Ўзбекистон аҳолиси сонининг 36 миллиондан ошгани Қирғизистонда акс-садо берди

Бу янгилик ижтимоий тармоқларнинг қирғиз сегментида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Аҳоли сони ҳар қандай давлат учун ҳам жуда муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Шу важдан Европа давлатларида аҳоли сонининг камайиб бораётгани йирик ўлкалар раҳбарларининг асосий муаммоларидан бири бўлиб турибди. Анаъанавий тарзда туғилиш сони ва суръати кўп бўлган мусулмон давлатларида, хусусан Марказий Осиёда аксинча, мамлакат аҳолисининг сони ўсишда давом этмоқда.

Яқинда Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси мамлакат аҳолисининг 36 миллиондан ошгани ҳақида ва ўзбекистонликларнинг сони кун сайин 2000 кишига кўпайиб бораётгани ҳақида маълумот тарқатди. Бу хабар кўп ўтмай Қирғизистонда турли фикрлар уйғотди.

Facebook фойдаланувчиси Нурдана Бегим ўзининг саҳифасида ҳамюртларига (чамаси, кўпроқ эркакларга) киноя қилиб: “Ўзбекистон аҳолиси 36 млн. 370 мингдан ошди. Сизлар эса қизлар билан гап талашиб, пачакилашиб юрибсизлар”, – деган маънода пост қўйган.

Ўн минг обуначига эга бўлган саҳифадаги бу постга 230 дан ортиқ одам муносабат билдириб, юздан ортиқ обуначи турли изоҳлар қолдирган. Изоҳларнинг аксариятида қўшнилар сонининг кўпайиб, Қирғизистон бу борада орқада қолаётганидан ташвиш билдирган ҳолда танқидий йўналишда ёзилган.

“Ярми ҳазил, ярми чин” қабилида ёзилган изоҳларда кимдир давлатни айбласа, кимлардир эркакларни, умуман миллатни танқид остига олган.

Айримлар масаланинг ечими бўйича таклифлар киритган. Жумладан, Жусупбек Сапарбаев “Оилани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўқ” эканини айтади ва аҳволни ўнглаш учун қуйидаги чораларни таклиф қилади:

“1. Суюнчи пули кўпайтирилсин. 2. Ҳар бир болага 5000 сўмдан нафақа берилсин 3. Болаларни боқаётган онага давлат томонидан ойлик тўланиши керак”.

“Бизда ҳомилани олдириб юборишяпти”, – дея изоҳ берган “Мекеним Қирғизстан” профили фойдаланувчиси ва ўзини юпатиш учунми, “Ана шу 36 000 000нинг ярмидан кўпи қирғиз, тожик, қозоқ ва қорақалпоқлардан иборат”, дея қўшимча қилган.

Кўпчилик эркаклар муаммонинг ечимини кўп хотинлиликда эканини ёзиб, бунга рози бўлмаётган аёлларни танқид остига олишса, аёллар бунга жавобан уларни биттадан ортиқ хотинни боқишга қурби етмасликда айблашади.

Масалан, Айбек Маматов деган қўлланувчи, “Қисқаси Қирғиз қачон кўпаяди айтайми эри йўқ қизларимиз Тушуниш билан 2 аёлликка рози бўлишса, ўшанда рекорд қўямиз туғилиш кўпаяди”, деб ёзган. (Бу ерда ва кейин муаллифларнинг стилистикаси ва имлоси сақланган. – таҳр.) 

Қирғизистонда таниқли журналист ва матбаачи Турат Акимовнинг “Турат Аким” номи билан юритиладиган профилида ҳам ўзбекистонликларнинг 40 миллионга қараб кетаётганидан ҳайрат билдирилган. Бу постга Урматбек Турдушев қуйидагича изоҳ қолдирган.

“Миллат сони оз эди, бешта бирлашган давлатдан иборат эди. Моҳов, песидан тортиб, қорақалпоқ, қирғиз, қозоқ, тожик, туркман, корейс, рус тилларида сўзлашувчилар кўп. Биз мамлакат жанубини (Қирғизстон назарда тутилмоқда. – таҳр.) Россия, Хитой ёки АҚШдан эмас, ўзбек ва тожиклардан ҳимоя қилишимиз керак. Улар аста-секин кўпайиб, ҳаракатланмоқда”, – дея ўзбекларнинг кўпайишидан ваҳимага тушганини ошкор қилган.

“Ва уларнинг бир ярим миллиони аллақачон бизникида (Адахан Мадумаровнинг сўзларига кўра)”, деб ёзади Нургуль Артиқбаева.

Бу каби сўзларга изоҳ сифатида айтиш мумкинки, мухолафатдаги депутат, ўзининг миллатчилик руҳидаги гаплари билан танилган Адахан Мадумаров яқинда парламент минбаридан туриб, Қирғизистонга келаётган чет элликларнинг сони ортиб бораётганидан ташвиш билдирган. Мисол сифатида у қўшни Ўзбекистондан 250 минг одам Қирғизистонга келиб кетганини айтган. Аммо у бунинг нимаси хатарли эканини очиқламаган.

Мисол сифатида айтадиган бўлсак, дунёнинг энг йирик 10 шаҳри қаторидан ўрин олган, 20 миллион одам истиқомат қиладиган Истамбулда (Туркия) 1 миллиондан ортиқ чет эллик доимий равишда яшайди, уларнинг ярмидан кўпи қочқин мақомига эга. Ўтган 2022 йили биргина Россиядан бу шаҳарга 1 миллиондан ортиқ турист келиб кетган. Шаҳар эса гуллаб-яшнамоқда, чунки ҳар бир турист ўзи билан камида 1-1,5 минг доллар пул олиб келади.

Яна бир Фейсбук фойдаланувчиси Айдар Бакиев ҳам аҳоли сонини кўпайтириш учун кўп хотинлиликка рухсат берилиши таклифини киритган. Битта аёл билан 5-6 фарзанд туғиб тарбиялаш нега мумкин эмас, бу ҳақда мунозара иштирокчилари ўйлаб кўрмаган шекилли.

“Биз одамлар сонини кўпайтиришимиз керак. Аҳолиси кўп бўлган давлат тез ривожланади. Назарий жиҳатдан, у 20 миллиондан ортиқ бўлиши керак. Шунда биз тез ривожланамиз.  Кўп хотинлиликка рухсат бериш керак. Пули борлар кўп никоҳ қилиб одамлар сонини кўпайтирсин. Бу ҳам ижтимоий бурчдир”, – деган фикрини билдирган.

Бунга жавобан Турат Аким ёзади: Мирзиёев буни яхши тушунади ва ҳамма қўшниларга дўст бўлиб қолди, у ички демографик зўриқишни олиб ташлаш учун чегараларни очди”.

Бу мавзуни сиёсий йўналишга бурган Салтанат Айипова: “Аҳолининг сони шунча бўлишига қарамай, улар мамлакатда ФҲ (фавқулодда ҳолат) киргизишмаяпти, биз эса 7 миллиондан кам ва сув ресурсларимиз бўлатуриб, электр энергияси танқислигидан азият чекяпмиз”, деган фикрни билдирган. Маълумки, яқинда президент Садир Жапаров мамлакат энергетика соҳасида 3 йиллик муддатга фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Юзлаб одам ёзган постларнинг аксарияти ҳазил аралаш бўлсада, Қирғизистонда аҳолининг сони ва миллий таркиби борасида жиддий бир хавотир борлигини кўрсатади. Расмий маълумотларга кўра, мамлакат аҳолисининг сони 2022-йили 7 миллиондан ошди. Унинг 75 фоизини қирғизлар ташкил қилса, 15 фоизга яқини ўзбеклар ва 5 фоизга етмаган қисми руслардан иборат. Ўзбеклар асосан мамлакат жанубида яшайди ва Ўш, Жалолобод шаҳарларида аҳолининг қарийб ярмини, Ўзган шаҳрида эса 90 фоизини ташкил қилишади. Қорасув, Аравон, Сузоқ, Бозорқўрғон каби туманларнинг марказларида ҳам асосий кўпчиликни ўзбеклар ташкил қилади.

Расмий маълумотларни солиштирадиган бўлсак, 1959 йилда республикада қирғизлар аҳолининг 40 фоиздан кўпроғини тузган бўлса, руслар 30 фоиздан кўпроғини, ўзбеклар 10 фоиздан кўпроғини ташкил қилишган.

Эслатиб ўтамиз, 26 июль куни Ўзбекистон миллий Статистика агентлиги жорий йилнинг ҳар бир кунида Ўзбекистонда аҳоли сони ўртача 1 900 кишига кўпаймоқда, деб хабар берди. Расман билдирилишича, ҳар ойда Ўзбекистон аҳолиси ўртача 57,9 минг кишига кўпайиб бормоқда. Ўтган олти ой ичида ўзбекистонликлар сони 347,3 минг кишига кўпайган.

Ўзбекистонда доимий яшовчи аҳоли сони, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 36 миллион 372 минг 300 нафарга етган. Расмий маълумотда аҳолининг миллий таркибига урғу берилмаган.

Агентликка кўра, республика аҳолисининг 18 миллион 66 минг нафарини аёллар, 18 миллион 306 минг 300 нафарини эса эркаклар ташкил этмоқда. Яъни, аҳоли таркибида эркаклар сони ортиб бораётгани кўзга ташланади.

Марказий Осиё минтақасида энг аҳолиси кўп давлат Ўзбекистон бўлиб, аҳоли сони бўйича жаҳон мамлакатлари орасида 41-ўринда турибди.

Минтақанинг энг аҳолиси оз мамлакати 7 миллиондан ортиқроқ халқи бўлган Қирғизистон ҳисобланади. Туркманистон аҳолиси бир неча ўн мингга кўпроқ, лекин Қирғизистонда аҳолининг ўсиш суръати тезроқ бўлгани сабабли, тез орада Туркманистон аҳоли сони бўйича минтақада охирги ўринга тушиб қолиши мумкин.

Мусулмонлар ўлкаларида аҳоли сони тинимсиз ўсиб келаётган бир пайтда Европа давлатларида аҳоли сони тобора камайиб бормоқда, ёки Германияга ўхшаб, турклар ва араб давлатларидан келаётган қочқинлар ҳисобига оз бўлсада, ўсмоқда.

Россияда 2022 йили аҳоли сонининг 800 мингдан кўпроққа озайгани расман тан олинди, лекин бу ҳисобга Украинада бораётган урушда ҳалок бўлганлар киритилмаган. Урушда эса тасдиқланмаган турли маълумотларга кўра, 50 мингдан 100 минг кишигача россиялик ҳалок бўлган. Бу кетишда 145 миллион кишилик Россия аҳолиси 150 йил ичида бутунлай йўқолиб кетиш хавфи остида.

Нисбатан сокин ҳисобланган Япония аҳолиси ҳам охирги йилларда мамлакат тарихида мисли кўрилмаган тарзда кескин камаймоқда экани очиқланди. Айни пайтда мамлакатга кўчиб келган хорижликлар сони деярли уч миллион кишига етган. Бу ҳақда Reuters агентлиги Япония ҳукуматига таянган ҳолда хабар берди.

Статистик маълумотларга кўра, 2023 йилнинг 1 январига қарата Японияда аҳоли сони 800 мингга камайиб, 122 миллион 420 минг кишини ташкил қилган.
Reuters хабарида Японияда аҳоли сони 2008 йилдан бошлаб камайиб бораётгани қайд этилади.

Аҳоли сонининг камайишига барча давлатларда асосан туғилишнинг озайгани сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда Ғарб давлатларида ёшлар карьера кетидан қувиб, 30-40 ёшгача уйланмайдилар. Уйлангач эса, оила, фарзанд муаммоларидан қочиб, фарзанд кўришни истамайдилар. Сўнгги йилларда Ғарбда бир жинсли одамларнинг турмуш қуриши одат тусига кириб бормоқдаки, бу ҳам туғилиши суръатига ва умуман демографик аҳволга кескин таъсир қилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг