Қирғизистон “Демократия оролчаси” сифатида юзини сақлаб қола оладими?

Сўнгги пайтда мамлакатда сўз эркинлиги ва фаолларга қарши босим кучайиб бормоқда.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Европарламентнинг мамлакатдаги сўз эркинлиги борасидаги резолюциясига раддия берди. Резолюцияда Қирғизистонда ОАВ ва сўз эркинлигининг босим остида йўқ бўлиб бораётгани хусусида ташвиш билдирилган. Вазирлик бу ҳужжатни “бир томонлама баҳоларга асосланган, юзаки ва объектив бўлмаган” дея баҳолаган.

Вазирликнинг иддао қилишича, резолюция “кутилмаганда ва шошилинч равишда қабул қилинган ва воқеликка тўғри келмайди”. Ташқи ишлар вазирлиги қўшимча қиладики, Қирғизистон Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик ва биргалашиб ҳаракат қилишнинг юқори даражада эканини қадрлайди.

Минтақада ва мамлакатда аҳвол яхши эмас

Яқинда Бишкекда бўлиб ўтган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) Марказий Осиё конференциясида минтақадаги сўз эркинлиги атрофидаги вазият, журналистларнинг хавфсизлиги ва фейк (сохта) хабарларга қарши кураш масаласи муҳокама қилинди.

Анжуман давомида Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Мўғулистоннинг оммавий ахборот воситалари вакиллари MediaNetwork CA тармоғини тузиш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолаган.

Меморандумни Қирғизистон томонидан ОАВ шикоятлари бўйича комиссия раиси Тамара Валиева, Ўзбекистондан Журналистлар уюшмаси Жамоатчилик кенгаши раиси Карим Бахриев, Қозоғистондан Оммавий ахборот воситаларининг ўзини ўзи бошқариш жамоат қўмитаси раиси Жулдиз Абдилда, Тожикистондан ОАВ Кенгаш раиси Хуриннисо Ализода ва Мўғулистондан Медиа кенгаши ижрочи директори Гунжидмаа Гонгорлар имзолаган.

Ҳужжатда мазкур ташкилотнинг журналистика меъёрлари ва касбий этика қоидаларига риоя қилиниши, шунингдек, ОАВ ташкилотларини шакллантиришга кўмаклашиши қайд этилган.

ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Тереза Рибейро ахборот воситаларининг мустақиллиги ва эркинлигисиз демократия бўлмаслигини эътироф этди. Унинг қайд этишича, Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашмоқда.

“Афсуски, ЙХҲТ минтақасидаги кўплаб мамлакатларда, жумладан, Марказий Осиёда ҳам ОАВ эркинлиги пастламоқда. Биз ушбу мамлакатларда қарама-қарши қонунлар қабул қилинаётгани, ОАВ эркинлиги ва сўз эркинлигига қарши ҳужумларнинг турли шакллари кўпайганини кўрмоқдамиз. Биз журналистларга жисмоний ҳужумлар ва коррупция ҳамда жамоатчиликни қизиқтирадиган бошқа нозик мавзуларни ўрганаётган журналистларга қарши онлайн таъқиб кампанияларини кузатмоқдамиз”, деди Рибейро.

Рибейро шунингдек қаерда журналистлар босим остида бўлса, эртами-кечми, демократия ҳам босим остида қолишини урғулаган.

Конференцияда иштирок этган Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Алтинбек Мақсутов фейк маълумотлар Қирғизистон ва бутун Марказий Осиё учун хавф туғдираётганини айтган.

“Фейк маълумот миллий ва ахборот хавфсизлигига, шунингдек, ижтимоий барқарорликка таҳдид солади. Марказий Осиё давлатлари ноаниқ ва ёлғон маълумотларга қарши курашда бирлашиши керак”, деди қирғиз амалдори ва Қирғизистон сўз эркинлигини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда давом этишини таъкидлади.

Маълумот ўрнида, “Ёлғон, нотўғри маълумотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга асосланиб, 2022 йилнинг октабр ойи охирида Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги “Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати сайтини тўсиб қўйган.

Бунга “Озодлик” радиосининг “Настояшчее время” лойиҳасида тайёрланган Қирғизистон билан Тожикистон чегарасида юз берган қуролли тўқнашув ҳақидаги видеоматериал сабаб бўлган. Кейинроқ Маданият вазирлигининг сўрови билан 2023 йилнинг апрел ойида Бишкекнинг Ленин туман суди “Азаттиқ Медиа” муассасаси фаолиятини тўхтатиш бўйича қарор қабул қилган.

Халқаро ташкилотлар Қирғизистонда мустақил оммавий ахборот воситалари фаолияти учун шарт-шароит тобора ёмонлашиб бораётганидан хавотир билдириб келади. Куни кеча ўзаро келишув натижасида Маданият вазирлиги ўз талабидан воз кечди ва суд нашр сайтларининг эркин ишлашига рухсат берди. Европарламентнинг тилга олинган резолюцияси сал аввалроқ ёзилгани учун бу ҳолат ҳужжатда акс этмаган.

Шунга қарамай, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ҳисоботида, Қирғизистон матбуот эркинлиги бўйича дунё мамлакатлари рейтингида 50 поғонага тушиб, 180 давлат орасидан 122-ўринни эгаллагани қайд этилган.

“Журналистларга босим йўқ”ми?

ЕХҲТ вакили Тереза Рибейро Бишкекка сафари давомида Қирғизистон президенти маъмуриятининг ахборот сиёсати хизмати раҳбари Дайирбек Ўрунбеков билан ҳам учрашган. Томонлар мамлакатдаги оммавий ахборот воситаларининг бугунги кундаги аҳволи ва ОАВ ҳақидаги қонун лойиҳаси юзасидан фикр алмашган.

Учрашувда Дайирбек Ўрунбеков қонунда журналистларнинг фикри инобатга олинишини таъкидлаган.

“Қонун лойиҳасига беш марта ўзгартиришлар киритилди, ишчи гуруҳ тузилди, унинг кўпчилигини оммавий ахборот воситалари вакиллари ташкил этди. Уларнинг таклифлари ҳам инобатга олинди. Бу Қирғизистонда сўз эркинлиги ва ОАВ вакилларининг мавқеи юқори эканлигидан далолат беради”, деди Ўрунбеков.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарининг фармони билан Президент девони “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг янги лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи тузган. Бироқ ишчи гуруҳдаги фуқаролик жамияти вакилларининг таклифлари якуний лойиҳага киритилмаганидан сўнг, президент девонининг юридик бўлими президент Садир Жапаровга очиқ хат йўллаб, қонунни бу ҳолатда қабул қилмасликка чақирган.

Кузатувчилар, агар қонун шу холатда кучга кирса, сўз эркинлигини чеклайдиган, журналистлар ишини қийинлаштирадиган қатор нормалар пайдо бўлишини айтади.

Бишкекдаги “Медиа полиси” ташкилоти юристи Нурбек Сидиқовга кўра, лойиҳага кўра, барча сайтлар ОАВлар сафига киритилади, хорижликлар Қирғизистонда телерадиоканаллар, газета ва журналлар очолмайди. Шу билан бирга, суриштирув олиб борувчи журналистлар фаолиятига ҳам бир қатор тўсиқлар қўйилади.

“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонундан ташқари “Хорижий вакил тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам жараёнга ўзининг салбий ҳиссасини қўшмоқда. Депутат Нодира Нарматова ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур қонунга кўра, хорижий давлатлар билан ҳатто билвосита алоқаси бўлган барча шахслар алоҳида рўйхатга киритилиб, давлат ва банклар томонидан хизматлар кўрсатилиши чекланади.

Бир сўз билан айтганда, фуқароларнинг бир қатор ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳуқуқлари чекланади. Бундай “вакиллар” орасида мустақил журналистлар, нодавлат ташкилот вакиллари, фаоллар, оммавий ахборот воситалари, ҳатто депутатлар ҳам бўлиши мумкин”, дейди ҳуқуқшунос.

Дастлаб 39 депутат мазкур қонун лойиҳасининг ҳаммуаллифи бўлган бўлса, бугунга қадар улардан ўн нафардан ортиғи ташаббускорлар рўйхатини тарк этган. Ҳозирда қонун лойиҳасининг ташаббускор депутатлари сони 20 нафарни ташкил этади.

Фейклар ҳақида фейклар…

Сўз эркинлигига қарши қонун лойиҳаси муаллифлари ва расмийлар ахборот соҳасида талабларнинг кучайтириш заруратини сўнгги пайда фейк, сохта ва ёлғон хабарларни тарқатиш кўпайиб бораётгани билан тушунтиришга уринишади. Шу вақтнинг ўзида расмийларнинг ўзлари ана шу фейклардан сиёсий мақсадларда фойдаланишаётгани ҳақида гапиришига асослар бор.

Сўнгги пайтларда Қирғизистонда ижтимоий тармоқлар орқали ўз исмларини яшириб, бошқаларга, жумладан мухолифат вакилларига, фуқаролик фаолларига, эркин журналистларга туҳмат қилувчи бир гуруҳ шахслар пайдо бўлгани маълум.

“Чекит Медиа” платформаси “Президент фейклар ёрдамига муҳтожми?” дея номланган суриштирувини 20 июн куни ютуб каналида эълон қилган. Унда журналист Асел Сўўрўнбаева Қирғиз Миллий телерадиокорпорациянинг ижтимоий тармоқлар бўлими билан мухолифат, нодавлат ташкилотлари ва мустақил ОАВларини туҳмат қилувчи фейкларнинг ўртасидаги алоқани ўрганган.

Материалда, “Фейк фабрикага президент девонининг ахборот сиёсати бўлими мудири Дайирбек Ўрунбеков раҳбарлик қиладими? деган савол ўртага ташланган. Ўрунбеков “Чекит Медиа” платформаси суриштирувини “туҳмат” дея  баҳолаган.

Турли маълумотларга кўра, Қирғизистонда ижтимоий тармоқлардан Фейсбук қўлланувчилари кўпчиликни ташкил этади.

Бишкекдаги “Институт Медиа Полиси” ташкилоти раҳбари Бегаим Усеновага кўра, мамлакатдаги журналистлар учун ижтимоий тармоқ “сўз эркинлигининг сўнгги порти” бўлиб қолмоқда. У шунингдек, “Мета” компанияси (Фейсбук эгаси) билан боғлиқ муаммолар ҳам мавжуд эканини таъкидлайди.

“Журналистларимиз учун ижтимоий тармоқ шунчаки материалларни тарқатишда ёрдамчи восита эмас, у, аслида, сўз эркинлиги учун сўнгги даъват портидир. Энди эса рақамли медиа компанияларини нейтрал компаниялар сифатида қабул қилиш ўзгара бошлади. Аммо, бизнинг шароитимизда, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги учун майдон торайиб бораётганини ҳисобга олиб, ахборот воситалари ижтимоий медиа платформаларини ўз янгилик ва суриштирувларини эфирга узатишнинг сўнгги имконияти деб ҳисоблайди, дейди Бегаим Усенова.

Аввалроқ, “Говори ТВ” ва “Кактус.Медиа” муҳаррирлари Қайиргул Урумқанова ва Наталья Тимирбаева “трол фабрикаси” вакилларининг шикоятлари туфайли, мунтазам равишда Фейсбук ва Инстаграмда ўзларининг резонансли материаларини блокланишига дуч келаётганини таъкидлаган. Уларнинг фикрича, троллар фабрикасига президент матбуот хизмати раҳбари Дайирбек Ўрунбеков раҳбарлик қилади.

Бу даъвони Ўрунбеков рад этиб келади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг