уларда асослар етарли эди. Шу сабабли адвокат Нурбек Тоқтақунов менинг иш фаолиятимда катта шов-шувга сабаб бўлган Зулхумор Тўхтаназарова воқеасини айтиб беришни сўради. Прокуратура вакилларининг афтлари бужмайди, лекин гапиришимга тўсқинлик қила олишмади.

* * *

Прокурорлар менга қарши гувоҳ сифатида фойдаланган Алижанов Қобилнинг кўрсатмасига суднинг эътиборини алоҳида қаратиб, унинг ўзбек миллатига мансуб эканига урғу беришди. У, “Асқаровнинг одамларни бошоломонликларга чақирганини эшитганман”, деб кўрсатма берган экан. Уларнинг фикри бўйича, Алижанов ўзбек бўлатуриб ўзбекка қарши кўрсатма бергани учун унга сўзсиз ишониш керак эмиш! У ўзи ким эди?

* * *

Кўп йиллар аввал Алижонов қишлоғимиздаги Дзержинский номли колхозда касаба уюшмалари раиси лавозимини эгаллаб турган. Ўшанда унинг қонунга хилоф ишлари ҳақида “Право для всех” бюллетенида танқидий мақола чиққан. Унга қарши жиноий иш қўзғалганда Бозорқўрғондан жуфтакни ростлаб қолади. Кейинроқ, катта пул эвазига жиноий ишни ёптиради-да, мақола муаллифи бошқа одам бўлишига қарамай, бюллетенда асосан менинг материалларим чиқиб тургани учун мендан гумон қилади.

Бундан ташқари, бу одамнинг акаси Акром Алижанов колхозчиларнинг умумий мулки бўлган объектларни ўзлаштириб олганда колхозчиларнинг аризаси асосида бизнинг ташкилот бу иш билан шуғулланган. Бу можаролар ҳали ҳам тингани йўқ. Бир томондан, бу ёлғон кўрсатмалари билан Алижоновлар мендан ўч олишаётган бўлса, иккинчи томондан қинғир ишларини ёпиш учун мендан қутулишнинг амалини қилишди.

* * *

Ҳа, мен Алижанов Қобил билан 2010 йилнинг 13 июнида, яъни милиция ходими ўлдирилган куни икки бор учрашганман. Биринчи бор уни Бишкек-Ўш йўлида автомат ўқидан ҳалок бўлган биринчи қурбонни туман касалхонасига олиб келаётганимизда кўрганман. Орадан бир-икки соат ўтиб, у, “Чорраҳада одамлар ўляпти, ёрдам беринглар”, деб идорам олдида пайдо бўлди. Бунга бир эмас, ўнлаб одамлар гувоҳ бўлган. Ўшанда Алижанов менга ўша ерда тўпланиб турган оломонни келгинди босқинчиларга қарши бошқаришни таклиф қилди. Унга менинг вазифам одамларни бошқариш эмас, холис туриб факт ва материалларни тўплаш эканини айтиб жавоб берганман. Ўйлаб кўрсам, бу иблис ўшандаёқ кимнингдир топшириғи билан мени ғалвага тортишга ҳаракат қилган экан.

* * *

Суд залида савлат тўкиб ўтирган прокурорлар суд ҳайъатини мен билан судланганларнинг ва умуман менинг фойдамга аниқ ва муҳим кўрсатмалар берган гувоҳларнинг кўрсатмаларини инобатга олмасликка чақирди. Мен билан бирга судланганлар тергов пайтида ва аввалги суд жараёнларида қийноқлар ҳақидаги ҳақиқатни айтишга имкон бўлмаганини бир неча бор айтишди. Лекин шунга қарамай, прокурорлар тўтиқушдек, “Нега қийноқлар ҳақида ўша пайтда ариза ёзмагансизлар?” деб қайта-қайта сўрайверишди.

* * *

Албатта, бу судда ўзимнинг озодлигимдан муҳимроқ масала йўқ эди. Бироқ суд жараёнида 2010 йилги июнь воқеалари даврида Бозорқўрғонда бўлиб ўтган хунрезликлар ҳақида, йигирмадан ортиқ одамнинг отиб ўлдирилиши, юзлаб одамларнинг ярадор қилиниши ва ўнлаб уйларнинг талон-тарож қилиниб, ўт қўйилиши ҳақида айтмай қўя олмадим. Чунки ноъмалум жиноий гуруҳларнинг замонавий қурол-аслаҳа билан қишлоққа бостириб келиб, тинч аҳолини қиргани, уларнинг мол-мулкини талагани ва уйларига ўт қўйгани ҳақида ҳалигача на судда, ва на матбуотда айтилмай келяпти. Табиийки, ўша даҳшатли жиноятлар бўйича ҳалигача бирор кимса жазога тортилмади.

Афсуски, бу ҳақда гапиришга яна имкон беришмади. Прокурорларгина эмас, судьялар ҳам, “Бу фактларнинг сенинг ишингга даҳли йўқ”, йўқ деб оғзимни ёпишди. Умуман тергов ва суд жараёнлари шундай олиб борилдики, гўёки 2010 йилнинг июнида Бозорқўрғонда бир милиция ходимининг ўлимидан бошқа воқеа содир бўлмаган.

Судда Торожановага, “Ўша кунлари ҳалок бўлган 23 одамнинг ўлимига ким айбдор?”, деб савол берсам, у “Биз суриштирганда ўлганлар сони 23 эмас, 16 нафар эди, деган “жавоб” билан қутулди. Аслида бу саволни Торожановага тергов органлари бериши керак эди.

* * *

Адвокат Нурбек Тоқтақунов мени ҳимоя қилаётгани учун унга қарши уюштирилган ҳужум, тахқирлаш ва калтаклаш фактлари бўйича бу сафар оғиз очмади. Тортинди шекилли… Адвокат Вахитов ва Толеқан Исмаиловалар ҳам ўзларига қарши Олий суд биноси олдида ўтказилган тазйиқлар ҳақида айтишмади. Ноъмалум гуруҳлар улардан мени ҳимоя қилишдан бош тортишни талаб қилиб қўрқитишган эди. Энг қизиғи, Олий суд биносига кириб Вахитов Валерьянга ва Толеқан Исмаиловага таҳдид қилган ўрта ёшлардаги киши милициянинг хизмат машинасида келган эди.

* * *

Ниҳоят менга сўз беришди. Мен нутқимни машҳур жамоат арбоби Мартин Лютер Кингнинг “Бир жойдаги қонунбузарлик бутун жамиятдаги суд тизимига салбий таъсир беради”, деган сўзи билан бошладим. Инсон ҳуқуқлари милиция бўлимларида, тергов изоляторларида ва суд залида сақланмас экан, давлат ҳеч қачон ўз фуқаролари олдидаги бурчларини адо эта олмайди.

Қирғизистон Конситуциясида қонунга хилоф равишда олинган кўрсатмаларнинг судда инобатга олинмаслиги ҳақида айтилган. Мен билан судланганлар менга қарши кўрсатма олиш учун қанчалик қийноқ ва азоб-уқубатларга дучор қилинганларини очиқ баён қилиб беришди. Минг афсуски, суд ва прокуратура органлари уларнинг арз-додига қулоқ солмади.

Бизнинг устимиздан ўтказилган судлов Қирғизистон мустақилликка эришган 1991 йилдан буён холис ва адолатли суд тизими тузилмаганини ва яқин орада  яратилмаслигини яна бир бор намоён қилди.

* * *

Суд жараёнининг ижобий якунланишига кўзим етмай қолгач, олдиндан Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан тортиб, Европа Иттифоқи, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда барча нуфузли халқаро ташкилотлар номига махсус мурожаатнома тайёрлаб олдим. Мен унда ана шу Халқаро ташкилотларнинг 2010 йилги июнь фожеалари оқибатларини тугатиш, ноҳақ қамалганларнинг ишини қайта кўриш, ҳақиқий айбдорларга қарата жиноий иш қўзиш юзасидан Қирғизистонга берилган асосий таклиф ва тавсиялардан биронтаси ҳам бажарилмагани, ҳатто эътиборсиз қолдирилганини айтдим.

Қирғизистондан инсон хуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини тўла бажаришни талаб қилишни ўзимга ўхшаган юзлаб “айбсиз айбдорлар” номидан сўрандим. БМТ Хавфсизлик Кенгашидан Қирғизистон ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортса унга қарши иқтисодий ва бошқа санкциялар жорий қилинишини сўрадим. Кам сонли миллатларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича мандатга эга бўлган ташкилот тузишни, июнь фожеаларини қайта тергов қилиб, материалларни холис кўриб чиқиш учун халқаро судга беришни сўрадим.

Мурожаатим сўнггида сал кам етти йил давомида темир тўр ичида ўтириб, бундан буён Қирғизистонда адолатга эришишдан умидимни тўла узганим сабабли муддатсиз очлик эълон қилишимни баён қилдим.

ЗАЛОЛАТ ТАНТАНАСИ

Ниҳоят, 2017 йилнинг 24 январида мени суднинг охирги босқичига, суд ҳукмини эшиттиришга олиб боришди. Судга йўл олар эканман, “спецназ” жангчиларининг ўтган тўрт ой мобайнида ҳатто “Сен” деган сўзини эшитмаганим, зарурат туғилса менга ҳурмат билан “Оқсоқол” деб мурожаат қилишганини эслаб, қалбим ғурурга тўлиб борардим. Ахир 2010 йилда ўтган биринчи суд жараёнлари давомида бизларни ҳатто суд залида калтаклаб, хўрлашган эди-да!

Суд ҳукми қандай бўлишидан қатъий назар, ўзимга инсонлардек муносабатда бўлишаётганидан бахтли эдим. Имоним комилки, суд жараёни давомида ҳарбий формадаги бу одамлар ҳам менинг айбсиз эканимга тўла ишонч ҳосил қилдилар. Чунки улар бизга ўхшаган айбсиз айбдорларни йиллар давомида кунда кўриб келишади-да. Улар бу адолатсизликларни жимгина кузатишади, лекин жабрланганларга ёрдам бериша олмайди.

* * *

Хаёлимни соқчилар бошлиғининг, “Оқсоқол, суд бошланишига оз қолди”, – деган гапи бўлди. Бугун сумка ва ҳужжатларни олишга ҳожат йўқ, фақат суд ҳукми эълон қилинади, деб доим ўзим билан олиб юрадиган ҳужжатларни қолдиришимни сўрашди. Мен қайсарлик қилиб, тайёрлаб қўйган мурожаатномамни суд залига олиб кирдим. Темир панжарага киритиб, қўлимдан кишанни ечишгач, адвокатлар курсисида ўтирган Толеқан Исмаиловага мурожаатномани тутдим. Суднинг яхшилик билан тугашига ишонмаслигимни айтиб, мурожаатномани интернетда эълон қилишини сўрадим.

* * *

Суд котибининг чақириғи билан ҳамма ўрнидан турди. Бутун зал тик турган ҳолатда суд раиси Қидиқ Жунушпаев узундан узоқ ҳукмни ўқий бошлади. Ўша куни роса қиш чилласи бўлишига қарамай, судья тез орада қизариб, терлай бошлади, бир неча бор дастрўмолини олиб пешонаси, бўйинларини артди. Овози тобора пасайиб, эшитилмай қолганда залдан баландроқ овозда ўқишни сўраб қолишади. Ёнидаги судъялар микрофонни унга яқинроқ суриб қўйган бўлишади. Залда ёқимсиз, қалбни ғижимлай бошлаган муҳит ҳукмрон. Бошдан оёқ туҳматдан иборат кўрсатмаларни қайтадан ўқиш, яна яққол кўриниб турган адолатсиз ҳукмни эълон қилиш судьяга осон бўлмаётгани шундоқ кўриниб турар эди.

* * *

Иш юзасидан мен билан бир неча йил давомида инсонларча мулоқотда бўлган, мени ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида олиб борган ишларимни шахсан билган судъянинг паст овози, титроқ қўллари ва қизарган юзини кўриб, йиллар давомида букилиб бораётган қаддим ўз-ўзидан тиклана бошлагандай бўлди. Тўғримда кўзимга тик қарай олмай турган суд хайъати аъзолари ва прокурорларнинг аянчли ҳолатини кўриб, ўзимни ғолиб ҳис қила бошладим.

Ҳа, мен енгдим, мен ғолибман!

* * *

Қаранг, бўлгани бир туман миқёсида иш олиб борган ҳуқуқ ҳимоячисига қарши бутун бошли давлат машинаси, ўнлаб туҳматчи гувоҳлар ишласа-ю, айбловни сал ишонарлироқ қилиб тайёрлай олишмаса! Судья ўзи чиқарган ҳукмни ўқиётса-ю, виждон юкидан овози чиқмай, тобора қадди букилиб бораётса! Уйдирмаларга тўла жиноят ишини ҳимоя қилган уч прокурор ва уларнинг талаблари асосида ҳукм чиқарган уч судьянинг аҳволини кўриб, улардан бир жиркансам, бир раҳмим келади. Илоҳим ҳеч кимни сенларнинг кунингга солмасин! Сенлар эса қилган гуноҳларингга яраша жазоларингни тортишгин!

Суд раиси қийналиб, ўқишни эплолмай қолгач, судьялардан бири ёрдамга келди. Иккинчи судья ўқишда давом этган ҳукм ўз мазмунига кўра 2010 йилда туман, вилоят ва Олий суд қабул қилган адолатсиз ҳукмнинг айни кўчирмаси эди.

* * *

Судья ҳукмнинг, “Бозорқўрғон тумани судининг ҳукми ўз кучида қолдирилсин”, деган жойини ўқиганда соқчилар бирдан ҳаракатга тушиб қолишди. Мен бўлгани, “Ҳурматли журналистлар, мен биринчи кундан тортиб бу туҳматни сира бўйнимга олмаганман, бундан буён ҳам асло бу ҳукмни тан олмайман! Суднинг ноҳақ ҳукмига қарши бугундан бошлаб муддатсиз очлик эълон қиламан!”, деб бақириб қолишга улгурдим.

Қоровул хизмати ходимлари мени тезда залдан олиб чиқиб, қўл-оёғимни кишанлашди. Уларнинг кишанларни қўлларига олиб, тайёр туришганига қараганда қандай ҳукм чиқишидан улар олдиндан хабардор бўлишган эди.

* * *

Мени тергов изоляторига олиб кетишар экан, йўлда ҳар доимгидек “Ёсин” сурасини баралла овозда ўқиб келдим. Суднинг шундай тугашини аввалдан билган бўлсам ҳам, умид қурғур қалбимнинг бир четида липиллаб ёниб турган эди. Бугун ана шу сўнгги шам ҳам куйиб адо бўлган эди. Лекин қалбим Аллоҳнинг карами кенг эканига бўлган ишонч ва мени шу даражага еткизгани туфайли шукрона ва ғурур ҳиссига тўла эди.

Изоляторга келгач, назоратчиларнинг ишнинг бундай якунланишидан таажжубда қолишганини кўрдим.

* * *

Биламан, ўша куни яхши хабар эшитамиз, деган умидда судга келган ўнлаган дўстларим уйларига қалби мотамга тўлган ҳолда қайтишди. Шундай қилиб, бутун дунё эътиборини тортиб, минглаб одамларнинг адолатга, ҳақиқатга бўлган умид ва ишончларини поймол қилган “Суд” номли спектакль ниҳоясига етди. Албатта, бу ҳукмга қарши Олий судга ариза ёзишимиз мумкин, лекин энди менга бунинг қизиғи йўқ эди. Кўзимга олдинда турган очлик ва ўлимдан бошқа нарса кўринмас эди…

* * *

Мени суд залидан тўғри тиббий бўлимга олиб боришди. Халқаро “Қизил Ҳоч” ташкилоти врачлари келишган экан. Соғлигим бўйича текширув ўтказишиб, таҳлил қилишди. Очликни тўхтатишни маслаҳат қилишди. Улар билан хайрлашмай туриб, ҳамкасбларим, Жазоларни ўташ хизмати Жамоатчилик кенгашидан Чолпон Омурқанова ва Ольга Қоржова ҳамда “Бир дунё – Қирғизистон” ташкилотидан Аида Байжумановалар келиб қолишди. Улар ҳам очликдан воз кечишга чақириб, маслаҳатлар беришди.

“Ҳеч кимни ўйламасангиз ҳам, ёлғиз аёлингизни ўйланг. Нега сиз ўзингиз учун азиз бўлган оилангиз, болаларингиз, набираларингиз, қолаверса, сиз учун чин дилдан қайғураётган ҳамкасбларингизни, халқаро ташкилотлар ва минглаган хайриҳоҳ инсонларни ўйлашни хоҳламайсиз? Нега уларни ҳурмат қилмайсиз? Сиз фақат ўзингизнигина ўйлаб иш тутяпсиз…”, – деб туғишганларимдек куйиниб гапиришди.

Мен уларга бу йўлдан қайтишга ваъда бердим ва улар олиб келган меваларни олдим. Лекин қалбимдаги алам, ўзимга бўйсунишни истамаган бир туғён ниятимдан қайтишга йўл бермас эди.

* * *

Тергов изоляторининг психолог-врачи Эльнура Азамат қизи бунгача ҳам қўққисдан йиқилиб, бирор жойи лат емасин деб, ҳамиша ўз фарзандимдек хизматимда бўлиб, авайлаб етаклаб юрарди. Дардимни енгиллатиш учун жуда кўп суҳбатлар ўтказарди.

Очлик эълон қилган кунимдан тортиб ҳам, у ҳар куни ва ҳамма вақт ўз боламдек меҳрини бериб ёнимда турди. Камерадан олиб чиқишганда у ёқ-бу ёғимни қарайди, кийимларимни тартибга келтиради. Ўзи оғироёқ бўлишига қарамай, эҳтиётлаб қўлтиғимдан ушлаб олади. Эльнуранинг менга қилган бу инсоний муносабатига бўлган миннатдорлик туйғусини, то тирик эканман, доимо қалбим тўрида сақлайман. Аллоҳ ҳамиша бу келиндан рози бўлсин.

* * *

Аввал айтиб ўтганимдек, мен суд бўлишидан бир кун олдин ейиш ва ичишни тўхтатардим. Шуни ҳисобга олганда 23 январдан тортиб очлик ҳолатида эдим. Бошлаган бу ишимнинг якуни нима бўлишини аввалдан билганим учун барча ҳужжат ва китобларимни тегишли сумкаларга жойладим. Уларнинг кимга тегишли эканини ёзиб, скотч билан ўраб қўйдим. Эртаси куни музлатгичда қолган озиқ-овқат маҳсулотларини бўлиштириб, сайрга чиқиш олдидан Абдураҳим ва Ҳотамжон исмли йигитларнинг камералари олдига қўйиб қўйдим.

Энди менга уларнинг кераги йўқ эди.

* * *

Шундай қилиб, 24 январдан тортиб мен учун янги вақт ҳисоби бошланди. Унинг қачон тугаши ёлғиз Аллоҳга маълум бўлса ҳам, бу куннинг унчалик олис эмаслигини ҳис қила бошладим. Тергов изоляторида тоза ҳавода сайр қилиш учун 4-қаватга олиб чиқишади. Олд ва орқа томонингда биттадан соқчи. Очликнинг учинчи куни тепага кўтарилишда соқчилар қўлтиғимдан олиб ёрдамлашишди. Бусиз тепага чиқа олмасдим. Тажрибамдан биламанки, очлик бошлаган одам уч кунгача таом ҳақида ўйлаб, очликни ҳис қилиши мумкин, ундан сўнг ҳатто сувга ҳам талаб камаяди. Бироқ куч-қувват сени кун эмас, соат сайин тарк эта бошлайди.

* * *

Очликнинг тўртинчи куни адвокат Нурбек Тоқтақунов келди. У ошкора ҳужумга ўтди.

“Сен мени курашиш имкониятидан маҳрум этяпсан. Мен бундан буён сени озод қилиш учун ҳеч қандай умид қолмади, десам шу йўлни танласанг ярашарди! Ҳали яхшиликка умид борку, биз бу ҳукмни Олий судда қаралишини талаб қилишимиз мумкин…”, деб койиди.

Нурбекнинг аҳволини тушуниб турсам ҳам, энди ортга йўл йўқ экани, ҳаётдан жуда чарчаганимни айтдим…”

 

Китобнинг рус тилидаги тўла матнини ушбу ҳавола орқали ўқиш мумкин:

https://www.litres.ru/book/azimzhan-kambarovich-askarov/ya-schastliv-34023318/chitat-onlayn/

Оқбура, Бишкек.

Расм Асқаровларнинг оилавий архивидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг