Тавба…

Тавба – истиғфор дегани. Аммо бу сўз ўзбек тилида кесатиш маъносида ҳам қўлланади. “Қилган ишингизни қаранг, э тавба!” деб қўямиз кимгадир дакки берганда. Аммолекин бу замонда танбеҳ эшитадиган кимса қолмаган. Ҳамма ўзини ҳақ деб билади. Шунинг учун ҳам ажабланиб, ҳам ўзингни ўзинг овутиб, гоҳо “тавба” деб юборасан киши.

Кўрган-билган баъзи ишлар ёдга тушади. Ажабки, уларда кимдир айбдор эмасдай. Одамлар ўзига маъқулини қилган, вассалом. Бироқ орадан кўп йиллар ўтиб, бир қарашда арзимасдай туйилган ўша нарсаларни эслаб, сизга айтгим, жиндек ҳасратлашгим келади баъзан.

2001 йилнинг ёзи. Ишлаб ўтирган эдим, хонамга бир оқсоқол кириб келди. Танишдик, Абдумалик ака Сотволдиев деган киши экан,  Ўшлик, геолог, пенсияга чиққан. Бу киши Ўшда кўп йиллар масжид имоми бўлиб ишлаган Маҳжурий домланинг шеърлари қўлёзма ҳолида ҳар кимнинг қўлида тарқоқ қолиб кетмасин, дея ёнидан маблағ сарфлаб, бир китоб қилиб чиқариб қўйишни ният қилиб, шунга андармон бўлиб юрган экан. Шоирнинг қариндошларидан бу шеърларни тўплаш осон бўлмабди. Бирон шеърни ўзлаштириш нияти йўқлигини исботлаш учун уларнинг уйига ксерокопия аппаратини кўтариб бориб, кўз олдиларида нусха олиб, аслини ўзларида қолдирибди. Энди мендан шу шеърларни араб ёзувидан жорий алифбога ўтказиб бера оладиган бирон олимни топишда ёрдам сўраб келган жойи экан.

Ўша куннинг ўзида қўлёзма ўқиб пишиб кетган Сайфиддин Рафиддиновнинг уйига бордик. Иш ҳаққи келишилди, телефон рақамлари алмашилди, кейин мен ўз юмушимга андармон бўлдим. Фақат ишни тезлаштиришни илтимос қилиб, Сайфиддиннинг уйига Абдумалик ака билан яна икки-уч марта бориб келдик, буниси бор гап. Кейинроқ суриштирсам, Сайфиддин бу ишга шогирдларини ҳам тортибди, қўлёзма ҳозирги алифбога тўлик ўтказилди, китоб қилиб чиқаришга тахт бўлай деб қолди, дейишди.

Аммо орадан тўрт ойлар ўтиб, бошқа бир кекса одам менга рўпара бўлди. Бу киши Маҳжурийнинг катта ўғли экан. Авзойи сал бузуқ, мендан бояги қўлёзмалар копиясини сўраб келган эмиш. Мен унга геолог акамизнинг телефон рақамини бердим, бу ишда қандайдир ғараз йўқлигини, фарзандлари қилмаган бу ишни етти ёт бир одам савоб учун, пенсияси пулидан тўлаб қилаётганини уқтирдим.

Оқсоқол манзилни аниқлабди-да, Абдумалик ака оиласининг икки хонали торгина уйига кириб борибди, Маҳжурийнинг ўғли эканини айтиб, шу хонадонда икки-уч кун ётиб меҳмон бўлибди. Бояги қўлёзмалар копиясини ҳам, бу алифбода қоғозга кўчирилган шеърларни ҳам йиғиштириб олиб, қайтиб кетибди. Бечора геолог акамизнинг шунча меҳнатию маблағи, Ўш ва Андижондаги югур-югурлари… бари беҳудага чиқибди.

Ҳа, демак улар оталари асарларини нашр этилишини исташмас экан-да, деб биз ҳам афсусландик. Чунки Муҳаммаджон Маҳжурий нафақат таниқли уламо, ҳатто Ҳабибийни сенсираб гаплашадиган каттагина шоир, Навоий ижодининг билимдони, 1939 йилда Навоий қўмитасида ишлаган олим эди…

Икки йил ўтдимикин, тасодифан қўлимга бир китоб тушди. Қарасам, Маҳжурийнинг шеърлари. Нашр этилганига ҳам бирон йилча бўпти. Тўплаб нашрга тайёрловчилар эса Сайфиддин ва шоирнинг бояги ўғли экан…

Кўришган чоғимиз Сайфиддиндан ўпкаладим, ахир бу ишларни Абдумалик Сотволдиев бошлаб охирига етказганди, қанча вақт, қанча маблағ сарфлаган эди, сиз ўқиб бергансиз, шунинг учун нашрга тайёрлаган деса бўлар, аммо анави одам нима иш қилган, деб сўрадим.

Сайфиддин талмовсиради. Буни қарангки, китоб чиққач, Абдумалик акага бирон нусха беришмабди, у кишининг ҳатто бундан хабари ҳам йўқ экан. Мен Абдумалик ака икковимизга биттадан нусха ажратишни тайинладим. Ваъда қўюқ бўлди, аммо ваъдалигича қолиб кетди.

Бир уламо шоирнинг асарларини деб шунча меҳнат қилган Абдумалик акамизнинг оламдан ўтганига икки йил бўлди. Маҳжурийнинг ўғлини ҳам анча аввал аввал кўз юмган, деб эшитдим. Ҳаммаларини худо раҳмат қилсин.

Аммо пировардида бир гап айтсам.

Қарз…

Кимдир вафот қилса, имом унинг қарзи бор-йўқлигини, бор бўлса, ким уни бўйнига олишини суриштиради. Сўнг жаноза ўқийди. Аммо бу кўпинча пул қарзи тарзида тушунилади. Аслида, қарз фақат пулдан иборат эмас. Кимдир сизга ёрдам берган, яхшилиқ қилган бўлса, ҳатто сизнинг ҳаққингизда қайсидир бир даврада бирон эзгу сўз айтган бўлса ҳам, қарз. Уни қайтариш шарт. Ҳатто биров сизга қилган яхшиликни, ёрдамни унинг ўзига қайтаролмай, кейин ўзга бир кишига ўтказсангиз ҳам, эзгуликнинг ипи узилмайди, яхшилик одамлардан одамларга кўчади, мурувват кучаяди.

Бу дунёда яшаб ўтган ҳар бир одамнинг ҳаётини мушоҳада қилиб, ундан нимадир ибрат олиш мумкин. Ҳеч қандай таъмасиз, миннат ва шовқин-суронсиз, кишибилмас яхшилик қиладиган одамлар турмуши эса, айниқса. Тўқсон ёшлардан ўтиб чин дунёга риҳлат қилган Абдумалик ака Сотволди ўғлининг бояги биргина беғараз иши, гарчи кутилганидан бошқача якун топган бўлса ҳам, одамларга одамийлик сабоғи бўлиб кўринади менга.

Бировнинг мулкини тортиб олмаган, ўғирлиқ қилмаган, аммо оғзининг кучи билан бой яшаб ўтган, кўп нарсаларни ҳаппаи ҳалол деб ўзиники қилиб олган кимсалар гарданида эса ўша ишнинг асл эгаси тортган изтироблар, қилган юмушлар, сарфлаган маблағнинг оғир юки бор. Бу – қиёматга қоладиган қарз. Ундан бу ёруғ оламнинг ўзида қутулибгина киши хотиржам бўлиши мумкин.

Зуҳриддин Исомиддинов 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг