ҚУРБОНЖОН ДОДХОҲНИНГ ДОР ОСТИДА ТУРГАН ЎҒЛИ ҚАМЧИБЕККА АЙТГАНЛАРИ
Бир асрки, дор остига додхоҳ келар,
Бир асрки, дор устига арвоҳ келар,
Бир асрки, бир сўз тилга ногоҳ келар:
– Болам, бизга шаҳид ўлмоқ саодатдир!
Бир асрки, додхоҳ бурар от бошини,
Бир асрки, булут тўсар қуёшини,
Олиб келар Қурбонжоннинг кўзёшини:
– Болам, бизга шаҳид ўлмоқ саодатдир!
Бир асрки, уфф тортади фон Кауффман,
Қўллари қон, кўзлари ҳам қон Кауффман.
– Боланг шундай беролгайми жон, Кауффман?!
– Болам, бизга шаҳид ўлмоқ саодатдир!
Бир асрки, дорнинг ипи узилгайдир,
Бир асрки, томошагоҳ тизилгайдир,
Бир асрки, бўғиздан қон сизилгайдир:
– Болам, бизга шаҳид ўлмоқ саодатдир!
Бир асрки, дор остига додхоҳ келар,
Бир асрки, дор устига арвоҳ келар,
Бир асрки, ҳайқириқдай бир оҳ келар:
– Болам, бизга шаҳид ўлмоқ саодатдир!
Бир асрки, она Ерга сачрар қоним,
Бир асрки, фалакларга сапчир жоним.
– Эна дейман!.. Жоним энам!.. Энажоним!..
– Болам, бизга шаҳид ўлмоқ саодатдир!
– Болам, қўрқмоқ бу – Ватанга хиёнатдир!
Ёвдан қочмоқ бу – Ватанга хиёнатдир!
Болам, сенга шаҳид ўлмоқ муборакдир!
Муборакдир!
Муборакдир!!
Муборакдир!!!
Насрулло ЭРГАШ