Яна қирғиз тили ҳақида: Қирғизистон ташвиш билдирган Россияни юпатишга уринди

Президент Садир Жапаров Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров баёнотига жавоб қайтарди.

Қирғизистон мустақилликка эришгандан бери энг кўп муҳокама қилинган, турли баҳс ва можароларга сабаб бўлиб келаётган мавзу – давлат тили ҳақидаги қонун ва унинг талабларидир. Бу қонунга яқинда киритилган ўзгартиришлар сабаб муҳокама халқаро даражага чиқди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу қонун юзасидан ташвиш ва норозилик билдиргач, президент Садир Жапаров унга оммавий ахборот воситалари орқали жавоб қайтарди.

Жапаров яқинда ўзи имзолаган “Давлат тили тўғрисида”ги қонунда рус тилига нисбатан камситиш йўқлигини айтди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, аксинча, ҳужжатда рус тилининг расмий мақоми қайд этилган.

“Бизнинг Конституциямизда рус тили расмий тил мақомига эга. Бу [ҳолат бундан буён ҳам] давом этади”, – дея қўшимча қилди у.

“Қабар” давлат ахборот агентлигига берган интевьюсида Садир Жапаров янги қонун нормаларининг шифокор ва ўқитувчиларга дахл қилмаслигини, чунки улар “давлат хизматчилари” тоифасига кирмаслигини таъкидлади.

“Тасаввур қилинг, рус тили ўқитувчиларини ишга олишда русийзабон кадрлар қирғиз тилини билмасликлари учун рад этилса. Бизга қирғиз тили керак, лекин рус тили ҳам муҳим, чунки МДҲ давлатларида усиз ишлай олмайсиз. Хитой, араб давлатлари ва Европага сафарларимиз давомида ҳам биз рус тилида гаплашамиз”, – деди Жапаров.

Давлат раҳбари Қирғизистоннинг фақат қирғиз тилини ривожлантириш ниятида эканини айтиб, ҳатто депутатлар ва давлат хизматчиларининг ярми қирғизча, ярми русча тилда гаплашишларидан норози бўлган.

«Ҳеч ким давлат тилини тўлиқ билмайди… Шунинг учун биз икки тилни баробар ривожлантириш ниятидамиз. Керак бўлса инглиз, француз, хитой тилларини ўрганайлик. Инсон қанча тил билса, шунча яхши”, – дейди у.

Лекин давлатнинг тил борасидаги сиёсати мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлишда давом этмоқда. Давлат тили кучайтирилишига қарши чиққанларнинг фикрича, қирғиз тилини билмаслиги оқибатида кўплаб кучли мутахассислар бошқа давлатларга чиқиб кетмоқдалар. Давлат органларидаги катта-кичик лавозимларни ҳам савияси паст бўлсада, бир хил миллат вакиллари эгаллаган.

Бу сиёсат айниқса Россиянинг кўплаб норозилигига сабаб бўлиб келмоқда. Жумладан куни-кеча Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қирғизистонда яқинда кучга кирган давлат тили ҳақидаги қонунга салбий муносабат билдирган эди. Унинг фикрича, бу қонун «етарлича демократик» эмас.

Лавров МДҲ давлатларида рус билан боғлиқ қийин жараёнлар кечмоқда. Марказий Осиё давлатларида бу борадаги қонунлар фаол ўзгартирилмоқда деб ҳисоблаган вазир

Қирғизистонда қабул қилинган қонун бўйича Қирғизистон тарафнинг “бу қонун лойиҳаси етарлича демократик эмаслиги ҳақида огоҳлантирилганини маълум қилди.

“Мен барча давлат хизматчиларининг қирғизча билиб, шу тилда ишлаш мажбурияти ҳақида айтяпман. Давлат хизматчиларининг бу гуруҳига ўқитувчилар ҳам, давлат тиббиёт муассасаларидаги шифокорлар ҳам кириб қолди… Бир неча марта огоҳлантирдик, аммо [жараён] бошқа йўналишга кириб қолди. Қирғизистон Конституциясида рус тили расмий мулоқот тили бўлишига қарамай», – деди Россия ТИВнинг раҳбари.

Шунингдек, Лавров Марказий Осиёда «рус тили умумий таъқибга учраётгани»дан шикоят қилди.

«Рус тили Украинадагидай, Болтиқбўйи давлатларидай таъқибга учрамоқда. Турли миллатнинг, маданиятнинг, дин вакилларининг миллий ривожланишига шароит яратиб, умумий бирлаштирувчи фактор сифатида баҳоланган рус тилини биргаликда ривожлантириш — давр талаби», – деди Лавров.

Россия томони Қирғизистонда давлат тили ҳақида қонунлар қабул қилиниши бўйича олдин ҳам фикр билдирган. Июннинг бошида бу қонун Жўғўрқу Кенешда қабул қилинганда Россия ТИВнинг расмий вакили Мария Захарова бу қонун «ҳозирги ҳолатида республикадаги қирғиз тилини билмаган фуқаролар учун айрим қийинчиликларни яратиши мумкин» деб билдирган ва Москванинг Қирғизистонда адолатли тил сиёсати олиб борилишига ишонгиси келишини айтган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 июлида президент Садир Жапаров «Давлат тили ҳақидаги» конституциявий қонунни имзолаган. Янги қонун вазирликлар, давлат  муассасалари, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари ва мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча ташкилотлар олдига қирғиз тилини ишчи тил сифатида фойдаланиш мажбуриятини қўйган.

Энди давлат тили жўғрофик номларнинг ёзилишида, тиббиёт, таълим ва фан тармоғида, халқаро шартномалар тузишда мажбурий равишда фойдаланилиши керак.

Асосий ўзгаришлардан яна бири — давлат хизматчилари, депутатлар, судьялар, прокурорлар, адвокатлар билан бир қаторда педагоглар ва тиббиёт ходимлари ҳам қирғиз тилини билишлари шарт.

Бундан ташқари, янги қонун бўйича телерадиокомпаниялар эшитириш ва кўрсатувларининг 60%дан кам бўлмаган қисми давлат тилида бўлиши керак.

Айни вақтда айтилган қонуннинг 2-моддасида Қирғизистон Республикасида рус тили давлат тили сифатида қўлланилиши белгилаб қўйилган.

Қизиғи, расмийлар давлат тилини ривожлантириш борасида бошқа тилларни қисувга олиш йўли билан бораётган бир пайтда ҳаёт ўз йўли билан кетмоқда. Маҳаллий аҳоли, жумладан ўзбеклар ва қирғизлар ҳам охирги пайтда ўз болаларини рус тилида ўқитишга интилмоқдалар. Шу сабабдан охирги йилларда рус тилида ўқитиладиган мактаблар сони ортиб бормоқда.

Пойтахт Бишкек аҳолисининг 75 фоизи қирғиз, бор-йўғи 10-15 фоизи русийзабон миллатлар вакиллари бўлишига қарамай, шаҳардаги 103 мактабнинг 16 тасида ўқиш рус тилида, 14 мактабда қирғиз тилида олиб борилади. Қолган 73 мактабда дарслар рус ва қирғиз тилларида ўқитилади.

Мактабгача таълим муассасаларида ҳам йил сайин рус тилининг нуфузи ошиб бормоқда. Яъни, аҳоли болаларини асосан рус тилида таълим берадиган боғчаларга беришни афзал кўришади. Асосий сабаб – мамлакатдаги батамом ишсизлик оқибатида ёшлар ҳам катталар ҳам асосан ишлагани Россияга кетишни афзал кўришмоқда. 

Турли маълумотларга кўра, бугун Россиянинг ўзида бир миллион атрофидаги қирғизистонлик меҳнат қилади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг